Ҳайз қонида қандай сирлар яширин ё аёлларни асраш имкони кенгайдими?

График тасвирда қўл стетоскопни ушлаб тургани акс этган бўлиб, у сурат марказида жойлашган кўз ёши шаклидаги қон томчисига қаратилган. Қон томчиси оч пушти фонда пушти ва қизил рангларда тасвирланган.

Сурат манбаси, Serenity Strull/ BBC

    • Author, Сэнди Онг
    • Role, BBC Future
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ҳайз кўрадиган кўплаб аёллар сингари, Эмма Баклунд ҳам ҳар ойда тўкиладиган қони ҳақида кўп ўйламасликка ҳаракат қилади. Аммо 2023 йилда "NextGen Jane" биотехнологик стартапи ундан ҳайз қонини сўраганида, Баклунд бир ҳайз циклидан саккизта тампонни бажонидил йиғиб, уларни Калифорниянинг Окленд шаҳридаги лабораториясига почта орқали жўнатди.

Албатта, бу ноодатий илтимос эди, лекин у нисбатан осон иш билан ёрдам бераётганидан мамнун эди – айниқса, бу келажакда қизларни балоғат ёшида бошдан кечирадиган оғриқли синовдан халос этишга ёрдам берса.

"11 ёшимда биринчи марта ҳайз келган. Ўшанда ўляпман деб ўйлаганман, – дейди АҚШнинг Миннесота штатидан бўлган 27 ёшли магистрант Эмма Баклунд. – Онамга шифохонага боришим кераклигини айтганим эсимда. Ўшандан бери деярли ҳар бир ҳайзим шундай ўтган. Ҳар ой қайд қилардим. Ижтимоий тадбирлар ва дарслардан қолиб кетардим. Бу шунчаки давомли ачиштирувчи, санчувчи ва ичакни узиб юборадиган оғриқ эди".

Баклундда эндометриоз, яъни бачадон тўқимаси қопламасининг бачадондан ташқарида ўсиши билан кечадиган сурункали, заифлаштирувчи касаллик борлигини аниқлаш учун 13 йил керак бўлди.

Эндометриоз туфайли бутун дунёда 190 миллион аёл оғир ҳайз кўриш, чидаб бўлмас тос оғриғи, қовуқ ёки ичак муаммолари ва ҳатто бепуштликдан азият чекади. Бу дунёдаги репродуктив ёшдаги аёлларнинг ўндан бир қисми.

Энг ёмони, Баклунд мисолида бўлгани каби, ташхис қўйиш учун одатда беш йилдан 12 йилгача вақт кетади. "NextGen Jane" ҳаммуассиси ва бош ижрочи директори Ридҳи Тариялнинг айтишича, ташхисни тасдиқлаш учун лапароскопия, яъни тос бўшлиғига кичик камера киритиладиган тиббий муолажа талаб этилади.

Шу сабабли Тариял ва бир қанча бошқа инновацион стартап раҳбарлари яхшироқ диагностика тестини яратиш устида ишламоқда. Бу тест жарроҳлик амалиётига қараганда тезроқ, арзонроқ, камроқ инвазив бўлиши мумкин ҳамда эндометриоз ташхисидан ҳам кўпроқ маълумотларни очиб бериши мумкин.

Уларнинг фикрича, бунинг сири ҳайз қонида яширин.

Getty Images
Bular dastlabki ma’lumotlar, lekin qarishning ta’rifi bo‘lgan organizmdagi estrogen miqdorining kamayishi bilan hayz ko‘rish o‘rtasida yaqqol tendensiya bor.
Ridhi Tariyal
"NextGen Jane" hammuassisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Тиббиёт учун олтин кони

Шифокорлар сийдик намуналарини бундан қарийб 6000 йил аввал, Бобил ва Шумер даврлариданоқ текшириб келишган. Бир ва икки аср аввал эса бу қаторга нажас ва вена қони ҳам қўшилган.

Аммо ҳайз қони ҳеч қачон клиник жиҳатдан деярли эътиборга олинмаган. Ваҳоланки, бу мураккаб суюқлик: унинг ярми оддий қон бўлса, қолган қисми оқсиллар, гормонлар, бактериялар, эндометрий тўқимаси ҳамда қин бўшлиғи, бачадон бўйни, Фаллопий найлари, тухумдонлар ва бошқа аъзолардан ажралиб чиққан ҳужайралардан иборат.

