«Қайтар жойимиз йўқ»: Россия Украинанинг ишғол қилинган ҳудудлардаги мулкларни мусодара қилмоқда

- Author, Ярослава Кирюхина, Олга Робинсон, Кристин Жеванс, Мэтт Мерфи ва Яна Люшневская
- Role, BBC Рус хизмати BBC Verify билан ҳамкорликда
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Баптист руҳоний Игор Ивашчук 4 йил олдин Россия босиб олган Украинанинг Запороже вилоятидаги уйидан қочиб кетишга мажбур бўлган вақти, бир кун келиб қайтишга умид қилганди. Кетишдан олдин у узоқ йиллик дўстидан уйга кўчиб ўтишни ва қараб туришни сўради.
Лекин бир мунча муддат ўтиб дўсти Ивашчукка қўнғироқ қилди. Ҳарбий форма кийган бир киши уйга келиб, эгаси ҳақида сўраб, мулк ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилганини айтди. Шунда руҳоний Мелитополдаги уйини абадий йўқотган бўлиши мумкинлигини англаб етди.

Сурат манбаси, Игор Ивашчук шахсий архивидан
Ивашчук Мелитополни 2022- йили рафиқаси тиббий ёрдамга муҳтож бўлгани учун тарк этишга мажбур бўлганди.
Ўша пайтга келиб, қуролланган рус аскарлари маросим пайтида унинг черковига бостириб кириб, жамоатни даҳшатга солганди.
Руҳоний кейинги икки йилни Украинанинг бошқа бир ҳудудида ҳаётини қайта тиклашга сарфлади. Ўша вақтдаёқ у Россия босиб олинган ҳудудлардаги уйларни эгаллаб олиб, Россия фуқароларига қайта тақсимлаётгани ҳақидаги ҳикояларни эшитди.
Шунинг учун 2024-йил охирида уйига қараб туришни илтимос қилган дўстининг қўнғироғи у учун кутилмаган ҳолат эмасди. Бир неча ой ўтгач, унинг дўсти уйдан ҳайдаб чиқарилди ва Иавшчук 20 йилдан ортиқ вақт давомида ўз қўли билан таъмирлаган уйидан айрилди.

Сурат манбаси, Игор Ивашчук шахсий архивидан
Ивашчукнинг бошдан кечирган ҳикояси Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги минглаб шунга ўхшаш воқеалардан фақат биттаси. Москва Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запороже вилоятларида ўз назорати остидаги ҳудудларни бошқариш учун ўз амалдорларини тайинлаган.
BBC Verify ва BBC Рус хизмати томонидан ўтказилган текширув шуни кўрсатдики, 2024 йилдан бери Украина фуқароларига тегишли бўлган 34 002 та мулк, жумладан, квартиралар, уйлар ва дала ҳовлилари мусодара қилинган ёки Россия паспортига эга бўлганларга тақсимлаб берилган. Баъзи ҳолларда улар вақтинча маҳаллий амалдорларга - судьялар, ҳарбий хизматчилар ва давлат хизматчиларига ижарага берилган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Рўйхатларга офис ва меҳмонхоналар каби минглаб тижорат мулклари ҳам киритилган, аммо улар BBC ҳисоб-китобларига киритилмади.
"Эгасиз" мулклар ҳақидаги эълонлар Россия қонунларига мувофиқ Россия назоратидаги ҳудудлардаги кўчмас мулкнинг кенг кўламли инвентаризацияси манзарасида эълон қилинмоқда. Маҳаллий ҳокимият органлари вафот этган кўчмас мулк эгаларининг уйларини ўзлаштиргани ҳақидаги хабарлар Донбассда можаро 2014 йилда бошланганидан кейин ҳам пайдо бўлганди. Бироқ, Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг, бу жараён расмийлаштирилди: маҳаллий ҳокимият органлари бундай уй-жойларни "эгасиз" деб тан олишга имкон берувчи қоидаларни қабул қила бошладилар.
2025 йил август ойида Росреестр раҳбари Олег Скуфинский агентлик "янги ҳудудлар" деб номланган ҳудудларда Россия реестрига киритилмаган 550 000 та мулкни аниқлаганини эълон қилди. Кейинчалик уларнинг қанча қисми "эгасиз" деб тан олинганини аниқлашнинг иложи йўқ.
Мулкни қайта рўйхатдан ўтказиш 2024 йил сентябрь ойида бошланган ва Россия расмийлари уни 2026 йил охиригача якунлашни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, мулк эгалари Россия қонунларига мувофиқ ўз мулк ҳуқуқларини қайта рўйхатдан ўтказишлари шарт. Ишғол қилинган ҳудудлар аҳолиси буни 2023 йилдан бошлаб амалга оширишлари мумкин. Ҳужжатларни топшириш учун дастлаб 2026 йил 1- июлгача муҳлат берилди. Аммо кейинчалик бу муҳлат яна олти ойга, 2027 йил 1- январгача узайтирилди.
Украиналикларга уйларининг мусодара қилиниши ҳақида камдан-кам ҳолларда хабар берилади. Мулк эгалари ишғол қилинган ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимиятларнинг веб-сайтларидаги эълонларни шахсан кўриб чиқишга ва Россия расмийлари томонидан "эгасиз" ёки "эгасизлик белгилари кўрсатилган" уйлар қаторида ўзларига тегишли уй борми ёки йўқлигини ўзлари текширишга мажбурлар.
Ҳарбий ҳаракатлар туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлган украиналиклар ўз мулкларининг Россия назорати остига ўтишининг олдини олиш учун Россия паспортларини олишлари ва 30 кун ичида шахсан ишғол қилинган ҳудудларга қайтишлари керак. Бу жараён эса ҳибсга олиниш эҳтимоли ва Москванинг "Шереметево" аэропортида машаққатли хавфсизлик текширувидан ўтиш каби ҳолатга юз тутишни англатиши мумкин.


