Марказий Осиё давлатлари рубль истеъмолини чеклашга уриняптими?

Сурат манбаси, Getty Images
Қирғизистон Миллий банки нақд Россия рубли билан боғлиқ айирбошлаш операцияларида кузатилаётган муаммоларни банк жорий этмаганини маълум қилди. Бу ҳақда хусусий 24.kg ахборот агентлиги Миллий банкка таяниб хабар берди.
«Миллий банк 24.kg нашрига мамлакат тижорат банкларида Россия рублини қабул қилиш ва айирбошлаш билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Регуляторнинг таъкидлашича, операциялар шартларидаги ўзгаришлар Россия тижорат банкларининг хорижий банклардан, жумладан Қирғизистон банкларидан келган нақд рублларни қабул қилишда текширувларни кучайтиргани билан боғлиқ. Миллий банкнинг қайд этишича, минтақанинг бошқа давлатлари ҳам худди шундай муаммога дуч келган», — дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, қўшни Қозоғистонда бир қатор банклар кассаларда Россия рублини қабул қилиш учун комиссия жорий қилган, Арманистондаги айрим молия муассасалари эса нақд рубль билан операцияларни бутунлай тўхтатган.
Миллий банк «чекловлар фақат нақд Россия рубли билан амалга ошириладиган операцияларга тааллуқли эканини, нақдсиз тўловлар, жумладан пул ўтказмалари эса одатдагидек давом этаётганини» таъкидлади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Бу изоҳ аввалроқ Бишкекдаги «Дордой» бозори яқинида яшовчи бир фуқаро Россия рублини сомга алмаштира олмагани ҳақидаги хабарлар ортидан берилди. Хабарга кўра, у ҳудуддаги бирорта ҳам тижорат банки филиалида рублини айирбошлай олмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистонда барча банклар эмас, балки айрим тижорат банклари нақд Россия рублини қабул қилиш учун қўшимча комиссия тўловини жорий қилди.
Хусусан, Bank CenterCredit (BCC)да кассалар, терминаллар ва банкоматлар орқали нақд рубль қабул қилиш учун 5 фоиз комиссия белгилаган. Масалан, 100 000 рубль топширилганда — 5 000 рубль комиссия ушлаб қолинади.
Бу комиссия рублни сотиб олиш ёки айирбошлаш учун эмас, балки нақд рублни банк қабул қилиши учун жорий этилган. Сабаб — Россия банклари хориждан келган нақд рублларни қабул қилиш талабларини кескин кучайтиргани, натижада Қозоғистон банкларининг харажатлари ошган. Шу харажатларни қоплаш учун айрим банклар комиссия киритгани айтилмоқда.
Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда меҳнат мигрантлари ва савдо орқали катта миқдорда рубль тўпланади. Бу рубллар кейин Россияга қайтиб кириши керак, аксинча у Марказий Осиё банкларида тўпланиб, «музлаб» қолиши мумкин.
Нега Россияда назорат кучайтирилган?
Россия банклари буни рублнинг ўзига чеклов қўйиш учун эмас, балки хавфларни камайтириш ва халқаро санкцияларга риоя қилиш учун қилаётгани кузатилади.
Россия Марказий банки ўтган май ойида банкларга катта ҳажмдаги нақд пул операцияларида мижоз маблағларининг манбасини синчиклаб текширишни тавсия қилди. Бу пул ювиш ва бошқа ноқонуний молиявий операциялар хавфини камайтиришга қаратилгани айтилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Айни дамда буни санкциялар билан боғлиқ комплаенс билан ҳам изоҳлаш мумкин. Россияга қарши молиявий санкциялар кучайганидан кейин банклар ҳар бир трансчегаравий нақд пул операциясини янада эҳтиёткорлик билан текширмоқда. Бу санкцияларни четлаб ўтишга хизмат қилиши мумкин бўлган ўтказмалар хавфини камайтириш учун амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонга таъсир қилдими?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ҳозирча Ўзбекистонда Қирғизистон ёки Қозоғистондагидек кенг кўламли муаммо кузатилаётгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Марказий банк ҳам, йирик тижорат банклари ҳам нақд Россия рублини қабул қилишга чекловлар ёки қўшимча комиссиялар жорий этилганини эълон қилмаган.
