Россия: Путин кимни ўзига кўпроқ яқин олди - Ўзбекистон ёки Қозоғистонни?

Сурат манбаси, Kremlin.ru
Президент Путиннинг Москвадаги Ғалаба байрамига бу йил Марказий Осиёнинг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари боришди.
Айни пайтда, бу икки президент билан кечган учрашув чоғларидаги тасвирлар бир қадар фарқли манзарани ҳам кўрсатди.
Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан қучоқлашиб, юзни-юзга бериб, қуюқ сўрашди.
Президент Тоқаев билан кўришиш эса анчайин расмий бўлиб, қўл беришиш билан чекланди.
Президентлар Мирзиёев ва Тоқаев Ғалаба куни Россия пойтахтидаги хавфсизлик қандай бўлиши анчайин мавҳумлигига қарамай, Москвага келишганди.
Россиянинг Украинага босқини ортидан Путин уюштирадиган йирик тадбирларда Ғарб раҳбарлари анча камнамо.
Сўнгги йиллари эса Москванинг МДҲдаги давлатлар билан ҳам алоқалари аввалгидек эмас.
Бу ўринда, хусусан, Озарбайжон ва Россиянинг узоқ йиллик ҳамкори бўлиб келган Арманистонни ҳам қайд этиш мумкин.
Бироқ Марказий Осиё президентлари айни масалада ҳар доим яқин муносабатларни тутиб келишади ва Ғалаба парадларида минтақанинг ҳечса бирон раҳбари қатнашади.
Тўғри, бир йил олдин Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланганда, турли давлатлардан 27 нафар етакчи, хусусан, Хитой ва Бразилия президентлари ҳам Москвага боришганди.
Бу сафар эса Москва қанчалик хавфсиз бўлади, деган саволлар ўртага чиқди.
Иқтисод ё сиёсат?

Сурат манбаси, PRESIDENT.UZ
Президент Путин Ўзбекистон давлат раҳбари билан учрашувда иқтисодий муносабатларга ва бу ўринда Шавкат Мирзиёевнинг ишларига алоҳида эътибор қаратди.
"Аввало, сизнинг шахсий саъй-ҳаракатларингиз туфайли охирги йиллари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар энг зўр алфозда ривожланиб бормоқда" – деди Владимир Путин.
У, хусусан, савдо ҳажми ортиб, иқтисодий алоқалар кучайганини, йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.
Ва Россия Ўзбекистон учун энг аҳамиятли сармоядорлардан бири бўлиб қолаётир, дея гапирди.
Президент Тоқаевга ҳам Москвага келгани учун миннатдорчилик билдирган Путин, Қозоғистон давлат раҳбарининг сафари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатларинг аслида қандайлигини намойиш этишини таъкидлади.
Ва давлатлараро алоқалар ривожланишида Тоқаевнинг ҳиссаси катталигини айтди.
Бироқ бу сафарги миннатдорчилик нутқи ўзига хос муносабатлардан кўра, умумий дипломатик жумлаларни эслатарди.
Қозоғистон ва Россия муносабатлари илиқ, аммо охирги йиллари қатор россиялик сиёсатчиларнинг Қозоғистонга ишора қилиб айтган фикрлари бу мамлакатда баҳс ва норозиликларга ҳам сабаб бўлган.
Путин Марказий Осиё раҳбарлари билан учрашган пайтидаги нутқида иқтисодий масалаларга эътибор қаратган бўлса-да, Ғалаба куни кимлар келиши Россия учун сиёсий аҳамиятга ҳам молик.
Зотан меҳмонлар мавқеи Путиннинг халқаро миқёсда обрўси қандайлигини кўрсатувчи меъёр ҳамдир.
Avvalo, sizning shaxsiy sa’y-harakatlaringiz tufayli oxirgi yillari mamlakatlarimiz o‘rtasidagi munosabatlar eng zo‘r alfozda rivojlanib bormoqda
Ғалаба ва Марказий Осиё
Шаксиз, Иккини Жаҳон Урушида миллионлаб ўзбеклар, қозоқлар ё тожиклар ҳам жони, ҳам моли билан иштирок этишган.
Биргина Ўзбекистон нафақат ўзининг бир ярим миллионга яқин фарзандини урушга юборган.
Балки қарийб шунча сондаги уруш қочқинларини ҳам қабул қилган.
Фронт ортида одамлар ўзлари қорни тўйиб овқат емаса ҳам, усти юпун бўлса ҳам, уруш учун озиқ-овқат ва кийим-кечак жўнатишган.
Юз минглаб уруш етимлари қабул қилинган.
Бироқ сўнгги йилларда Россия нишонлайдиган Ғалаба куни тантаналарида давлат раҳбарлари иштироки ёки Марказий Осиёда ўтказиладиган айрим тадбирлар минтақада турли фикрларни ҳам уйғотмай қолмаган.
Хабарларга кўра, Қирғизистонда 9-май куни россиялик санъаткорлар иштирокида ўтказилган концерт турли баҳсларга сабаб бўлган.
Бу ўринда иштирокчиларнинг Украина уруш борасида тутган мавқеи ҳамда тадбир давомида қатор зиддиятли рамзларнинг намойиш этилиши бўлгани айтилади.
Охирги йилларда минтақа давлатларида "Ўлмас полк" юришлари ҳам қизғин баҳс-мунозараларга етаклайди.
Россия Ғалаба рамзига айлантирган Георгий тасмалари борасида ҳам минтақадаги фикрлар бир хил эмас.
Минтақа раҳбарлари кўпинча ўз давлат байроқларини рамзлантирувчи тасмаларни тақишади.
Ўзбекистонда эса бу кун анча йиллардан бери Хотира ва қадрлаш кунига айлантирилган.
Яъни одамлар нафақат Иккинчи Жаҳон Урушида қозонилган ғалабани нишонлашади ё уруш қурбонларини ёдлашади, балки барча ўтганлар ҳақига дуо қилиб, ҳамма урушлар ва қатағонлар қурбонлари хотирасини ёдга олишади.
Эслатма: Ташқи манба ҳаволаларидаги фикрлар учун BBC масъул эмас.






























