Ўзбекистон: Бектемирда нима бўлган? ПХХ куч қўллашга ҳақлимиди?

ПХХ формасидаги шахслар Бектемирдаги дўконнинг аёл хизматчиларини куч билан автобусга чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Сурат тагсўзи, ПХХ ходимлари Бектемирдаги дўкон хизматчиларини куч билан милиция бўлимига олиб кетишга ҳаракат қилишган.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

BBC Ўзбек хизматига келиб тушган маълумотларга кўра, шу йил 10 июл куни Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги шоҳ йўл ёқасида жойлашган қурилиш моллари дўконига ПХХ ходимлари келиб, дўкон хизматчиларини зўр билан милиция бўлинмасига олиб кетишга уринишган.

Дўкон хизматчиларига кўра, дўкондан ташқарида йўловчилар учун йўлакка қўйилган моллар бунга сабаб бўлган.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, дастлаб эрталаб соат 9 яримларда дўконга икки енгил машинада туман Ички Ишлар бўлинмаси ходимлари келишган. Дўкон хизматчилари улардан нима учун келишгани ҳақида савол сўрашганда, "ҳозир биласизлар", дея мавҳум жавоб қайтаришган.

10 дақиқлардан кейин дўкон олдига автобус келиб тўхтаган. Би-би-си га юборилган видеотасвирларда автобус ёнида "Бектемир тумани 4-сонли Ички Ишлар бўлинмаси" деган ёзувни кўриш мумкин.

Бектемир тумани Ички Ишлар бўлинмасининг оқ рангдаги автобуси
Сурат тагсўзи, Бектемир тумани Ички Ишлар бўлинмаси автобуси

Ушбу ҳодиса ҳақида BBC Ўзбек хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳани мана бу линк орқали BBC Uzbek Youtube каналида батафсил кўришингиз мумкин:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳодиса гувоҳларига кўра, ПХХ ходимлари дўкон хизматчиларини улар билан бирга Ички ишлар бўлинмасига боришлари кераклигини айтишган.

Дўконнинг аёл хизматчиларидан бири бунинг учун бирон ҳужжатли асос, чақирув қоғози ёки маҳкама ажрими борми йўқлигини сўраган вақти "қаршилик кўрсатманг, юринг", дея пўписа қилишган.

Ички Ишлар ходимлари дўкондагиларни нима учун олиб кетмоқчи бўлишган, қайси иш юзасидан милиция бўлинмасига боришлари кераклиги борасида батафсил маълумот беришмаган.

Ҳужжатсиз асосда милиция бўлинмасига боришни истамаган аёллар дохил дўкон хизматчиларини Ички Ишлар ходимлари қўлларини қайириб, зўр билан автобусга чиқаришмоқчи бўлишган.

Ички Ишлар ходимлари дўкондагилардан қонуний талабларини бажаришлари кераклигини айтишган, аммо қонуний талаб қайд қилинган ҳужжатларни тақдим қилишмаган.

Видеода олатасир ҳолатда аёллардан бири автобусга куч билан чиқарилаётган вақти йиқилиб тушганини кўриш мумкин.

Ушбу ҳодисларни тасвирга олаётган гувоҳнинг телефонини Ички Ишлар ходимлари тортиб олиб, ўзларини билан олиб кетишган.

Яна гувоҳларнинг сўзларига кўра, дўкондаги кассир дохил бир неча киши бўлинмага олиб кетилган. Ўша куннинг ўзида улар устидан маҳкама мажлиси ўтказилиб, жарима солиниши ҳақида ҳукм чиқарилган. Бундан ташқари бир неча кунга дўконга электр таъминоти узиб қўйилган.

Қурилиш моллари дўконидаги кузатув камерасида олинган тасвир.
Сурат тагсўзи, ПХХ ходимлари дўкон хизматчиларининг уларни милиция бўлимига олиб кетишга асос берувчи ҳужжатни сўрашган вақти, бу каби ҳужжатни тақдим қилишмаган.

Ички Ишлар ходимлари амалларида ноқонунийлик элементлари бормиди? Вазирлик нима дейди? Икки хил хулоса

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

BBC Ўзбек хизмати ушбу ҳодиса юзасидан изоҳ олиш ва қонуний баҳо бериш мақсадида Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматига Telegram канали орқали мурожаат қилди.

Вазирлик Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жавобида айтилишича, Бектемирдаги "қурилиш дўкони эгаси устидан дўкон олдидаги пиёдалар ўтиш жойини турли қурилиш моллари билан тўсиб қўйишганлиги ҳақида шикоят келиб тушган".

