Аспирин саратон хавфини камайтириши мумкин, сабабларини энди тушуняпмиз

Сурат манбаси, Getty Images
Оғриқни қолдириш учун энг кўп қўлланадиган 4000 йиллик дори баъзи ўсмалар ҳосил бўлиши ва тана бўйлаб тарқалиши олдини олади. Бу кашфиётлар аллақачон соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсатни ўзгартирмоқда.
Британиялик қирқ ёшлар атрофидаги мебелсоз Ник Жеймс онаси саратондан вафот этгач, сўнг акаси ва бошқа бир неча оила аъзоларида ҳам ичак саратони аниқлангач, ўз саломатлигидан илк бор хавотирга тушиб қолди. У генетик текширувдан ўтишга қарор қилди ва унда Линч синдромини келтириб чиқарадиган нуқсонли ген борлиги аниқланди. Бу ҳолат саратоннинг шу турига чалиниш хавфини сезиларли оширади.
Бироқ, Жеймсга ёрдам кутилмаган томондан келди: у рецептсиз сотиладиган оғриқ қолдирувчи дори – аспириннинг кунлик дозаси саратондан ҳимоя қила оладими ёки йўқлигини синашга қаратилган клиник тадқиқотда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди.
Ген мутацияси турига қараб, Линч синдроми билан оғриган одамларнинг 10–80 фоизи умри давомида ичак саратонига чалинади. Аммо ҳозирча Жеймснинг аҳволи дуруст. "У бизнинг назоратимизда ўн йилдан бери аспирин ичиб келади ва ҳозиргача унда саратон аниқланмади", дейди тадқиқотга раҳбарлик қилган Нюкасл университети клиник генетика профессори Жон Берн.
Бу деярли ақлга сиғмасдек туюлади, лекин бу дори колоректал саратоннинг тарқалиш ёки ҳатто умуман пайдо бўлиш эҳтимолини камайтириши мумкинлиги ҳақида анча вақтдан бери далиллар бор эди. Сўнгги бир йилда ўтказилган бир қатор синовлар ва тадқиқотлар бу далилларни янада мустаҳкамлади. Айрим давлатлар хавф гуруҳида бўлганлар учун биринчи ҳимоя сифатида ушбу таблеткани ўз тиббий кўрсатмаларига киритди (аммо мутахассислар буни фақат шифокор назорати остида қилиш кераклигини таъкидлайди). Биз ниҳоят унинг бундай сирли таъсирга эга бўлиши сабабларини тушуна бошлаяпмиз.
Қадимий илдизлар
Сўнгги топилмалар энг қадимий ва энг самарали дориларимиздан бири ҳақида ажойиб маълумотлар беради. XIX аср охирларида археологлар қадимий Месопотамиянинг Ниппур шаҳридан (ҳозирги Ироқ ҳудуди) 4400 йиллик сопол тахтачаларни топишди. Уларда ўсимлик, ҳайвонот ва минерал бирикмалардан тайёрланган турли дори-дармонлар рўйхати келтирилган эди. Улар орасида тол дарахтидан олинадиган модда ҳақида кўрсатмалар бор эди. Ҳозир бизга маълумки, унинг таркибида салицин номли кимёвий модда бўлиб, организм уни оғриқни енгиллаштирувчи салицил кислотасига айлантира олади. У ўз тузилиши бўйича замонавий аспирин – ацетилсалицил кислотасига жуда ўхшайди, аммо ошқозонга кўпроқ таъсир қилади. Бошқа қадимий цивилизациялар, жумладан, мисрликлар, юнонлар ва римликлар ҳам бу воситадан фойдаланган.
Ушбу бирикмани ўрганиш 1763 йилда, инглиз руҳонийси Эдвард Стоун Қироллик жамиятига қуритилган ва кукун ҳолига келтирилган тол пўстлоғининг иситма туширувчи хусусиятларини тасвирлаб ёзган хатидан бошланган. Тахминан бир аср ўтгач, олимлар салицил кислотасини камроқ емирувчан ацетилсалицил кислотасига синтез қилишга муваффақ бўлишди ва уни "Байер" савдо белгиси остида бозорга чиқаришди.