Аммо бу Ўзбекистонга умуман таъсир қилмаяпти дегани эмас. Агар Ўзбекистон банки Россияга жуда катта ҳажмда нақд рубль юбормоқчи бўлса, Россия банкларининг текширувлари кучайгани сабабли операциялар секинлашиши ёки қимматлашиши мумкин.
Бу ҳолат асосан банкларнинг ўзаро ҳисоб-китоблари ва нақд пул логистикасига таъсир қилади. Оддий фуқаролар учун эса ҳозирча рубль–сўм айирбошлаш амалиёти одатдагидек давом этмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон банкларининг ўзлари ҳам сўнгги йилларда Россия билан боғлиқ операцияларда санкция хавфини ҳисобга олиб, комплаенс текширувларини кучайтирган. Аввалроқ айрим Россия тўлов тизимлари, жумладан, «Мир» билан ишлаш тўхтатилган эди. Бу ҳам халқаро санкциялар хавфини камайтиришга қаратилган чоралардан бири ҳисобланади.
Россиянинг ўзидаги вазият
Айни дамда, Россия Марказий банки маълумотларига қаралса, Россия иқтисодиётидаги нақд пуллар миқдори 2023 йил кузидан бери энг тез суръатларда ўсмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
2024 йил кузидан бошлаб Россияда нақд рубллар миқдори тобора ортиб бормоқда. Бу ҳолат Украина билан урушнинг бешинчи йилида, иқтисодий ўсиш секинлашган ва деярли барча фуқаролик соҳаларида турғунлик кузатилаётган бир вақтда содир бўлмоқда. Ҳозирча фақат ҳарбий-саноат мажмуаси ўсишда давом этмоқда.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга нақд рублларни Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларига олиб чиқиш тақиқланди. Истисно тариқасида бунга фақат халқаро аэропортлар орқали йўл қўйилади. Оддий фуқароларга эса 100 минг доллар эквивалентидан ошадиган миқдордаги нақд пулни олиб чиқиш тақиқланди.
Бу маблағларнинг бир қисми эҳтимол хорижга чиқиб кетмоқда, чунки ЕОИИ давлатларидаги айрим банклар июнь ойидан бошлаб нақд рублларни қабул қилиш шартларини кучайтира бошлади.
Ўтган март ойида Россия Марказий банки нақд пулга талаб ошишини мобил интернетнинг ўчирилиши билан боғлаган. Бу ўчиришлар 2025 йил баҳоридан бошлаб Украина дронлари ҳужумлари сабабли хавфсизлик чоралари сифатида амалга оширилаётгани айтилган.
Баъзи иқтисодчилар яна бир эҳтимолий сабабни қайд этмоқда: тадбиркорлар томонидан нақд пулга бўлган талаб ошган. Уларнинг фикрича, 2026 йилдан бошлаб ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ставкаси 20 фоиздан 22 фоизга оширилгани ва кичик бизнес фаолияти учун шартлар кучайтирилгани сабабли нақд пулга талаб янада тезлашган бўлиши мумкин.
Бу ҳолатда нақд пуллар солиқлардан қочиш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Масалан, айрим тадбиркорлар расмий ҳисоб-китобларни камайтириш, тушумнинг бир қисмини яшириш ёки норасмий тўловларни амалга ошириш учун нақд пулдан фойдаланиши эҳтимоли катта.
Нақд пулга талаб ошиши ҳар доим ҳам иқтисодиёт фаоллашганини англатмайди. Баъзан бу ишонч пасайиши, банк тизимига эҳтиёткорлик ёки яширин иқтисодиёт улуши ошиши белгиси ҳам бўлиши мумкин.





























