Ўзбекистон ва минтақа: Кремл босими кучайдими ёки Россия таъсири кучсизланди?.. Видео

Россия Президенти Владимир Путин Марказий Осиё харитаси, Россия байроғи ва Ўзбекистон ҳарбийлари фонида акс этган.

Сурат манбаси, BBC/GETTYIMAGES

Сурат тагсўзи, Лондондаги "Марказий Осиё Due Deligence" таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов фикрича, Кремлнинг охирги вақтлардаги баёнотларини Евроосиё ҳудудида ўз таъсирини йўқотаётганига муносабат деб қараш лозим.
Published
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов қуролланган исломий жангариларнинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳудудига бостириб кириш хавфи бор деган баёноти янграган бир вақтда Покистон Ўзбекистонни Афғонистонда 2500 Ўзбек жангариси борлигидан огоҳлантирди деган хабарлар тарқалди.

Ушбу баёнотларни нақадар жиддий қабул қилмоқ лозим?

Бу борада экспертлар таҳлили қандай?

Навбатдаги "Диққат, BBC" дастуримиз ана шу мавзуга бағишланди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бишкекда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари йиғилиши бўлди.

Ушбу йиғилишда Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Россия асли бу минтақадан бўлмаган давлатларнинг Марказий Осиёда ҳарбий ҳозирликка интилаётганларини қоралайди, деб баёнот берди.

"Сурия, Ливан ва Ғазодаги инсонпарварлик фалокати жиддий хавотирни уйғотади. Инқироздаги ҳудудлардан жангариларнинг қўшни мамлакатларга, шу жумладан, ШҲТ маконига суқилиб кириш таҳдиди мавжуд", деди Россия мудофаа вазири.

Россия нега яна огоҳлантиришга ўтди?

Лондондаги "Марказий Осиё Due Deligence" таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов фикрича, Кремлнинг охирги вақтлардаги баёнотларини Евроосиё ҳудудида ўз таъсирини йўқотаётганига муносабат деб қараш лозим.

"Ереван саммити жасорат берди"

Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши раҳбарлари Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан

Сурат манбаси, BBC/Rayhan Demytrie

Сурат тагсўзи, Еревандаги Европа саммити Кремл ғашига теккани блогерлар тилидан айтилди

"Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ сўнгги воқеалар – Эронга қарши АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий амаллари ва бунга Эроннинг жавоб ҳаракатлари нафақат Россияни, балки дунёнинг бошқа мамлакатларини ҳам ўйлантириб қўйди. Ва бу Американинг Яқин Шарқ ички ишларига аралашиш деб талқин этилаяпти. Шунинг учун ҳам Россия мудофаа вазирининг баёнотида "сиз ўзингизнинг минтақангизга кирмайдиган ҳудуд ишларига аралашаяпсиз", "муайян минтақада бўлмаган мамлакат бошқа минтақа ишларига киришмасин" деган мантиқ янграйди", дейди Алишер Илҳомов.

"Сўнгги ҳодисалардан, албатта, Россия иқтисодий манфаат кўраяпти, чунки нефт нархининг ошиши Россияга фойда. Лекин у геосиёсий саҳнада ютқизаяпти. Чунки бу уруш Россиянинг муҳим иттифоқчиларидан бири ҳамда унинг Украинага қарши урушида муҳим ҳарбий иттифоқчиси саналмиш Эроннинг мавқеини кучсизлантирди".

Alisher Ilhomovdan iqtibos

Сиёсий шарҳловчи Алишер Илҳомов Эрон кучсизланиши билан бирга Россия ўзининг таъсир доираси остидаги мамлакат деб кўриб келган Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашишини оғриқли қабул қилганини айтади.

"(Россиянинг) кучсизланаётгани ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда яққол сезилаяпти. Геосиёсий маънода Украинага қарши урушда дуч келаётган қатор талофатларида - мағлубиятга учраётганида кўринади. Бу нарса эса Россия Федерациясининг таъсир доирасида деб кўриб келинган мамлакатларга жасорат бераяпти. Бунинг биринчи аломатларидан бири Еревандаги саммит бўлди. Россия билан Украина ўртасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятда юз берган ўзгариш Ереван саммитига замин яратди. Бошқа мамлакатлар ҳам Марказий Осиё, Евроосиё минтақасидаги ташқи ўйинчилар билан мулоқотни йўлга қўйишда кўпроқ жасурлик намойиш эта бошладилар. Бу нарса, албатта, Москвани қаттиқ хавотирлантиради. Чунки у нафақат халқаро саҳнада, глобал миқёсда, балки шу яқин вақтгача ҳам ўз гапини ўтказиб келган Евроосиё минтақасида ҳам мавқеъсини йўқотиб бораяпти", дейди Алишер Илҳомов.

