Америкалик суд-тиббиёт эксперти: Жеффри Эпштейн эҳтимол ўз жонига қасд қилмаган, балки ўлдирилган. Видео

Сурат манбаси, AFP
- Author, Том Макартур
- Role, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ушбу материалда даҳшатли тафсилотлар ва ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ маълумотлар мавжуд.
Америкалик суд-тиббиёт эксперти Майкл Фриман BBC'га вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилишда айбланган ва 2019 йили қамоқхона камерасида ўлик ҳолда топилган молиячи Жеффри Эпштейн, эҳтимол, ўз жонига қасд қилмаган, балки ўлдирилганини айтди.
Бу BBC News сайтида эълон қилинган материалнинг мослаштирилган таржимасидир. Материалнинг инглиз тилидаги оригиналини бу ерда ўқиш мумкин.
Профессор Фриман Эпштейннинг жасадини шахсан кўздан кечирмаган, аммо унинг ўлими бўйича суд ҳужжатларини ўрганиб чиққан. Кўрган маълумотлари асосида у BBC эфирида Эпштейн бўғиб ўлдирилганини, эҳтимол, орқа томондан сиртмоқ ёрдамида бўғилганини айтди.
Бироқ етти йил аввал Эпштейннинг жасадини ёриб кўришни амалга оширган суд-тиббиёт эксперти тан жароҳатларининг хусусияти ўз жонига қасд қилиш ҳолатига мос келиши ҳақида расмий хулоса берган. У шунингдек, жасадда қотилга қаршилик кўрсатган пайтда одатда учрайдиган жароҳатлар бўлмаганини таъкидлаган.
66 ёшли Жеффри Эпштейн АҚШ, Британия ва бошқа мамлакатлардаги кўплаб сиёсатчилар ҳамда йирик бизнес вакиллари, жумладан Доналд Трамп билан таниш бўлган. У 2019 йил 10 август куни Ню-Йоркдаги қамоқхона камерасида ўлик ҳолда топилган. Ўша пайтда у қизларни жинсий эксплуатация қилиш айблови бўйича судни кутаётган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўтган йил ноябрда Трамп "Эпштейн ҳужжатлари"ни эълон қилиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди.
Ўша пайтдаги Ню-Йорк бош суд-тиббиёт эксперти доктор Барбара Сэмпсон, Эпштейннинг ўлими ўз жонига қасд қилиш оқибатида юз берган деган хулосани берган мутахассис, аввалроқ шундай деган эди, - "Биз жаноб Эпштейннинг ўлими сабаби ва хусусияти бўйича чиқарган хулосамизда қатъий турамиз. Сабаби - осиб қўйиш, хусусияти - ўз жонига қасд қилиш".
BBC доктор Сэмпсондан доктор Фриманнинг баёнотига изоҳ беришни сўради ва жавоб кутмоқда.
Майкл Фриман фаолияти давомида АҚШнинг турли штатларида бош прокурорлар ҳузурида суд-тиббиёт эксперти сифатида ишлаган ва ҳибсда ёки қамоқдаги ўлим ҳолатларининг сабабларини аниқлаган. Улар қаторида 2020 йили Миннеаполисда Жорж Флойднинг ўлими сабабларини аниқлаш ҳам бор.
У Эпштейннинг укaси Марк Эпштейндан жасад бўйича тиббий кўрик ҳужжатларини олган, уларни бир йил давомида ўрганган ва шу душанба куни Лондон университет коллежида натижалар ҳақида маъруза қилган. Шундан сўнг у ўз хулосалари ҳақида BBC эфирида сўзлаб берган.
Фриман нима деяпти?
Марк Эпштейннинг ўзи акаси ўлдирилганига ишонади.
Профессор Фриман ҳужжатларни холисона таҳлил қилганини ва Марк Эпштейн унга ҳеч қандай ҳақ тўламаганини таъкидлайди. Унинг тадқиқоти бошқа мутахассислар томонидан мустақил равишда баҳоланмаган.
Фриманнинг BBC'га айтишича, унинг фикрига кўра, далиллар Эпштейнга ҳужум қилинганини кўрсатади. Бу далиллар қаторида чап елкадаги кучли кўкариш ва юзга зарба берилганини кўрсатиши мумкин бўлган шикастлар ҳам бор.
