Ҳамид Исмоилов Ўзбекистонга киритилмагани, Нобел рўйхати ва ким учун ёзиши ҳақида - видео

Видео тагсўзи, Ўзбекистонга киритилмагани, Нобел рўйхати ва ким учун ёзиши ҳақида
Ҳамид Исмоилов Ўзбекистонга киритилмагани, Нобел рўйхати ва ким учун ёзиши ҳақида - видео
Published

«Ўша пайтда бир журналист мен билан алоқага чиқди ва мен унга шахсий хабар сифатида буни айтдим. Онамнинг мозорбошига бормоқчи эдим, ҳамма нарса тайёр эди, лекин қўйишмади, деб айтдим. Журналист босиб юборди бу нарсани. Унда айтган эканманки, қўйишмаганлиги учун то мендан узр сўрамагунларича, Ўзбекистонга бормайман.»

Ҳамид Исмоиловдан Ўзбекистон ҳукумати ҳануз узр сўрагани йўқ.

Нега халқаро адабиётда номи чиққан, ўзбек замонавий насри ва шеъриятини дунёга танитаётган ёзувчи мамлакатга киритилмаганини ҳукуматда ҳеч ким изоҳламади ҳам.

Бу ҳодиса 2017 йилда, яъни Шавкат Мирзиёев президентликни олиб, ўз ислоҳотларини бошлаётганида ва Ўзбекистон яна дунёга очилаётганида юз берди.

«Айтилган гап – отилган ўқ", - дейди 72 ёшли адиб, ўз мавқеи ўзгармаганини айтиб.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ҳамид Исмоиловнинг янги китоби Лондонда тақдим қилинди.
Сурат тагсўзи, Ҳамид Исмоиловнинг янги китоби Лондонда тақдим қилинди.

Ҳамид Исмоилов Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган, лекин болалигида оиласи билан Ўзбекистонга кўчиб ўтган. Онаси у 12 ёшлигида вафот этгач, уни Тошкент яқинида яшовчи бувиси катта қилган.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ижод қилувчи Исмоилов шу кунларда Лондоннинг Pushkin House марказида ўзининг янги китобини тақдим қилди.

"Googling for Soul" (Жон Икки) деб номланувчи янги асар адибнинг ўзбек тилида ёзилган ва инглиз тилига таржима қилинган 11та ҳикоясининг тўплами бўлса-да, уни роман деб ҳам тасвирлаш мумкин.

Ҳикоялардаги одамлар турли авлод, турли муҳит ва турли тақдирларга мансуб. Аммо уларни Ўзбекистон, совет даври мероси, муҳожирлик ва ўзлигини йўқотмасликка уриниш бирлаштиради.

Исмоилов кўп йиллардан бери Лондонда, қувғинда яшаётган бўлса-да, ўзбекликдан ажралмаслик йўлларини излайди.

Hamid Ismoilov
BBC
Siz muayyan mamlakatga tobe bölsangiz, uning qonun-qoidalari bilan yaşaysiz. Lekin men til uçun yozaman. Tilda yaşasangiz, til — demokratik bir ölka.
Hamid Ismoilov
Yozuvchi (bbc.com/uzbek)

"Воқеъликдан узилиб қолиш мумкин, тилдан узилиш қийинроқ. [Владимир] Набоковлар вақтини олайлик, улар юртидан узилган ва тилдан узилган. Яъни, тили бироз сунъийлашган. Бизнинг давримизда эса, интернет ва ижтимоий тармоқлар пайдо бўлиб, бу муаммо йўқолди. Ҳозир гапираётган одамни ҳозирнинг ўзида эшитиб турибмиз. Ўзбек тилидаги янги тенденциялар, ўзгаришлар, қандай янги сўзлар киритилаётгани – ҳаммаси қўлингизнинг остида. Эрингмасангиз, бемалол тилда яшаб юришингиз мумкин», - дейди у.

Ёзувчи тилни бир уммондек тасвирлайди. Унда чегараларсиз ва цензурасиз яшаш мумкин.

Бу йил гаров компаниялари Ҳамид Исмоиловни адабиёт бўйича Нобел мукофотига номзодлар рўйхатига киритгани ва айни дамда унинг китоблари ҳамон Ўзбекистонда таъқиқда қолаётгани ўртасида кескин контраст бор.

Лекин, Исмоилов бу қувғин унинг ижодига таъсир қилмаслигини айтади.

"Сиз муайян мамлакатга тобе бўлсангиз, унинг қонун-қоидалари билан яшайсиз. Лекин, мен тил учун ёзаман. Тилда яшасангиз, тил - демократик бир ўлка. Унда хон ҳам йўқ, ҳоқон ҳам йўқ. Ўзбек тилида мен ҳеч кимга қарам эмасман. Шунинг учун, бемалол ёзиб юраман. Мустақилман.»