Бунинг натижасида "пиёдалар йўли ҳам беркилиб қолган ва қолаверса бу санитария қоидаларига ҳам зид", дейилади Ички Ишлар вазирлиги жавобида.

"Фуқароларнинг мурожаатларини қондириш мақсадида маҳалла раиси ва профилактика инспектори томонидан дўкон эгаси кўчада ётган қурилиш молларини олиб, ҳудудни тозалаб қўйиш бўйича бир неча маротаба огоҳлантириш берилган. Лекин дўкон эгалари бу талабни бажаришмаган.

Шундан сўнг, фуқароларга ноқулайлик туғдираётган, санитария қоидаларини бузаётган ва ҳудудни ифлослантираётган дўкон эгаларидан тушунтириш олиб, уларга нисбатан ҳуқуқий чора кўриш мақсадида ИИБ биносига олиб келишга қарор қилинган, Видеода кўриб турганингиздек, фуқаролар ходимларни қонуний ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатишган.

Ҳозирда дўкон эгаси ва дўкон сотувчиси Ўзбекистон Республикаси МЖтК 194-моддаси 2-қисми ва 195-моддаси 1-қисмлари билан жавобгарликка тортилганлар», дейилади Вазирлик мактубида.

Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Telegram канали орқали BBC UZBEK ка жавоби.
Сурат тагсўзи, Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати Telegram канали орқали BBC UZBEK ка жавоб йўллади.

Вазирлик Матбуот котиби тилган олган Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194 моддасида ҳақиқатан ҳам "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳозир бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик" ка нисбатан жазо чораси тилга олинган.

Аммо дўкон хизматчилари айнан ана шу "қонуний талаб" ҳақидаги ҳужжатни сўрашган вақти уларга бу каби ҳужжат тақдим этилмаган.

Ушбу ёзишма ортидан BBC Ўзбек хизмати жарима белгиланиши учун дўкондагиларга маҳкама мажлисига чақирув қоғози қонуний йўллар билан аввалдан юборилганми йўқлиги, маҳкама жараёни нима учун ўша куннинг ўзида аввалдан хабардор қилинмай ўтказилгани, маҳкамага чақирилаётган шахснинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги процессуал жараёнларга не қадар риоя қилингани ва аёллар дохил дўкон хизматчиларига қонуний ҳужжатларни тақдим қилмай керагидан ортиқ куч ишлатиш йўли билан милиция бўлинмасига олиб кетиш қанчалар қонуний ҳаракат бўлгани ҳақида саволлар йўллади.

Бу саволларга BBC Ўзбек хизмати Ички Ишлар вазирлиги матбуот котибидан умумий тарзда вазирлик "ходимлари ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган ваколатларидан фойдаланиб, ўз вазифаларини бажаришган, уларнинг ҳаракатларида қонунчиликни бузиш ҳолати аниқланмаган", деган жавобни олди. (BBC Ўзбек хизмати изоҳи: асл орфография сақланган)

Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматининг BBC UZBEK йўллаган саволларга жавоби.
Сурат тагсўзи, Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматининг BBC UZBEK йўллаган саволларга жавоби.

BBC Ўзбек хизмати Ички Ишлар ходимлари томонидан дўкон хизматчиларига куч қўллангани нақадар қонуний бўлганини ўрганиш борасидаги тадқиқотлари давомида, вазирлик веб-саҳифасидаги Сунъий интеллект ёрдамида юритилувчи виртуал мулоқот тизими орқали худди шу юқоридаги саволларни берган вақтда эса, матбуот котибининг сўзларига тескари хулосани олди.

Виртуал ҳуқуқий хизмат жавоби қуйидагича бўлди:

"1. Агар ППХ ходимлари керакли ҳужжатларни тақдим қилмасдан куч ишлатишган бўлса, бу ортиқча куч ишлатиш ва қонунбузарлик ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида фуқароларни ушлаб туришда қонуний асосларга ва процессуал тартибларга амал қилиниши керак.

2. Ҳужжатларсиз ушлаб туриш: ППХ ходимлари фуқароларни огоҳлантиришсиз ёки ҳужжатларсиз олиб кетишга ҳақли эмаслар".

Виртуал хизмат жавобида ушбу жавоб маълумот мақсадида берилганлиги урғуланиб, ҳуқуқий асос ҳисобланмаслиги ҳам айтиб ўтилган. Лекин қандай бўлмасин Ўзбекистонда мавжуд амалдаги қонунларида бу борада нималар қайд этилганидан далолат беради.