"Жангарилик таҳдидидан Россия манфаатдор"

BBC siyosiy sharhlovchisi Dovud A'zamiydan iqtibos

Кўплаб таҳлилчилар Россияни Афғонистон таҳдидини бўрттириб кўрсатаётганликда айблаб келадилар.

Россиянинг ростмана хавотирлари бўлиши билан бирга бу каби баёнотлардан қатор мақсадлар кўзланиши мумкин, деб ҳисоблайди Би-би-си сиёсий шарҳловчиси Довуд Аъзамий.

"Биринчидан, Россия Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган ягона давлат. Россия расмийларининг бундай баёнотлари ён бердириш учун Толибон ҳукуматига қарши босим тактикаси сифатида ҳам кўрилади.

Иккинчидан, рост бўладими ёки хаёлий, Афғонистондан жангарилик таҳдиди Россияга Марказий Осиё давлатларини ўзининг хавфсизлик соябони остида ушлаб туришга ёрдам беради. Уларни доимий равишда Москва ҳимояси ва ҳамкорлигига муҳтож бўлишга мажбур қилади", дейди Довуд Аъзамий.

Суриядан қуролли жангарилар таҳдиди қанчалар жиддий?

Сурия Афғонистондан кейин энг кўп Ўзбек жангари гуруҳлари жанг қилган давлат.

Сурияда уларнинг иккита катибаси бўлган, яна тактик гуруҳлари борлиги ҳам айтилган.

Бу икки катиба Россиянинг яқин иттифоқчиси Ассад тузумини ағдаришида Суриянинг бугунги муваққат раҳбари Аҳмад аш-Шаръани қўллаган.

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" бошчилигидаги исёнчилар иттифоқига кирган.

Ўзбеклар ўз вақтида ИШИД сафларида ҳам россияликлардан кейин энг катта кўпчиликни ташкил этишган.

ИШИД орада халқаро коалиция кучлари томонидан мавҳ этилган.

Аммо шу кунларда Суриянинг амалдаги ҳукумати ва у ердаги Ўзбек жангариларининг ораси қочаётганига оид хабарлар ҳам чиққан.

Шундай экан, Россиянинг Сурия билан боғлиқ бугунги хавотирлари қанчалик асосли?

Биз ушбу саволни Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати бўйича кенгаш эксперти Мурод Батал Аш-Шишаний бердик.

Murod Batal Ash-Shishaniydan iqtibos

Мурод Батал Аш-Шишаний: Бу саволга битта сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Чунки жавоби кўп қиррали. Ҳа, Сурияда Марказий Осиёдан келган ва ўрнашаётган хорижий жангарилар бор. Аммо масаланинг яна бир жиҳатини назарда тутишимиз лозим. Ҳозир Суриянинг янги раҳбарияти ва Россия ўртасида турли масалалар юзасидан келишмовчиликлар бор. Бу Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларини ҳам ўз ичига олади. Менимча, Россия бу гапи билан аш-Шаръа ҳукуматига босим ўтказмоқчи.

Марказий Осиёдан келган жангариларга келсак, улар ҳозир Сурияда ўрнашмоқдалар. Амалдаги Сурия ҳукумати билан келишувга боришган. Ўз давлатларига қарши бирор бир жангари ҳаракатга қўшилмаслик, Суриянинг бошқалар билан муносабатларини хавф остига қўймасликка кўнганлар. Бу келишув бузилмаса, ҳаммаси жойида бўлади.

Аммо келажакда бўй кўрсатиши мумкин бўлган бошқа бир муаммо бор. Яъни, сурияликларнинг ўзлари томонидан уларга қарши қандайдир қаршилик ёки норозилик кучаядиган бўлса, ҳаммаси ўзгаради. Улар кўчиб ўтишлари учун бошқа жой излаб қолишлари мумкин бўлади.

