Тугамайдиган мотам синдроми ёки нега баъзи одамлар айрилиққа сабр қилолмайди?

Сурат манбаси, Global Images Ukraine via Getty Images
- Author, Вероника Силченко, Диана Куришко
- Role, BBC
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Психологлар Украинада одамлар орасида сурункали айрилиқ синдроми (САС) кўпайиб бораётганини айтишмоқда.
"Атрофимиздаги қайғу шу қадар каттаки, ундан қочиб қутулишнинг иимкони йўқ. Тўсатдан содир бўлган ва зўравонликка боғлиқ ўлимлар бу синдромни келтириб чиқаради. Ҳозир Украинада бундай ҳолатлар жуда кўп", — дейди украиналик психолог Оксана Королович.
Аксарият инсонларда яқин кишиси вафот этганидан кейин пайдо бўладиган ўткир дард вақт ўтиши билан аста-секин камайиб, ҳаёт одатий изига қайта бошлайди. Лекин ҳаммада ҳам бундай бўлмайди: тахминан 5% одамларда айрилиқ ғами вақт ўтиши билан ҳам йўқолмайди. Бу ҳолатни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2018 йилда расман руҳий бузилиш сифатида эътироф этган ва у "сурункали айрилиқ синдроми" деб аталади.
Олимларнинг фикрича, бевақт ва зўравонлик сабаб содир бўлган ўлим, айниқса, у фожиали вазиятларда юз берган бўлса, САС ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
"Бу синдромда ҳатто бир йил ўтганидан кейин ҳам инсонда доимий алам ва дард қолади. Инсон йўқотишни қабул қила олмайди, хотираларда қотиб қолгандек, ҳаётдан узоқлашади", — дейди Королович
Сурункали айрилиқ синдроми алоҳида касаллик сифатида тан олингунга қадар, мутахассислар унинг белгиларини депрессия ёки посттравматик бузилишга тенглаштиришарди. Аммо узоқ давом этган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, СЗГ бошқа касалликлардан фарқ қилади ва уни стандарт усуллар билан даволаш қийин.
"Нейробиология сурункали айрилиқ синдромини қандай тушунтиради" номли янги тадқиқот муаллифлари, Trends in Neurosciences журналида чоп этилган мақолада, САС пайтидаги мия фаолиятини бошқа руҳий ҳолатлардаги фаолият билан солиштириб, ўхшашликлар бўлишига қарамай, САС билан оғриганларда мукофот тизимига жавоб берувчи нейрон тармоқларида кучлироқ ўзгаришлар кузатилишини аниқладилар. Бу тизим уларда марҳумга боғланиб қолади ва бошқа ерда "мукофот" ёки бошқача айтганда ҳузур топа олмайди.
Би-би-си тадқиқот муаллифларидан бири, Австралиянинг Сидней шаҳридаги Янги Жанубий Уэльс университетининг профессори Ричард Брайант билан САСнинг депрессия ва хавотирдан фарқи ҳамда янги маълумотлар шифокорларга қайси беморларга қўшимча ёрдам кераклигини олдиндан аниқлашда қандай ёрдам бериши ҳақида суҳбатлашди.
Сурункали айрилиқ синдроми нима?
"Аслида бу қайғунинг ўзгинаси. Илгари одамлар бу ҳолат йўқотишдан кейинги ўткир фазада ҳис қиладиган туйғуларимиздан сифат жиҳатидан фарқ қилади деб ўйлашарди. Аммо тадқиқотлар кўрсатдики, бу аслида бир хил нарса. Биз шунчаки ўша инсонни жуда қаттиқ соғинамиз, — дейди Брайант. — Лекин сурункали қайғуга тушган одамнинг фарқи шундаки, у шу туйғу ичида "қотиб" қолади".

Сурат манбаси, Getty Images
Халқаро касалликлар таснифи (11-нашри) ва Американинг руҳий бузилишлар бўйича диагностика қўлланмаси (DSM-5) сурункали айрилиқ синдромини шундай тавсифлайди: бунда инсон 6-12 ойдан ортиқ вақт давомида вафот этган кишини тинимсиз қўмсайди, у билан бирга бўлишни истайди ёки у ҳақдаги ўй-хаёллар ичига шу қадар шўнғиб кетадики, бу чуқур ва қамровли эмоционал оғриқни келтириб чиқаради. Инсон ҳаёт мазмунини йўқотгандек, ўзининг бир қисми ҳам вафот этгандек ҳис қилиши ёки ўлим содир бўлганини билса-да, уни қабул қила олмаслиги мумкин.
