Янгиликлар: Қозоғистон Исроил билан нима қилмоқчи, Қирғизистон Ғарбга бас кела оладими ва Марказий Осиё президентлари яна Путиннинг олдига борадими?

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Минтақада нима гап?

Яқин Шарқдаги мураккаб вазият фонида Исроил президенти Қозоғистонга келди.

Ташриф АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши тақдири ҳануз ноаён қолган бир пайтда амалга ошди.

Томонлар ўртасида ҳозир муваққат сулҳ амалда, аммо Эрон портлари очилмас экан, ортиқ АҚШ билан музокарага бормаслигини айтиб турибди.

Минтақа давлатлари пойтахтлари қолиб, аксарияти мусулмон бўлган аҳолиси ҳам бу урушга бефарқ эмас.

Исроил президентининг Остонага ташрифи худди шуниси билан ҳам эътиборга молик воқеъликлардан бирига айланган, эътибордан четда қолмаган.

Расмий хабарларга кўра, Исроил президенти пойтахт Остонада тантанали кутиб олинган.

Томонлар президентлар даражасида мулоқот қилишган.

Остона 1992 йилдан буён Исроил билан дипломатик алоқаларга эга.

Қасим-Жомарт Тоқаев айнан Исроил Қозоғистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат эканини ҳам эслатган.

Расмий хабарда айтилишича, томонлар мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттиришга аҳд қилишган.

Барча даражадаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун биргаликда сайъ-ҳаракат қилишга ҳам келишиб олишган.

Қозоғистон ўтган йил ноябрида Исроил ва қатор араб давлатлари ўртасидаги Иброҳим келишувларига ҳам қўшилишини айтган.

Шу йил бошида Трампнинг яна Ғазо билан боғлиқ Тинчлик Кенгашига ҳам аъзо бўлган.

Айнан сўнгги ойларда бу икки давлат ўртасидаги алоқалар янада жонланган.

Январ ойида Исроил Ташқи ишлар вазирининг 16 йил деганда Қозоғистонга келиши ҳам катта шов-шувга сабаб бўлган.

Ўшанда томонларнинг визасиз режим ҳақида меморандум имзолашгани ҳам хабар берилган.

Қозоғистон ўзининг кўп қутбли ва тинчликпарвар сиёсат юритиш аҳдида қатъий эканини таъкидлаб келади.

Яқинда расмий Остона яна бир бор Яқин Шарқдаги можаро бўйича тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифини яна бир бор расман илгари сурган.

Худди шу манзарада Исроил президентининг Қозоғистонга қандай етиб келгани ҳам алоҳида эътибор топган мавзулардан бирига айланган.

Айрим хабарларга кўра, Туркия ҳаво ҳудудига киритмагани боис, Исроил президенти тушган учоқ Қозоғистонгача Европа ва Россия орқали муқобил йўлни босиб ўтган.

Айтилишича, бу парвоз вақтини нақ саккиз соатга узайтирган.

Турли интернет нашрларида бўй кўрсатаётган айни мазмундаги хабарларга ҳозирча Туркиянинг расмий муносабати кўзга ташланмайди.

Айрим хабарларга кўра, Исроил президенти Остонадан кейин Панамага боради.

Панама Лотин Америкасидаги Фаластинни тан олмаган ягона давлат экани айтилади.

Унинг ўтган йили яна уч постсовет Болтиқбўйи давлати – Литва, Латвия ва Эстонияга сафар қилгани ҳам хабар берилган.

Исроил президенти ўтган йил Лондон, шу йил февралида Австралияда ҳам бўлиб қайтган.

Қирғизистон Ғарбга бас кела оладими?

Қирғизистон ўз ширкатларини Ғарб санкциялари рўйхатидан чиқармоқчи.

Хабарларга кўра, Қирғизистон Бош вазири бунинг чораларини кўришни буюрган.

Айтилишича, у қирғиз ширкатларини Ғарб санкциялари рўйхатидан чиқариш бўйича комплекс ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган кўрсатмалар берган.

Қирғизистон Бош вазири, бундан ташқари, санкцияларнинг мамлакат иқтисодига янада салбий таъсирининг олдини олиш масаласига ҳам ўзининг эътиборини қаратган.

Маълум бўлишича, ўз топшириқларини беришдан аввал Қирғизистон Бош вазири тегишли давлат органлари вакиллари билан йиғилиш ўтказган.

Йиғилиш чоғида мавжуд вазият, иқтисодий рисклар, мавжуд чекловларнинг ташқи савдо ва кенгроқ иқтисодиётга таъсири муҳокама қилинган.

Хабарларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси санкциялар билан боғлиқ рискларни бошқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида "халқаро мажбуриятларга риоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг шаффофлигини ошириш ва экспорт-импорт операциялари устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилаётгани"ни таъкидлаган.

Расмийлар, шунингдек, санкциялар билан боғлиқ масалаларда Ғарбдаги ҳамкорлари билан мулоқотни давом эттириш зарурлигини ҳам қайд этганликлари айтилмоқда.

