Ўзбекистон ва минтақа. 35 йиллик мустақиллик. Ким қаерда? Видео

Сурат манбаси, Rasmiy/Sultan Dosaliev
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Марказий Осиёнинг беш давлати танлаган иқтисодий ва сиёсий йўллар мустақиллик йилларида ўзини қанчалик оқлади?
1991 йилнинг кузида Совет Ўрта Осиёси ўрнида бешта мустақил давлат пайдо бўлган. Улар энди Марказий Осиё деб аталади. Бир сиёсий тизимдан чиққан мамлакатлар мустақил ҳаётни бир вақтда бошлаган бўлса-да, босиб ўтган йўли, эришган ютуқ ва етган манзиллари бир-биридан фарқ қилади.
Кимдир табиий бойликларга таянди. Кимдир давлатнинг иқтисодиётдаги кучли назоратини сақлаб қолди. Бошқаси эркинлик ва сиёсий ўзгаришлар томон юз бурди. Яна бири уруш ва беқарорликлардан ўтишга мажбур бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бир нуқтадан бошланган бешта йўл
1991 йил 31 август куни Қирғизистон парламенти минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб мустақиллик декларациясини қабул қилди. Шу куни Ўзбекистон ҳам мустақиллигини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай Тожикистон, Туркманистон ва ниҳоят Қозоғистон ҳам эркин давлатлар қаторига қўшилди.
"Марказий Осиё мамлакатлари бир йилда мустақилликка эришиб, озодликни бир нуқтадан бошлагандек туюлади. Барчасининг ўзига ҳос тарихи бор. Бироқ мустақилликка эришилганда ҳаммаси ҳам бир хил старт имкониятга эга эмас эди" – дейди Бишкеклик таҳлилчи Руслан Ақматбек.

Сурат манбаси, Getty Images
Совет Иттифоқидан кейин янги давлатлар олдида турган асосий вазифалардан бири иқтисодиётни қайта қуриш эди.
"Совет Иттифоқидан Марказий Осиё давлатларига инқирозга учраган режали иқтисодиёт мерос қолди. У ўз самарасини йўқотган, бозор муносабатларига ўтиш зарур эди, аммо буни қандай амалга ошириш кераклиги аниқ эмасди. Шу билан бирга, давлатлар малакали кадрлар ва мамлакат ҳудудини назорат қилиш имконига эга бўлган кучли бошқарув аппаратини ҳам мерос қилиб олди. Бу иқтисодий инқироз узоқ давом этганига қарамай, ўтиш даврида маълум даражада барқарорликни сақлаш ва давлатларнинг парчаланиб кетишига йўл қўймасликка хизмат қилди. Буни ижобий жиҳат деб баҳолаш мумкин" – деди BBC билан суҳбатда сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.
Қозоғистон: ресурслардан иқтисодий устунликка
Кузатувчилар фикричи, иқтисодий ривожланиш йўлларидаги фарқлар Қозоғистон мисолида яққол кўринади. Мамлакат нефт ва газга таяниб, минтақадаги энг йирик иқтисодиётга айланди. Энди эса энергетикадан ташқари соҳаларни ҳам ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
"Асосан Қозоғистон ўз иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва уни бозор муносабатларига ўтказишни бошлади. Бу биринчи ва иккинчи ўн йилликлар охирига келиб ўз самарасини берди. Қозоғистон иқтисодий ривожланиш борасида кескин илгарилаб кетди, чунки у ерда бозор иқтисодиёти бошқа мамлакатларга қараганда, айниқса, Ислом Каримов ислоҳотлар билан пайсалга солиб, уларни ҳақиқий маънода ўтказмаган Ўзбекистонга қараганда тезроқ ишлай бошлади," – дейди Илҳомов.
Мустақиллик йилларида пойтахт Олмотадан Остонага кўчирилди ва мамлакатнинг янги сиёсий маркази қурилди. 35 йил давомида президент ҳокимияти ҳам бир марта алмашди. 2022 йилги Январ воқеалари эса мамлакатнинг мустақиллик тарихидаги энг қонли сиёсий инқирозлардан бири бўлиб қолди.

Ўзбекистон: узоқ ёпиқликдан очиқликка
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки чорак асрида бошқачароқ йўлни танлади. Узоқ йиллар давомида иқтисодиётда давлатнинг роли кучли бўлиб қолди. Сиёсий ва иқтисодий тизим ҳам нисбатан ёпиқ эди. Бу ҳолат 2016 йилда, биринчи президент Ислом Каримов вафотига қадар давом этди.
