Ўзбек аёллари Туркияда: Меҳнат муҳожирлиги, хавф-хатарлар ва жамиятдаги маломат - Видео

Ozoda Islomova va Sohiba Hayot Turkiya bayrog'i oldidagi kollag rasmlari
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг ҳаёлига биринчи бўлиб Россия келади, бироқ аёллар муҳожирлиги йўналишида бугунги кунда асосий оқим Туркияга бурилган. Сўнгги пайтларда Туркиядаги ўзбек аёллари билан боғлиқ мудҳиш қотилликлар ва зўравонлик хабарлари кўпайганига қарамай, бу давлатга ишлаш учун кетаётган хотин-қизлар оқими тўхтамаяпти. Хўш, нега аёллар айнан Туркияни танламоқда ва мусофирликда уларни нималар кутмоқда?

Нега айнан Туркия?

Туркияда яшаб, ушбу жараёнларни ичкаридан ўрганган журналист Соҳиба Ҳаётнинг таъкидлашича, у ердаги ўзбек аёлларининг ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлиб, уларнинг аксариятини 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган ёлғиз аёллар ёхуд ажрашган оналар ташкил этади. Аёллар асосан уй ишлари, хизмат кўрсатиш ва сотувчилик каби соҳаларда меҳнат қилишади.

George Washington Университети тадқиқотчиси, олима Шоирахон Нурдинова ўзбекистонлик аёлларнинг Туркияни танлашига асосий сабаблар сифатида – визасиз режимнинг мавжудлигини, тил ва маданиятнинг яқинлигини, шунингдек, у ердаги ижтимоий тармоқлар (таниш-билишлар) ва парваришлаш иқтисодиёти бозоридаги қулай иш жойларини кўрсатиб ўтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Аёлларимиз Туркияга миграция қилаётган пайтда етарли даражада ҳуқуқий билим ҳамда расмий меҳнат шароитлари ҳақида билимга эга бўлишмайди. Бу эса миграция жараёнида турли хил муаммоларни келиб чиқаради ва хусусан жуда ҳам кўп ҳолатларда норасмий мигрант сифатида фаолият юритишларига тўғри келади" дейди Шоирахон.

Нурдинованинг қўшимча қилишича, Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 13 мингга яқин ўзбекистонлик норасмий мигрант мақомида қўлга олиниб, депортация қилинган.

Instagram sahifasidan
Turkiyadagi Oʻzbekistonlik ayollarni ijtimoiy kelib chiqishi har xil. Ichida ziyolisi ham bor, ishchi qatlamdan ham bor. Asosan yoshlari 18 dan 55 atrofida bo'lgan ayollar.
Sohiba Hayot
Jurnalist

Ҳар ойда битта ўлим ва ортаётган мурожаатлар

Расмий мақомсизлик ва қонуний ҳуқуқларнинг йўқлиги сабабли мигрант аёллар доимий хавф остида қолмоқда. Журналист Соҳиба Ҳаёт ўз кузатувларига таяниб, ўтган йилнинг июл ойидан жорий йилнинг март ойигача бўлган давр мобайнида Туркияда ҳар ойда камида битта ўзбек аёлининг ўлим ҳолати кузатилганини билдиради. Ҳатто бир неча йил аввал бедарак йўқолган аёлларнинг ҳам аслида қотиллик қурбони бўлгани фош этилмоқда.

Вазиятнинг қанчалик жиддий эканини "Ўзбек аёллари ҳуқуқлари" ҳамжамияти вакили Озода Исломова келтирган рақамлар ҳам тасдиқлайди.

Исломованинг қайд этишича, ташкилотга мурожаатлар сони кескин ортиб боряпти ва 2025 йилнинг ўзида 3200 дан зиёд мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар орасида иш берувчи томонидан паспортларни тортиб олиш, маош бермасдан шантаж қилиш, одам савдосига ва ахлоқсиз ишларга мажбурлаш, шунингдек, оилавий зўравонлик ва тазйиқлар каби мудҳиш ҳолатлар жуда кўп учрайди.

Айбланувчига айланаётган қурбонлар

Ўзбек аёллари нафақат оғир меҳнат шароитлари ва жиноятчилар билан, балки ўз жамиятининг маломатлари билан ҳам курашишга мажбур. Жамиятшунос олим Шерзод Эралиев буни патриархал муҳитдаги ёндашувлар билан изоҳлайди.

"Жамиятимизда аёл иқтисодий субъект эмас, аввало ахлоқий назорат объекти сифатида кўрилади", дейди олим. Аёлнинг мустақил равишда хорижга кетиши тезда шубҳа уйғотади.

Эралиевнинг таъкидлашича, зўравонлик қурбонига айланган аёлга ҳамдардлик билдириш ўрнига жамият бутун эътиборни асоссиз айбловларга қаратади ва "У у ерда нима қилиб юрган эди?", "Нега ўзини эҳтиёт қилмади?" деган саволларни беришни афзал билади.

"Бу стигма ўз навбатида аёлларни янада сукут сақлашга мажбур қилади, улар полицияга ҳам, Ўзбекистондаги оиласига ҳам ўз бошига тушган нохушликларни айтишдан қочишади", дея хулоса қилади жамиятшунос.

Бу каби сукут сақлаш, ўз навбатида, жиноятчилар учун жазосиз қолиш ва қулай муҳитни яратади.

Lund University
Patriarxal bo'lgan bizni jamiyatlarimizda bizni tasavvurimizda ayol uyda bo'lishi kerak... Shuning uchun mustaqil ravishda xorijga ketgan ayolga nisbatan tez shubha paydo boʻladi.
Sherzod Eraliev
Jamiyatshunos olim

Турк матбуоти фожиаларни қандай ёритмоқда?

