Ўзбекистонда нечта лочин қолди?

Ўзбекистон Экология ва Иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари лочинларни табиатга қўйиб юбораяптилар

Сурат манбаси, O'zbekiston Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasi

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Экология ва Иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари контрабандачилар қўлидан мусодара қилинган лочинларни табиатга қўйиб юборадилар
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бу ташвишли савол бугун нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни ҳам ўйлантираяпти.

Чунки бу ёввойи йиртқич қушларнинг сони камайиб бораётгани кузатилаяпти, имкони борича уларни асраб-авайлаш, сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинаяпти.

Шунинг учун биргина лочиннинг тухум қўйиши катта воқеага айланмоқда, она лочиннинг тухум қўйиши, полапонларининг тухумдан чиқиши кечаю-кундуз видео тасвирга олиб қаттиқ кузатиладиган бўлди.

Шунинг учун ҳам Қозоғистонда 34 лочин очиқ табиатга қўйиб юборилгани халқаро оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушди.

"Биз (Қозоғистонда) 1980-90 йиллари лочинларнинг сони маълум бир сонда бўлганини биламиз. Бугунга келиб уларнинг балки 20-30 фоизи қолган бўлиши мумкин. Яъни, бугунги вазифа – 70, 80 фоизни қандайдир йўллар билан қайта тиклашдан иборат", дейди Олма-Ота шаҳридаги "Шунқор" ёввойи қушларни асраш марказининг директори Ашот Анзоров.

Бу дегани, 40 йил олдин Марказий Осиёнинг улкан тоғлари ва саҳролари узра парвоз қилиб юрган 100 лочиннинг атиги 20 ёки 30 таси тирик қолди, деганидир.

Кўплаб мамлакатларнинг Қизил Китобларига киритилгани ҳам дунёнинг энг тезучар қуши сони камайиши олдини ололмаган.

Лочин, шунқор, итолғи

Лочин

Сурат манбаси, gazeta.uz

Дунёда Лочинсимон қушлар (Faeconidae) оиласининг 58 тури мавжуд бўлиб, шундан Лочин (Falco peregrinus) нинг 20 дан ортиқ кенжа тури яшайди.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси шундай маълумот беради:

"Ўрта Осиёда саҳро лочини ва тундра лочини учрайди. Саҳро лочини ўтроқ яшайди; тундра лочини фақат қишлаш учун учиб келади. Моногам. Уясини томик ва жарли жойларга қуради. Апрел-майда 2—3 та тухум қўяди. Болалари мустақил учадиган бўлгунча ота-онасининг қарамоғида бўлади. Қушлар ва бошқалар билан озиқланади. Саҳро лочини ва тундра лочини қушларни овлашга ўргатилади".

Ўзбекистон Экология ва Иқлим ўзгариши миллий қўмитасига кўра, бугун Ўзбекистонда лочиннинг учта тури яшайди: Балобан лочини (Falco cherrug), Сапсон лочини(Falco peregrinus) ва Шаҳин лочини (Falco pelegrinoides).

Балобан лочини Итолғи ёки Шунқор деб ҳам номланади.

Лочин

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сапсон (Falco peregrinus) дунёнинг энг тез қуши ҳисобланади.

У ўлжасига ташланган пайтида тезлигини 322–390 км/соатгача оширишга қодир бўлади.

Ўзбекистонда уя қурадиган лочин турлари ичида Итолғининг тахминий сони 130–150 жуфт деб кўрилади.

Кўчиб юрадиган (миграцион) қушлар сони 450–700 бош, дея маълумот беради Ўзбекистон Экология ва Иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Йил мавсумига қараб айрим лочинлар иссиқ ўлкаларга учиб ўтадилар, уларнинг шимоли-шарқий Хитойдан марказий Европагача бўлган масофани босиб ўтганлари аниқланган.

Қозоғистонга лочинлар сонини кўпайтиришга ёрдам бераётган Саудия Арабистонининг давлат назоратидаги "Саудия Лочин клуби"(Saudi Falcons Club) Вице-президенти Аҳмад Фаҳд ал-Ҳабабий айтишича, қушларнинг миграция йўлида жойлашгани учун ҳам очиқ табиатга қўйиб юбориш макони сифатида Қозоғистон ҳудудини танлаганлар.