"Сиз бутун қон, сўлак ва бошқа намуна турларидан олиб бўлмайдиган ҳужайра турлари ва бошқа молекуляр белгиларни оласиз, – дейди Тариял. – Бу, моҳиятан, сизга репродуктив аъзолар ҳақида маълумот берувчи табиий биопсиядир".

Унинг "NextGen Jane" фирмаси Баклунд каби кўнгиллиларга махсус ишлаб чиқарилган пахтали тампонларни жўнатади ва 2014 йилда ташкил этилганидан бери 330 дан ортиқ аёлнинг 2000 дан зиёд ҳайз намунасини таҳлил қилди.

Аёл NextGen’нинг уй шароитида фойдаланиш учун мўлжалланган диагностика тўпламини ушлаб турибди. Қути очилган бўлиб, ичида фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ва намуналарни йиғишга ёрдам берувчи асбоблар кўриниб турибди.

Сурат манбаси, NextGen Jane

Сурат тагсўзи, NextGen Jane'нинг дастлабки тадқиқотлари бачадон саломатлиги ва қариш ўртасида эҳтимолий боғлиқликлар борлигини аниқлаган

"Сиз [ҳайз қонидан] бачадонга таъсир қилувчи ҳар қандай ҳолатни аниқлаш учун фойдаланишингиз мумкин, бундай ҳолатлар жуда кўп", дейди Кристин Метз, АҚШдаги "Northwell Health" таркибидаги Файнштейн тиббиёт тадқиқотлари институтининг репродуктив биологи.

Метз ўн йилдан кўпроқ вақт аввал эндометриоз биомаркерларини аниқлаш учун ҳайз қонини ўргана бошлаган, аммо ҳозирда бу тана суюқлиги эндометрий саратони, бачадон шиллиқ қаватининг бачадон деворига томон ўсиши бўлган аденомиоз ва эндометрий шиллиқ қаватининг доимий яллиғланиши бўлган эндометрит каби бошқа касалликларга ҳам ойдинлик киритиши мумкинлигини ўрганишга қизиқмоқда.

"Ҳайз қони бачадон саломатлигини тушуниш учун катта аҳамиятга эга, чунки бизда бошқа усул билан бу маълумотларни олишнинг иложи йўқ, – дейди Метз. – Бу жуда ноёб биологик намуна".

Мисол учун, бир тадқиқотда фақат ҳайз қони таркибида учрайдиган 385 та оқсил аниқланган.

Ҳар ойда келишидан ташқари, ҳайз қонининг яна бир катта афзаллиги шундаки, у эндометрий биопсияси пайтида олинган кичик тўқима бўлагига нисбатан бачадон саломатлиги ҳақида анча тўлиқроқ тасаввур беради.

"Бачадон ҳажми грейпфрутча келади, шунинг учун сиз [эндометрий биопсияси билан] умумий баҳо ололмайсиз, – дейди тадқиқот кўнгиллиларидан ҳайз косачаси орқали намуна тўплайдиган Метз. – Аммо ҳайз қони – тўкилган бутун эндометрийдир".

Ўзига хос биомаркерларни излаш

Ҳайз қони узоқ вақт давомида илмий тадқиқотчилар эътиборидан четда қолгани сабабли, эндометриознинг диагностика тести учун етарлича ишончли биомаркерлари бор-йўқлиги ҳали ҳам ноаниқ. Аммо Метз ва унинг тадқиқотдаги ҳамкори, генетик Питер Грегерсен 3700 дан ортиқ аёлни ўрганиб, ҳозирча умидбахш натижаларга эришмоқда.

"Фарқлар жуда кўп", дейди Метз. Масалан, эндометриоз ташхиси қўйилган аёлларда бачадоннинг "табиий қотил" ҳужайралари – эмбрион имплантациясини осонлаштириш, йўлдош ривожланиши ва инфекциялардан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайдиган иммун ҳужайралари анча кам бўлади.

"Улар фертиллик билан боғлиқ, шунинг учун уларнинг жуда оз бўлиши яхши эмас", дейди Метз.