Россия томони ўзининг эътиборини асосан уч давлат - Сурия, Ливия ва Афғонистонга қаратган. Бу ерда жуда қизиқ нуқта бор. Биз бу жангариларнинг Сурия ва Афғонистонда борликларини биламиз. Россия эса ҳозир уларнинг ўзаро чегаралар ёпиқ экани боис, Сурия ва Ливан ўртасида ҳаракатланишаётганига шаъма қилаяпти. Бу воқеаларнинг шарҳловчилар назардан қочирмасликлари лозим бўлган қизиқ жиҳати. Лекин, саволингизга қайтсак, ҳозир мазкур жангариларнинг Марказий Осиёга қайтишлари эҳтимоли йўқ, чунки бу улар учун жуда қийин бўлади.

Покистоннинг баёноти ўзининг Афғонистонга ҳаво зарбаларига оқловми?

Афғонистон Толибони ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистон Толибони Покистонга талофатлар етказганини хабар қилади

Маълумки, ўтган йил октябрида Покистон билан Афғонистон ўртасида қонли тўқнашувлар рўй берди.

Орада бир неча ойлик тин олиш ортидан шу йил февралида Покистон яна Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбаларини берди, мақсади Афғонистондан бошпана топган, чегарадан сизиб ўтиб Покистонда худкушлик ҳужумлари уюштираётган Покистон Толибони жангариларининг жамлоқларини йўқ қилиш эканини айтади.

Аммо кўп ҳолатларда Афғонистон Толибони ҳужумлар қурбонлари тинч афғонлар бўлганини айтди.

Икки мамлакат чегаралари ёпилган, Толибон ўзининг савдо-сотиғини жанубий қўшнисисиз йўлга қўйиш ҳаракатларини бошлаган.

Шундай манзарада Покистон томони Ўзбекистонни Афғонистон ҳудудида 2500 Ўзбек жангариси борлиги ҳақида огоҳлантирди деган хабарлар тарқалди.

Айтилишича, Покистоннинг махсус вакили ҳозир Ўзбекларнинг ҳатто Покистон Толибон ҳаракатидан кейин Афғонистондаги иккинчи йирик жангари гуруҳ эканликларини тахмин этган.

Аммо, хабарларга кўра, махсус вакил ўзининг манбасини ҳам, айнан қай бир гуруҳни назарда тутаётганлигини ҳам очиқламаган.

Уларнинг иддаосига расмий Тошкентнинг муносабати ҳам ноаён қолган.

Покистон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракати бошпана топган, Яқин Шарқдаги ИШИД ўзининг Хуросон қанотига асос солган давлат.

Шундай экан, бу нима дегани?

Би-би-си сиёсий шарҳловчиси Довуд Аъзамий фикрича, ушбу баёнотлар Покистоннинг Афғонистон Толибон ҳукуматига сиёсий босимни кучайтириш, уни минтақавий ва халқаро миқёсда яккалаб қўйиш интилишлари бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Чегара оша қўшни мамлакат ҳудудига қараётган Покистон армиясининг чегарачилари

Сурат манбаси, EPA

Бугун Ўзбек жангариларининг қандай қуролли гуруҳлари мавжуд?

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ўзбек жангари гуруҳлари ичида энг йириги. Ҳаракат сафлари орада парчаланган. Турли гуруҳларга бўлинган. Аммо сўнгги йилларда яна бирлашиш ҳаракатида. Жим юриш ва қўшни давлатлардан узоқроқ туриш масаласида Толибон билан қандайдир келишувга борган. Ва ҳозирча унга амал қилаётган кўринади. Аммо сафларида жиддий йўқотишларга учраган. Яъни, кўп жангарилари чиқиша олмай, гуруҳни тарк этиш ҳаракатига тушган. Улар бошқа гуруҳлар, хусусан, ИШИД сафларига ўтишган. Сўнгги пайтларда ҳаракат аъзоларининг "Ал-Қоида" томонидан покистонлик жиҳодчиларни тайёрлаш учун сафарбар этилишаётгани тенденцияси ҳам кузатилмоқда. Турли жойларда, хусусан, Афғонистон шарқида тайёргарлик жамлоқлари бор. Улар асосан Покистонга бориб, жанг қиладиган покистонликларни тайёрлаш ишлари билан машғул.