Аҳмад Фаҳд ал-Ҳабабий

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Саудия Лочин клуби" Вице-президенти Аҳмад Фаҳд ал-Ҳабабий илк 34 лочинни Қозоғистонда очиқ табиатга қўйиб юбориш тадбирида иштирок этди

"Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қозоғистон ҳудуди лочинларнинг уя қўядиган жуда муҳим жойларидан биридир. Лочинлар бевосита шу ерга ин қўядилар, шунингдек, яна бир неча омиллар лочинларнинг Қозоқ экотизимида тирик қолиб яшаб кетишларига ҳисса қўшади", дейди Saudi Falcons Club вице-президенти.

Кейинги уч йил мобайнида Саудия ва Қозоғистон расмийлари ҳар йили 35 тадан 45 тагача лочинни очиқ табиатга қўйиб юборишни режалаштираяптилар.

Лочинларга GPS мосламаси ўрнатилиб, улар қуёш нуридан қувват олади, бу мосламалар ёрдамида қушнинг қаердалигини аниқлаш мумкин.

Аммо бу мослама қиммат туради.

Бошқа кўп ёввойи жониворлар сингари лочинларнинг ҳам сони камайиб кетишига бир неча омиллар сабаб бўлган.

Улардан асосийси, инсон уй-жой қуриш ёки деҳқончилик мақсадида ҳайвонлар яшаб келган ерларни ўзлаштириши.

Кейинги муҳим сабабларидан бири, браконерлик.

1990 йилларга солиштирганда, бутун Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида лочинлар камайиб кетишига Яқин Шарқдаги Араб мамлакатларида лочин овига катта қизиқиш ва талаб сабаб бўлган.

Ўзбекистон чегарасидаа ушланган, боғланган ва ерга ётқизиб қўйилган лочинлар

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон божхоначилари ва чегарачилари мунтазам лочинлар контрабандаси олдини оладилар

Бу томони Россия, Афғонистон, Покистон, нариги тарафи Европа мамлакатларигача, лочинни яшириб Араб мамлакатларига олиб чиқиб мўмай пулга сотиш ҳаракатлари шу кунгача ҳам тингани йўқ.

Лочин Қирилиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи фауна ва флора турлари халқаро савдо Конвенцияси - CITES га киритилган, савдоси қаттиқ назорат остига олинган.

Шунга қарамасдан, сохта ҳужжатлар бир мамлакатдан иккинчисига олиб чиқиш ҳаракатлари кўп учрайди.

Агар қора бозорда 1990 йилларда битта лочин 5000-10000 АҚШ долларига баҳоланган бўлса, бугунга келиб кузатувчилар уларнинг баҳоси 10 минг доллардан бошланишини айтадилар.

Қонуний ким ошди савдоларида бир шунқор 90 минг АҚШ долларига, жуда ноёб ҳисобланадиган Оқ Шунқор(Falco rusticolus) 2021 йили Саудия Арабистонидаги аукционда 466 минг долларга сотилган.

Ўзбекистон лочинларини қандай асраяпти?

Tugan Falconry Club и раҳбари Денис Цой
Сурат тагсўзи, Тошкентдаги Tugan Falconry Club и раҳбари Денис Цой очиқ табиатга 110 дан ортиқ лочинни қўйиб юборганларини айтади

Ўзбекистонда лочин ноёб қуш бўлиб бораётгани эътироф этилади, борини асраб-авайлаш, сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинаяпти.

Аммо Ўзбекистондан лочинларни тутиш, тутқунликда асраш ва контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетишга уриниш ҳаракатлари тўхтамаяпти.

Расмийлар кенг жамоатчиликни лочинларни асраш мақсадидаги тарғибот ишлари муҳимлигини урғулайдилар.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билдиришича, ёввойи табиатда лочинларни ноқонуний тутиб олиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида комплекс идоралараро тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, божхона ва чегара назорати пунктларида текширувлар кучайтирилган, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида лочинларни сотиш билан боғлиқ эълонлар мониторинг қилинмоқда ҳамда бошқа тезкор чоралар кўрилмоқда.

