Тошкент миграция форуми Ўзбекистонга нима беради?

Сурат манбаси, Rossiya Tergov qo'mitasi videosidan
Таҳлилчиларга кўра, бир замонлар мигрантларга "дангаса" деб қаралган Ўзбекистонда Халқаро Миграция ташкилоти форумига мезбонлик қилиш меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабат ижобий тарафга ўзгарганининг белгисидир.
Тошкент шаҳрида Халқаро Миграция ташкилотининг биринчи халқаро миграция форуми бошланди.
Анжуман икки кун давом этади.
Тадбирда Марказий Осиё, Осиё, Европа, АҚШ каби 40 дан ортиқ давлатдан 600 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
Халқаро Миграция ташкилотининг 2026 йилги Жаҳон миграцияси ҳисоботига кўра, бугунги кунда дунёда 304 миллионга яқин халқаро мигрант бўлса, шундан 168 миллиони меҳнат мигрантларидир.
Улар жаҳон меҳнат бозори ва иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшмоқдалар, йилига ўз оилаларига қарийб 905 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатганлар.
Расмий рақамлар Ўзбекистон фуқаролари бўлган 1,2 миллион киши меҳнат мигранти сифатида хорижда ишлаётганини кўрсатади.
Аммо реал рақамлар бундан бир неча баробар кўп деб кўрилади.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга чет элдан юборилган пул ўтказмалари 18,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Бу 2020 йилдаги рақамлардан (6 миллиард доллар) уч баравар, 2021 йилдагидан (8,1 миллиард доллар) икки карра кўп.
2026 йилнинг дастлабки уч ойида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ватанига 3,8 млрд АҚШ доллари миқдорида валюта маблағлари юборганлар.
Тошкентдаги форумда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ўз фуқаролари дунёнинг қаерида бўлмасин, меҳнати, билими ва масъулияти билан қадр топишини истайди.
Беҳзод Мусаев форумнинг биринчи куни қилган тақдимотида миграция билан боғлиқ баъзи рақамларни ҳам кўрсатди.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси сони 15,9 млн кишини ташкил этади, шундан 15,1 миллионининг бандлиги таъминланган.
Аммо таҳлилчилар маҳаллий раҳбарларнинг ўз ҳудудидаги бандлик кўрсаткичларини "юқорига" баланд қилиб кўрсатиб тақдим этиш ҳоллари ҳамон мавжудлигига эътибор қаратадилар, маҳаллий ҳокимларнинг бундай ёндашуви Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган ҳукумат мажлисларида ҳам танқид қилинган.

Сурат манбаси, eca.iom.int
Расмий маълумотларга кўра, аҳолисининг сони 38 миллиондан ошган Ўзбекистон меҳнат бозорига эса ҳар йили 600 минг киши кириб келади.
Меҳнат миграция ҳақида гап кетар экан, албатта, муҳожирларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётгани, айрим ҳолларда улар фирибгарлик қурбонига айланаётгани ва ҳатто Россиянинг Украинада олиб бораётган урушида қатнашишга мажбур бўлаётганини ҳам эслаш ўринли.
Аммо Тошкентдаги форумда уруш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида гаприлмади.
Миграция агентлиги директори ўринбосари Элёр Тоштемиров ҳам ОАВга берган интервюсида ушбу мавзу форум кун тартибидан ўрин олмаганини айтди.
Тошкент форумининг номи "Меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси" деб номланади ва бу тадбир чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳимоясини яхшилашга ҳисса қўшади деб умид қилинмоқда.































