Ўзбекистон: Россия билан АЭС, АҚШ билан хавфсизлик. Зиддият ёки вазифалар тақсимоти? Видео

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон нима учун бир вақтнинг ўзида Россия билан атом электр станцияси қуриш, АҚШ билан эса ядровий хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш йўлини танламоқда?
Мутахассислар фикрича, бу зиддият эмас, балки миллий манфаатларга асосланган прагматик ёндашувдир. Россия мамлакатнинг илк атом электр станциясини қуриш бўйича асосий ҳамкор бўлиб қолмоқда. Бироқ лойиҳанинг хавфсизлиги, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик, радиацион мониторинг ва кадрлар салоҳиятини ошириш каби йўналишларда Тошкент қўшимча халқаро шериклар билан ҳам ишлашга интилмоқда.
Буюк Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомовнинг фикрича, ядровий хавфсизлик бўйича АҚШ билан ҳамкорлик айнан шу эҳтиёжлардан келиб чиққан бўлиши мумкин. Унга кўра, мазкур меморандумнинг мазмуни Тошкентни хавотирга солаётган айрим масалаларга ҳам ишора қилади.
У бу ҳақда шундай деди, "Бу келишув (ҳозирча ўзаро англашув меморандуми холос) ядровий объектлардаги аварияларнинг эҳтимолий хавфлари ва шу билан боғлиқ радиация даражасининг ошиши масалалари бўйича ҳамкорликни назарда тутаётганининг ўзи Ўзбекистон раҳбариятини Росатом қурадиган АЭС хавфсизлик нуқтаи назаридан қай даражада ишончли фаолият юритиши ташвишга солаётганидан далолат беради".
Илҳомовнинг таъкидлашича, бундай хавотирларга сўнгги йиллардаги геосиёсий воқеалар ҳам сабаб бўлмоқда.
AES loyihasi O‘zbekistonda nafaqat ekspertlar va rasmiylar, balki keng jamoatchilik orasida ham faol muhokama qilinmoqda.
"Ва бу хавотирлар беҳуда эмас, чунки Россия ва Украина ўртасидаги уруш тўрт йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Ушбу уруш давомида Украина кучлари жавоб чораси сифатида Россиянинг турли ишлаб чиқариш объектларига анча муваффақиятли зарбалар бера бошлади, бу эса атом энергетикаси соҳасида ҳам ишлаб чиқариш занжирларига салбий таъсир кўрсатиш хавфини юзага келтирмоқда", деди у.
Бу ҳолат, унинг фикрича, Росатом қураётган станция хавфсизлигига оид айрим саволларни ҳам кун тартибига чиқармоқда.
"Бу, шунингдек Россиянинг Ғарб санкциялари остида экани Россия режалаштирилаётган АЭСнинг етарли даражада ишончлилиги ва хавфсизлигини, шунингдек ушбу объект бўйича технологик талабларнинг етарли даражасини таъминлай оладими, деган саволни ўртага қўяди. Менимча, айнан шу хавотир ўзбек раҳбариятининг бундай салбий сценарийга пухта тайёргарлик кўриш, бундай фавқулодда вазиятлар учун ўз кадрларини тайёрлашга интилишига сабаб бўлган", деди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Шу нуқтаи назардан, эксперт Ўзбекистон келажакда қўшимча халқаро назорат ва экспертиза механизмларига мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
Бу масала юзасидан у шундай деди, "Эҳтимол, қурилаётган АЭСни инспекция қилиш жараёнига америкалик мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин. Бу, албатта, Россия томонига ёқмайдиган чора бўлади. Аммо Ўзбекистоннинг ўз манфаатлари нуқтаи назаридан учинчи томон хизматларига мурожаат қилишдан бошқа йўли йўқ. Ва Тошкент бу чорага анча олдин мурожаат қилиши керак эди. Лекин ҳеч бўлмагандан кўра кеч бўлгани маъқул".
Айрим таҳлилчилар фикрича, Россия билан атом энергетикаси соҳасида, АҚШ билан эса ядровий хавфсизлик йўналишида ҳамкорлик қилиш Тошкентнинг кўп векторли ташқи сиёсатининг навбатдаги кўриниши бўлиши мумкин. Бу ёндашув Ўзбекистонга турли шериклар билан ишлаш ва бир томонга қарам бўлиб қолмаслик имконини беради.
Шу тариқа, АҚШ билан имзоланган меморандум Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда. Россия мамлакатдаги илк АЭСни қуриш бўйича асосий шерик бўлиб қолар экан, Вашингтон билан ҳамкорлик хавфсизлик, тартибга солиш ва мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларни қамраб олади. Айрим таҳлилчиларга кўра, бу Тошкентнинг ядровий энергетика соҳасида бир вақтнинг ўзида бир неча ташқи шериклар билан ишлашга қаратилган ёндашувини акс эттиради.
Ўзбекистон атом дастурида АҚШнинг ўрни қандай бўлади?

