Биргина Орол денгизи эмас ёки Ўзбекистон табиати қанчалик хавф остида?

Амударёнинг қуйи оқими, саёзлик ва лойқа сув. Соҳилда бир бирига боғлаб қўйилган икки кўк қайиқ турибди.

Сурат манбаси, Getty Images/NataliaNaberezhnaia

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда қуриб бораётган сув ҳавзалари муаммоси фақатгина Орол билан чекланмайди.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистонда экологик муаммолар ҳақида сўз кетганда, аксарият одамлар аввало Орол денгизини эслайди. Бир вақтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл саналган бу сув ҳавзасининг қуриши Марказий Осиёнинг энг машҳур экологик фожиасига айланган. Бироқ муаммо фақат Орол билан чекланмайди.

Gazeta.uz нашри яқинда эълон қилган таҳлилий мақолада қуриётган кўллар, сувсизланаётган тўқай ўрмонлари ва яшаш муҳити хавф остига тушган жониворлар ҳақида сўз боради. Асосий эътибор Амударё делтасидаги сув-балчиқли ҳудудларга қаратилган.

Бир пайтлар бу ерларда кўллар, қамишзорлар ва тўқай ўрмонлари минглаб қушлар, балиқлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар учун табиий макон вазифасини ўтаган. Бугун эса сув танқислиги туфайли уларнинг бир қисми қисқариб, айримлари бутунлай йўқолиш хавфига дуч келган.

Экспертлар таъкидлашича, дарё сувининг барчасини инсон эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориш мумкин эмас. Сувнинг маълум қисми табиий экотизимлар, яъни кўллар, ботқоқликлар, тўқайлар ва улардаги ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун ҳам ажратилиши лозим.

Денгизкўл нега шўрлаб кетди?

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарманинг Aral Sea Wetlands лойиҳаси мутахассислари Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб уюштирилган экспедиция давомида бу муаммони ўрганишди.

Экспедициянинг биринчи манзили Бухородаги Денгизкўл бўлди. Илгари маҳаллий аҳоли уни улканлиги учун "денгиз" деб атаган. Кўл бир вақтлар 50 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлса, бугун ундан ярмигина сақланиб қолган.

Техника фанлари доктори ва Aral Sea Wetlands лойиҳасининг сув ресурслари бўйича раҳбари Малика Икромованинг айтишича, илгари Денгизкўл Амударёнинг тармоғи бўлган Зарафшон дарёси сувлари билан тўйинган. Ҳозир эса дарё суви кўлгача етиб бормайди.

Бугун Денгизкўл асосан экин майдонларидан туз ва минерал ўғитлар билан қайтиб келадиган коллектор-дренаж сувлари ҳисобига сақланиб турибди. Шу сабабли унинг суви шунчалик шўрланганки, у чучук сувли кўлдан кўра денгиз сувини кўпроқ эслатади. Қирғоқларда эса қалин туз қатлами пайдо бўлган.

"Бу каби сувларни қайтадан дарёга оқизиб юбормасдан, айнан Денгизкўлга йўналтириш оқилона ва муросали ечим ҳисобланади. Шу йўл билан биз бир томондан сув ҳавзасидаги сув сатҳини ушлаб турамиз, иккинчи томондан эса қуйи оқим бўйлаб оқаётган дарёлар сувининг сифати ёмонлашишининг олдини оламиз", - дейди Малика Икромова.

Муаллифлар таъкидлашича, бу аҳволга қарамай Денгизкўл табиат учун ҳали ҳам жуда муҳим. Ўзбекистонда қишлайдиган кўчманчи қушларнинг 40 фоиздан ортиғи, ўн минглаб ёввойи ўрдаклар, ғозлар ва бошқа қушлар айнан шу ерда қишлайди. Агар сув келмаса, уларнинг бошқа борадиган жойи қолмайди.

Ўзбекистоннинг рангли сунъий йўлдош тасвири.

Сурат манбаси, Getty Images/Planet Observer

Сурат тагсўзи, Йиллар давомида Марказий Осиёда сув тақсимотининг бир қоидаси устувор бўлиб келди: сув аввал экин майдонлари, саноат корхоналари ва шаҳарларга йўналтирилди.