Айтиб ўтиш жоиз, дўкон хизматчилари уларга йўл ёқасига қўйилган молларни олиб ташлаш ҳақида бир неча бор огоҳлантириш берилганини тан олишади.

Ушбу ҳодиса ҳақида BBC Ўзбек хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳани мана бу линк орқали BBC Uzbek Instagram саҳифасида батафсил кўришингиз мумкин

Асосий масала нимада? Ва Омбудсман жавоби

Бу воқеа қаҳрамонларининг аксарияти учун асосий масала Ички Ишлар ходимларининг 10 июл куни расмий ҳужжатларни тақдим қилмай ва тушунтириш бермай дўкондагиларни зўр билан олиб кетиш жараёнида керагидан ортиқ куч қўллангани ва айниқса аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилганидир.

Шу ўринда аввал бир неча бор огоҳлантиришларга бўйсунилмаганлиги ИИ ходимларига куч ишлатиш учун асос берадими, деган савол туғилади.

Мутахассисларга кўра, дўкон ходимлари кўча четига мол қўймаслик ҳақида бир неча марта огоҳлантирилган бўлиши мумкин ва бу ҳолат кейинчалик жавобгарлик масаласида аҳамиятли бўлиши мумкин.

Аммо бу ҳолатнинг ўзи ППХ ходимларига:

· исталган пайтда,

· ҳужжатларсиз,

· куч ишлатиб,

· фуқароларни олиб кетиш ваколатини бермайди.

Ҳар қандай мажбурлов чораси қонунда назарда тутилган асос ва тартибга риоя этилган ҳолда қўлланиши керак, дейишади мутахассислар.

BBC Ўзбек хизмати ушбу ҳодиса юзасидан муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳақлари бўйича вакили – Омбудсман, шунингдек Оила ва Хотин-қизлар қўмитасига ҳам сўровлар юборди.

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳақлари бўйича вакили – Омбудсман матбуот котиби BBC Uzbek хизматига қуйидаги жавобни йўллади:

"Айни пайтда, фуқароларни олиб бориш жараёнида жисмоний куч қўлланган-қўлланмагани, ходимлар ҳаракатларининг қонунийлиги ва вазиятга мутаносиблигини холис ўрганиш мақсадида Омбудсман томонидан Бош прокуратурага талабнома киритилди. Тақдим этиладиган материаллар асосида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади."

BBC Uzbek Ўзбекистон Республикаси Оила ва Хотин-қизлар қўмитасидан ҳам ҳозирда жавоб кутмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги резонанс

BBC Ўзбек хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳани мана бу линк орқали BBC Uzbek TikTok саҳифасида батафсил кўришингиз мумкин:

Ўтказиб юборинг TikTok пост
TikTok контентига рухсат бериш

Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас TikTok бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири TikTok пост

BBC Ўзбек хизмати томонидан Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Бектемирдаги дўконда рўй берган ҳодиса борасида чоп этилган видеолавҳа фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамаларга туртки берди.

Ҳодиса ҳақида изоҳ қолдирганларнинг аксарияти Ички Ишлар вазирлиги ходимлари амалларида ноқонунийлик белгиларини кўришган.

"Ҳурматли Шавкат Миромонович, бу нима аҳвол? Тадбиркорларга зўравонлик қилган бу ходимлар халқ учун хизмат қилишадими ёки куч ишлатадими? Сиздан илтимос, бундай зўравон ходимларни ишдан олиб ташлашингизни халқим номидан сўрайман Сиздан", дея изоҳ қолдирган BBC Uzbek Instagram саҳифасида бир фойдаланувчи.

"Қани қонун? Қани ҳақиқат? Ким жавоб беради? Саволлар кўп, жавоб берувчи йўқ !!!", дея фикр қолдирган яна бири.

"Форма кийганлар халқни муҳофаза қилишлари керак эмасмиди? Аёлларга қилинган қўполликларини кўриб, болани қўрқиб кетганини қаранглар! Бундай қўполлик қиладиган нима жиноят қилишибди бу аёллар?! Бу ишлар одиллик билан ҳал этилишини кутиб қоламиз", дея тилаклар ҳам билдирилган.

Хуллас, ижтимоий тармоқларда айтилган фикрлар муаллифларининг аксарияти Ички Ишлар ходимлари амалларидаги ноқонунийлик белгиларини кўришмоқда.