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон ва АҚШ ўзларининг ядровий тартибга солувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган меморандумни имзолади. У хавфсизлик стандартлари, инспекциялар ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик масалаларини қамраб олади. Бу ҳақда 18 сентябр куни хусусий ахборот сайти Podrobno.uz хабар қилди.
"Ўзбекистон ва АҚШ ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ядровий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди. Икки мамлакатнинг ядровий назорат органлари тажриба алмашиш, меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича қўшма ишларни назарда тутувчи меморандумни имзоладилар", дейилади хабарда.
"Ҳужжат Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош конференциясининг 70-сессияси доирасида имзоланди", дея Ўзбекистон Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматига таяниб ёзади сайт.
Нашрга кўра, меморандумни Ўзбекистон қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов ва АҚШ Ядровий тартибга солиш комиссияси (NRC) раиси Кристофер Хэнсон имзолаган.
"Келишув радиация ва ядровий хавфсизлик, лицензиялаш ва инспекциялар, қонунчилик ҳамда меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, шунингдек эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва уларга жавоб қайтариш каби масалаларнинг кенг доирасини қамраб олади", дея қайд этади сайт.
Бу ҳақда кейинчалик бошқа маҳаллий ва халқаро нашрлар ҳам хабар тарқатди.
Россия билан АЭС қурилиши манзарасида АҚШ билан янги ядровий ҳамкорлик?

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин 4 июн куни Ўзбекистондаги интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блоки қурилишини бошлаб берди, деб хабар қилган эди Мирзиёев матбуот хизмати.
Лойиҳага старт 2025 йил июн ойида Ўзбекистон президентининг Россия президенти таклифи билан Санкт-Петербургга амалий ташрифи ва 29-Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (SPIEF) доирасида берилган эди.
Маросим онлайн тарзда ўтказилган ва унда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэл Гросси ҳам иштирок этган эди. Мирзиёев лойиҳани қўллаб-қувватлагани учун Путин ва Гроссига миннатдорлик билдирган.
Россиянинг "Росатом" ширкати билан имзоланган келишувга кўра, Жиззахнинг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қурилиши режалаштирилган Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси жами 330 мвт қувватга эга олти реактордан иборат бўлиши айтилди.
2025 йил октябр ойига келиб "Росатом" АЭС қурилишининг дастлабки босқичи бошланганлигини маълум қилган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг технологик, саноат ва илмий тараққиётида янги босқични бошлаб беради ҳамда мамлакатда атом энергетикаси соҳасига асос солади.
Газета.uz келтиришича, Владимир Путин Россия Ўзбекистонга атом станцияси қурилиши учун имтиёзли экспорт кредити тақдим этишини маълум қилган эди.
Бу ҳамкорлик қўллаб-қувватлаш реактор ёқилғисини узоқ муддатли етказиб бериш, сервис ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, ишлатилган ядровий материаллар билан ишлашни ҳам ўз ичига олади.
Петербургда бўлиб ўтган музокараларда Мирзиёев ва Путин Ўзбекистон-Россия стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
BBC Ўзбек ижтимоий тармоқларида қандай фикрлар билдирилмоқда?

Сурат манбаси, Rasmiy
АЭС лойиҳаси Ўзбекистонда нафақат экспертлар ва расмийлар, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам фаол муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия билан ҳамкорликда қурилаётган атом электр станцияси ҳамда унинг хавфсизлиги масаласи ижтимоий тармоқларда турли баҳсларга сабаб бўлган.
BBC Ўзбекнинг "Ўзбекистонда АЭС: Тарихий қадам ёки таваккал?" мавзусидаги видеоси остида ҳам турли фикрлар билдирилган. Айрим кузатувчилар лойиҳани мамлакатнинг энергия хавфсизлиги учун муҳим деб баҳолаган бўлса, бошқалар экологик ва хавфсизлик масалалари бўйича хавотирларини билдирган.
Масалан, бир кузатувчи шундай ёзган: "Энди сув йўқ бутунлай бўлади. Арал ўлди, энди Амударё ва Сирдарё ўлади. Бекор иш қиляпти Шавкат [Мирзиёев ], қуёш батарея ва шамол станцияси арзонку, сув ҳам керак эмас совутиш учун".
Айрим кузатувчилар эса атом энергетикасининг эҳтимолий хавфлари ҳақида огоҳлантирмоқда. Масалан, Gulbahor Umarova исми билан изоҳ ёзган кузатувчи шундай ёзган: "АЭС хавфли... Чиқиндиси ҳам зарарли".
Бошқа кузатувчилар эса лойиҳани қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг айримлари атом электр станцияси Ўзбекистоннинг ортиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаб, ядровий энергетика кўплаб ривожланган давлатларда қўлланилишини эслатган.
BBC Ўзбекнинг мазкур мавзудаги видеоси остида бир фойдаланувчи шундай ёзган: "Вой, жуда зўр-ку. Битта АЭС бир нечта ГРЭСдан самарали электр энергия ишлаб чиқаради. Бунинг нимаси ёмон? Кейин биз XXI асрда яшаяпмиз. Ҳозир дунёда ривожланган давлатларда АЭСлар кўп-ку. Кейин бу АЭС, менимча, янги, ҳимояланган ва одамларга зарари бўлмаса керак. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистон равнақи учун...".