Унинг жамоаси, шунингдек, ҳар бир ҳайздан кейин бачадон шиллиқ қаватини тиклаш ва янгилашга ёрдам берадиган стромал фибробласт ҳужайраларидаги асосий фарқни ҳам қайд этди. Эндометриоз мавжуд бўлганда, бу ҳужайраларда яллиғланиш белгилари кўпроқ намоён бўлган, бачадонни ҳомиладорликка тайёрлашга ёрдам берувчи ўзгаришлар вужудга келиш қийинлашган.

Иккинчи ҳолат, шунингдек, поликистоз тухумдонлар синдроми (ПКТС) ва такрорий ҳомила тушиши каби бошқа касалликлар билан ҳам боғлиқлиги аниқланган.

График тасвирда учта қон томчиси акс этган. Ҳар бир томчи Петри косачаси ичида жойлашган бўлиб, улар оч пушти фонда тасвирланган.

Сурат манбаси, Serenity Strull/ BBC

Сурат тагсўзи, Ҳайз қонини ўрганиш келажакда диабет каби касалликлар ривожланиш хавфини башорат қилишда фойдали бўлиши мумкин.

Метз лабораторияси эндометриозга чалинган беморларда айрим генлар экспрессияси ўзгаришини ҳам аниқлади. Умумлаштириб айтганда, бу фарқлар шифокорларга ҳайз қони таҳлилига асосланган, эндометриоз учун муқобил, инвазив бўлмаган диагностика тестида айнан нимани излашлари кераклигини кўрсатади.

Метз 2027 йилда АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасидан (FDA) уй шароитида қўлланадиган диагностика тўплами учун рухсатнома олишга умид қилмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

NextGen Jane тадқиқотчилари эса, аксинча, ҳайз қонидан информацион РНКни (иРНК) ажратиб олиб, ундаги эндометриозга хос биомаркерларни изламоқда.

Ҳозиргача улар бепушт аёлларда эндометриозни соғлом ҳолатлардан ишончли ажрата оладиган бир нечта биомаркерларни аниқладилар.

"Айни пайтда АҚШда эндометриозга чалинган юзлаб аёллар иштирокида ушбу хулосаларни тасдиқлаш учун тадқиқот олиб борилмоқда", дейди Тариял. 2025 йил май ойида NextGen Jane бепушт беморларда эндометриоз учун ҳайз тести синовларининг клиник тасдиғини молиялаштириш учун 2,2 миллион доллар миқдорида грант ютиб олди.

Нафақат репродуктив саломатлик

Бироқ, ҳайз қони фақат эндометриоз учунгина фойдали эмас. Масалан, NextGen Jane'нинг тадқиқотлари бачадон саломатлиги ва қариш ўртасидаги боғлиқликларни юзага чиқарди.

"Булар дастлабки маълумотлар, – дейди Тариял, – лекин қаришнинг таърифи бўлган организмдаги эстроген миқдорининг камайиши билан ҳайз кўриш ўртасида яққол тенденция бор".

Уларнинг кузатувлари, шунингдек, ҳайз қони келажакда гипо- ёки гипертиреоз каби иммун касалликларини аниқлашга ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатади. Бу касалликларда организмнинг қалқонсимон бези метаболизмни бошқарувчи тироксин ва трийодтиронин гормонларини жуда кам ёки жуда кўп ишлаб чиқаради.

"Шундай бўладики, эндометриозга чалинган одамларда кўпинча қандайдир аутоиммун касаллик ҳам кузатилади", дейди Тариял.

Ҳайз цикли давомида организм яллиғланишдан чандиқсиз битиш ҳолатига ўтгани сабабли, ҳайз қонини ўрганиш орқали ревматоид артрит, қизил югурик ва тарқоқ склероз каби яллиғланиш ва иммун тизими билан боғлиқ касалликлар учун янги модель тизимини таклиф қилиш мумкин, дейди Тариял.

Аёл каравотда ётган ҳолда қорнининг пастки қисмини ушлаб турибди. У кулранг свитер ва кўк жинси шим кийган, тиззалари кўкраги томон букилган. Каравот чойшаблари кўк рангда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотчилар ҳайз қони аёлларда учрайдиган қатор саломатлик муаммоларини, жумладан эндометриозни аниқлашга ёрдам бериши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Ҳайз қони қандли диабетни аниқлашда ҳам асқатиши исботланган. 2021 ва 2024 йиллардаги тадқиқотларда Калифорнияда жойлашган Qvin стартапи тадқиқотчилари ҳайз қонида ўлчанган қондаги қанднинг ўртача миқдори бутун организмдаги қанд миқдорини ишончли акс эттиришини аниқлади.