"Кучли давлат бошқаруви аппарати омилидан энг кўп фойдаланган раҳбар Ислом Каримов бўлди. СССР парчаланганидан кейинги илк йилларда, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон аҳолининг муайян турмуш даражасини таъминлай олди. Бунга марказлашган аппарат, режали иқтисодиётнинг муайян элементлари ҳамда кичик миқёсдаги бозор иқтисодиёти тамойилларини сақлаб қолиш орқали эришилди" – дея сўзини давом эттирди Алишер Илҳомов.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистон сўнгги йилларда ўз геосиёсий ўрнини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон мустақиллиги тарихида оғир сиёсий воқеалар ҳам бўлди. Андижон воқеалари мамлакат тарихидаги энг оғир сиёсий воқеалардан бири сифатида қолди. 2022 йилда Нукусдаги намойишлар ҳам қурбонлар билан якунланган жиддий инқироз бўлди.
Markaziy Osiyo mamlakatlari bir yilda mustaqillikka erishgan. Biroq hammasi ham bir xil start imkoniyatga ega emas edi.
Қирғизистон: сиёсий ўзгаришлар энг кўп бўлган давлат
Қирғизистон мустақиллик йилларида минтақада энг кўп сиёсий ўзгаришларни бошдан кечирган давлат бўлди. Мамлакат мустақилликнинг илк йилларида иқтисодиётда хусусий сектор ва савдога кенгроқ йўл очди. Жаҳон савдо ташкилотига ҳам биринчилардан бўлиб аъзо бўлди. Бироқ сиёсий ҳаёт анча беқарор кечди.
2005, 2010 ва 2020 йиллардаги оммавий сиёсий инқирозлар бир неча бор ҳокимият алмашинувига олиб келди. Бу воқеаларда ўнлаб одам вафот этди.
Қирғизистон, шунингдек, минтақадаги ягона аёл президент бошқарган давлат бўлди. 2010 йил Июн воқеалари эса юзлаб одамлар қурбон бўлган энг қонли саҳифалардан бири бўлиб қолди.
"Ҳозир олтинчи президент мамлакатни бошқаряпти. Қирғизистон ҳалқи бу учта инқилобдан ўтар экан, ўзида иммунитет ҳосил қилди" – дейди ўшлик журналист Сарвар Усмон.

Сурат манбаси, Getty/VYACHESLAV OSELEDKO
Тожикистон: мустақилликдан кейинги энг оғир синов
Тожикистон мустақилликнинг дастлабки йилларида минтақа тарихидаги энг оғир синовлардан бирини бошдан кечирди — фуқаролар уруши.
Бир неча йил давом этган можаро мамлакат учун катта йўқотишларга олиб келди. Жамиятда бўлиниш кузатилди, қашшоқлик кучайди. Шундан кейинги даврда Тожикистон учун асосий вазифа давлат барқарорлигини тиклаш бўлди.
"Тожикистон ўз бошидан фуқаролик уришини ўтказди,у беш йил давом этди. Марказий Осиё катта ҳудуд. Мен минтақадаги тинчлик асосан чегаралари битта нуқтада туташган учта мамлакатга урғу бергим келяпти: Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон. Фарғона водийсида битта нуқтада туташади. Бу учала давлат ўтган 35 йилда учала давлатнинг ҳаёти драматик воқеаларга тўла бўлди, фожеали воқеалар бўлди" – дейди Сарвар Усмон.
Туркманистон: алоҳида йўл
Туркманистон эса минтақа ичида ўзининг алоҳида иқтисодий ва сиёсий моделини шакллантирди. Ашхобод нейтраллик йўлини танлади. Бу мамлакат газ бойликлари бўйича дунёнинг олди бешлигида. Бироқ Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири ҳам бўлиб қолмоқда.
Ҳозир ким қаерда?
Хўш, 35 йиллик мустақилликдан кейин бу беш давлат иқтисодиётда қаерга етди? Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, мамлакатлар иқтисодиётининг ҳажми ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткичларга қараш мумкин.
Жаҳон банкининг 2025 йилги маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот Қозоғистонда 14,5 минг доллардан ошган, Ўзбекистонда 4 минг долларга яқин, Қирғизистонда эса 3 минг доллар бўлган. Демак, бу борада Қозоғистон минтақада анча олдинда.
Туркманистон ва Тожикистон бўйича Жаҳон банкининг сўнгги таққосланадиган маълумотлари 2024 йилга тегишли. Унда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот Туркманистонда қарийб 7 минг доллар, Тожикистонда эса 1 минг 300 доллардан сал баланд бўлган.