Нега табиатга ҳам сув керак?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сув-балчиқли ҳудудлар оддий кўл ёки ботқоқ эмас. Улар сувни табиий сақлайди, ҳавони намлайди, қум ва туз чангларининг тарқалишини чеклайди ҳамда юзлаб ўсимлик ва ҳайвон турлари учун яшаш муҳитини таъминлайди.

Амударё делтасидаги бундай ҳудудлар ўнлаб йиллар давомида минглаб кўчиб юрувчи қушлар учун дам олиш ва ин қуриш маскани бўлиб келган. Бу ерларда балиқчилик, қамишчилик ва бошқа табиий ресурсларга асосланган турмуш тарзи ҳам шаклланган.

Экологлар фикрича, бу ҳудудлар нафақат табиат, балки инсонлар учун ҳам муҳим. Улар иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш, сув режимини барқарорлаштириш ва маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.

Йиллар давомида Марказий Осиёда сув тақсимотининг бир қоидаси устувор бўлиб келди: сув аввал экин майдонлари, саноат корхоналари ва шаҳарларга йўналтирилди. Табиат эса фақат ортиб қолган сувдан фойдаланарди.

Мутахассислар айтишича, бундай ёндашув табиий экотизимларга жиддий зарар етказади. Агар дарёлардаги сувнинг барчаси қишлоқ хўжалиги ва бошқа эҳтиёжлар учун олиб қўйилса, кўллар қурийди, тўқайлар йўқолади ва улар билан бирга бутун озиқ занжири издан чиқади.

Шу боис 2025 йилда Ўзбекистон Сув кодексига илк бор "экологик оқим" тушунчаси киритилди. Бу тамойилга кўра, дарёлардаги сувнинг муайян қисми инсон эҳтиёжларидан ташқари, табиий экотизимларни сақлаб қолиш учун ҳам ажратилиши шарт.

Бироқ мутахассислар бу ғояни амалда татбиқ этиш осон эмаслигини таъкидлайди. Чунки сув ресурслари қишлоқ хўжалиги, ичимлик суви таъминоти, энергетика ва саноат учун ҳам ҳаётий аҳамиятга эга. Шунинг учун сув тақсимоти экологик, иқтисодий ва ижтимоий манфаатлар кесишадиган масала ҳисобланади.

Rasmiy
E’tiboringizni yana bir bor Orol dengizi qurishining halokatli oqibatlariga qaratmoqchiman. Orolbo‘yi hududi ekologik fojianing markaziga aylandi.
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston prezidenti -- 23.09.2020

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Орол денгизининг қуриши оқибатида минтақа "экологик фожиа маркази"га айланганини таъкидлаган.

"Эътиборингизни яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратмоқчиман. Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Биз мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз", – деган президент Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилишни таклиф этган.

Бу ташаббус асосида БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йил 18 май куни Оролбўйини "экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" деб эълон қилувчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Ҳужжатга 50 дан ортиқ давлат, жумладан Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ҳаммуаллифлик қилган.

БМТ ва Ўзбекистон ҳукумати маълумотларида, резолюция қабул қилинганидан кейин Оролбўйида экологик инновациялар, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитни тиклашга қаратилган қатор лойиҳалар бошлангани айтилган.

Сув етишмаслиги нимани ўзгартирмоқда?

Мақолага кўра, сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиёда сув ресурсларига босим кучайган. Аҳоли сонининг ўсиши, суғориладиган ерлар майдонининг кенгайиши ва иқлим ўзгариши натижасида Амударё сувидан фойдаланиш ҳажми ҳам ортиб борди.

Бунинг оқибатида дарёдан ажралиб чиқадиган айрим кўлларга етиб борадиган сув ҳажми камайди. Натижада сув сатҳи пасаймоқда, қамишзорлар қуримоқда ва айрим жойларда бутун бошли экотизимлар ўзгариб бормоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиат ҳам маълум миқдорда сувга муҳтож. Агар дарёдаги сувнинг барчаси иқтисодий эҳтиёжлар учун сарфланса, экологик тизимларни сақлаб қолиш тобора қийинлашади.

Яшил воҳадан саробгача

Экспедициянинг кейинги манзили Қизилқум қўриқхонаси бўлди. Бу ерда жазирама чўл билан қалин тўқай ўрмонлари ёнма-ён жойлашган. Уларда сақланиб қолган чўл тераги минг йиллардан бери яшаб келаётган ноёб табиий мерос ҳисобланади.

