Суриядаги ўзбеклар ҳукуматни нимадан огоҳлантирмоқда?

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
ИШИДга алоқардорлиги айтилган муҳожир ўзбеклар Сурияда "таълим ва савдо билан бандмиз", демоқда. Улар юзлаб муҳожирларни нишонга олиш "ниҳоятда хавфли йўл" эканини айтиб огоҳлантирган. Кузатувчилар бу воқеаларни Суриядаги хорижлик жангчилар масаласидаги янги босқич сифатида баҳоламоқда.
Араб ва ўзбек тилларида эълон қилинган баёнот 10 май санаси билан тарқатилган. BBC monitoring у "ал-Муҳожирин ал-Ўзбек" ("Ўзбек муҳожир") номли Telegram канали орқали ёйилганини ёзган. Канал ўзини Суриядаги ўзбеклар гуруҳи сифатида таништиради ва сўнгги кунларда ҳукумат билан юзага келган таранглик ҳақида бир қатор хабарлар эълон қилиб келмоқда.
Канал сўнгги ҳафтада Идлибда ўзбек ва тожик муҳожирлари қўлга олингани ҳақида видео ҳам тарқатган эди.
Бу баёнот Сурия ҳукумати кучлари ва айрим ўзбек гуруҳлари ўртасида 5 май атрофида бошлангани айтилган тўқнашувлар фонида пайдо бўлди. Интернетдаги радикал гуруҳлар ва ИШИД тарафдорлари бу воқеаларни яқиндан кузатиб, муҳожирларга нисбатан босим ҳақидаги иддаоларни фаол тарқатмоқда.
Баёнотда нималар дейилган?
Yuzlab muhojirlarni faqat vazirlikka tegishli bo‘lmagani uchun nishonga olish noqonuniy, zolimona va nihoyatda xavfli yo‘ldir. Eng qiyin paytlarda siz bilan birga turdik.
Ўзбек ва араб тилларида ёзилган баёнотга кўра, 9 май куни Сурия Мудофаа вазирлигига алоқадор ўзбеклар ҳамда "мустақил" деб таърифланган ўзбеклар ўртасида икки учрашув бўлиб ўтган.
Унда Сурия армиясидаги "Абдул Азиз Ўзбекий" номли ўзбек қўмондони "ҳукумат билан ишламайдиган ўзбеклар ИШИД аъзолари" эканини айтгани ва бундай шахслар "қидириб топилиб қамалиши" ҳақида огоҳлантиргани иддао қилинган.
Сўнгги кунларда ўзбек ва тожик муҳожирлари қўлга олингани ҳақида бир неча даъволар тарқалди. "Ўзбек муҳожир" канали тарқатган видеода Сурия ҳукумати амалга оширган "кампания" давомида 23 муҳожир ҳибсга олингани айтилган.
Баёнотда "мустақил" ўзбеклар ўзларининг ИШИД билан боғлиқлиги ҳақидаги айбловларни рад этиб, "Сурия Мудофаа вазирлигига боғлиқ бўлмаган муҳожир бўлиш жиноят эмас" дея таъкидлайди.
Шунингдек, уларнинг аксарияти таълим ёки савдо билан шуғулланиши айтилган. Баёнот муаллифлари ҳукуматни ўз сиёсатини қўллаб-қувватламаган муҳожирларга қарши "экстремизм" айбловларидан фойдаланаётганликда айблаб, бундай ёндашувни "ноқонуний, золимона ва ниҳоятда хавфли" деб атаган. Баёнотдан бу каби муҳожирлар бзлаб эканлигига ишора берилган.
"Юзлаб муҳожирларни фақат вазирликка тегишли бўлмагани учун нишонга олиш ноқонуний, золимона ва ниҳоятда хавфли йўлдир", дейилади унда.
Баёнотда ўзбек жангчилари ва бошқа хорижлик қуролли гуруҳлар Башар Асад ҳукуматига қарши урушда қатнашгани ҳам эслатилган.
"Энг қийин пайтларда сиз билан бирга турдик. Бугун эса хавфсиз яшашни истаймиз", — дейилади унда. Муаллифлар "бу ҳуқуқимиз тортиб олинишига йўл қўймаймиз" дея огоҳлантирган.
Ўзбеклар ўртасида бўлиниш ҳақида иддаолар
Баёнотда Суриядаги ўзбеклар ўртасидаги эҳтимолий ички бўлинишлар ҳам тилга олинган. Хусусан, ҳукумат кучларига қўшилганлар ва "мустақил" қолганлар ўртасида зиддият кучайгани айтилган.
Муаллифлар иддаосича, Сурия ҳукумати қуролли кучларда хизмат қилаётган айрим ўзбеклардан бошқа ўзбеклар ҳақида маълумот тўплаш учун фойдаланмоқда.
Баёнотда бу айрим ҳолларда шахсий адоват ёки имтиёзлар — унвонлар, уйлар, пул ва қимматбаҳо машиналар эвазига амалга оширилаётгани айтилган.
"Бугунги кунда эса улар раҳбарларининг ҳар қандай талабини, ҳатто энг золимона буйруқларини ҳам бажаришга тайёр бўлиб қолганлар", — дейилади матнда.
Муносабатлар қандай бўлди?
Баёнот 11 май куни интернетдаги қатор қаттиққўл диний-сиёсий каналлар томонидан тарқатилди. Улар орасида Ҳамид ал-Қавсий ва Канадада яшовчи Ториқ Абдулҳалим каби шахслар ҳам бор.
ИШИД тарафдори бўлган кўплаб аккаунтлар эса воқеаларни масхараомуз тарзда шарҳлаб, ўзбек муҳожирлари "ўз вақтида ИШИДга қўшилиши керак эди" деган фикрларни илгари сурди.
Айни пайтда рус тилидаги ИШИД тарафдори каналлар Сурия ҳукумати муҳожирларга нисбатан зўравонлик қилаётгани ҳақидаги иддаоларни фаол тарқатмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу Марказий Осиё аудиторияси орасида Сурия ҳукуматига қарши кайфиятни кучайтиришга уриниш бўлиши мумкин.
"Хорижлик жангчиларни ичидан парчалаш"
11 май куни "ал-Муҳожирин ал-Ўзбек" канали Туркияда жойлашганини айтган "ал-Рушд стратегик тадқиқотлар маркази" таҳлилини ҳам тарқатди.
Унда сўнгги воқеалар "алоҳида ҳодиса эмас, балки Сурия ҳукуматининг хорижлик жангчиларга нисбатан янги босқичдаги сиёсати" сифатида баҳоланган.
Марказ таҳлилига кўра, энди муҳожирларга муносабат уларнинг Асадга қарши урушдаги ўтмишидан эмас, балки ҳозирги пайтда Мудофаа вазирлиги билан алоқаси бор-йўқлигидан келиб чиқиб белгиланмоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Таҳлилда "кейинги навбат кимга — французларгами ёки туркистонликларга?" деган савол ҳам қўйилган.
Муаллифлар Сурия ҳукумати ўзбекларни бир-бирига қарши қўяётгани ҳақидаги иддаоларга ишора қилиб, "агар бу рост бўлса, биз оддий босим эмас, балки муҳожирлар жамоасини ичидан парчалаш жараёнига гувоҳ бўлмоқдамиз", деган хулосани келтирган.
Аввалроқ ИШИД тарафдори айрим каналлар Суриядаги ўзбеклар кейинчалик Туркия орқали Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирувчи хабарлар тарқатган эди.





