Бу тасниф ва рақамлар нимани кўрсатади? Яъни, Қозоғистон ва Туркманистон юқори ўрта даромадли, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса қуйи ўрта даромадли мамлакатлар қаторига киради.

"Марказий Осиёдаги иқтисодиётнинг катта қисми Қозоғистон ва Ўзбекистонда. Аҳолининг 70 фоизга яқини Қозоғистон ва Ўзбекистонда яшайди. Ушбу беш мамлакат ичида Қозоғистон Ғарб билан муваффақиятли интеграциялашган мамлакатдир. Ҳа, у Евроосиё иқтисодий иттифоқи таркибига ҳам киради, лекин ўша иттифоқ пайдо бўлишидан олдинроқ саноат потенциалини сақлаб қолиб, уни давом эттиришга эришган. Ресурсларга бой бўлгани учун жуда кўп инвестиция жалб қила олди. Ҳозир ҳам энг кўп ташқи инвестиция Қозоғистонга келади. Бошқача айтганда, Қозоғистонни Марказий Осиёнинг молиявий дарвозаси дейиш мумкин. Қозоғистон билан беллашиб келаётган давлат бу Ўзбекистон. Аҳоли сони бўйича катта бозор бўлган бу мамлакат Каримов давридаги изоляция сиёсатини ўзгартириб, дунёга очилди" – дейди таҳлилчи Руслан Ақматбек.
Бироқ Алишер Илҳомовнинг фикрича, минтақадаги мамлакатлар учун ҳали очилмаган иқтисодий имкониятлар бор.
"Бу давлатларнинг барчаси ҳали ҳам жаҳон иқтисодиётига чиқишнинг муқобил йўлларидан етарлича фойдалана олмаяпти. Бу, албатта, мураккаб вазият. Лекин қувонарлиси, Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда иқтисодиёт ва дипломатия соҳаларида ўзаро яқинроқ муносабатлар ўрнатиш, ҳамкорликни кучайтириш йўлида қадамлар ташламоқда".
Айни дамда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши қизғин давом этяпти.
Иқтисодий ўсиш бор. Аммо иш ва даромад етарлими?
Рақамлар ва ҳисоботларга қарасак, сўнгги йилларда беш давлатнинг барчасида иқтисодий ўсиш кузатилмоқда. Аммо бу ерда яна бир савол бор: бу иқтисодий ўсиш одамларга ўз юртида етарлича иш ва даромад бераяптими?
Расман иқтисодиётлари жадал ўсаётган, энергияга бой Марказий Осиё учун мустақиллик йиллари меҳнат миграцияси одатий тус олган.
Бугун минтақа давлатларининг миллионлаб фуқаролари чет элларда, асосан Россияда ишлаб пул топмоқда. Улар юборган маблағлар ватанга қолган оилалари учун муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Айрим давлатларда эса бу пуллар бутун иқтисодиёт учун ҳам салмоқли улушга эга.
Расмий манбаларга кўра, 2024 йилда Тожикистонга мигрантлар юборган пуллар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмига тенг бўлган. Қирғизистонда ҳам мигрантлар юборган пулларнинг иқтисодиётдаги улуши катта. Ўзбекистонда бу улуш фоиз ҳисобида нисбатан пастроқ. Аммо мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ошгани учун чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар юборган маблағларнинг умумий ҳажми катта.
Кузатувларга кўра, миграциянинг асосий сабабларидан бири мамлакат ичида аксар маошлар пастлиги ва яшаш эҳтиёжларини қоплай олмаётганидир.
Kuchli davlat boshqaruvi apparati omilidan eng ko‘p foydalangan rahbar Islom Karimov bo‘ldi.
Ҳокимият қандай шаклланди?
Марказий Осиё давлатларининг йўллари иқтисодиётдагина эмас, сиёсатда ҳам бироз фарқли шаклланди. Шу билан бирга, уларнинг умумий жиҳати ҳам бор. Беш давлатнинг барчасида президент институти сиёсий тизимнинг асосий маркази бўлиб қолмоқда.
Қирғизистон маълум вақт парламент-президентлик бошқарувига ўтди. Бироқ кейин яна президентлик бошқарувига қайтди.
Мустақилликнинг 35 йили давомида ҳокимиятнинг марказлашуви, сиёсий рақобат ва ҳисобдорлик масалалари минтақа учун доимий баҳс мавзуларидан бири бўлиб келмоқда.
