Оқ уй: Трамп, Путин ва Си келаси ҳафта Хитойда тарихий уч томонлама учрашув ўтказишни режалаштирмоқда

Доналд Трамп, Владимир Путин ва Си Цзинпиннинг бош ва елка қисми тасвирланган композицион сурати.
Сурат тагсўзи, Оқ уй маълум қилишича, АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарлари келаси ҳафтанинг охирида учрашади.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Доналд Трамп, Владимир Путин ва Си Цзинпин келаси ҳафта Хитойда бўлиб ўтадиган саммит доирасида учрашишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди Оқ уй.

Оқ уй матбуот котиби Оливия Уэлс мухбирларга маълум қилишича, АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги тарихий учрашув Трамп Хитойнинг жанубидаги Шэнчжэн шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (Apec) саммитида иштирок этаётган пайтда ўтказилади.

Унинг сўзларига кўра, "Президент бошқа масалалар қаторида дунёдаги ядро қуролларини қисқартириш масаласини ҳам муҳокама қилади. Президент Трамп ядро қуролларининг кенгайишини жуда хавфли деб ҳисоблайди".

Тушунишилишича, дунёнинг энг йирик ядро давлатлари раҳбарлари учрашувида Эрон масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкин, аммо Украина эмас. Россия учрашув бўлиб ўтишини тасдиқлаган. Хитой эса ҳозирча муносабат билдирмаган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ахборот агентликлари AP ва Reuters хабар беришича, исми ошкор этилмаган юқори лавозимли АҚШ амалдори музокаралардан кейин ҳеч қандай келишув имзоланиши кутилмаётганини айтган.

Трамп чоршанба куни кечқурун 21 аъзо давлат иштирок этадиган икки кунлик саммит учун Шэнчжэн шаҳрига етиб боради. Шунингдек, у пайшанба куни Си билан икки томонлама музокараларда иштирок этади. Бу АҚШ президенти 2025 йилда лавозимга қайтганидан буён уларнинг тўртинчи учрашуви бўлади.

Оливия Уэлс шундай деди, - "Президент Трамп Хитойга ташрифини Америка Қўшма Штатлари президенти, Хитой Халқ Республикаси раиси ва Россия Федерацияси президенти ўртасидаги уч томонлама учрашув билан якунлайди".

Унинг айтишича, Трампнинг сафари сешанба куни Филиппинда бўлиб ўтадиган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (Asean) саммитида иштирок этишни ҳам ўз ичига олади ва "Америка халқи учун тарихий ютуқларни қўлга киритади ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақасида Американинг манфаатларини илгари суради".

BBC
Prezident Tramp yadro qurollarining kengayişini juda xavfli deb hisoblaydi.
Oliviya Uels
Oq uy matbuot kotibi (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da öqing)

АҚШ ва Россия ўртасидаги ядро қуролларини назорат қилиш бўйича шартнома феврал ойида ўз кучини йўқотди ва бу дунёдаги энг йирик ядро арсеналларини муҳим чеклов механизмларисиз қолдирди ҳамда Совуқ урушни тугатишга ёрдам берган қуролларни назорат қилиш соҳасидаги ҳамкорликка амалда якун ясади.

БМТ ҳар икки томонни кечиктирмасдан янги асос яратишга чақирган. Бироқ Трамп ўз арсеналини кенгайтираётган Хитойни ҳам қамраб оладиган яхшироқ келишув билан ушбу битим ўрнини босиши мумкинлигини айтган.

BBC билан суҳбатлашган АҚШнинг собиқ юқори лавозимли амалдорлари ва таҳлилчиларининг айтишича, ўша пайтда Пекин ва Москванинг ҳамкорлигини қўлга киритишга уриниш катта тўсиқлар туғдириши ва йиллар талаб қилиши мумкин эди.

2026 йил январ ҳолатига кўра дунёдаги ядро қуроллари захираси.
Сурат тагсўзи, 2026 йил январ ҳолатига кўра дунёдаги ядро қуроллари захираси.

Йил бошида Си Пекинда Путин ва Трампни бир неча кунлик фарқ билан алоҳида қабул қилган эди. Сентябр ойида эса АҚШ президенти ўзининг хитойлик ҳамкасбини Вашингтонда кутиб олди.

Пекин 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Москва учун муҳим савдо ҳамкорига айланди. Уруш Россияни халқаро майдонда яккалаб қўйиб, мамлакатни Ғарб санкцияларига дучор қилди.

Бироқ АҚШнинг Россия дизел ёқилғисини импорт қилиш бўйича баҳсли келишуви ва Москва нефти ҳамда газининг энг йирик харидорларига, жумладан Хитойга қарши санкцияларнинг тўхтатилиши ўтган ойда Трамп маъмуриятининг Кремлга нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлаётгани ҳақида Европадаги хавотирларни кучайтирди.

Шу билан бирга, Трамп ва Си бу йил Пекин ва Вашингтонда ўтган саммитларда муносабатлар илиқлашаётганини намойиш этишга уринди. Аммо савдо, сунъий интеллект соҳасидаги устунлик учун рақобат ва Тайван каби асосий масалалар бўйича сезиларли ютуққа эришилмаган кўринади.

Эрондаги уруш ҳам баҳсли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Хитой Теҳрон нефтининг энг йирик харидори ва унинг энг катта савдо ҳамкоридир.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари жума куни ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига таяниб, Си Apec саммити доирасида икки томонлама музокараларда иштирок этишини хабар қилди. Бироқ улар уч томонлама учрашув ҳақида хабар бермади.

Ой бошида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия давлат ОАВларига берган интервюсида саммит доирасида бундай музокараларни ўтказишга "тайёрлик мавжудлигини тасдиқловчи сигналлар" борлигини айтган эди.