Исломий Жиҳод Иттифоқи

Исломий Жиҳод Иттифоқи жуда кичик гуруҳ. Гуруҳ аъзоларининг сони бор-йўғи бир неча ўн нафар бўлиши мумкин. Улардан баъзилари ҳам худди шу мақсадда, яъни покистонлик жиҳодчиларни тайёрлаш учун "Ал-Қоида" томонидан ёлланган ёки сафарбар қилинган бўлиши мумкин. Аммо гуруҳ шунчалик кичиклигидан ҳеч ким улар ҳақида гапирмайди.

"Имом Бухорий катибаси"

Имом Бухорий катибаси Афғонистонда ҳам бор. Аммо Суриядаги салмоғи анча сезиларли. Айниқса, ўтган йили гуруҳ аъзоларидан айримларининг Суриядан Афғонистонга кўчиб ўтиши тенденцияси кузатилди. Хабарларда уларнинг орасида номи чиққан юқори мартабали аъзолари ҳам борлиги айтилди. Бу кўп жиҳатдан Суриядаги вазиятнинг хорижлик жиҳодчилар, айниқса, Ўзбеклар учун таранглашгани билан боғлиқ. Улар ва Сурия ҳукумати ўртасида танглик бор. Мисол учун, шу кунларда Сурия шимолида тўқнашувлар ҳам юз берди. Ўзаро танглик бундан аввал ҳам мавжуд эди. Шу боис, улардан баъзилари кетган маъқул, деган ўйда бўлиши мумкин. Улар вазиятни ўрганиш учун Афғонистонга ҳайъат ҳам юборишгани айтилади. Аммо, афтидан, у ердаги гуруҳдошлари Афғонистонга келмасликни маслаҳат беришган. Бу ҳатто Афғонистонда ҳам улар учун вазият унчалик яхши эмаслигини англатади. Чунки Толибондан кучли қўллов бўлмаган ва улардан ҳеч нарса қилмаслик сўралган. Аммо, шунга қарамай, баъзилар Афғонистонда қолиш, Сурияни тарк этишга қарор қилишган. Сурия ҳукумати, идеалда, хорижий жиҳодчиларни Толибон каби бошқаришни истайди. Моҳиятан уларга жим юриш, жиҳодни экспорт қилишдан воз кечиш ва ҳатто қуролсизланишларини айтишни истайди. Аммо Суриядаги хорижий жиҳодчилар, асосан, Идлиб атрофида тўпланишган. Шу боис ҳам, буни қилиш анча қийин бўлди ва ҳатто яқинда қуролли тўқнашувлар ҳам юз берди. Демак, Суриядаги кескинлик Афғонистондагига қараганда кучли.

ИШИДнинг Хуросон қаноти

Сўнгги уч йил ичида гуруҳ жуда фаол эмас. Аммо бор. Покистон билан чегарада ҳам ҳаракатланади. Толибон Афғонистон шарқида аксилисёнчилик амалиётларини анчалик фаоллик билан олиб борди. ИШИДнинг Хуросон қанотига босимларини кучайтирди. Гуруҳ Афғонистон шарқидаги водийларга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бўй кўрсатмай қўйди. Ҳозир Афғонистонда ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмайди. Маблағи тақчиллашди. Гуруҳга пул асосан четдан келган. Раҳбарияти эса ҳозир маблағни истиқболлироқ бўлган жойлардаги бўлимларига харжлашни афзал билаётган кўринади. Биринчи навбатда, дейлик, Сурия, Ироқ ва ҳатто Африкадаги айрим тармоқларига. Демак, бу ҳам ҳозир Толибонга қўл келади. Ўзбеклар илова Марказий осиёлик жангарилари асосан Бадахшонда тўпланган. У ердаги айрим водийлардан бошпана топган. Бирор бир муаммо юзага келса, у ерларни осонлик билан тарк эта олади. Вазиятга қараб, Бадахшон ва шарқий Афғонистон ўртасида ҳаракатланиб юради. Бадахшоннинг айрим чекка ва олис водийлари нисбатан хавфсиз. Толибоннинг Бадахшондаги тожик миллатига мансуб ўз аъзолари билан муносабатлари ҳам яхши эмас. Шу боис, Толибон, хусусан, у ердаги олис ва чекка ҳудудларда бу гуруҳларга очиқча қарши бориш мавқеида эмас. Албатта, вазият ва баҳолар исталган пайтда ўзгариши мумкин. Ҳозир Афғонистон ва Покистон ўртасидаги уруш ИШИД фойдасига ўйнаши мумкин, деган гап-сўзлар ҳам бор.