"Мустақилликнинг бошида бешта мамлакатнинг барчаси элиталарнинг гаровига айланиб қолди. Чунки элиталар ўзгаргани йўқ. Улар Совет Иттифоқи парчалангандаги мотив - ҳокимиятни сақлаб қолиш, хусусийлаштириш, ресурсларга эгалик қилиш орқали ҳокимиятни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилишди. Бу трансформация Қозоғистонда 2019 йилгача, Ўзбекистонда 2016 йилгача давом этди. Қирғизистонда аҳоли ўз кунини кўриш учун ҳукуматга қараб ўтирмасдан ҳаракат қилди ва ҳокимиятнинг баъзи ишларига рози бўлмади. Тожикистонда эса аҳоли фуқаролар уруши оқибатлари сабабли «нима бўлса ҳам тинчлик бўлсин» деб бошқарувчиларга индамади".

Сурат манбаси, Getty Images
Президент оилалари ва сиёсий мерос
Ҳокимият ва биринчи оилалар ҳам минтақа давлатларида жамоатчилик муҳокамасидаги мавзулардан бири бўлиб келади. Туркманистонда ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши, Ўзбекистон ва Тожикистонда президент фарзандларининг давлат тизимидаги ўрни ҳақида баҳслар мавжуд.
Яқин ўтмишда собиқ ё марҳум президентлар, Ўзбекистонда Ислом Каримов, Қозоғистонда Нурсултан Назарбоев, Қирғизистонда эса Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиев оила аъзоларининг давлат ишларидаги иштироки ҳам кенг муҳокама қилинган. Бу масала бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ.
Инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва сиёсий рақобат, шаффофлик масаласида Марказий Осиё давлатлари халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам танқид қилиб келинади. Ҳукуматлар эса ўз навбатида мамлакатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар асосида кафолатланганини таъкидлайди.
"Бизда «ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳимоя қилиниши керак», «инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз» деган тушунчалар фақат бошқарувчилар учунгина қўлланиб келди. Оддий фуқаронинг ҳуқуқи ва манфаати беш мамлакатнинг ҳеч бирида ҳеч қачон биринчи ўринга чиқмади. Оддий фуқаролик ҳуқуқини қадрият даражасига олиб чиқа олмадик" – дея сўзини якунлади Руслан Ақматбек.
End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:
Спортдаги ютуқлар
35 йиллик мустақиллик натижаларини спортда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонлик Марказий Осиё давлатлари орасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатига чиққан биринчи мамлакат бўлди ва 2026 йили дунёнинг етакчи клублари билан беллашди.
Ўзбекистоннинг спортдаги ютуқлари футбол билан чекланмайди. Боксда ва шахматда ҳам мамлакат юқори натижалар қайд этиб келмоқда.
Қирғизистон эса, айниқса, курашда ўз мактабини яратди. Нафақат эркаклар, балки Айниқса, аёллар курашида мамлакат спортчилари жаҳон майдонида юқори натижаларга эришмоқда.
Қозоғистоннинг асосий спорт ютуқлари бокс, кураш ва оғир атлетика билан боғлиқ. Тожикистон спортчилари бокс ва дзюдода халқаро майдонда натижалар кўрсатмоқда.
Беш давлат — беш хил манзил
35 йиллик мустақилликдан кейин Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий кўрсаткичлари, сиёсий тизимлари ва ташқи сиёсатдаги имкониятлари турлича баҳоланади. Беш давлат бугун турли нуқтада. Улар турли суръатда ҳаракат қилмоқда.
Қозоғистон ресурслар ва инвестиция ҳисобига минтақадаги энг йирик иқтисодиётга айланди. Ўзбекистон узоқ йиллик нисбатан ёпиқ сиёсатдан кейин ташқи дунёга очилиш йўлига ўтди. Қирғизистон сиёсий ўзгаришлар ва инқирозларни кўпроқ бошдан кечирди. Тожикистон мустақилликнинг илк йилларидаги фуқаролар уруши оқибатларидан кейин барқарорликни тиклашга урғу берди. Туркманистон эса нейтраллик ва ёпиқликка асосланган алоҳида йўлини сақлаб қолди.
Бироқ беш давлат учун умумий бўлган яна бир жараён бор. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар кўпайди. Чегаралар, сув, энергетика, транспорт, савдо ва хавфсизлик масалалари уларни ўзаро янада яқинлаштиряпти.
Энди яна бир савол пайдо бўлмоқда: Марказий Осиё бирлашяптими?






























