Трамп Россия президентини «дўстим» деб атаганидан сўнг Зеленский Путинни «қотил» деди

Трампнинг Путин билан Хитойдаги илиқ учрашуви.
Сурат тагсўзи, Трампнинг Путин билан Хитойдаги илиқ учрашуви.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трамп шу ҳафта Хитойда Россия раҳбарини «дўстим» деб атаганига жавобан Владимир Путинни «қотил» деб атади.

CNN телеканалига берган интервюсида Зеленский Путинни қандай аташ АҚШ президентининг ўз иши эканини айтди. «Аммо биз учун у душман... Биз учун у қотил», — деди Зеленский.

Пайшанба куни Хитой раҳбари Ши Жинпин ва Путин билан ўтказилган тарихий уч томонлама учрашув олдидан Трамп Путинни «дўстим» деб атади ва икки раҳбар «кўп йиллардан бери жуда яхши муносабатда» эканини айтди.

Тунда Россия ҳужумлари давом этди. Расмийларга кўра, Днепропетровск вилоятидаги Зеленскийнинг туғилган шаҳри Кривий Риҳга ракета ва дронлар билан берилган зарбалар оқибатида икки киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди, 52 киши жароҳатланди.

Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати (ДСНС) маълум қилишича, мамлакат шимоли-шарқидаги Харкив вилоятида яна 11 киши, шимоли-ғарбдаги Ривне вилоятида эса бир киши жароҳатланган.

Жума куни Россиянинг пойтахт Киевдаги кўприклар ва Украина ғарбидаги темирйўл вокзалларига қаратилган зарбалари оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлди.

Зеленский 110 та ракета, жумладан, 27 та баллистик ракета ва 400 дан ортиқ дрон иштирокидаги ҳужумни «бу йилги энг йирик ҳужум» деб атади.

Бу зарбалар Украина Қрим кўпригига жиддий шикаст етказганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

2026 йил 20 ноябр куни Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Лвив шаҳрига берилган ҳаво зарбасидан сўнг зарар кўрган Скнилив темирйўл вокзали олдида пайдо бўлган чуқурни кўздан кечирмоқда.
Сурат тагсўзи, 2026 йил 20 ноябр куни Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Лвив шаҳрига берилган ҳаво зарбасидан сўнг зарар кўрган Скнилив темирйўл вокзали олдида пайдо бўлган чуқурни кўздан кечирмоқда.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Жума куни Украинага берилган зарбалардан бир неча соат ўтиб, Трамп Оқ уйда журналистларга Путин «урушни тугатишни жуда ҳам исташини» айтди.

«Уларнинг иккаласи ҳам [Зеленский ва Путин] урушни тугатишни хоҳлаяпти. Менинг улар билан муносабатларим борлиги эса жуда яхши», — деди у жума куни.

Трамп Россия раҳбарини яна бир бор дўсти деб атади, бироқ Путинни АҚШнинг ҳам дўсти деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволга жавоб бера олмаслигини айтди.

Аммо Зеленский Трампнинг позициясига қарамай, Путинни «қотил» деб ҳисоблашини билдирди.

«Менимча, дунёдаги аксарият одамлар учун у қотил. Чунки у одамларни ўлдиряпти. Айтганча, у ҳар куни, кечаю кундуз одамларни ўлдиряпти», — деди Зеленский CNN телеканалига.

Зеленскийнинг айтишича, Путин ҳақида «дўст» сифатида гапириш унинг «етарлича босимни ҳис қилмаётганини» англатади.

Бу ўзаро кескин баёнотлар янграётган бир пайтда, қўшни Полша жума куни эрта тонгда мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида ҳаво ҳудудини бузиб кирган учта объектдан бири Россиянинг қанотли ракетаси бўлганини маълум қилди.

Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг айтишича, ракета Украина чегарасидан тахминан 50 километр узоқликдаги Нови-Липовец қишлоғи ҳудудига келиб тушган.

Полша расмийларига кўра, бу жой Европа ҳарбийлари машғулотларни якунлаётган ҳудуддан тахминан 100 километр узоқликда жойлашган. Машғулотларда «Хоҳиш билдирганлар коалицияси»га аъзо 36 давлатдан 11 тасининг ҳарбийлари қатнашган.

Расмийлар яна бир ракета ва реактив двигателли дрон бошқа икки ҳудудга келиб тушган бўлиши мумкинлигини ҳам билдирган.

Жума куни Оқ Уйда ўтган матбуот анжуманида Трамп Россия раҳбарини яна бир бор дўсти деб атади, бироқ Путинни АҚШнинг ҳам дўсти деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволга жавоб бера олмаслигини айтди.
Сурат тагсўзи, Жума куни Оқ Уйда ўтган матбуот анжуманида Трамп Россия раҳбарини яна бир бор дўсти деб атади, бироқ Путинни АҚШнинг ҳам дўсти деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволга жавоб бера олмаслигини айтди.

Полша бош вазири Доналд Туск бу тасодифий ҳодисага ўхшамаслигини айтди.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва бирор зарар етгани ҳақида хабар берилмаган. Бироқ Варшава буни Москванинг «провокацияси» деб атади.

НАТО бош котиби Марк Рютте «Полша ҳаво ҳудудининг қўпол равишда бузилиши»ни қоралади ва бунга жавобан ҳарбий иттифоқ ўз қирувчи учоқларини ҳавога кўтарганини билдирди.

Россия ҳаво ҳудуди бузилгани юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Бу ҳодисалар жума куни Россия Украинага кенг кўламли ҳужум уюштирган пайтда содир бўлди.

Путин 2022 йил феврал ойида Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаган.