Пентагон: Нидал Ҳасаннинг қатл этилиши жонли эфирда намойиш қилинади

2026 йил 6 октябрь куни Мэриленд штатидаги Спэрроуз-Пойнтда жойлашган Anduril Industries корхонасидаги тадбир олдидан АҚШ президенти Дональд Трамп чиқиш қилишидан аввал АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет сўзга чиқмоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг айтишича, жамоатчилик 2009 йилда Форт Худ ҳарбий базасида 13 нафар қуролсиз аскарни ўлдирган Нидал Ҳасаннинг отиб ташлаш орқали амалга ошириладиган қатлини томоша қилиш имконига эга бўлади.

BBC билан суҳбатлашган АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра, қатл жараёни жонли эфир орқали намойиш этилади.

Агар режа амалга ошса, бу АҚШда қарийб юз йил ичидаги илк оммавий қатл бўлиши мумкин. Ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Жон Миллснинг фикрича, қатлни жонли эфирда кўрсатиш "замонавий даврда мисли кўрилмаган ҳолат" бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари ҳам баҳслидир.

"Бундай қилмишларнинг оғир оқибатлари бўлишини одамлар тушуниши керак", деди Ҳегсет.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси AFP агентлигига қатл жараёнининг жонли эфирда намойиш қилиниши амалда оммавий қатл ҳисобланиши ва қийноқларни мутлақ тақиқлаш тамойилини бузиши мумкинлигини билдирди.

Демократ сенатор Крис Мёрфи эса CNN'га берган интервюсида бу ғояни "жирканч" деб атади ва уни "Исломий давлат" гуруҳи амалга оширган қатллар билан қиёслади.

Шу ҳафта бошида Пентагон Нидал Ҳасан 60 йилдан зиёд вақт ичидаги илк ҳарбий қатл доирасида жазо ижро этиладиган маҳкум бўлишини маълум қилди.

Виржиниялик собиқ ҳарбий психиатр Ҳасан 2009 йилда Форт Худ ҳарбий базасидаги тиббиёт биносида 13 нафар қуролсиз аскарни отиб ўлдирганини тан олган.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ҳужум вақтида етти марта ўқ еган собиқ сержант Алонзо Лансфорд BBC'нинг Today дастурига берган интервюсида Ҳасаннинг отиб ташлаш орқали қатл этилишини қўллаб-қувватлашини айтди.

Унинг фикрича, бу у содир этган жиноятга муносиб жазодир.

Бироқ Лансфорд қатл жараёнининг жонли эфирини ҳамма ҳам томоша қилиши керак, деб ҳисобламайди. У бу каби намойиш ёшларга қандай таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда. Шу билан бирга, ҳужумдан жабр кўрганлар ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари уни кузатиш имконига эга бўлиши лозимлигини айтади.

"Ҳалок бўлганларнинг оилалари, омон қолганлар ва уларнинг яқинлари, албатта, буни ҳеч қандай чекловларсиз кўриши керак, деб ўйлайман", деди у.

Лансфорднинг айтишича, у қатл жараёнида қатнашишни режалаштирмоқда. Ўқ узилишидан олдин эса Ҳасан унга кўз тик қарашини истайди.

"Мен унга мақсадига ета олмаганини билдираман. Мен ҳали ҳам тирикман", деди Лансфорд.

Ҳегсет консерватив Real America's Voice телеканалига берган интервюсида Ҳасан ҳақида шундай деган:

"Унга қарши ҳарбийлардан ташкил топган отиш гуруҳи қўлланилади. Шундай бўлиши керак."

Ҳасанда сўнгги илтимослар бўлганми ёки у президент Доналд Трамп билан боғланганми, деган саволга Ҳегсет:

"Қизиқтирмайди. Уни 3 декабрда кўрамиз", деб жавоб берган.

Пентагон вакили душанба куни Трамп мудофаа вазирининг тавсиясини маъқуллаганини маълум қилди. BBC Оқ уйдан ҳам президент жонли эфирдаги қатл ғоясини қўллаб-қувватлайдими, деган саволга изоҳ сўраган.

Ўтган йили дунё бўйлаб 17 мамлакатда 2700 дан зиёд қатл амалга оширилган бўлса-да, уларнинг фақат иккитаси оммавий тарзда ўтказилган.

Amnesty International маълумотларига кўра, 2025 йилда Эронда камида 11 та, Афғонистонда эса 6 та оммавий қатл қайд этилган.

Нидал Ҳасаннинг 2012 йилда расмийлар томонидан эълон қилинган, санаси аниқланмаган сурати.
Сурат тагсўзи, 2012 йилда расмийлар томонидан тарқатилган, санаси кўрсатилмаган Нидал Ҳасан сурати.