Мусодара қилинган мулклар орасида Мариупол чеккасида яшаган бир оиланинг уйи ҳам бор эди. Уй эгасининг қизи, биз уни ҳануз ишғол қилинган Украина ҳудудида яшаётган оила аъзоларини ҳимоя қилиш учун Иванна деб атаймиз, BBC Verify га берган интервюсида отаси онасига саратон касаллиги ташхиси қўйилганидан кейин уйни 15 йилдан ортиқ вақт давомида қурганини айтди.
"Шифокор онам энди Мариупол ҳавосидан нафас ололмаслигини, шунинг учун уни ўрмонга яқинроқ жойга кўчириш кераклигини айтди", деди Иванна. "Биз уйни қуриб бўлгач, онам вафот этди - лекин бу уй қалбимизга яқин оилавий манзилимиз бўлиб қолди."
Иваннанинг оиласи 2022-йилда кенг кўламли Россия босқини бошланганидан кўп ўтмай Мариуполдан қочиб кетишди. Аммо унинг бобоси ва бувиси ўша уйда қолишди. Бироқ, 2026-йил апрел ойида ишғолчи ҳокимият вакиллари уларга уй "эгасиз" уйлар рўйхатига киритилиши ҳақида хабар бериш учун келишди. BBC Verify қўлида уйнинг фотосуратлари бор, аммо Иваннанинг хавфсизлигини кафолатлаш йўлида уларни нашр этмасликка қарор қилди.
"Бу онам учун қурилган уй, у яшаган ва бу биз хотираларимизни баҳам кўрадиган жой - болалигим, оила сифатида бирга ўтказган вақтларимиз", дейди Иванна. "Мен у ерда ўзгалар яшаётганини тасаввур ҳам қила олмайман", дейди Иванна.
Иванна оиласининг ҳолати ягона эмас. Ишғол қилинган ҳудудларда кўплаб уйлар ва квартиралар "бўш" деб рўйхатга киритилган.

Лондондаги Россия элчихонаси ББCга ушбу чоралар "эгаларини аниқлаш ёки улар билан боғланиш мумкин бўлмаган турар-жой мулкларини бошқариш тартибларини белгилайди, шунингдек, қонуний эгалари кейинчалик ўз ҳуқуқларини қайтариб олсалар, компенсация тўлашни назарда тутади" деб айтди.
Украиналиклар мулкларининг мусодара қилиниши кўчаларни қайта номлаш кампанияси билан бир вақтда амалга оширилмоқда, бу эса Совет давридаги шахсларнинг номларини тиклашга қаратилган. Шу билан бирга, ишғолчи ҳокимият мактабларда украин тилида ўқитишни амалда тақиқлади.
Ивашчук бир вақтлар ваъзлар қилган черков биноси Россия Маданият вазирлигининг офисига айлантирилди ва ташқи кўриниши ўзгартирилиб, қайта бўялди. Бино пештоқи Россияпараст жангарилар тасвирланган фрескалар билан безатилди.

