Илк Афғон картошкалари Ўзбекистонга олиб келинди - Видео

Сурат манбаси, O‘zbekiston Savdo-sanoat palatasi
Афғонистоннинг Бомиён вилоятида етиштирилган илк картошка ҳосили Ўзбекистонга келтирилди.
200 тонна картошка ортилган илк саккиз автомобил Амударё устидаги Ҳайратон кўпригидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар қилишича, Афғонистонда картошка етиштириш, кейин уни Ўзбекистонга олиб кириш лойиҳаси 2026 йил май ойида Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган.
44 тонна картошка уруғи Бомиён вилоятининг Шаҳидан ва Фалади туманларида яшайдиган 40 дан ортиқ деҳқоннинг далаларига экилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидан билдиришларича, Бомиёнда экиш учун навининг юқори ҳосилдорлиги, етиштириш, қайта ишлашга қулай бўлгании учун "Фонтане" деб номланган картошка нави танланган.
Май ойидан буён ўзбекистонлик мутахассислар картошка туганакларини экиш, экинларни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш ишларини ташкил этишда Афғон деҳқонларига кўмаклашганлар.
Экин майдонларининг ҳолати Ўзбекистондан борган мутахассислар томонидан мунтазам назорат қилиб борилди.
Савдо-саноат палатасига кўра, ҳар гектардан 40–45 тонна ҳосил олинган.
Ҳосил йиғиб олингач, картошка сараланган ва қадоқланган.
Шундан кейин 200 тонна картошка Ўзбекистонга жўнатилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Афғонистоннинг Балх вилояти Тижорат палатаси раиси Қаландар Раҳимий айтишича, Ўзбекистон Афғонистон заминида 100 минг тонна картошка ҳосили олиш имконини берадиган дастур йўлга қўйилган.
Ўзбек қишлоқ хўжалик мутахассисларига кўра, Бомиён вилоятининг табиий-иқлим шароитлари картошка етиштириш учун қулай экан, ҳосил сифати юқори чиққан.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига кўра, палата раиси Даврон Ваҳобов шу йил май ойида Бомиён вилояти губернатори Қори Гул Ҳайдар Шафақ билан лойиҳани муҳокама қилганлар.
Ўзбекистон афғонистонлик фермерларга картошка уруғларини етказиб бериш эвазига ҳосилнинг бир қисмини кафолатланган тарзда харид қилишни таклиф этган.
Ўшанда картошка етиштиришнинг йиллик ҳажми камида 50 минг тоннани ташкил этиши кутилган эди.
Энг юқори кўрсаткич эса 300 минг тоннага етиши мумкинлиги қайд этилган.
Картошка етиштириш лойиҳасидан ташқари, томонлар биргаликда мева етиштириш, ўғитларни сақлаш мажмуасини қуриш ва афғонистонлик фермерларнинг малакасини ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилганлар.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистон билан биргаликда картошка етиштириш, уруғлик сифатини яхшилаш ва замонавий деҳқончилик технологияларини жорий этиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда картошка истеъмоли йилига тахминан 4-4,5 миллион тоннани ташкил этади.
Мамлакатнинг ўзида картошка етиштириш ўсиб бораётгани хабар қиилинади.
2024 йилда картошка етиштириш ҳажми 4,15 млн тонна атрофида бўлган.
Ҳукумат маълумотларига кўра, маҳаллий маҳсулот мамлакат эҳтиёжининг 80 фоиздан ортиғини қоплаб келмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон ҳар йили бир неча юз минг тонна картошка импорт қилишга мажбур бўлади.
Охирги йилларда Ўзбекистон Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан картошка импорт қилаяпти.
Ҳукумат 2027 йилгача картошка бўйича тўлиқ ўзини ўзи таъминлаш мақсадини қўйган ва бунинг учун юқори ҳосилли навлар ҳамда уруғчилик дастурларини кенгайтирмоқда.






























