Аёллар аслида тик турган ҳолда туғиши керакми? Чалқанча туғиш хатоми?

Ҳомиладор аёл

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Lyusi Sherriff
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Минг йиллар давомида бутун дунёда аёллар хоҳ Клеопатрага ўхшаб тиззалаб, хоҳ туғруқ курсилари ва стулларидан фойдаланиб, хоҳ чўққайиб бўлсин, кўпроқ гавдаси тик ҳолатда туққанлар.

Аслида, чўққайиб ўтириш тос суяги диаметрини камида 2,5 см.га кенгайтириши мумкин, гравитация кучи эса туғруқни анча осонлаштиради.

Хўш, нега бугунги кунда кўп аёллар чалқанча ётиб туғадилар?

"Шифокорлар ва ҳомиладор аёллар ўртасида туғруқ физиологияси ҳақида умумий билимсизлик бор", дейди Буюк Британиядаги "Фаол туғруқ маркази" асосчиси ва туғруқ жараёнини қандай назорат қилиши мумкинлиги ҳақида бир қатор китоблар муаллифи Жанет Баласкас. 1982 йилда Баласкас ўз ташкилотининг асосий тамойилига айланган "Фаол туғруқ манифести"ни эълон қилган.

"Бутун дунёда ва минг йиллар давомида аёллар ўз-ўзидан, яъни табиий равишда тик ёки чўккалаган ҳолатда тўлғоқ тутиб, фарзанд дунёга келтирган, – дейилади манифестда. – Ирқи ёки маданиятидан қатъи назар... айни шу тик ҳолатлар устунлик қилган".

Homilador ayol

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2011 йилдаги тадқиқот туғруқхоналар кўз ёришида тик туришни қўллашдан узоқ эканини кўрсатган

"Постиндустриал мамлакатларда кўплаб аёллар шифохонада ётган ҳолатда туғишга мажбур, – дейди Баласкас. – Бу амалиёт мантиқсиз бўлиб, туғруқни ортиқча мураккаблаштиради ва қимматлаштиради, табиий жараённи тиббий ҳодисага, тўлғоқ тутаётган аёлни эса пассив беморга айлантиради, – деб таъкидлайди у. – Бошқа ҳеч бир жонзот бундай муҳим паллада бунчалик ноқулай ҳолатни танламайди".

Бошқа мутахассислар ҳам бу фикрга қўшилади. Аслида, ётиб туғиш "нисбатан замонавий ҳодиса", деб ёзган эди Австралиянинг Ғарбий Сидней университети акушерлик профессори Ҳанна Дален 2013 йилда "The Conversation" нашри учун ёзган мақоласида.

Ҳомиладорлик – "касаллик" сифатида

Аёлларнинг асосан чалқанча ётиб туғиши сўнгги 300-400 йилда оммалашди. Бунинг учун улар Франсуа Морисо исмли француздан "миннатдор бўлишлари" мумкин. Унинг даъво қилишича, чалқанча ҳолат ҳомиладор аёл учун ҳам, унинг туғруғида қатнашаётган эркак шифокор учун ҳам қулайроқ бўлади (ўша пайтда доялар хизматидан воз кечиб, туғруқларга эркак жарроҳларни жалб қилиш ҳаракати аллақачон пайдо бўлаётган эди).

Морисо ҳомиладорликка касаллик деб қараган. У ўзининг 1668 йилда нашр этилган "Ҳомиладор ва чилла давридаги аёллар касалликлари" китобида шундай маслаҳат берган эди: "Энг яхши ва ишончли йўл – туғруқдан сўнг аёлни у ёқдан бу ёққа ташиш ноқулайлиги ва машаққатидан қочиш учун уни ўз ётоғидаёқ туғдиришдир".

Iqtibos

Бироқ баъзи олимлар таъкидлашича, туғруқ ҳолатининг ўзгаришига аслида Морисо билан бир даврда яшаган бошқа бир француз – қирол Людовик XIV сабабчи бўлиши мумкин.

"Маълумотларга кўра, қирол Людовик XIV аёлларнинг туғишини томоша қилишни хуш кўрган. Туғруқ курсисида ўтирган аёлнинг туғиш жараёни яхши кўринмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, у янги – чалқанча ҳолатни тарғиб қилган", деб ёзган эди АҚШнинг Мериленд штатидаги Макданиел коллежи социология профессори Лорен Дандес 1987 йилда туғруқ ҳолатлари эволюциясига бағишланган мақоласида.

"Қирол сиёсатининг таъсири қай даражада бўлгани номаълум, бироқ қироллик оиласининг одатлари аҳолига маълум даражада таъсир кўрсатгани аниқ, – дея қўшимча қилади у. – Людовик XIV нинг ўзгаришлар талаби туғруқ ҳолатининг ўзгариши билан бир вақтга тўғри келди ва бунга ўз ҳиссасини қўшган бўлиши эҳтимолдан холи эмас".

Аёлларнинг чалқанча ётиб туғиши қандай пайдо бўлганидан қатъи назар, бу тенденция сақланиб қолди ва уларнинг туғруқ жараёнига катта зиён етказди. "Туғруқ институционал тус олди, физиологик ёки "табиий" туғишни хоҳлайдиган кўплаб аёллар учун қулайроқ бўлган уйда туғиш каби имкониятлар эса камайиб бормоқда", дейди Баласкас.