Жамиятдаги айбдорлик тамғаси аёлларни ёрдам сўрашдан тўсиб қўйиши ортидан жиноятчилар учун қулай муҳит яратилмоқда. Хўш, Туркия оммавий ахборот воситалари ушбу жиноятларни қандай ёритмоқда?

Мавзунинг бу жиҳатини Би-би-си журналисти Шодиёр Сайф ўрганиб чиқди.

Шодиёр Сайф: Турк матбуоти бу хабарларни тез-тез ёритади. Масалан, баъзи нашрларда бу хабарларга шов-шувли хабар тарзида ёндашилади. Улар "даҳшат", "ваҳшат", "кесилган бош" ёки "контейнердан топилган бош" каби жумлаларни ишлатиб, ўқувчининг эътиборини тортишга ҳаракат қилади ва воқеани ижтимоий муаммо сифатида эмас, балки шок ва қўрқув уйғотувчи хабар сифатида ёритади. Натижада "Нега ҳимоя ишламаяпти?", "Мигрант аёллар нега ҳимоясиз?" деган тизимли саволлар очиқ қолади. Яна бир эътиборли жиҳати, мақолаларда қурбонни айблаш ҳолатига тортиб кетадиган жумлалар ишлатилади. Масалан, норасмий муносабат каби деталларга ортиқча урғу берилиб, ўқувчида "бу аёлнинг ўзида ҳам айб бор экан-да" деган тасаввурни жонлантиришади.

Би-би-си: Бундай воқеалар оммавий ахборот воситаларида фақатгина хабар шаклида берилишдан ташқари чуқурроқ таҳлил ҳам қилинадими?

Шодиёр Сайф: Асосий матбуотда бу таҳлиллар жуда кам. Лекин излаганда топиш мумкин. Масалан, "Çатлак Zemin" нашри ўзбекистонлик аёл иши борасида каттароқ таҳлил эълон қилиб, муаммога тизимли равишда ёндашди. Улар мигрант аёллар Туркиядаги маҳаллий аёллардан ҳам ҳимоясиз эканлигини таъкидлашган. Уларнинг ёзишича, муҳожир аёллар жуда ҳам заиф ҳолатда, ҳуқуқий мақоми ноаниқ, иш берувчига қарам ва полицияга мурожаат қилишдан қўрқади. Чунки полиция мурожаат қилувчидан биринчи навбатда "визанг борми?", "қонуний ишлаб юрибсанми?" деб сўроқ қилади, бу эса уларни чўчитиб, ариза беришдан қочишига сабаб бўлади. Нашр асосий муаммо сифатида гендер тенгсизлиги ва ишламайдиган адлия тизимини кўрсатган. Умуман олганда, турк матбуотида ўзбек аёллари асосан мана шундай зўравонликка учраганда кўриниш беради. Бошқа вақтда уларнинг нима билан яшаётгани, ҳаёти қандай экани деярли ёритилмайди.

Turk matbuotidan screenshot

Сурат манбаси, Turk xabar sahifasidan

Сурат тагсўзи, Турк матбуотида баъзи нашрлар бу хабарларга шов-шувли хабар тарзида ёндашилади. Улар "даҳшат", "ваҳшат", "кесилган бош" ёки "контейнердан топилган бош" каби жумлаларни ишлатиб, ўқувчининг эътиборини тортишга ҳаракат қилади ва воқеани ижтимоий муаммо сифатида эмас, балки шок ва қўрқув уйғотувчи хабар сифатида ёритади.

Ҳимоя чоралари ва ечимлар нималардан иборат?

Аслида Туркияда хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун яхши тизимлар ишлаб чиқилган.

Журналист Соҳиба Ҳаётнинг сўзларига кўра, хорижлик аёллар мамлакатга кириши билан уларга хавф туғилганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида махсус SMSлар юборилади. Битта тугмани босиш орқали 3-5 дақиқада полицияни чақириш имконини берувчи махсус иловалар ҳам бор, бироқ тил билмаслик ва эътиборсизлик туфайли ўзбек мигрантлари бундан деярли фойдаланишмайди.

Фожиаларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак деган саволга олима Шоирахон Нурдинова шундай жавоб беради: "Аввало миграциядан олдин тайёргарликни кучайтириш, борилаётган мамлакатдаги қонуний ишлаш имкониятлари ҳамда қийинчиликка келганда халқаро ташкилотлар, элчихона ва ННТларга мурожаат қилиш ҳақида етарлича билимга эга бўлиш керак".

"Ўзбек аёллари ҳуқуқлари" ҳамжамиятидан Озода Исломова эса барча ватандош аёлларни ўз ҳуқуқлари учун бирлашишга чақиради: "Жамиятимизга келинг, аъзо бўлинг. Шунда сиз иш берувчи қаршисида ҳам, оилада ҳам ёлғиз эмаслигингизни ҳис қиласиз", дея уларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканликларини маълум қилади.

Instagram sahifasidan
Jamiyatimizga keling, a’zo bo‘ling! Shunda siz ish beruvchi qarshisida ham, oilada ham yolg‘iz emasligingizni his qilasiz.
Ozoda Islomova
"O‘zbek ayollari huquqlari" hamjamiyati

Хулоса қилиб айтганда, бугун Туркиядаги ўзбекистонлик аёллар фақатгина мусофирлик қийинчиликлари билан эмас, балки жамиятнинг совуқ муносабати ва ҳуқуқий ҳимоясизлик билан ҳам юзма-юз қолмоқда. Улар ҳимоясиз қолмаслиги учун жамоатчиликдаги айбловчи қарашлар ўзгариши ва муҳожирларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилиши зарур.