Яна бир аср ўтиб, олимлар аспириннинг юрак-қон томир касалликлари олдини олишдаги баъзи кутилмаган фойдаларини пайқай бошлади: у қонни суюлтириб, тромбоцитларни камроқ ёпишқоқ қилиш орқали қон лахталари ҳосил бўлиш хавфини камайтирар экан. Шу сабабли, Буюк Британиянинг Миллий соғлиқ хизмати каби ташкилотлар юрак хуружи ёки инсульт хавфи юқори бўлган одамларга уни ҳар куни кичик дозаларда ичишни тавсия қилади.
1972 йилга келиб, унинг потенциал фойдалари саратон олдини олишга ҳам тааллуқли экани маълум бўлди. Бунга сичқонларга ўсма ҳужайралари юборилган тадқиқот сабаб бўлди. Америкалик олимлар ҳайвонларнинг ичимлик сувида аспиринни эритиб бериш, ушбу дорини олмаган сичқонларга қараганда, саратоннинг тана бўйлаб тарқалиши – метастаз деб аталувчи жараён хавфини сезиларли даражада камайтирганини аниқладилар.
Гарчи бу кашфиёт бироз ҳаяжон уйғотган бўлса-да, "унинг клиник амалиётга қандай таъсир қилиши дарҳол аниқ бўлмаган", дейди Лондон Университет коллежи онкология ва тиббий синовлар профессори Рут Ленгли. Ахир, дорининг одамларда ҳам худди шундай таъсир кўрсатиши аниқ эмас эди. Топилма ҳаётни ўзгартириши мумкин бўлган даволаш усули эмас, балки бир мавҳум қизиқиш бўлиб қолди.
Бурилиш нуқтаси 2010 йилда, Буюк Британиянинг Оксфорд университети клиник неврология профессори Питер Ротвелл юрак-қон томир касалликлари олдини олиш бўйича аспирин ҳақидаги анча мўл маълумотларни қайта ўрганиб чиққанида юз берди. Унинг таҳлилларида дори саратон касаллиги ва унинг тарқалишини камайтиргандек кўринди. Бу эса аспириннинг касалликка қарши курашишдаги кучига ҳам, унинг сабабларига ҳам қизиқишни қайта уйғотди.
Бироқ, аспириннинг кенг аҳоли орасида саратон олдини олишини исботлаш анча мушкул вазифа. Идеал шароитда тадқиқотчилар кўп сонли одамларни тадқиқотга жалб қилган бўлар эди. Уларнинг ярми аспирин, қолганлари эса плацебо қабул қилади ва шундан сўнг сиз қайси гуруҳда касаллик кўрсаткичлари юқорироқ эканини таққослайсиз. Аммо саратоннинг ўзи пайдо бўлиши учун ўнлаб йиллар кетиши мумкин, бу эса тасодифий танланма асосидаги назоратли синовни ўтказиш жуда узоқ вақт ва улкан харажат талаб қилишини англатади. "Аслида, бунинг деярли иложи йўқ", дея тушунтиради Швециядаги Каролинска институти жарроҳлик профессори Анна Мартлинг.
Шу сабабли, олимлар ўз эътиборларини ўзига хос гуруҳларга, масалан, саратонни бошдан кечирган ёки унга генетик мойиллиги бўлган кишиларга қаратди.

Сурат манбаси, Getty Images
Далиллар кўпайиб бормоқда
Жон Берннинг колоректал ва саратоннинг бошқа турлари хавфини кескин оширадиган Линч синдромига чалинган беморларни ўрганиши айнан шу нуқтада аҳамиятли. 2020 йилда Берн ушбу касалликка чалинган 861 нафар бемор иштирокида ўтказилган муҳим назоратли синов натижаларини эълон қилди. Иштирокчиларни 10 йил давомида кузатган унинг жамоаси камида икки йил давомида ҳар куни 600 мг дозада аспирин қабул қилган одамларда колоректал саратон хавфи деярли икки баравар камайганини аниқлади.
Шундан сўнг унинг жамоаси иккинчи синовни ҳам амалга оширди ва у ҳозирда илмий тақриздан ўтказилмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, аспириннинг анча паст дозаси (75-100 мг) ҳам худди шундай, балки ундан-да юқорироқ самара беради. "Икки йил давомида аспирин қабул қилган одамларда йўғон ичак саратони 50 фоизга камроқ кузатилди, – дейди у. – Биз тадқиқотни яна бир неча йил давом эттирмоқчимиз, чунки вақт ўтган сари маълумотлар янада аниқлашиб боради". (Синовга биринчи бўлиб жалб қилинган бемор Ник Жеймс ҳам бундан наф кўрганлар қаторида эди).
Паст доза (75-100 мг) одамлар юрак-қон томир касалликлари олдини олиш учун қабул қиладиган миқдорга яқин. Бу муҳим, чунки аспирин овқат ҳазм қилиш бузилиши, ички қон кетиш, ошқозон яраси ва ҳатто мияга қон қуйилиши каби нохуш ён оқибатларга олиб келиши мумкин, пастроқ дозани эса организм анча яхши қабул қилади. Бу хулосалар аллақачон амалдаги сиёсатга таъсир кўрсатди. "Буюк Британияда бизнинг топилмаларимиз натижасида тиббий тавсияномалар ўзгартирилди", дейди Берн. 2020 йилдан бери ушбу тавсияномаларда Линч синдромига чалинган беморларга аксарият ҳолларда тахминан 20 ёшдан, енгилроқ кечадиган ҳолатларда эса 35 ёшдан аспирин қабул қилишни бошлаш тавсия этилади.
Ушбу натижаларни инобатга олсак, аспирин бошқа гуруҳдаги беморларга ҳам наф бериши мумкинми, деган савол туғилиши табиий. Мартлинг колоректал саратон ташхиси қўйилган одамларда аспирин метастаз хавфини камайтириш имкониятини ўрганди. Унинг жамоаси ичак ёки тўғри ичак ўсмаларида кенг тарқалган мутациялари бўлган беморларга эътибор қаратди. "Колоректал саратонга чалинган барча беморларнинг 40 фоизида биз ўрганган мутациялардан бири мавжуд", деб тушунтиради у. Аввалги тадқиқотлар бу одамларнинг организми аспиринга айниқса яхши реакция бериши мумкинлигини кўрсатган эди.
Уч йиллик назоратли синовга 2980 нафар бемор жалб қилинди. Бир гуруҳ жарроҳлик амалиётидан сўнг уч ой ичида ҳар куни 160 мг аспирин, иккинчи гуруҳ эса плацебо қабул қилди. Аспирин билан даволанган гуруҳда касаллик қайталаниш хавфи икки баравардан ҳам камроқ бўлди, бу жуда катта самара дегани. "Бу беморларнинг катта қисмини ташкил этади", дейди Мартлинг. Бундан ташқари, Мартлингнинг ҳам, Берннинг ҳам тадқиқотларида аспирин қабул қилган одамларда салбий оқибатлар жуда кам учради.
Мартлингнинг 2025 йил сентябрь ойида эълон қилинган тадқиқоти Швециядаги тиббий амалиётни тезда ўзгартирди. 2026 йил январь ойидан бошлаб мамлакатда ичак саратонига чалинган беморлар мазкур мутацияларни аниқлаш учун текширувдан ўтказила бошлади ва агар уларда бу мутациялар топилса, паст дозада аспирин тавсия этиладиган бўлди.
Аспирин беморларни бошқа саратон турларидан ҳам ҳимоя қила оладими ёки йўқ, ҳозирча аниқ эмас, бироқ тез орада бу саволга қисман жавоб топишимиз мумкин. Айни пайтда Ленгли Буюк Британия, Ирландия ва Ҳиндистонда колоректал, кўкрак бези, қизилўнгач-ошқозон ёки простата саратонини бошдан кечирган 11000 нафар иштирокчи билан йирик тасодифий танланма асосида назоратли синов ўтказмоқда. Унинг жамоаси аспириннинг кунига 100 мг ёки 300 мг лик профилактик дозасининг таъсирини ўрганмоқда ва келгуси йили натижаларни эълон қилишга умид қилмоқда.
"Биз, ҳақиқатан ҳам, аспириннинг бошқа турдаги ўсмалардаги ролини ўрганаётган биринчи тадқиқотчилармиз", дейди у. У Мартлингнинг колоректал саратон бўйича хулосаларини текшириб кўришни, шунингдек, бошқа саратон турларидаги ўзига хос мутациялар оқибатларини ўрганиш учун маблағ тўплашни кўзламоқда. Унинг таъкидлашича, тадқиқотни такрорлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки расмий идоралар беморларга тавсиялар беришдан олдин, одатда, иккита алоҳида синов натижасини кўришни истайди.

Сурат манбаси, Getty Images
У қандай ишлайди?
