Ўзбек-Қирғиз чегарасида аҳвол қандай?

Published

Қирғизистон фуқароларига кўра, Ўзбекистон ҳарбийлари баҳсли чегара ҳудудида палаткалар қурмоқдалар.

Жанубий Жалолобод вилояти Ола Буқа туманиликлар айтишича, Ўзбекистон ҳарбийлари Қирғизистон қишлоғидан 200 метр масофада палаткалар ўрнатишни бошлаганлар.

Чонсай қишлоғи яшовчилари Ўзбек томони қишлоқдан 200 метрча узоқликда йўл қура бошлагани, лекин Қирғиз маҳаллий расмийлари аралашуви билан қурилишни тўхтатганларини айтганлар. Уларнинг сўзларига қараганда, ўзбек чегарачилари белгиланмаган баҳсли ҳудудда палаткалар ўрнатиб олишган.

Шунингдек, улар Ўзбекистон томони Арап ва Чонсай қишлоқларини боғловчи кўприкни олиб ташлашидан хавотир билдирганлар.

Олдинроқ, Қирғизистон Чегара хизмати ҳам Ўзбекистон баҳсли ҳудудда йўл қураётганини хабар берганди.

Бир неча кун олдин Қирғизистон мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистонга тегишли тўрт санаторияни миллийлаштириш қарорини билдирган.

Кузатувчиларга кўра, оромгоҳлар бўйича баҳс Қирғиз-Ўзбек муносабатлари танглигини кучайтириши мумкин.

Оромгоҳларни Қирғизистон мулкига айлантириш қарори чегарадаги баҳсли ҳудудда сўнгги пайтда юзага келган энг ёмон қарама-қаршиликка барҳам берилганидан бир неча ҳафта ўтиб пайдо бўлган.

Тошкент Қирғизистон қарорига ҳозиргача муносабат билдиргани йўқ. Аммо Қирғизистон собиқ ташқи ишлар вазирининг фикрича, Ўзбекистонда Қирғизистонни халқаро маҳкамага бериб, жарима талаб қилиш имкони бор.

Сабаб?

4 апрелда Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев "Роҳат", "Дилором", "Золотие пески" ва "Бўстон" санаторияларини миллийлаштириш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан.

Мамлакат шимоли-шарқидаги оромгоҳларнинг ҳаммаси Иссиқкўл қирғоғида жойлашган бўлиб, Ўзбекистонга қарашли ҳисобланади.

Дам олиш масканлари 1960 йилларда Ўзбекистон маблағига қурилган, у пайтлар иккала республика ҳам собиқ иттифоқ таркибида эди. Мамлакатлар мустақил бўлган 1991 йилдан кейин ҳам Ўзбекистон санаторияларга эгалик қилишда давом этган.

“Роҳат” санаторийси “Ўзбекистон Миллий Банки”, “Дилором” маскани “Асака” банки ва "Золотие пески" эса “Тошкент Авиация заводи” оромгоҳлари ҳисобланган.

Қирғизистон расмийлари собиқ иттифоқ мамлакатлари ўртасида 1992 йил имзоланган келишувга биноан, дам олиш масканлари Қирғизистон мулки бўлиши керак демоқдалар.

Аввалроқ, қирғиз ҳукумати Ўш, Жалол-Обод ва Боткен вилоятларидаги бир қатор ижтимоий биноларни ҳам ўз ҳисобига олганди.

Нега бундай бўлди?

Қирғиз ҳукумати оромгоҳларни миллийлаштириш режаси уларда аввалдан бўлгани, баҳсли ҳудуд учун можаролардан сўнг бу қадам тезлашганини айтади.

Қирғизистон Молия вазири Арзибек Кожошевга кўра, олдинлари табиий газ ва электр энергия учун Ўзбекистондан қарамлик боис мамлакатида 1992 йилги келишувни амалга ошириш учун "сиёсий ирода" етишмаган.

Бироқ ҳозир электр таъминотида янги йўналишлар қурилгани, ўзбек гази тўғридан-тўғри эмас, балки Россиянинг Газпроми орқали етказиб берилаётгани ҳисобига бу қарамлик камайди, дейди Кожошев.

Таъсири қандай?

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов эса ҳукуматнинг санаториялар бўйича қарорини танқид қилиб, уни "шошма-шошарлик" деб атаган.

Ўзбекистон расман бирор изоҳ бермаган бўлсада, бироқ олдинроқ дам олиш масканлари ўзининг мулки бўлиб қолишини таъкидлаган эди.

Жекшенкулов Ўзбекистон бу борада Қирғиз ҳукуматини халқаро маҳкамага бериб, ютиб чиқиши мумкин дейди.

"Бу бизнинг еримиз бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон уларни қурган, ўзбек халқи пуллари ишлатилган", деб қўшимча қилган у.

Кожошевнинг фикрича, Ўзбекистон маҳкамага берса, Бишкек унга қарши бориши ва Ўзбекистон оромгоҳларни молиялаштириш мажбуриятини бажармаяпти, электр энергия ва суғурта пулларини тўламаяпти, деб иддао қилиши мумкин.

Айни пайтда Қирғиз-Ўзбек чегарасида вазият тинчлиги айтилмоқда. Томонлар бир-бирини кузатиб турибди.

Икки мамлакат ўртасида 19 минг гектар ер тасдиқланмаган, баҳсли бўлиб қолаётгани боис вақти-вақти билан можаролар қўзғалмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ҳарбийлари Наврўз байрами арафасида ҳавфсизликни кучайтириш баҳонасида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманидаги баҳсли ҳудудга кирган.

Бундан норози Қирғизистон ўз ҳудудига қўшни давлат ҳарбийларини ноқонуний кирганликда айблаган ва Ўзбекистон ҳарбийлари қаршисида ўз ҳарбийларини жойлаштирган.

Қарийб бир ҳафта давомида ҳар иккала тараф кучайтирилган тартибда чегарани назорат қилганлар. Бу ўз навбатида маҳаллий аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.