Янгиликлар: Россия Қозоғистонга 'жиддий зарба' берадими, Остона ниманинг режасида ва Россия минглаб Марказий осиёликни ёлладими?

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Минтақада нима гап – сўнгги тафсилотлар:

Босимми ёки чорасизлик?

Россия 1 майдан бошлаб Қозоғистондан Германияга "Дружба" қувури орқали нефт экспортини тўхтатмоқчими?

Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги бу ҳақда кеча, 21 апрел куни саноат соҳасидаги аноним манбаларга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, Қозоғистон ва Германияга нефт экспортининг тўғриланган жадвали юборилган.

Қозоғистон томони агентлик хабарига ўзининг муносабатини бугун, орадан кун ўтиб билдирган.

Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженовнинг маълум қилишича, Россиянинг янги режалари ҳақида норасмий манбалар орқали хабар топган.

"Биз норасмий манбалардан бу маълумотларнинг тўғрилигини билдик. Россия томони, норасмий манбаларга кўра, нефтни қувурга ҳайдаш учун техник имкониятларга эга эмаслигини даъво қилмоқда. Бу, катта эҳтимол билан, Россия инфратузилмасига сўнгги ҳужумлар билан боғлиқ. Бу менинг тахминим", - деб айтган вазир.

Унинг журналистлар билан айни мазмундаги мулоқоти акст этган видеони Tengrinews.kz хусусий нашри ўзининг Telegram каналига жойлаган.

Қозоғистондаги яна бир хусусий нашр Orda.kz ҳам бу ҳақда хабар берган.

Нашрнинг ёзишича, улар ҳам "Рейтер"нинг хабарига муносабат сўраб, Қозоғистон Энергетика вазирлигига мурожаат қилишган.

Вазирлик ўзларига ҳозирда "батафсил жавоб" устида ишлаётганликларини айтиб, жавоб берган.

Orda.kz нинг қайд этишича, Россия қувурларига қанчалик қарам экани назарда тутилганида, бу каби бир эҳтимол Қозоғистон иқтисоди учун жиддий зарба бўлиши мумкин.

Россиянинг Украинага тўлақонли босқинидан кейин Германия ундан нефт харид қилмай қўйган.

Худди шу манзарада Қозоғистон Германиянинг муҳим муқобил таъминотчисига айланганди.

Европа Кенгаши маълумотларига кўра, Қозоғистон ўтган йили Европа Иттифоқининг учта етакчи импортерларидан бири бўлган.

Иттифоқ нефт импортининг 12,8 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.

Бошқа бир хабарларга кўра, АҚШ элчиси Қозоғистон билан алоқалари "умумий тарихларидаги энг яхши босқичда" эканини айтган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати. Унинг Россия билан қуруқликдаги чегараси дунёдаги энг узуни.

Минтақа ва дунёнинг табиий энергия захираларига бой давлатларидан бири.

Россиянинг Украинага тўлақонли босқини орада кейинги нишонининг айнан Қозоғистон бўлишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Қозоғистон Украина уруши манзарасида ўзининг мудофаа салоҳиятини кучайтиришини расман эълон қилган биринчи Марказий Осиё давлати сифатида ҳам ўртага чиққан.

Остона ниманинг режасида?

Қозоғистон қайта таклиф билан чиқди.

Ўзининг жанубий Туркистон шаҳрида Яқин Шарқ бўйича тинчлик музокараларини ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Айтилишича, таклиф Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг Исроил элчиси билан мулоқоти чоғида яна илгари сурилган.

Вазир "Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб бораётганидан хавотир билдирган".

У Қозоғистон Туркистонни тинчлик музокараларини ўтказиш учун тақдим этишга тайёр эканини баён қилган.

Хабарда айтилишича, томонлар "кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари"ни муҳокама этишган.

Шунингдек, уни "янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликлари"ни ҳам тасдиқлашган.

Яна "минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашганлар".

Мезбонлик ғояси билан илк бор шу йилнинг 21 март куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев чиққан.

Унинг бу таклифи ўшанда айнан жанубий Туркистон шаҳрида янграганди.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди ва Ўзбекистон билан бирга аҳолиси энг катта иккита давлатидан биттаси бўлади.

