Ўзбекистон заводлари Россия ҳарбий саноатига кўмаклашишда айбланди: ЕИ санкциялари кучга кирди

Сурат манбаси, Getty Images
Европа Иттифоқи Россия ҳарбий саноатига кўмаклашишда айбланган Ўзбекистоннинг икки корхонасига санкция жорий этди.
Европа Иттифоқи Россияга қарши йўналтирилган 20-санкциялар пакети доирасида учинчи мамлакатларнинг 120 нафар жисмоний шахси ва 16 та ташкилотини "қора рўйхат"га киритди. Қирғизистоннинг "24.kg" ахборот агентлиги хабарига кўра, рўйхатга Ўзбекистон ва Қирғизистон корхоналари ҳам қўшилган.
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг санкцияга тушган икки корхонаси аниқ кўрсатилган: Фарғона вилоятидаги "Фарғона кимё заводи" ҳамда Жиззах вилоятида жойлашган "Raw Materials Cellulose" заводи.
"Европа Иттифоқининг хулосасига кўра, 2012 йилда ташкил этилган "Фарғона кимё заводи" пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва ўз маҳсулотларини Россиядаги Пермь ҳамда Қозон порох заводлари каби корхоналарга етказиб берган. Ҳужжатда ушбу хом ашёдан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган бўлиши мумкинлиги қайд этилган", - дейилади агентлик хабарида.
Худди шундай айбловлар 2022 йилда Жиззахда рўйхатдан ўтган "Raw Materials Cellulose" компаниясига нисбатан ҳам илгари сурилган. Европа Иттифоқининг таъкидлашича, мазкур корхона Россия ҳарбий-саноат мажмуаси таркибига кирувчи заводларни, хусусан, Тамбов порох заводини пахта целлюлозаси билан таъминлаб келган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳар йили тахминан 1,1 миллион тонна пахта толаси етиштиради. Мамлакатнинг бу борадаги асосий харидорлари анъанавий равишда Хитой, Туркия ва Россия ҳисобланади.

