Профессор Фриманнинг фикрича, жасадни кўздан кечириш натижалари катта эҳтимол билан Эпштейн сиртмоқ сифатида тайёрланган импровизация қилинган ҳалқа билан бўғилганини, сўнгра унинг жасади шу ҳалқага илиб қўйилганини кўрсатади.
Унинг айтишича, Эпштейн бўйнидаги сиртмоқ изининг юқори қисмида тирноқ изларини кўриш мумкин бўлган.
"Бу, айниқса орқа томондан бўғиш ва жабрланувчининг сиртмоқни бўйнидан олиб ташлашга бўлган уринишларига мос келади", деб тушунтирди суд-тиббиёт эксперти.
Jarohatlar hamda jasad qay holatda topilgani bir-biriga mos kelmaydi. Şuning uçun faqat bitta izoh qoladi - ölim qotillik natijasida yuz bergan.
"Жароҳатлар ҳамда жасад қай ҳолатда топилгани бир-бирига мос келмайди. Шунинг учун фақат битта изоҳ қолади - ўлим қотиллик натижасида юз берган", деди профессор Фриман.
Эпштейннинг жасади бўйича суд-тиббий экспертиза ўтказган мутахассис АҚШ Адлия вазирлигига Эпштейндаги жароҳатлар бўғиб ўлдириш орқали қотилликдан кўра, ўзини осиш орқали содир этилган ўз жонига қасд қилиш ҳолатига кўпроқ мос келишини маълум қилган. У, шунингдек, жабрланувчи ўзини ҳимоя қилишга уринган пайтда пайдо бўлиши мумкин бўлган жароҳатларга оид далиллар мавжуд эмаслигини айтган (бундай жароҳатлар одатда бўғиб ўлдириш қурбонларида кузатилади).

Бундан ташқари, Фриманнинг айтишича, қамоқхонада осилиш орқали ўлим ҳолатида у терговдан жасад ҳалқадан чиқариб олинишидан олдин олинган фотосурат мавжуд бўлишини кутган бўлар эди.
Эпштейннинг ўлими ҳолатлари бўйича тергов якунлари юзасидан АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейнни ҳалқада осилиб турган ҳолда топган қўриқчи дарҳол ҳамкасбини чақирганини, сўнгра улар икковлашиб жасадни ерга ётқизиб, сунъий нафас беришга уринганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги Эпштейн ўлимидан бир ой олдин ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб қисқа муддат кузатув остига олинганини ҳам билдирган.
Эпштейнни ким ўлдирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга доктор Фриман шундай жавоб берди: "Ҳеч қандай тасаввурим йўқ. Бу ҳақда менинг фикрим мавжуд эмас. Бу умуман менинг терговим мақсадлари доирасига кирмаган".
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Унинг қарашларини фитна назариялари билан чегарадош деб ҳисоблаш мумкин эмасми, деган саволга эксперт шундай жавоб берди, - "Яхшиямки, мен шундай дея оламан - менинг сўзларимга ишониш шарт эмас, ҳар ким мавжуд маълумотларни мустақил ўргансин".
"Агар сиз мен бўғишга ўхшайдиган ҳолатга қараб, уни осилиш эмас, бўғиш деб атаганим учун фитна назарияларини тарқатаяпти, деб ҳисобласангиз, мен қаерда хато қилганимни кўрсатинг", - дея давом этди эксперт. "Мен бунинг учун тўлиқ очиқман. Ахир мен олимман, бошқа одамларнинг асосланган фикрларини эшитишдан ҳар доим мамнунман".
Жеффри Эпштейн биринчи марта 2008 йилда вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилишда айбланган, аммо ўшанда у тергов билан келишув туфайли атиги 13 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Орадан 11 йил ўтгач, Эпштейнга вояга етмаган қизларни жинсий эксплуатация қилишнинг бутун бир тизимини ташкил этганлик айблови қўйилди ва бу айблов бўйича унга ўнлаб йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди.






