Сурункали айрилиқ синдромини бошдан кечираётганларда, азоби вақт ўтиши билан пасаядиганларга қараганда, ўз жонига қасд қилиш хавфи сезиларли даражада юқори бўлади. Қайғунинг турлича намоён бўлишига қарамай, САС аломатлари ҳар икки жинс вакилларида, турли ижтимоий ва маданий гуруҳларда учрайди.
"Инсонга яқин одами энди йўқлигини қабул қилиш қийин кечиши мумкин. У марҳум учун овқат тайёрлашда давом этиши ёки, масалан, унинг хонасини эски ҳолича қолдириши мумкин", — дея қўшимча қилади Брайант.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Тиббий маълумотномаларга кўра, агар инсон марҳумга жуда қаттиқ боғланиб қолган бўлса, бунинг устига, ўлим зўравонлик билан ёки тасодифан юз берган бўлса, САС ривожланиш хавфи ортади. Бу синдром турмуш ўртоғи ёки фарзанди вафот этганидан кейин кўпроқ кузатилади.
Украиналик психолог Оксана Короловичнинг фикрича, видолашиш имконияти бўлмагани ҳам сурункали айрилиқ синдромига олиб келиши мумкин.
"Эримнинг жасадини ёпиқ тобутда олиб келишди. Уни ДНК орқали танишди. Мен у билан қандай видолашишим мумкин эди? Мен уни кўрмадим", — дейди у.

Сурат манбаси, Оксана Королович
Короловичнинг ўзи ҳам бева — эри урушда ҳалок бўлган. У Украинадаги бошқа аёллар билан қайғу мавзусида кўп ишлайди ва психологлар учун йўқотишни бошдан кечираётганларга ёрдам бериш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиққан.
"Ўлимга гувоҳлар бўлган, сафдошлари инсон ҳалок бўлганини тасдиқлаган, лекин жасад йўқ бўлган ёки уни олиб чиқиш имкони бўлмаган кўплаб ҳолатлар бор. Шу пайтда инсон руҳида иккига бўлиниш юз беради — гўё бир қисми доимо соҳилда ўтириб, кимнидир кутаётгандек бўлади", — дейди у.
Ҳозирги вақтда Украинада 90 мингга яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Короловичнинг сўзларига кўра, баъзан дафн маросимини ўтказиш учун одамлар бир неча ой ва ҳатто йиллар давомида ДНК экспертизаси натижаларини кутишга мажбур бўлишади.
"Сурункали қайғу — бу кучсизлик эмас. Бу ҳаётда янги жой топа олмаган муҳаббатдир. Бунда ўзгариш юз бермаган бўлади. "Мен — рафиқаман" деган қисм ўлган, "Мен — беваман" деган қисм туғилиши керак. Лекин жамиятимизда ҳалигача: "Сен ҳалок бўлган қаҳрамоннинг рафиқасисан", дейишади", — дейди Королович.
"Сиз муҳаббатни хасталикка чиқармоқдасиз"
Atrofimizdagi qayg‘u shu qadar kattaki, undan qochib qutulishning iimkoni yo‘q. To‘satdan sodir bo‘lgan va zo‘ravonlikka bog‘liq o‘limlar bu sindromni keltirib chiqaradi.
Кўп йиллар давомида олимлар ва шифокорлар сурункали қайғуни руҳий бузилиш сифатида тан олишни исташмаган. Чунки, улар йўқотишга бўлган табиий инсоний реакцияни касаллик деб ҳисоблана бошлашидан хавотирланишган.
New York Times нашрига берган интервьюсида САСни расмий рўйхатга киритиш устида ишлаган мутахассис, тиббиёт социологияси профессори Холли Пригерсон шундай дейди: — Тадқиқотчилар яқин инсон йўқотилганидан олти ой ўтгач ҳам САСни аниқлаш мумкин деб ҳисоблашган. Аммо Америка Психиатрия Ассоциацияси жамоатчиликнинг салбий реакциясидан қочиш учун ташхисни эҳтиёткорлик билан, ўлимдан бир йил ўтиб қўйишни «ёлбориб сўраган».
