Ваколатлари кенгайиб бораётган Ўзбекистон президентининг қизи илк бор БМТ Бош Ассамблеясида қатнашмоқда

Сурат манбаси, TELEGRAM/SAIDA MIRZIYOYEVA
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи ва Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк бор БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида мамлакат номидан иштирок этади. Бу ҳақда 22 сентябр куни Gazeta.uz нашри хабар берди.
"Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг умумий мунозараларида Ўзбекистон номидан нутқ сўзлайди", дейилади хабарда.
Умумий мунозаралар 2026 йилнинг 22-26 сентябр кунлари ва 28 сентябрда бўлиб ўтади.
Нашрнинг ёзишича, Мирзиёева 21 сентябр куни Нью-Йоркда сессия доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашиб, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, хавфсизлик масалаларини муҳокама қилган.
"Халқаро тизим учун бундай мураккаб бир пайтда жаноб Гутерришга глобал миқёсдаги кучли етакчилиги ва хавфсизликнинг барча асосий йўналишлари бўйича мамлакатимизни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдираман", деди у.
Ўзбекистон президентининг қизи отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрилади. Администрациядаги ҳозирги лавозими эса 41 ёшли Мирзиёевани амалда мамлакат ҳокимият иерархиясидаги иккинчи шахсга айлантиради.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дипломатиядаги ролининг ортиб бориши
2025 йил июнида лавозимга киришганидан бери Мирзиёева қатор хорижий сафарларни амалга оширди ва дипломатик фаолияти ҳақида ижтимоий тармоқларда мунтазам ахборот бериб келмоқда.
Мирзиёева 3 сентябр куни Telegram'даги постида Доҳада Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашиб, ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилганини билдирди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
26 августда у Пекинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан савдо, инвестиция ва маданий алоқаларни қамраб олган стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича "самимий ва мазмунли" музокаралар ўтказганини айтди.
Ўша куни алоҳида берган хабарида Мирзиёева Хитой Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан ҳам "самимий суҳбат" ўтказганини билдирди.
Улар, Мирзиёеванинг таъкидлашича, "сўнгги йилларда мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги яқин мулоқот туфайли изчил мустаҳкамланиб бораётган" Ўзбекистон-Хитой муносабатлари юзасидан фикр алмашган.
Мирзиёева 30 июн куни Telegram каналидаги постида Парижга ташрифи давомида Франция президенти Эммануэл Макрон билан музокаралар ўтказганини айтди.
Эртаси куни YouTube'да эълон қилинган видеода у икки мамлакат иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда Макрон икки томонлама муносабатларда юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилишга кўмаклашиш учун унга шахсий алоқа маълумотларини берганини билдирди.
Францияга ташрифи доирасида Мирзиёева, шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро ҳамда ЮНЕСКО бош директори Холид ал-Иноний билан музокаралар ўтказди.
18 май куни Ўзбекистон президентининг қизи мамлакат тарихидаги илк IPO'нинг Лондон фонд биржасидаги листингида иштирок этиш учун Британияга ташрифи чоғида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашди.
Апрел ойи бошида Мирзиёева АҚШга бориб, иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида қатор юқори мартабали расмийлар билан музокаралар ўтказди.
6 апрелда у АҚШ президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига ташриф буюриб, Сержио Гор ва Трамп оиласи аъзолари билан учрашганини айтди.
Мирзиёева Telegram'даги қатор постларида 8 апрелда Вашингтонга бориб, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Савдо вакили Жеймисон Грир ва Халқаро тараққиётни молиялаш корпорацияси раҳбари Бен Блэк билан учрашганини ҳам билдирди.
У 2025 йил октябрида Брюсселда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийлари, Лондонда эса британ сиёсатчилари ва бизнес вакиллари билан учрашди. Декабрда у Рим папаси Лев XIV билан ҳам учрашган эди.
Янги вазифа ва ваколатлар
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов 10 сентябр куни Telegram'даги постида президент ўз қизини Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинлаганини билдирди.
Тошкент халқаро молия маркази халқаро инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган, ўз регулятори, тижорат суди ва алоҳида ҳуқуқий базасига эга махсус молиявий юрисдикция ҳисобланади.
14 август куни Ўзбекистон президенти Президент Администрациясига давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ҳамда мансабдорлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича кенг ваколатлар берувчи конституциявий қонунни имзолади.
Президент Администрацияси Ўзбекистонда амалда сиёсий ҳокимиятнинг энг юқори маркази сифатида қаралади. У бошқа давлат органларидан юқори турувчи ва мамлакатдаги сиёсий ҳамда иқтисодий қарорларни қабул қилиш жараёнида марказий рол ўйновчи тузилма ҳисобланади.
Янги қонун Мирзиёеванинг президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари сифатидаги мақомини расмийлаштирди. Шунингдек, унинг аппаратига коррупцияга қарши комплаенс тузилмалари фаолиятига сезиларли таъсир ўтказиш имконини берди.
Июл ойида ҳукумат йиғилишидан сўнг президентнинг қизига Ўзбекистон элчихоналари фаолиятини текшириш вазифаси ҳам топширилди.
Ўша йиғилишда Шавкат Мирзиёев хорижий ташрифлари давомида эришилган келишувлар етарли даражада амалга оширилмаётганини танқид қилиб, Ўзбекистоннинг қатор элчихоналари ишидан норози бўлган эди.
Саида Мирзиёевага, шунингдек, "ўз вазифасини бажармаётган ходимларни замонавий фикрлайдиган ёш кадрлар билан алмаштириш бўйича таклифлар киритиш" вазифаси топширилди.
































