Ўзбекистон: Россиялик овчининг яна бир Қизил китобга кирган ҳайвонни овлаши нега ғазабга сабаб бўлди? O'zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Skrinshot
Россиялик овчи Сергей Мазуркевич Сурхондарёда Қизил китобга киритилган морхўрни отиб ўлдириши норозиликка сабаб бўлди. Вазирлик вакили Қизил китобга киритилган жониворларни овлаш қонуний ва аслида фойдали эканлигини айтган.
Сергей Мазуркевич YouTubeдаги "Трофейная охота" каналида Сурхондарё вилояти ҳудудида морхўр ва архарни отиб ўлдиргани тасвирланган фильмни намойиш қилди.
Фильмда овчи ва тасвирга олиш гуруҳи Сурхондарё вилояти ҳудудидаги тоғли ерда бир бош морхўр (тоғ эчкиси) ҳамда бир бош архарни овлагани акс этган.
Хабар ўзбек тилли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг норозилигиа сабаб бўлган.
"Яқинда одам хам овлашса, ҳайрон бўлмайман", дейди Sobit Muhtarov
"Бу юртнинг эгаси борми?", дея савол беради Hayot Baxtiyor Öğli
Hurshid Tuhtanazarov бу каби ҳайвонларни ҳатто махсус рухсатнома билан ҳам овлашни тақиқлаш кераклигини урғулайди.
"Бу ҳайвонларни ҳатто махсус рухсатнома билан ҳам овлашни тақиқлаш керак. Овчига фарқи йўқ. Унинг учун айнан камёб ов кайф. Бошқаларини овлаб бўлган. Драйв йўқ. Шунинг учун Қизил китобни очволиб танлашса керак".
"Ўзбекистонда ов мавсуми аллақачон ёпилган бўлса, бундан ташқари овланганлар қизил китобга киритилган бўлса, ким рухсат қилган бу меҳмонга ов қилишга", деб сўрайди Baxtiyor Karomov.
"Кўпчилик амалдорларимиз соққасини берса, ов учун рухсат у ёқда турсин, ватанниям сотворишади", дейди Farxod Abdukadirov.
25 минг долларлик морхўр

Табиат ресурслари вазирлиги ёввойи ҳайвонларни, жумладан, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш учун 2022 йилги тасдиқланган квотага мувофиқ, Россия фуқароси Сергей Мазуркевичга морхўр эчкисини овлаш учун 23 ноябрь куни рухсатнома берилганини маълум қилди.
"Ов қилиш ва ов хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1-иловасида Бурама шохли така (морхўр)ларни овлаш учун жориж фуқароси 25 минг АҚШ доллари тўлаши кўрсатилган.
Kun.uz мухбири боғланган Табиат ресурслари вазирлигидаги масъул Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлашнинг фойдали томонлари ҳақида гапирган.
"Россиялик овчи ўлжа овини белгиланган рухсат асосида, ов қуроли билан амалга оширган. Бунинг учун Фанлар академиясининг хулосаси олинган. Аслида, бунинг фойдали томонлари ҳам бор. Ёввойи ҳайвонни отиб ўлдирди, деган оддий хулосага бормаслик керак. Яқинда овчилик туризми бўйича халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда тадбир ўтказишни режа қилиб турибмиз. Асосий мақсад ёввойи ва камёб ҳайвонларнинг кўпайишига имкон яратиш", - деган Kun.uz мухбири билан гаплашган вазирлик масъули.
Нашрнинг ёзишича, икки йил олдин Россия фуқароси Е.П.Широков Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан "ваҳшийларча" суратга тушган.
"Ўшанда унга 2 дона Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатнома берилганди. Жамоатчиликнинг кескин эътирозидан сўнг овчидан иккинчи қўнғир айиқни овлашга берилган рухсатнома қайтариб олинган эди", дейилади хабарда.
"Ноёб ҳайвонларни кўпайтириш учун овчилик туризмини ривожлантириш. Ароқхўрликка қарши кураш учун маблағни ароқ сотиш орқали тўплаш деганими бу?", дейди Jahon Osmanov.
Овчи Сергей Мазуркевич томонидан қўйилган видеода ушбу морхўр қари эканлиги ва кўпи билан яна бир йил яшаши мумкинлиги айтилган.
"Табиатга мутлоқо зарар келмади, аммо кўпайишни сақлаши мумкин. Бизни табитни асровчи ов билан шуғулланамиз. У ушбу турларни сақлаб қолиш ва кўпайишига хизмат қилади. Хўжалик ривожланиши учун мўмай молиявий даромад келади ҳамда бу каби ноёб ҳайвонларни келажак авлод учун асрашга хизмат қилади", деган Сергей Мазуркевич.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
https://t.me/bbcuzbek
