Сурат манбаси, ЎзАтом
АЭСни қўллаб-қувватловчилар орасида атом энергетикасини барқарор электр манбаи сифатида кўрувчилар ҳам бор. Масалан, Akhmed Yusupov исми билан изоҳ ёзган кузатувчи шундай деган: "Энг барқарор энергия АЭС. Одамлар ваҳима қиладиган даражада хавфли эмас".
Айрим BBC Ўзбекнинг ижтимой тармоқларда кузатувчилари эса АЭС қурилишини Ўзбекистоннинг энергетик эҳтиёжлари билан изоҳламоқда. Уларга кўра, мамлакат аҳолиси ва иқтисодиёти ўсиб бораётган бир пайтда янги энергия манбаларига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Масалан, Abdujalil Teshabaev исми билан изоҳ қолдирган кузатувчи шундай ёзган: "Дунёнинг ҳар бир ривожланган давлатида АЭС бор! Нега Ўзбекистонда қурилса Чернобил эсга олинвотди? Ўзбекистон АЭС қуришга мажбур! Негаки на нефт кўп, на сув кўп бизда!".
Изоҳларда лойиҳани мамлакатнинг энергетик келажаги учун муҳим деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп. Улар атом энергетикасини барқарор электр манбаи сифатида баҳолар экан, қурилиш ва эксплуатация жараёнларида юқори хавфсизлик стандартлари ҳамда малакали мутахассислар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда. Шу каби фикрни билдирган кузатувчилардан бири, Абдуғафур Сатимов исми билан изоҳ қолдириб, "Энергия бўлмаса, ривожланиш бўлмайди", деб ёзган.
Шу билан бирга, муҳокамаларда АЭСнинг ўзига эмас, балки унинг қайси давлат билан ҳамкорликда қурилаётганига оид саволлар ҳам кўтарилган. Шухрат Авезов исми билан изоҳ ёзган кузатувчи: "АЭС керак, лекин Россия билан эмас", деган бўлса, Сайфуллахон Махмудов исми билан изоҳ қолдирган кузатувчишундай деди, "Шуни Япония қурса ишонардим".
Унинг изоҳига жавоб қайтарган Sherzod Karim исми билан изоҳ ёзган кузатувчи эса Фукусима АЭСида 2011 йилда юз берган ҳодисани эслаб, атом энергетикасида мутлақ хавфсизлик бўлмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг сейсмик фаол ҳудудда жойлашганини ва лойиҳанинг иқтисодий ҳамда хавфсизлик жиҳатларига оид хавотирлари мавжудлигини билдирган.
"Ижод" номи остида ёзилган изоҳда эса АЭСнинг иқтисодий аҳамиятига урғу берилган. Унда шундай дейилади, "АЭС қурилиши тезлашади, Ўзбекистон янада ривожланиб кетади. АЭСдан фақат Ўзбекистон фойдаланиб қолмай, қўшни республикаларга электр қуввати сотилади, иқтисодий фойда оламиз. Ва яна АЭС Россия харбий базаси томонидан қўриқланса , бу АЭС ва мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлайди. Бу мен, оддий фуқаронинг фикрлари".
Bekjon Jumaniyazov исми билан изоҳ ёзган кузатувчи лойиҳани қўллаб-қувватлаб, "АЭС керак", деб ёзган. Унинг изоҳига муносабат билдирган Laziz Yodgorov исми билан изоҳ ёзган кузатувчи эса АЭС қурилишининг эҳтимолий салбий жиҳатларига эътибор қаратган. У сув тақчиллиги шароитида реакторларни совутиш учун сув сарфи, ҳудуднинг сейсмик фаоллиги, Россияга технологик қарамлик, лойиҳанинг юқори қиймати ва радиоактив чиқиндиларни сақлаш масалаларини асосий хавотирлар сифатида тилга олган.
Жумалдан, "Трансчегаравий ва ижтимоий хавотирлар қўшниларнинг муносабати: Жиззахдаги АЭС майдони Қозоғистон чегарасига (Чимкент ва Туркистон вилоятларига) анча яқин жойлашган. Агар бирор кўнгилсизлик юз берса, радиация трансчегаравий муаммога айланади. Бу қўшни давлатлар билан ижтимоий ва сиёсий келишмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин", деди у.
Коррупция хавфи ҳақидаги фикрлар ҳам билдирилган. @JAKHONGIRTANIRBERGENOV исмли фойдаланувчи АЭС қурилишининг техник жиҳатларидан кўра маблағларнинг шаффоф сарфланиши муҳимроқ эканини таъкидлаб, "Энг муҳими, қурилиш учун берилган пулнинг кўп қисми коррупцияга кетиб қолмаслигини назорат қилиш зарур", деб ёзган у.
@ЗафарЭлмуродов-э9л номи билан изоҳ қолдирган кузатувчи эса шундай фикр билдирган: "АЭС бизга 30-40 йилга керак. Кейинчалик демонтаж қилишса бўлади".





























