Нетаняҳу Ню-Йоркда ҳибсга олинишидан хавотирдами? Яҳудий келгиндилар Ғарбий соҳилдаги масжидларга ўт қўйгани айтилмоқда

Қусра қишлоғидаги масжидга яҳудий келгиндилар кечаси ҳужум уюштиргани айтилади

Сурат манбаси, Issam Rimawi/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қусра қишлоғидаги масжидга яҳудий келгиндилар кечаси ҳужум уюштиргани айтилади
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ню-Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамданийни "адоват қўзғаш"да айблади. Бу орада босиб олинган Ғарбий соҳилда яҳудий келгиндилар икки масжид, автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги ерларига ўт қўйгани ҳақида Фаластин расмийлари хабар қилди.

Нетаняҳу: "Мен хавотирда эмасман"

Нетаняҳу

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу кузда Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида қатнашиш режасида эканини билдирди. Бу Ню-Йорк мэри Зоҳран Мамданий аввалроқ уни ҳибсга олиш ҳақидаги баёнот берганидан кейин янгради.

Мамданий ўтган ҳафта бу баёнотидан чекинди. У шаҳар маъмурияти Халқаро жиноят судининг ҳибс ордерини ижро этиш учун мустақил ҳуқуқий ваколатга эга эмаслигини тан олди.

Нетаняҳу якшанба куни Fox News телеканалига берган интервюсида бу таҳдиддан "хавотирда эмаслиги"ни айтди ва Мамданийни "адоват қўзғаш"да айблади.

"У барча ню-йоркликлар — яҳудийлар, насронийлар, мусулмонлар, ҳамманинг мэри бўлиши керак. Аммо у бир гуруҳни бошқасига қарши қўйишга уринмоқда", — деди Нетаняҳу.

У шунингдек, пайшанба куни Ню-Йоркда бир-биридан бир неча кўча нарида содир бўлган икки пичоқли ҳужумни эслади. Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи ҳужумлар вақтида "Аллоҳу акбар" деган. У яҳудий ва осиёлик икки эркакка қарши нафрат жиноятларини содир этганликда айбланмоқда. Ҳар икки жабрланувчи тирик қолган.

Нетаняҳунинг айтишича, бу ҳодисалардан кейин Ню-Йоркдаги яҳудийлар ўзларини қўрқувда ҳис қилмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги бу баёнот юзасидан дарҳол изоҳ бермади.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Фаластин ҳуқуқларининг фаол тарафдори бўлган Мамданий ўтган йилги сайлов кампаниясида Ғазодаги Исроил ҳарбий амалиётига қарши чиқишни асосий ваъдаларидан бири қилган эди. Ўтган ҳафтаги чиқишида у Нетаняҳуни "уруш жиноятчиси" деб атади.

У сайлов кампанияси давомида Халқаро жиноят судининг 2024 йилда Нетаняҳуга қарши чиқарган ҳибс ордерини ижро этишга ваъда берган эди. Суд Исроил бош вазирини Ғазода уруш жиноятларини содир этишда айблаган.

Исроил бу айбловларни рад этади, Нетаняҳу эса уларни "асоссиз" деб атаган.

2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигидаги ҳужумда Исроилда 1200 га яқин одам ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган эди.

Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шундан бери Исроил ҳужумларида 73 мингдан ортиқ одам, жумладан 21 мингдан зиёд бола ҳалок бўлган. БМТ бу рақамларни ишончли деб ҳисоблайди.

Ўтган ҳафта New York Times Мамданийдан Нетаняҳуни ҳибсга олиш ҳақидаги ваъдаси юзасидан сўраганида, у шаҳар маъмурияти қонунни ўрганиб чиққанини ва "бу ордерни ижро этиш учун мустақил ҳуқуқий ваколатга эга эмаслиги"ни айтган.

Шу билан бирга, у федерал ҳукуматни Исроил бош вазирини ҳибсга олишга чақириб, "Бенямин Нетаняҳу Ню-Йорк шаҳрида хуш қаршиланмайди", деган.

Фаластин расмийлари: келгиндилар икки масжидга ўт қўйди

Ёнғин оқибатида зарар кўрган масжиднинг ташқи деворларида граффит ёзувлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ёнғин оқибатида зарар кўрган масжиднинг ташқи деворларида граффит ёзувлари

Фаластин расмийларига кўра, босиб олинган Ғарбий соҳилда яҳудий келгиндилар икки масжидга, автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги ерларига ўт қўйган.

Бу ҳужумлар Тал қишлоғи яқинида келгиндилар ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувдан икки кун ўтиб содир бўлди. Ўша воқеада тўрт нафар фаластинлик ва икки нафар исроиллик ҳалок бўлган. Ҳар икки томон бир-бирини зўравонликни бошлаганликда айбламоқда.

