Ўзбекистон: Қумқўрғонда нима бўлганди ва қонун болаларни қандай ҳимоя қилади?

Тарқалган видеодан олинган сурат: отаси орқасидан, қизи эса отасига қараб турибди. Қизнинг юзи хиралаштирилган

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқлар/gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан олинган сурат. Боланинг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида унинг юзи хиралаштирилган.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида ота вояга етмаган қизини мол тезагини ейишга мажбурлагани акс этган видео тарқалди.

Қизини қийнаганликда гумонланаётган отага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг BBC Ўзбек хизматига билдиришича, гумонланувчи қамоққа олинган.

Воқеа зўравонликка учраган болаларнинг кейинги тақдири, уларни ҳимоя қилиш механизмлари ва бундай ҳолатларни эртароқ аниқлаш тизими қандай ишлаши ҳақида саволларни ўртага чиқарган.

Расмий идоралар нима деди?

Болалар омбудсмани расмий Telegram каналида эълон қилган баёнотида қизнинг онаси котибиятга мурожаат қилганини билдирди. Унга кўра, аёл турмуш ўртоғи 2025 йил декабрда 2016 йилда туғилган қизини жазолаш мақсадида куч ишлатиб, мол тезагини ейишга мажбурлаганини маълум қилган.

Болалар омбудсмани ҳолат бўйича ИИВга сўров киритган.

BBC айни воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди. У Сурхондарё вилояти ИИБнинг расмий Telegram каналида эълон қилинган хабарни йўллади.

Хабарда айтилишича, 25 июл куни Қумқўрғон туманида яшовчи аёл ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ч.Б. вояга етмаган қизини қийнаганини маълум қилган.

ИИБга кўра, воқеа акс этган видео 2025 йил 30 декабрда олинган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқалган.

27 июл куни Ч.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми "а" банди, яъни вояга етмаган шахсни қийнаш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ғиёсов BBCга жиноят иши боланинг онаси берган ариза асосида қўзғатилганини ва гумонланувчи қамоққа олинганини билдирди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ч.Б.нинг айби суд ҳукми билан тасдиқланмагунча у айбсиз ҳисобланади.

Видеода нималар кўринади?

Тарқалган видеодаги суҳбатдан қизнинг пешобини ушлай олмаслик ҳолати ҳақида сўз кетаётганини кўриш мумкин. Эркак мол тезагини едиришни бу муаммога қарши "даво" ёки жазо сифатида қўллаётгандек кўринади. Бироқ унинг аниқ мақсадини видеодан ишончли белгилаб бўлмайди.

Эркак қизни оғзидагини ютишга мажбурлаб, чиқариб ташласа уришини айтиб дўқ қилади. Қиз йиғлаб, отасидан уни қўйиб юборишини қайта-қайта сўрайди, аммо эркак қийнашда давом этади. Видеонинг бошқа қисмида у қизини қўйлар олдига боғлаб қўйиш билан ҳам қўрқитади.

Тасвирда кўринмаган аёл қизини ўзи ишлаб пул топиб даволатишини айтади. Суҳбат мазмунидан у боланинг онаси бўлиши мумкинлиги англашилади, аммо овоз кимга тегишли эканини видеонинг ўзидан тасдиқлаб бўлмайди.

BBC қизалоқда қандай тиббий муаммо бўлгани ва у аввал шифокор кўригидан ўтган-ўтмаганини мустақил равишда аниқлай олмади.

Видеода яна бир бола кўринади

Воқеа пайтида хонада яна бир вояга етмаган қиз бўлган. У пиёлада буғи чиқиб турган сувни олиб келиб отасига беради. Эркак катта қизнинг оғзига мол тезагини солганидан кейин пиёладаги сувни унинг оғзига қуяди.

Видеонинг яна бир қисмида кичик қиз йиғлаб, "Аллоҳим, опамга раҳминг келсин", "Опамга шифо бер", деб дуо қилади.

Daryo.uz нашрига кўра, жабрланган қиз 9 ёшда, видеодаги иккинчи қиз эса унинг 7 ёшли синглиси. Нашр пиёладаги сув қайноқ бўлганини ёзган.

ИИВнинг расмий хабарида иккинчи бола ва сув билан боғлиқ ҳаракатлар тилга олинмаган.

