Эрон АҚШ таклифини кўриб чиқмоқда — Трамп уруш "тез орада тугайди" деди

Эсмоил Бағоийнинг айтишича, Эрон АҚШ таклифи бўйича ўз қарашларини покистонлик воситачиларга етказади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эсмоил Бағоийнинг айтишича, Эрон АҚШ таклифи бўйича ўз қарашларини покистонлик воситачиларга етказади
    • Author, Кэтрин Армстронг
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан уруш "тез орада тугайди" деб тахмин қилди ва у Теҳроннинг ядровий амбицияларини тугатиш мақсадини аксарият одамлар "тушунаётганини" айтди.

Унинг бу изоҳлари Эрон урушни тугатиш бўйича АҚШ таклифи "ҳануз кўриб чиқилмоқда" деганидан сўнг янгради.

АҚШнинг Axios нашри Оқ уй Эрон билан 14 банддан иборат ўзаро англашув меморандумига яқинлашиб қолганини, бу эса батафсил ядровий музокаралар учун асос бўлиши мумкинлигини хабар қилди.

Эрон парламентининг юқори лавозимли аъзоси буни "истаклар рўйхати" деб рад этди, ташқи ишлар вазирлиги вакили эса Теҳрон АҚШ таклифи ҳақидаги қарашларини покистонлик воситачилар билан бўлишишини айтди.

Покистон ташқи ишлар вазири мамлакати "ушбу оташкесимни урушни буткул тўхтатишга айлантиришга ҳаракат қилаётганини" билдирди.

Axios ўз хабарида ушбу меморандумни бир саҳифалик, 14 бандли ҳужжат сифатида тасвирлайди ва у ядровий музокараларнинг батафсил босқичи учун асос бўлиши мумкинлигини ёзади.

Унда келтирилган бандлар орасида Эроннинг уран бойитишини тўхтатиши, санкцияларнинг бекор қилиниши ва Ҳормуз бўғози орқали эркин ҳаракатни тиклаш ҳам бор.

Нашр икки нафар АҚШ расмийси ва яна икки манбага таянади — уларнинг барчаси номи ошкор этилмаган — ва улар масаладан хабардор манбалар сифатида таърифланади. Бу манбалар меморандумда баён этилган кўплаб шартлар якуний келишувга боғлиқ бўлишини айтган.

Reuters ахборот агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги воситачилик жараёнидан хабардор икки манба Axios берган маълумотни тасдиқлаганини хабар қилди, бироқ таклиф оммага очиқланмаган.

Getty Images
Amerikaliklar yuzma-yuz muzokaralarda erisha olmagan narsasiga yutqazayotgan urush orqali ham erisha olmaydi.
Ibrohim Rizoiy
Eron parlamenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Чоршанба оқшомида виртуал сайловолди тадбирида нутқ сўзлар экан, Трамп Жоржия штатидаги республикачиларга уруш яқин орада тугашига некбин қараётганини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, кўпчилик Эронга ядровий қуролга эга бўлиш имконини бермаслик тўғри қарор эканини тушунади.

Олдинроқ президент АҚШ "сўнгги 24 соатда Эрон билан жуда яхши музокаралар ўтказганини" ва келишув мумкинлигини айтиб, юқори ёқилғи нархлари сабаб америкаликларга етаётган қийинчиликлар вақтинчалик эканини урғулади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий Эрон Талабалар Ахборот Агентлигига (ISNA) шундай деди: "АҚШ таклифи ҳануз Эрон томонидан кўриб чиқилмоқда ва якунлангач, ўз фикрини Покистон томонига етказади."

Axios хабарига жавобан, Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси матбуот котиби Иброҳим Ризоий X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: "Америкаликлар юзма-юз музокараларда эриша олмаган нарсасига ютқазаётган уруш орқали ҳам эриша олмайди".

У, шунингдек, Эрон "бармоғини тепкида ушлаб турибди ва тайёр" эканини айтиб, агар АҚШ "таслим бўлмаса ва зарур ён беришларни қилмаса", Эрон "қаттиқ ва пушаймон қилувчи жавоб қайтариши"дан огоҳлантирди.

Трамп ҳам зўравонлик қайта бошланиши мумкинлигидан огоҳлантириб, Truth Social платформасида ёзишича, агар Эрон келишувга рози бўлмаса, "бомбардимон бошланади ва у афсуски, аввалгидан анча юқори даража ва интенсивликда бўлади".

У яна "Epic Fury" операцияси — АҚШ-Исроилнинг Эрондаги дастлабки ҳужуми — "агар Эрон келишилган нарсани беришга рози бўлса", якунланишини айтди. Бу баёнот АҚШ давлат котиби Марко Рубио операция ўз мақсадларига эришгач тугаганини айтганидан кейин янгради.