"Жамоатчиликнинг ғазабланиш эҳтимолидан хавотир бор эди, чунки ҳамма қайғуни бошидан кечиради. Ҳатто уларнинг бувиси олти ой олдин вафот этган бўлса ҳам, улар ҳалигача уни соғинишади, — деди у. — Бу гўёки сиз муҳаббатни патологияга (касалликка) айлантираётгандек кўринади", — деди у.
Натижада, АҚШда бу касаллик ташхис қўлланмасига фақат 2022 йилда кириб, дунё медиаларида бу ҳақда хабарлар пайдо бўлгандан кейин, чиндан ҳам кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу қарорнинг мухолифлари бундай таснифлаш табиий ва зарур жараённи тиббий муаммога айлантириб, қайғураётган инсонларга асоссиз дорилар тайинланишига олиб келади, деб таъкидлашди. Айримлар олимларни инсон мавжудлигини тиббий ташхисгача тушириб қўйганликда айблади.
Пригерсон икки ҳамкасби билан биргаликда "Сурункали айрилиқ синдроми: илмий маълумотлар асосида когнитив бузилишларни тузатиш" номли мақола эълон қилиб, САС ҳақидаги мифларга чек қўйишга ҳаракат қилди. Унда олимлар мухолифларнинг ҳар бир аргументига батафсил жавоб бериб, САСга нисбатан танқидлар кўпинча ҳар қандай бошқа руҳий бузилиш ташхисига нисбатан танқидлар билан мос келишини ва қўрқувлар бўрттирилганини таъкидлашди.
"Бу бузилиш камдан-кам учрайди. Бизнинг барча диагностика мезонларимизга тушиш жуда қийин, — деди у Британиянинг Guardian газетасига берган интервьюсида. — Аксарият одамларда олти ойдан кейин пасайиш бошланади, аммо сурункали айрилиқ синдроми борлар учун йўқотиш худди кеча содир бўлгандек; улар ҳамон шок ва ишонишмаслик ҳолатида ва қандай яшашни билишмайди... Худди кимдир уларнинг оёғи остидаги ерни тортиб олгандек ва улар бу азобли қайғу ҳолатида қолиб кетишган".
"Қайғу кўпроқ қарамликка ўхшайди"
Профессор Ричард Брайант фикрича, сурункали айрилиқ синдроми (САС) энди баҳсли масала эмас. Унинг айтишича, бу диагноз тобора кўпроқ қабул қилинмоқда ва шунинг учун у ўз тадқиқотини СЭСнинг нейробиологиясига қаратган.
Профессорга кўра, тадқиқот иштирокчиларидан мияни сканерлаш пайтида вафот этган яқинларини эслаш ёки уларнинг суратларига қараш сўралган. Натижада олимлар САС билан оғриганларда миянинг "мукофотлаш тизими" учун жавобгар нейрон тармоқларида сезиларли ўзгаришларни аниқлашган.
Унинг сўзларига кўра, хавотир, ПТСР ва қайғунинг энг кўзга кўринадиган фарқи шундаки: хавотир ва ПТСРда одам асосан таҳдиддан ва уни эслатиши мумкин бўлган нарсалардан қочади. Аммо қайғу ҳақида гап кетганда, ҳаммаси гўё тескарисига ўхшаб кўринади
"Бу кўпроқ биз "иштаҳа" деб атайдиган нарсага ёки қарамликка ўхшайди. Одамлар ўзлари хоҳлаган нарсага талпинишади ва: "Мен шу инсон қайтиб келишини истайман", деб ўйлашади, — тушунтиради у. — Одамлар марҳумлар ҳақида тинимсиз ўйлашади ва уларни эслатадиган нарсаларни қидиришади. Шунинг учун ҳам улар учун кечки овқат тайёрлашда, одатий ритуалларни бажаришда давом этишади ва улар ҳали ҳам биз билан эканини эслатиб туришга ҳаракат қилишади, чунки уларни қўйиб юборишни исташмайди".