Аммо дарё сувининг камайиши туфайли бу яшил ўрмонлар ҳам аста-секин қуриб, чўлга айланиб бормоқда.

Сув режимидаги ўзгаришлар энг аввало ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир қилади. Қамишзорлар қисқариши қушларнинг ин қуриш имкониятини чеклайди, сув танқислиги балиқлар кўпайишига салбий таъсир кўрсатади. Тўқайзорлар эса кўплаб сутэмизувчилар ва қушлар учун ягона яшаш муҳити ҳисобланади.

Ўрмонда дарахтлар ортидан икки бухоро буғуси камерага қараб турибди.

Сурат манбаси, Getty Images/Jeff Kingma

Сурат тагсўзи, Бухоро буғуси ноёб ҳайвон турига киради.

Тўқай ўрмонларининг қисқариши ҳамда Бухоро буғуларини қайта тиклаш ишлари ҳақида гапирган қўриқхона директори Мирзагали Қиличев ҳудуддаги ўзгаришларни шундай эслайди:

"1970-йилларда атрофдаги тўқайзорлар пахта майдонларига айлантирилиб, 60 километрлик ўрмондан бор-йўғи 20 километрлик ҳудуд қолди. Дарахтлар кесилгач, Амударё қирғоқларни емира бошлаб, илгари уч километр узоқда бўлган дарё қишлоғимизга қадаб келди. Шунга қарамай, асраб қолинган ўрмоннинг кенгайиши туфайли камёб буғулар популяциясини тиклашга эришдик. Мен 1997 йилда инспектор бўлиб иш бошлаганимда бор-йўғи 6 бош бўлган буғулар сони бугунга келиб 300 тага етди".

Экологлар био-хилма-хилликнинг йўқолиши бир зумда эмас, балки босқичма-босқич содир бўлишини таъкидлашади. Аввал айрим турлар камаяди, кейин озиқ занжири ўзгаради ва охир-оқибат бутун экотизимнинг барқарорлиги издан чиқиши мумкин.

Эриётган музликлар

Марказий Осиёдаги сув ресурслари ҳолати тоғлардаги музликлар билан ҳам бевосита боғлиқ. Амударё ва Сирдарёни тўйинтирадиган музликларнинг катта қисми Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашган.

Қирғизистон Геология институти ва БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, мамлакатдаги музликлар майдони 1940–1970 йиллар билан таққослаганда ўртача 16 фоизга қисқарган. Айрим ҳавзаларда бу кўрсаткич янада юқори: Талас дарёси ҳавзасида музликлар майдони 47 фоиз, Чу ҳавзасида эса 28 фоиз камайган. Мутахассислар иқлим ўзгариши натижасида бу жараён Марказий Осиёнинг сув таъминотига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди.

Қирғизистонлик музликларни ўрганувчи олим Гулбара Оморова Адигене музлиги яқинидаги кўл бўйида турибди. 2024 йил, июл ойи.

Сурат манбаси, Getty Images/Arseniy Mamashev

Сурат тагсўзи, Музликларнинг эриши Марказий Осиёнинг сув таъминотига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкинлиги башорат қилинади.

Тожикистонда ҳам музликларнинг қисқариши кузатилмоқда. Мамлакат ҳукумати ва халқаро ташкилотлар Памир тоғларидаги музликларнинг эриши келажакда минтақа дарёлари оқимига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида бир неча йилдан буён огоҳлантириб келади. Жаҳон банки прогнозларига кўра, аср охирига бориб Марказий Осиё музликлари ҳажмининг ярмидан кўпроғини йўқотиши мумкин.

Келажак қандай бўлади?

Ўзбекистонда Оролбўйини тиклаш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва сув экотизимларини муҳофаза қилишга қаратилган қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Бироқ мутахассислар бу ишлар узоқ муддатли ёндашувни талаб қилишини таъкидлайди. Мақолада айтилишича, экологик муаммоларнинг катта қисми бир давлат доирасида ҳал этилмайди. Амударё бир нечта мамлакат ҳудудидан оқиб ўтади ва унинг сув ресурсларини бошқариш минтақавий ҳамкорликни талаб қилади.