Қолган барча минтақа давлатлари каби аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этади.

Қозоғистон томони худди шу таклифини яна 26 март куни Эрон тарафи билан музокаралари чоғида ҳам такрорлаган.

Бугун, 22 апрел куни эса Россия Ташқи ишлар вазири Яқин Шарқдаги можаро Украинадаги каби Ғарб томонидан уюштирилганини айтиб чиққан.

Расмий Тошкент ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга бефарқ эмас.

Аллақачон расмий баёнотлар билан чиққан, томонлар билан мулоқотда ва кечаётган қуролли низоларга дипломатик йўл билан ечим топишга ундаб келаётир, уларни оғир-босиқликка чақирмоқда.

Ўзбекистон постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги Рамазон Ҳайити муносабати билан йўллаган табригида ҳам жаҳоннинг турли ҳудудларидаги уруш ва низоларга ўзининг эътиборини қаратган.

"Уларнинг тезроқ тугаб, барча халқлар тинчлик ва барқарорликда яшашини" тилаган.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинчалик оташкесимга оид келишувни ҳам аксарият Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам расман олқишлаб чиққан.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокараларининг илк босқичига Покистон пойтахти мезбонлик қилган.

Шу кунларда музокараларнинг кейинги босқичи ҳам Исломободда бўлиб ўтиши кутилган, аммо тақдири шу соатларда ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Россия учун жанг қилаётган Марказий осиёликлар сони шунчалик ортдими?

"Хочу жит" лойиҳасининг Марказий осиёликлар билан боғлиқ янги рақамларига оид хабарлар ўртага чиқди.

Хабарлар ҳам маҳаллий ва ҳам етакчи минтақавий нашрларнинг эътиборини ўзига тортди.

Уларда айтилишича, Украинада Россия учун жанг қилаётган Марказий осиёликларнинг жами сони 13 минг кишига яқинлашган.

Ёлланишлар сони эса бир йилнинг ўзида икки баробардан зиёдга ошган.

"Хочу жит" Украинанинг давлат лойиҳаси бўлади.

Лойиҳа Россия сафида жанг қилаётган Марказий осиёликлар ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб келади.

Аммо, хабарларга кўра, лойиҳа бу гал ўз маълумотларини "Украина-Марказий Осиё" лойиҳасига тақдим этган.

"Хочу жит"нинг маълум қилишича, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Украинада жанг қилган ёки қилаётган 12666 нафар Марказий осиёликнинг шахсий маълумотларини аниқлаган.

Ўзбекистонликлар яна пешқадам мавқеъда қолишган, улардан кейинги ўринларни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари эгаллашган.

"Хочу жит" ўзи шахсий маълумотларини аниқлашга муваффақ бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони 4853 нафар эканини айтган.

Ўзбекистондаги қонунчиликка мувофиқ, мамлакат фуқароларига ўзга давлатларнинг ҳарбий хизматлари ва ҳарбий ҳаракатларида қатнашиш учун ёлланиш тақиқланган, бунинг учун жиноий жавобгарлик - узоқ йиллик қамоқ жазоларигача кўзда тутилган.

Марказий осиёликларнинг Россия томонидан Украина урушига қандай ва қанчалик ёлланаётгани сўнгги йилларда маҳаллий фаоллар ва ҳуқуқбонларнинг жиддий хавотирларига молик масалалардан бири бўлади.

Россия, йилларки, ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозори саналади.

Ковид пандемиясига қадар Россияда меҳнат қилган Ўзбекистон фуқаролари сони миллионларга нисбат берилган.

Яқинда Украина томони ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича Ўзбекистон тарафи билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини ҳам билдирганди.

Орада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби эълон қилинган маълумотлар ваколатли органлар томонидан текширилаётганлигини маълум қилган.

У Ўзбекистон қонунчилиги билан Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши тақиқланганини таъкидлаган.

Маълумотлар тасдиқланган тақдирда, тегишли чоралар кўрилишини билдирган.

Аммо Ўзбекистоннинг ваколатли органлари томонидан олиб борилаётган расман билдирилган текширув натижалари ҳалича эълон қилинмаган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошиданоқ Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эл Қуролли кучлари сафларига ёлланмасликка чақириб келади.