Илмий исбот

Тўлғоқ тутган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Минг йиллар давомида аёлларнинг тик ҳолатда туғишининг асосий сабаби оддий: тортишиш кучи. Чақалоқ туғруқ йўли бўйлаб пастга ҳаракатланиши керак ва тортишиш кучи бу жараёнга ёрдам беради. Агар ўз ҳолига қўйиб берилса, аёллар тўлғоқ пайтида инстинктив равишда орқага эмас, балки олдинга эгилиши, хусусан, чўққайиб ўтириш, қўллари ва тиззаларига таяниб олдинга эгилиш ёки паст мебелга суяниш каби ҳолатларга мойиллиги исботланган.

2013 йилда 5200 дан ортиқ аёл иштирок этган 25 та тадқиқот шарҳида қайд этилишича, ётоқда ётиш ўрнига тик ва ҳаракат ҳолатида туққан аёллар учун бошқа муҳим натижалар қаторида "кесарча йўл билан туғиш хавфи камайиши, оғриқ қолдирувчи восита сифатида эпидурал анестезиядан камроқ фойдаланиш ва чақалоқларнинг неонатология бўлимига ётқизилиш эҳтимоли пасайиши" бор. Шарҳда юқори хавф гуруҳидаги аёллар учун қўшимча тадқиқотлар зарурлиги таъкидланган, чунки баъзи тадқиқотлар тик ҳолатда туғишда қон йўқотиш кўпайишини кўрсатган.

Шунингдек, тик туғруқ ҳолатлари аёлнинг тўлғоқ вақтини қисқартириши ҳам аниқланган.

"Тўлғоқни тик ўтказиш ва тик ҳолатда туғиш она учун ҳам, бола учун ҳам афзалликларга эга", деб ёзган эди Дален 2013 йилда. У бир қатор фойдали жиҳатларни санаган: жумладан, самаралироқ тўлғоқлар, онанинг камроқ оғриқ сезиши, акушерлик қисқичлари, вакуумли туғруқ ва эпизиотомиянинг камроқ қўлланилиши, шунингдек, бачадон аортани сиқиб қўймагани боис она қорнидаги боланинг кислород билан яхшироқ таъминланиши.

2011 йилда Дален ва унинг ҳамкасблари туғруқ шароити аёлларнинг туғиш пайтидаги ҳолатига таъсир қилиш-қилмаслигини аниқлаш учун туғаётган аёллар ўртасида тадқиқот ўтказди. Улар икки хил шароитни: коптоклар, махсус стуллар ва юмшоқ ўриндиқлар каби ёрдамчи воситалар мавжуд бўлган туғруқ марказлари ҳамда ягона имконият тиббий каравот бўлган туғруқхоналарни ўрганди.

Улар туғруқ марказларидаги аёллар туғруқхона шароитидагиларга қараганда туғруқнинг биринчи ва иккинчи босқичларида тик ҳолатда бўлишга анча мойил эканини аниқлади: туғруқ марказларида аёлларнинг 82 фоизи, туғруқхоналарда эса 25 фоизи шундай ҳолатни танлаган.

Баласкаснинг айтишича, ҳозирда Ғарб мамлакатларида фаол туғруқ тушунчаси ҳақида хабардорлик ортиб бормоқда. Бу ёндашув онанинг туғруқ пайтида чалқанча ётиб, аппарат ва мониторларга боғланиб қолиш ўрнига эркин ва табиий ҳаракатланишига ҳамда тик ҳолатда туришига имкон яратишни тарғиб қилади.

Шунга қарамай, у кесарча туғиш амалиётлари сони "ташвишли даражада" ўсаётганини айтади. "Буюк Британияда фаол туғруқ ҳаракати доялик хизматлари ўзгаришига, масалан, доя назоратидаги туғруқ марказлари пайдо бўлишига таъсир кўрсатди," дея қўшимча қилади у. Шунингдек, бундай марказлар одатда шифохоналар ичида жойлашгани ҳамда аёлларга ҳаракат эркинлиги ва туғруқ учун ҳовуздан фойдаланиш имкониятини бериш мақсадида махсус лойиҳалаштирилганини таъкидлайди. "Бундан 50 йил олдин бундай имконият йўқ эди."

Буюк Британиянинг Соғлиқни сақлаш ва парваришлаш миллий институти тавсияларида туғаётган аёлларни "туғруқнинг иккинчи босқичида чалқанча ёки ярим чалқанча ётишдан қайтариш ва ўзларига энг қулай бўлган бошқа ҳар қандай ҳолатни эгаллашга ундаш кераклиги" айтилади.

Шубҳасиз, билим – куч. Аёллар туғруқ билан боғлиқ танловлар ҳақида қанчалик кўп маълумотга эга бўлса, ўзлари учун тўғри деб билганни танлашда ўзларини шунчалик хотиржам ҳис қилади.

"Туғруқ имкониятлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш доим фойдали," дейди аввал доя бўлиб ишлаган, ҳозир Канададаги Макмастер университетида доялик таълими дастурини бошқараётган ва туғруққа оид бир нечта илмий мақолалар муаллифи академик Эйлин Ҳаттон. "Оммабоп адабиёт, телевидение ва фильмларда туғруқнинг қандай тасвирланишига бир назар солсангиз, бу жараён қанчалик нотўғри кўрсатилишини дарҳол англайсиз. Бунга қарши мувозанатли маълумот бериш эса фақат фойдали."