Ўзбек жангариларининг минтақага сизиб кириш хавфи қанчалар реал?

Antonio Justotsidan iqtibos

Лондонлик халқаро эксперт Антонио Жустоцци фикрича, "Ал-Қоида" тармоғи билан озми-кўпми алоқаси бўлган уч гуруҳ – Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Исломий Жиҳод Иттифоқи ва Имом Бухорий катибаси Марказий Осиё ҳукуматларини безовта қилмаслик масаласида Толибон билан қандайдир келишувга борганлар.

"Аммо бу келишув ИШИДни кўзда тутмайди, масъулламайди. Гуруҳ Толибон билан очиқча тўқнашувда. Шундай экан, ИШИД, принципиал жиҳатдан, Марказий Осиёда фаоллашиш аҳдидан воз кечмаган", дейди Антонио Жустоцци.

"Аммо шу пайтгача Афғонистондан туриб, деярли ҳеч нарса қила олмаган. Чунки улар чегаранинг ҳеч бир қисмини назорат қилмайди. Чегара аслида жуда мураккаб. Дарҳақиқат, чегарадан ўтишнинг ягона йўли Тожикистон билан чегара бўлиши мумкиндир. Аммо, шунда ҳам, уларнинг қандайдир йўл билан Ўзбекистонга етиб боришлари керак бўлади. Бу эса жуда қийин иш. Шундай экан, улар ҳозирча аниқ ҳеч нарса қила олишмайди. Албатта, интернетда ташвиқот олиб борилмоқда. Аммо бирор бир Марказий Осиё давлатини қандайдир тарзда беқарорлаштириши мумкин бўлган бирор бир фаолиятнинг аниқ белгиси деярли кўзга ташланмайди", дейди халқаро эксперт.

Минтақавий бирлашиш - ҳар қандай ташқи таҳдидга яхши жавоб

Чори Кўчаровдан иқтибос

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳам ташқи таҳдидларга бефарқ эмас, ўтган йили хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келдилар.

Пойтахт Тошкентда минтақавий хавфсизлик концепциясини имзоланди.

Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам ўзларининг ҳарбий салоҳиятини кучайтириш, ҳарбий ҳамкорларини турфалаштириш ҳаракатидалар.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Чори Кўчаров фикрича, бугунги АҚШ ва Эрон ўртасидаги, Россия ва Украина ўртасидаги урушлар манзарасида исломий жангарилар қайсидир мамлакатга таҳдид солишга жазм қилмайдилар.

"Ҳар қандай исломий ҳаракатнинг жонланиши уларнинг ўзларининг зарарига бўлади", дейди сиёсий шарҳловчи.

"Биз гувоҳ бўлдикки, Америка билан Эрон ўртасидаги уруш минтақа нима эканлигини ҳаммага яққол кўрсатиб қўйди. Ўша Араб давлатлари, АҚШга иттифоқчилик қилган ҳамма мамлакатлар жабр кўрди. Улар шу вақтгача минтақавий сиёсат деган тушунчанинг нима эканлигини тушунмадилар. Бугунги мана бу урушлар, талофатлар уларга яққол тушунтириб қўйди. Бундан биз ҳам тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Эртага исломий ҳаракат бўладими, Россия тарафдан таҳдид бўладими, Хитойданми ёки Америкаданми, қатъи назар, бунинг учун биз бирлашишимиз керак. Ва минтақавий давлатга айланишимиз керак. Мен ўзимнинг мақолаларимда ҳам, илмий ишларимда, китобларимда ҳам айтиб келаман: Ўзбекистон ва Қозоғистон локомотив ролини бажариши керак. Ва улар региондаги қолган учта давлатни ўзига эргаштириб, ҳар қандай ҳолатга муносиб рақибга айланиши керак. Яхши маънода. Улар ўзининг ҳарбий кучини ёки иқтисодий кучини, салоҳиятини шу мақсадга қаратиши керак.