Европа Иттифоқи 22 апрел куни Россияга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллаган.

Янги пакетда учинчи давлатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани маълум бўлган.

Европа Иттифоқи биринчи марта Қирғизистонга нисбатан санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус механизмни қўллагани сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган.

Иттифоқ Қирғизистонга қарши иккиламчи санкциялар жорий этган.

Мазкур янгилик ЎЗбекистондаги аксарият етакчи нашрларнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Қирғизистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига киради.

Бу иттифоқ Россиянинг постсовет маконидаги энг йирик геоиқтисодий лойиҳаси сифатида ҳам кўрилади.

Қирғизистон президенти ўтган йили санкциялар масаласида Ғарб давлатларини БМТ минбаридан туриб қаттиқ танқид қилган.

Уларнинг Қирғизистонга нисбатан жорий этган чеклов ва санкцияларини "асоссиз" ва "бир томонлама", деб атаган.

Жапаров асоссиз санкцияларни мамлакат ички ишларига аралашиш ва эндигина шаклланаётган иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи босим, деб билишларини айтган.

Европа Иттифоқи худди шундай гумонлар билан орада Қирғизистоннинг бир неча банкига нисбатан санкциялар қўллаган.

Ғарб Украина уруши манзарасида Марказий Осиё давлатларини Россияга ўз санкцияларини четлаб ўтишига имкон бермасликлари, акс ҳолда ўзлари ҳам иккиламчи санкцияларга юз тутишлари билан огоҳлантириб келади.

Худди шу манзарада Европа Иттифоқи Россия ҳарбий саноатига кўмаклашишда айбланган Ўзбекистоннинг икки корхонасига санкция жорий этгани ҳам хабар қилинди.

Айни мазмундаги хабарларга расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча имконсиз.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ғалаба паради

Россия Президенти Владимир Путин матбуот котибининг маълум қилишича, 9 май куни Москвада одатдагидек Ғалаба паради бўлади.

Аммо унинг формати ҳозирча маълум эмас.

Хабарларга кўра, пресс-колл чоғида Дмитрий Песковдан Ғалаба парадининг ҳарбий техника иштирокида бўлиб ўтиши ёки йўқлиги ҳақида сўралган.

Параднинг бу йил "ҳарбий техника иштирокисиз бўлиб ўтиши" шу кунларда Ўзбекистондаги айрим етакчи нашрлар ҳам ўзларининг эътиборларини қаратган мавзуга айланган.

Маълум бўлишича, Песков бунга, "Албатта, парад бўлиб ўтади. Биз сизга парад формати ҳақида ўз вақтида хабар берамиз", дея жавоб берган.

Шу ойи бошида Telegrem каналларида 9 май куни Москвада Ғалаба паради бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган, аммо Кремл буни рад этганди.

Украина уруши манзарасида хавфсизликка таҳдидлар туфайли бу сана Россиянинг турли минтақаларда турлича нишонланиши кузатилади.

Украинанинг дрон ҳужумларидан хавотирлар бор.

Песков бундан аввал Москвадаги Ғалаба парадининг хорижлик меҳмонлари кимлар бўлиши ҳақида ҳам вақти келганида маълум қилишларини айтган.

У ўшанда ҳам ОАВ вакилларининг бу йил Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига 20 га яқин хорижлик етакчи келиши ростми ёки йўқлиги ҳақидаги саволларига жавоб берган.

Песков бу рақам ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.

"Аммо Ғалаба байрами қувончини қайси меҳмонлар биз билан баҳам кўришини албатта вақти келиб эълон қиламиз", дея уларни ишонтирган.

Айрим хабарларга кўра, Беларус президенти Александр Лукашенко Москвада бўлиб ўтадиган бу галги тантаналарда ҳам меҳмон бўлади.

Маълум бўлишича, Беларус томони Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда парадда иштирок этиш режасини тасдиқлаган.

Беларус Украинага қарши урушида Россиянинг энг яқин иттифоқчиси бўлади.

Аммо бу йил минтақа давлатлари пойтахтларидан бунга ўхшаган хабарлар ҳозирча олинмаган.

Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Путин учун "9 май байрами муҳим".

Яъни, у 9 майни "Россия давлатчилиги, СССР давлатчилиги ва Рус цивилизацияси учун марказий ҳодиса, марказий геосиёсий йирик ғалаба сифатида эътироф этади".

Уларнинг фикрича, худди шу боис, Россия президенти доим ўзининг яқин иттифоқчиларини айнан Ғалаба байрамига таклиф қилади.

"Кимки ўша Ғалаба байрамига келмайдиган бўлса, ёки Россияга қарши, яъни Россиянинг яширинча ё ошкора душмани, ёки Россияга хайрихоҳ бўлмаган давлат сифатида кўради".

Шу кунларда пойтахт Тошкентдан ўзбекистонликларнинг 9 май муносабати билан 3 кун дам олишлари ҳақида хабарлар олинган.

9 май Ўзбекистонда "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида байрам қилинади.