Болалар ҳозир хавфсизми?

Ички ишлар вазирлигига кўра, бу масалада вояга етмаганлар билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаси шуғулланмоқда. У гумонланувчи қамоққа олингани сабабли оила учун хавф бартараф этилгани ва ҳимоя ордерига ҳозирча эҳтиёж йўқлигини айтди.

Gazeta.uz нашри Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига таяниб хабар беришича, Қумқўрғон туманидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази бола ва унинг оила аъзоларига ижтимоий хизматлар ҳамда ижтимоий-психологик кўмак кўрсатган.

Бироқ қандай ёрдам кўрсатилгани, болалар тиббий кўрикдан ўтказилганми ва улар учун алоҳида ҳимоя режаси ишлаб чиқилганми йўқлиги бу аниқ эмас.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Етти ойдан бери ҳеч ким қулоқ тутмаётганди"

Расмий маълумотга кўра, видео 2025 йил 30 декабрда олинган. Боланинг онаси эса 2026 йил 25 июлда ИИБга ариза берган. Бу икки сана ўртасида қарийб етти ой бор.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов Facebook саҳифасида қизнинг онаси унга йиғлаб аудио юборганини ёзди.

Унинг келтиришича, аёл аудиода: "Бизни ҳам эшитадиганлар бор экан-ку?! Етти ойдан бери ҳеч ким қулоқ тутмаётганди", деган.

Аёл шу вақт давомида қайси идораларга, қачон ва неча марта мурожаат қилгани ҳам маълум эмас.

ИИВ жиноят иши она берган ариза асосида қўзғатилганини билдирди. Бироқ ички ишлар органлари воқеа ҳақида айнан шу ариза орқали биринчи марта хабар топганми ёки бундан аввал ҳам маълумотга эга бўлганми, деган саволга ҳозирча очиқ.

Болалар шу етти ой давомида ким билан яшагани, уларнинг аҳволи мактаб, маҳалла ёки ижтимоий хизматлар томонидан кузатилганми йўқлиги ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Қонун бўйича болага қандай ёрдам кўрсатилади?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Қонун бўйича болага қандай ёрдам кўрсатилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 440-сон қарорига кўра, "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ички ишлар органлари иштирокида боланинг вазиятини бир кун ичида ўрганиб, унинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф даражасини баҳолаши керак.

Зарур ҳолда болага ҳимоя ордери берилиши, у хавфсиз жойга жойлаштирилиши, унга тиббий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Қумқўрғондаги болаларнинг аҳволи шу тартибда баҳолангани ҳақида маълумот берилмади.

2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегияда оиласида қолиши хавфли болаларни профессионал тутинган оилаларга ёки кичик ижтимоий кўмак марказларига жойлаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. Бу хизматлар Сурхондарёда ҳозир ишлаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Мустақил журналистларга кўра, Ўзбекистонда оиладаги зўравонликлар масаласи кун тартибидан тушгани йўқ. Сўнгги йиллар қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилганига қарамасдан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар ҳамон рўй бериб келаётгани айтилади.

Таниқли блогерлардан Ақида хонимнинг айтишича, аксарият ҳолатларда болаларга нисбатан зўравонлик оиладан ташқарига чиқарилмайди. Айнан шунинг учун мамлакатда болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун қабул қилинди, дейди у.

Ақида хонимнинг айтишича, "оиладаги зўравонликдан болалар ҳам жабр кўради".

"Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёллар учун шелтерлар мавжуд. Зўравонликка учраган болалар учун махсус реабилитация, ҳимоя марказларига эҳтиёж бор".

Gazeta.uz Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига таяниб хабар беришича, болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида аноним хабар бериш учун 1246 қисқа рақами ишга туширилган. Колл-марказ ҳозирча тест режимида ишламоқда. Агентлик мурожаат қилувчининг шахси сир сақланишини билдирган.

Гумонланувчига қандай жазо берилиши мумкин?

Ч.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми "а" банди, яъни вояга етмаган шахсни қийнаш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддада:

360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш;

ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш

жазоси назарда тутилган.

Бу иш бўйича суд ҳали ўтказилмаган. Гумонланувчининг айбдор ёки айбсизлигини ва айбли деб топилса, унга қайси жазо тайинланишини маҳкама ҳал қилади.