Ушбу чоралар лочинларни ноқонуний сақлаш, савдоси ва контрабандасини аниқлаш ҳамда олдини олишга қаратилган.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 2014 йилдан буён лочин турларини сақлаб қолишга ихтисослашган Tugan Falconry Clubи фаолият юритаяпти.

Ушбу клуб лочинларни кўпайтириш, браконерлар ва контрабандачилардан олиб қўйилган қушларни реабилитация қилиш ҳамда уларни табиий яшаш муҳитига қайтариш билан шуғулланади.

Клуб асосчиси ва раҳбари Денис Цойнинг Би-би-сига айтишича, шу бугунгача 110 дан ортиқ лочинни очиқ табиатга қўйиб юборганлар.

Ўзбекистонда табиатга қўйиб юборилаётган лочинлар

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Табиатга қўйиб юборилганидан кейин ҳам лочинларнинг омон қолишини кузатиш талаб қилинади.

Маълумки, Ўзбекистон узоқ йиллардан буён Араб мамлакатларидан келадиган лочин ови ишқибозлари учун ов макони тақдим этиб келади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига кўра, республика ҳудудида бундай ов фақат чекланган ҳажмда рухсат этилади ва қатъий назорат остида амалга оширилади.

Мазкур ов тури билан асосан Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар давлатларидан келган овчилар шуғулланадилар.

Улар лочинлар ёрдамида йўрға тувалоқларни (дрофа-красотка) ҳамда бошқа овланадиган турларни махсус рухсатномалар асосида ва фақат ажратилган ҳудудларда овлайдилар.

Миллий қўмитадан Би-би-сига айтишларича, Араб овчилар фақат ов билан шуғулланмасдан, лочинлар овлайдиган туволоқлар сонини кўпайтиришга ҳам ёрдам бераяптилар.

Бугун Ўзбекистонда тувалоқлар сонини кўпайтириш мақсадидаги учта питомник фаолият юритаяпти ва улар ҳар йили 9000 тувалоқни табиатга қўйиб юборадилар.

Йўрға тувалоқларни кўпайтириш ишлари Бирлашган Араб Амирликларига қарашли марказлар томонидан амалга оширилади: Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган "Emirates Bird Breeding Center for Conservation" ҳамда Навоий вилоятида жойлашган "Emirates Center for Conservation of Houbara".

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига кўра, мазкур марказларда қушлар сунъий йўл билан кўпайтирилади ва 2007 йилдан буён уларнинг табиий популяциясини тиклаш ишлари амалга оширилаяпти.

Иқтибос

Бирлашган Араб амирликлари расмийлари Ўзбекистон расмийлари билан лочинларни рақамли паспортлаш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилганлари хабар қилинди.

Tugan Falconry Club и раҳбари Денис Цой айтишича, Ўзбекистонда лочинларни кўпайтиришга ихтисослашган замонавий реабилитация маркази ташкил этилиши худди Қозоғистондагидек бу йиртқич қушлар сонини кўпайтиришга ёрдам берган бўларди.

"Одатда контрабандачилар қўлидан лочинлар жуда силласи қуриган ҳолатда тортиб олинадилар. Қушларни антисанитария вазиятида сақлаган бўладилар. Уларни соғайтириш, оёққа турғазиш қийин, қиммат жараёнга айланади", дейди Денис Цой.

Лочин йиртқич қуш, уни гўшт билан боқиш талаб қилинади.

"Тошкент ҳайвонот боғи тавсиясига кўра, бир лочинга бир кунда 250 грамм гўшт бериш керак. Бугун бир лочинни сақлаш 100 минг сўмга тушади", дейди Tugan Falconry Club таъсисчиси.

Ўзбекистондаги аксар табиат муҳофизлари лочинларни асрашга ҳам давлат ресурсларини, ҳам табиатсеварлар ҳаракатларини ва ҳам хориждаги тажрибали ташкилотлар ҳамкорлигини жамлаш лозим деб ҳисоблайдилар.