Аспириннинг саратон олдини олишдаги аниқ механизми узоқ вақтдан бери сир бўлиб келмоқда. "Бу ажойиб дори ҳам ҳужайра ичида, ҳам унинг ташқарисида таъсир кўрсатади, – деб тушунтиради Мартлинг, – демак, бу ерда бир нечта турли механизмлар иштирок этиши мумкин". Унинг шахсий тадқиқотлари ҳужайра ичидаги Cох-2 деб номланган ферментга ишора қилади ва бизга уни аспирин тўхтатиши маълум. Унинг айтишича, бу фермент простагландинлар деб аталадиган гормонсимон бирикмаларни ишлаб чиқаришга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида ҳужайраларнинг назоратсиз ўсишига олиб келиши мумкин бўлган сигнални фаоллаштиради.
Буюк Британиядаги Кембриж университети саратон иммунологияси профессори Раҳул Ройчоудҳури ва унинг ҳамкасблари ўтказган сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бунда бошқа бир механизм ҳам бўлиши мумкин. Бу механизм иммун тизимидаги Т-ҳужайраларнинг метастатик саратон ҳужайраларини аниқлаши ва йўқ қилишига тўсқинлик қиладиган ген билан боғлиқ.
Улар бу генни тромбоксан А2 деб номланувчи ивиш омили фаоллаштириши мумкинлигини аниқладилар. Номидан кўриниб турибдики, бу омил жароҳатланганимизда қоннинг қуюлиб қотишига ёрдам беради. Аспирин тромбоксанни тўхтатгани учун, у саратон ҳужайраларини иммун тизими учун янада "кўринарли" қилиб қўйиши мумкин. Бу кашфиёт жамоанинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлди.
Ройчоудҳурининг тадқиқоти сичқонларда ўтказилган, шунинг учун унинг натижалари одамларга ҳам тааллуқли эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қила олмаймиз. Бироқ Ленгли ва унинг ҳамкасблари ўтказган қизиқарли тадқиқот шуни кўрсатдики, йўғон ичак ёки ошқозон-қизилўнгач саратонига чалинган одамларда тромбоксан даражаси соғлом одамларга қараганда анча юқори бўлар экан – ҳатто муваффақиятли даволанишдан олти ой ўтгач ҳам. Бу эса ушбу омил одамларда ҳам метастазларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши мумкинлигини тахмин қилишга асос беради.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳар дардга давоми?
Аспиринни айнан ким ва қачон мунтазам қабул қилиши кераклиги ҳамон баҳсли масала бўлиб қолмоқда. Баъзи тадқиқотчилар фикрича, унинг юрак-қон томир касалликлари ва саратон учун умумий фойдалари туфайли уни кенгроқ қўллашга ундаш керак. Ўтмишда профилактика чораси сифатида аспирин қабул қилган Бёрн унинг аҳоли саломатлиги учун салоҳиятига умид билан қарайди. "Биз ўтказган катта тадқиқот шуни кўрсатдики, агар эллик ёшдан ошган ҳар бир киши ўн йил давомида чақалоқлар учун мўлжалланган дозадаги аспиринни қабул қилса, мамлакатда барча сабаблардан келиб чиқадиган ўлим даражаси 4 фоизга камаяди," дейди Бёрн.
Бироқ, аксарият тадқиқотчилар уни фақат маълум бир тоифадаги беморларга тавсия этиш керак, деб ҳисоблайди. "Саратон билан оғриган беморларга аспирин бериш бошқа нарса, соғлом одамларга уларга зарар етказиши ҳам мумкин бўлган воситани таклиф қилиш умуман бошқа нарса," дейди Мартлинг. Бунга сабаб, аспириннинг жиддий ножўя таъсирлари бўлиши мумкин. Камига у барча одамларга ёки саратоннинг барча турларига бирдек таъсир қилмаслиги эҳтимоли бор.
Бироқ, агар сизда Линч синдроми бўлса ёки йўғон ичак саратонидан даволанган бўлсангиз, мунтазам равишда кичик дозада аспирин қабул қилиш ҳақида суриштириб кўришингиз мумкин. "Аспирин қабул қилишни бошлашдан олдин доим шифокор ёки бошқа тиббиёт ходими билан маслаҳатлашинг," дейди Ленгли.
Аспирин бўйича тадқиқотлар кўпайиб борар экан, бизни ҳали кутилмаган янгиликлар кутаётган бўлиши мумкин. Хўш, аспириннинг узоқ тарихи келажакда яна 4000 йилга чўзилармикан? Балки келажак авлодларимиз бу дорининг биз ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган турларидан фойдаланар.




