Фаластин маъмурияти хабарларига кўра, тунда Ғарбий соҳилдаги икки қишлоқ келгиндилар ҳужумига учраган. Автомобилларга зарар етказилган, мулклар ўғирланган ва деворларга нафрат мазмунидаги ёзувлар битилган.

Қусра қишлоғи мэрининг айтишича, келгиндилар қурилаётган масжидга ўт қўйган ва унинг деворларига "қасос" сўзини ёзиб кетган.

Исроил армияси Қусрага ҳарбийлар юборилгани, полиция эса далилларни йиғиб, воқеани тергов қилишини билдирди.

Reuters
Ular har tomondan keldi. Biz qochishga urindik, lekin ortimizdan quvib, tosh otishdi. Uyimni himoya qilishni istadim, ammo...
Hanan Turabiy
Uyiga o't qo'yilgan falastinlik (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Фаластин расмийлари яна бир ҳодисада Коур қишлоғидаги масжид ҳам ёқиб юборилгани ва унинг деворларига шиорлар ёзилганини айтди.

Фаластинликлар Талдаги қонли тўқнашувдан кейин Ғарбий соҳилдаги қишлоқларга бир неча марта келгиндилар ҳужуми уюштирилганини билдирмоқда.

Исроил мудофаа кучлари эса дам олиш кунлари "терроризмга қарши амалиёт" деб атаган рейдлар чоғида 130 дан ортиқ кишини қўлга олганини маълум қилди.

Нетаняҳу Талдаги воқеадан кейин "кескин чоралар" кўришга ваъда берди. Бу чоралар орасида ҳужумга алоқадорликда гумон қилинаётган икки фаластинликнинг уйларини бузиш эҳтимоли ҳам бор.

BBC билан суҳбатлашган Сарра қишлоғи аҳолиси Ҳанан Турабийнинг айтишича, келгиндилар ўша куни олтита бинога ўт қўйган, ўнлаб бошқа уйларга тош отган.

"Улар ҳар томондан келди. Биз қочишга уриндик, лекин ортимиздан қувиб, тош отишди", — деди у.

Дам олиш кунларида ҳудуд бўйлаб Исроил ҳарбийлари кенг кўламда жойлаштирилган эди

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Дам олиш кунларида ҳудуд бўйлаб Исроил ҳарбийлари кенг кўламда жойлаштирилган эди

Унинг сўзларига кўра, у уйини ҳимоя қилишни истаган, аммо уйи ёниши билан фарзандларини асраш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлган.

Майамидан қариндошларини кўргани келган Каид Аҳмад Турабий ҳам ҳужум пайтида жароҳатланган. Унинг айтишича, бошига 12 та чок тушган.

"Мен бутун умрим давомида яҳудийлар билан ишлаганман. Лекин бу одамларнинг барчаси юзини ёпиб олган, қўлида таёқ ва бошқа нарсалар бор эди. Улар тайёргарлик билан келганди", — деди у.

Кейинроқ BBC журналистлари қишлоқ аҳолиси билан орқа кириш йўлини кузатаётганида, келгиндилар яна қишлоқ четида кўринган. Ўнлаб ёшлар қишлоқни ҳимоя қилиш учун йиғилган. Исроил аскарлари икки томонни ажратиб турган, келгиндилар эса кейинчалик тарқалиб кетган.

Фаластинликларни тарқатиш учун ҳарбийлар бир неча бор кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Исроил армияси якшанба куни экстремист яҳудий келгиндиларнинг ҳужумлари деб таърифланган "миллатчиликка асосланган жиноятлар"нинг олдини олишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

Шу билан бирга, Нетаняҳу жума куни Талда исроилликлар ўлдирилганидан кейин Ғарбий соҳилдаги фермер хўжаликлари посёлкаларини тезроқ ташкил этиш ва уларни қонунийлаштиришни тезлаштиришини айтди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

БМТ маълумотига кўра, Ғазо уруши бошланганидан буён Ғарбий соҳилда 1114 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг камида 35 нафари келгиндилар ҳужумлари билан боғлиқ ҳолатларда ўлган.

Шу даврда Ғарбий соҳилда фаластинликлар ҳужумлари ёки Исроил ҳарбий операциялари чоғида 41 нафар исроиллик, жумладан тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакиллари ҳалок бўлган.

Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни эгаллаганидан буён у ерда 700 минг яҳудий яшайдиган юзлаб манзилгоҳлар барпо этган. Фаластинликлар бу ҳудудларни Ғазо билан бирга бўлажак мустақил давлатининг бир қисми деб ҳисоблайди. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу манзилгоҳлар ноқонуний ҳисобланади.