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Брайантнинг таъкидлашича, уруш вазиятни сезиларли даражада оғирлаштириши мумкин.
"Бир неча йил олдин биз уруш пайтида суриялик қочқинлар ўртасида тадқиқот ўтказгандик ва сурункали айрилиқ синдроми кўрсаткичлари жуда юқори эканини аниқладик, чунки одамлар яқинларининг зўравонлик билан ўлдирилишини бошдан кечиришган эди. Ҳозир биз Украинада шунга ўхшаш тадқиқот ўтказяпмиз ва яна шу сабаб билан юқори кўрсаткичларни кутяпмиз", — дейди Брайант.
У ва унинг ҳамкасблари бутун Украина бўйлаб 3000 нафар катталар ва болаларни сўровдан ўтказишди ва ҳозирда олинган маълумотларни таҳлил қилишмоқда. Келгусида улар яқинларини йўқотган болаларни даволаш дастури устида ишлашни режалаштиришган.
"Ташхиснинг ўзи зарурлиги масаласига қайтадиган бўлсак: кўп одамларга оғир йўқотишдан кейин антидепрессантлар тайинланади, лекин кўпинча уларнинг ҳолати яхшиланмайди. Чунки муаммонинг ҳақиқий сабаблари бартараф этилмайди, — деб таъкидлайди у. — Ва "бу одамларда аслида депрессия эмас, балки сурункали айрилиқ синдроми бор" деб айтиш имконияти уларга кўпроқ мос келадиган даволашни таклиф қилиш имконини беради".
Брайантнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда САСни даволашнинг энг самарали усули когнитив-хулқ атвори терапияси (КХТ) ҳисобланади. КХТ — бу психотерапия тури бўлиб, унинг ёрдамида инсон қийинчиликларни енгишга халақит берадиган фикрлар ва хулқ-атвор моделларини танишни ва ўзгартиришни ўрганади.
Бундай терапия беморларнинг тахминан учдан икки қисмига ёрдам беради. САС ривожланишининг олдини олиш йўллари борми, деган саволга Брайант ҳозирча бу соҳада катта тадқиқотлар ўтказилмаганини айтади. Чунки олимлар йўқотишни қабул қилишнинг табиий жараёнига халақит беришни исташмайди.
"ПТСБ каби бошқа вазиятларда биз эрта аралашув ўтказамиз. Яъни, жароҳатдан кейинги биринчи ёки иккинчи куни унинг оқибатларини олдини олиш учун қилишимиз мумкин бўлган ишлар бор, — деб тушунтиради у. — Лекин яқинингизни йўқотганингизда, сиз шу инсон энди йўқлиги ҳақидаги фактга мослашиш жараёнидан ўтишингиз керак. Одамлар бу жараёндан ўтишлари шарт. Муҳими шундаки, ўткир фазада, масалан, йўқотишдан кейинги биринчи ёки иккинчи ҳафтада, биз сурункали қайғуга тушадиганлар ва тушмайдиганларни бир-биридан ажрата олмаймиз. Шу сабабли, агар биз эрта босқичда нимадир қилишга қарор қилсак, эҳтимол, бунга муҳтож бўлмаган 90% одамни даволаган бўлардик, чунки улар барибир ўзлари мослаша оладилар".
Короловичга кўра, қайғуни бошидан кечириш учун маросимлар жуда муҳим ва инсон ўзига ҳамда яқинларига мотам тутишга рухсат бериши керак.
"Украинада ҳар куни соат 9:00 да ҳамма тўхтаб, бир дақиқалик сукут билан хотирлаши — бу жуда муҳим. Ўзингизга мотам тутиш учун вақт беринг. Биз ўлим содир бўлаётган воқелик билан ишлашимиз керак, — дейди у. — Биз ҳаммамиз катта қайғуни бошдан кечиряпмиз. 2022 йилдан бери вайрон бўлган нарсаларни ҳеч қачон қайтара олмаймиз. Бу онглилик масаласи — биз ҳозир қаердамиз? Бизда ҳар куни одамлар ҳалок бўлмоқда. Бу ҳаммамизга таъсир қилади. Бу — атрофимиздаги умумий азоб ва қайғу майдонидир".



