Ҳасаннинг қатли 3 декабр куни Техасдаги Форт Худ базасида ўтказилиши режалаштирилган. Агар амалга ошса, бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери ҳарбийлар томонидан бажарилган илк отиб ташлаш усулидаги қатл бўлади.

Суд жараёнида Ҳасан "йўл қўйган хатолари" учун узр сўраган. У 2013 йилдаги ҳарбий суд муҳокамасида Афғонистондаги мусулмонлар ва Толибонни ҳимоя қилаётганига ишонганини айтган эди.

АҚШ ҳарбий қонунчилигига кўра, бундай қатл президент томонидан тасдиқланиши керак. Шунингдек, қарор юқори инстанция судлари томонидан қайта кўриб чиқилиши ва унинг қонунийлиги юзасидан якуний хулоса чиқарилиши лозим.

Адвокат Жон Миллснинг таъкидлашича, Ҳасан иши бўйича апелляция жараёни ҳали якунланмаган. У федерал судга мурожаат қилиб, ҳукм ва жазони қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Бу эса қатлни вақтинча тўхтатиб туриши эҳтимолини англатади.

Шу боис Миллс қатл белгиланган муддатда амалга оширилишига шубҳа билан қарамоқда.

"Отиб ташлаш орқали амалга ошириладиган қатлни жонли эфирда намойиш қилиш ташаббуси кўпроқ Трамп маъмуриятининг эътибор қозонишга қаратилган ҳаракатига ўхшайди. Бунинг амалга ошиши ҳам, адолат қарор топишига хизмат қилиши ҳам даргумон", деди у.

АҚШнинг айрим штатларида қатл жараёнини маълум даражада оммага кўрсатиш амалиёти мавжуд. Кўплаб штатларда журналистлар қатнашиши талаб қилинади, маҳкум эса айрим шахсларни таклиф қилиш ҳуқуқига эга. Баъзи жойларда оддий фуқаролар ҳам гувоҳ сифатида иштирок этиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Бироқ АҚШдаги қатл усулларини ўрганиб келаётган Фордҳам университети профессори Дебора Деннонинг айтишича, ҳозиргача мамлакат тарихида бирорта ҳам қатл жараёни жонли эфирда намойиш қилинмаган.

Унинг фикрича, бундай трансляция АҚШдаги қатл амалиётини жамоатчилик учун мисли кўрилмаган даражада очиқ қилади.

"Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи ўлим жазосини қўллаб-қувватлайди, гарчи бу кўрсаткич аста-секин камайиб бораётган бўлса ҳам. Шу нуқтаи назардан қараганда, агар одамлар ўлим жазосини маъқулласа, унда унинг қандай ижро этилишини ҳам кўришлари керак, деган фикрни илгари суриш мумкин. Шунда кўпчилик эътибор бермайдиган воқеликни кўз олдига келтиради", деди у.

Деннонинг айтишича, жонли эфирга оид муҳим масалалардан бири ёш бўйича чекловлар қандай қўлланилишидир.

Амалдаги ҳарбий қоидаларга кўра, ҳарбий қатлларни фақат муайян тоифадаги шахслар, жумладан журналистлар ва маҳкумнинг қариндошлари кузатиши мумкин. 18 ёшга тўлмаганлар бундан мустасно.

BBC Пентагон ва АҚШ армиясидан бу чекловлар бекор қилинадими ва вояга етмаганларни эфирни томоша қилишдан ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилиши ҳақида маълумот сўраган.

Мудофаа вазирлиги расмийси қўшимча тафсилотлар кейинроқ эълон қилинишини билдирди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Amnesty International маълумотларига кўра, ўтган йили қатллар сони бўйича Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Яман ва АҚШ етакчи давлатлар бўлган.

Доналд Трамп президентликка қайтгач, Жо Байден маъмурияти жорий этган федерал қатлларга оид мораторийни бекор қилди.

Pew Research маркази июль ойида ўтказган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 66 фоизи қотилликда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан ўлим жазосини қўллашни қўллаб-қувватлайди. Бу кўрсаткич сўнгги беш йил ичида олти фоиз пунктга ошган.

АҚШдаги сўнгги ҳарбий қатл 1961 йилда амалга оширилган. Ўшанда армиянинг бир аскари 11 ёшли австриялик қизга нисбатан зўравонлик қилганликда айбдор деб топилиб, осиб ўлдирилган эди. Қатл президент Дуайт Эйзенҳауэр томонидан тасдиқланган ва жабрланувчи оиласининг авф сўраганига қарамай ижро этилган.

Ҳарбийлар томонидан отиб ташлаш усулида амалга оширилган сўнгги қатл эса 1945 йил январь ойида бўлиб ўтган. Иккинчи жаҳон уруши якунланиши арафасида армиядан қочган ёш аскар Эдди Словик отиб ўлдирилган.

Материални тайёрлашда Кваси Гямфи Асиеду ва Кали Ҳейс ҳам иштирок этди.