Уларнинг хулосалари 2024 йилда биринчи ва ягона ҳайз қони орқали саломатликни текширувчи, FDA томонидан маъқулланган тестга – улар Q-Pad деб атайдиган гигиеник прокладкага йўл очди. Унда қон йиғиш учун олинадиган тасма мавжуд бўлиб, фойдаланувчилар уни таҳлил учун Qvin лабораторияларига почта орқали юборади.

Шунингдек, Qvin 2022 йилда Таиландда ўтказилган тадқиқотда мазкур прокладка ёрдамида тўпланган намуналар бачадон бўйни саратони хавфини туғдириши мумкин бўлган одам папилломавирусининг юқори хавфли штаммларини аниқлашда анъанавий Пап-тестига қараганда самаралироқ эканини кўрсатди. Ҳозирда АҚШда ушбу хулосаларни тасдиқлаш учун кенгроқ миқёсдаги синов давом этмоқда.

"Бу йилдан бошлаб синовда Q-Pad ёрдамида хламидия ва гонорея каби жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларни скрининг қилиш имконияти ҳам ўрганилади", дейди Qvin ҳамраиси Мадс Лиллелунд.

Сўнг Лиллелунд қалқонсимон без ва репродуктив гормонлар, яллиғланиш белгилари ва ҳатто SARS-CoV-2 га қарши иммун реакциясини кўрсатадиган антитаначалар каби саломатлик кўрсаткичларига ўтишга умид қилмоқда.

Худди шундай, Берлинда жойлашган "theblood" стартапи ҳозирда эндометриоз, эрта менопауза, ПКТС ва фертиллик муаммоларини башорат қилишга ёрдам берадиган тест тўпламини тасдиқлаш жараёнида.

Менструация инқилоби

Бу ютуқларга қарамай, ҳайз қони ҳақида ҳали кўп нарса сир бўлиб қолмоқда. Кўплаб тадқиқотчилар фикрича, энг катта жумбоқ шуки, биз ҳали ҳам унинг таркибидаги барча компонентларни ва уларнинг ҳайз пайтида қанчалик ўзгариши мумкинлигини тўлиқ аниқлаганимиз йўқ.

Тадқиқотлар энди куртак ёзмоқда, жараён секин кечишига асосан мавзу атрофидаги маданий тақиқ ва андишалар сабаб бўлмоқда.

"Бу ҳақда гапириш тақиқланган мавзу экани барчамизнинг онгимизга сингган", дейди Метз.

Тиббий тадқиқотларда тарихан эркакларга кўпроқ эътибор қаратилгани ва аёллар саломатлигини ўрганиш учун маблағ етарли ажратилмаслиги аҳволни янада чигаллаштиради. Дунё миқёсида аёллар саломатлиги бўйича тадқиқотлар 2020 йилда глобал илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштиришнинг атиги 5 фоизини ташкил этган.

"Аксарият дори воситалари асосан эркакларда, эҳтимол, этник ва гендер хилма-хиллиги кам ҳисобга олинган оқ танли эркакларда синовдан ўтказилган, – дейди Лиллелунд. – Эндометриоздан кўра эркаклардаги соч тўкилишини даволашга кўпроқ пул сарфланади".

Эндометриоз ва бошқа бачадон касалликларининг оғриқли кундалик азоблари билан яшаётган кўплаб аёллар, жумладан Баклунд ҳам, бундай тадқиқотлар аллақачон ўтказилиши керак эди, деб ҳисоблайди.

"Ҳайз даврларим оғриқли ўтгани ва нима бўлаётганини тушунолмай қийналган кезларим ўзимни жуда ёлғиз ва яккаланиб қолгандек ҳис қилардим", дейди Баклунд.

"Аммо, – дейди у, – агар ҳайз қони тадқиқотчилари ноинвазив диагностика воситасини ярата олса, келгуси авлод қизлари, умид қиламанки, тезроқ даволанади ва мен балоғат ёшимда бошдан кечирган жисмоний ва ҳиссий изтироблардан халос бўлади".