Сурат манбаси, George W. Bush Presidential Center
Британиянинг Chatham House таҳлил марказининг илмий ходими доктор Ярослава Барбиэри Россиянинг "демографик муҳандислик" стратегияси босиб олинган ҳудудларнинг ижтимоий ва сиёсий тузилишини ўзгартиришга, "уларнинг келажакда Украинага қайта интеграциялашувини сиёсий жиҳатдан номақбул ва амалда имконсиз қилишга" қаратилганини айтади.
"Ички сиёсат нуқтаи назаридан бу Кремлнинг мустамлакачилик оҳангини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Россия Федерациясининг ушбу кўпинча "янги минтақалар" деб аталадиган ҳудудларга кенгайиши амалга ошмоқда ва бу мамлакат манфаати йўлида қилинмоқда, дея тақдим этилади", дейди Ярослава Барбиэри.
Россия элчихонаси буни рад этиб, Украина расмийларини "русзабонларни мунтазам равишда тазйиқ остига олиш, рус тилида сўзлашувчи жамоаларнинг ҳуқуқларини бузиш ва уларнинг маданий ўзига хослигини йўқ қилишга уринишда" айбламоқда. Элчихона буни урушнинг "асосий сабаби" деб атади. Владимир Путин томонидан 2025 йил охирида имзоланган қонун Россия расмийлари томонидан босиб олинган ҳудудлардаги уйлари ҳарбий ҳаракатлар натижасида вайрон бўлган одамларни уй-жой билан таъминлаш усули сифатида тақдим этилмоқда. Ҳужжат "эгасиз мулк белгилари" бўлган уй-жойларга эгалик ҳуқуқини минтақавий ёки шаҳар ҳокимиятларига ўтказиш ва кейинчалик улардан шу мақсадларда фойдаланишга рухсат беради. Бироқ, фақат Россия фуқаролари, яъни Россия фуқаролигини қабул қилишга рози бўлганлар бундай уй-жойларни олишлари мумкин.
Бироқ, бу каби дастурнинг амалга оширилиши ҳатто бундай уй-жойларни олган баъзи Россия фуқаролари орасида ҳам саволлар туғдираётганга ўхшайди. Мариупол аҳолиси ўртасидаги Telegram чатларида одамлар уларга ажратилган квартираларнинг ҳақиқатан ҳам "эгалари йўқлигини" аниқлашга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин.

Украина ҳукумати можаро туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар, жумладан, уйлари мусодара қилинганлар учун товон тўлаш дастурига эга. Бироқ, BBC Verify билан суҳбатлашган кўплаб украиналиклар янги уй-жой топишда қийналаётганликларини айтишди. Миллионлаб кўчирилган одамларга ёрдам бериш учун мўлжалланган тизимда сусткашлик мавжуд.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан асл исми сир сақланган Мила асли Мариуполдан. Ҳозирда Европада яшайди. У Украина ҳукуматига квартирасига етказилган зарар ҳақида далилларни тақдим этгани, аммо жавоб олмаганини айтди. Миланинг сўзларига кўра, баъзи бадавлат украиналик хайриячилар бир нечта ярадор аскарларга алоҳида товон тўлашган, аммо унинг оиласи бундай ёрдамга ҳақли эмас.
"Мен ҳеч ким менга товон тўламаслигини англадим", деди Мила. "Биз уйсиз эмасмиз. Биз Украинада яшашни, уни қайта қуришни ва шунга ўхшаш оддий нарсаларни истайдиган одамлармиз, лекин бизнинг қайтиб борадиган жойимиз йўқ."
Иванна эса ҳозирда уйининг тақдири қандай эканлигини билмайди. Украинадан минглаб километр узоқликда яшаётган Иванна уйини қайта кўришга умиди камлигини айтади.
Агар Украина Россия томонидан босиб олинган улкан ҳудудларни қайтариб ололмаса, у болалиги ўтган уйдан мутлақо айрилиши воқеликка яқин эканлигини тан олади.
Ивашчук ҳам ҳозирда унинг уйида ким яшаётганини билмайди. Уйини йўқотгани унда қарама-қарши ҳис-туйғуларни уйғотишини тан олади. Унинг айтишича, масиҳий сифатида уйини ўзлаштириб олган ва дўстини ҳайдаб чиқарган одамни кечириши муҳим.
Бироқ, Ивашчук "ноқонуний" деб атаган, "ўз вазиятини бошқа бировнинг ҳисобига яхшилаш" истаги унинг учун саволлар туғдиришини ҳам айтади.
"Мен учун, тақводор сифатида, бу гуноҳ", дейди у.
ББC журналистик тадқиқоти методологияси:
ББC босиб олинган ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимиятларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган 516 та эълон ва оммага очиқ бўлган "эгасиз" ва "эгасизлик белгиларини кўрсатувчи" уй-жойлар реестрларини таҳлил қилди. Турар-жой бўлмаган тижорий манзиллар назарга олинмаган ва қолган манзиллар стандартлаштирилган. Бу ҳар бир алоҳида уйни фақат бир марта қайд қилиш имконини берди. Бу уй жараённинг бир неча босқичларида пайдо бўлган бўлса ҳам.
Шунингдек, ББC маҳаллий ҳокимият органлари кейинчалик рўйхатдан олиб ташлаган барча уйларни текширувдан чиқариб ташлади. Бу одатда эгаси мулкка эгалик ҳуқуқини шахсан тасдиқлаши мумкинлигини англатади.
Натижада 34 002 та манзил аниқланди. Улардан 14 308 таси Мариуполда, яна 19 694 таси босиб олинган ҳудудларнинг бошқа қисмларида.
Ҳар бир бино учун Google Хариталар, Yandex Хариталар ва қўлда текшириш ёрдамида географик координаталар аниқланган.





























