Ўзбекистон: Болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш керакми ё чегаралаш? Видео

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда 16 ёшга етмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, энди лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Қонун ижодкорларига кўра, бу борадаги ҳам жаҳон тажрибаси, ҳам Ўзбекистондаги ўзига хосликларни инобатга олишга ҳаракат қилганлар.
Ва қонун қабул қилиниб кучга кирганидан кейин нақадар самара бериши ўрганилади.
Ўзбекистон жамиятида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишларига нисбатан ёндашув қандай бўлмоғи кераклиги борасидаги баҳс-мунозаралар, муҳокамалар аллақачон бошланган.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова таъкидлашича, мамлакатда болаларни телефондан тўлиқ чеклаш эмас, балки ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва хавфсизликни таъминлаш мақсад қилинган.
Чунки жаҳон тажрибаси тўлиқ тақиқ замонавий дунёда ҳаддан зиёд кескин чора бўлиб, ҳар доим ҳам кўзланган натижани бермаётганини кўрсатаяпти.
Бугунги кунда ёши 16 дан кичикларга ижтимоий тармоқларни тўлиқ тақиқлаган мамлакатлар Австралия, Малайзия ва Франция бўлиб, Австралиядаги ўсмирлар ҳукумат чекловларини қандай қилиб четлаб ўтиб яна рақамли маконга кирганлари таассуротлари билан мақтандилар.
Айни пайтда "Интернет болалар учун фақат зарар, уларни Интернетдан узоқ тутиш лозим" деган ёндашув ҳам нотўғри.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларга тааллуқли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида қатнашган Болалар омбудсмани институти ана шу масалада ўтказган суриштируви натижалари билан ўртоқлашди.
Сўровда ёши 10 дан 17 гача бўлган 245 минг мактаб ўқувчиси қатнашган.
Маълум бўлишича, болаларнинг аксарияти Интернетдан қандай фойдаланишнинг зарур малакаларига эгалар ва асосан ўқув мақсадида Интернетдан фойдаланадилар.
Ўзбекистонлик болаларнинг 94 фоизи Интернетдан фойдаланишларини, уларнинг ярми мунтазам фойдаланишини айтганлар.
Сўралганларнинг 66 фоизи Интернетдан фойдаланишидан кўзлаган мақсади билим олиш ёки чет тилини ўрганиш эканини билдирган.
Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари ўзбекистонлик болаларнинг ҳам 26 фоизи Интернетдан ўртоқлари билан мулоқот мақсадида фойдаланар эканлар.
Айни пайтда болаларнинг 16 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қоидаларини билмасликларини, 9 фоизи онлайн зўравонлик таҳдидларидан бехабар эканликларини тан олганлар.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Болалар омбудсмани институти боланинг ўзи учун фойдали ахборотга эга бўлиши ҳуқуқи ҳамда бола Интернетдан олиши мумкин бўлган зарар ўртасида мувозанатни топиш зарур деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Болалар омбудсмани ёндашуви қандай?

"Бу масалада бир қанча эътиборли жиҳатлар мавжуд. Хусусан, бугунги глобал ахборот замонида долзарб муаммо ўртага чиқади – боланинг ахборотга эга бўлиш эркинлиги ва болани зарарли ахборотдан ҳимоялаш ўртасидаги мувозанатни аниқлаш. Бу эса ниҳоятда мураккабдир", дейди Болалар омбудсмани Сурайё Рахмонова.
"Бугунги кунда кўплаб хорижий давлатлар, айниқса, бола ҳуқуқлари таъминланишига устунлик берган мамлакатлар ҳам ўсмирлар ҳаётида ижтимоий тармоқларнинг ўрни ҳаддан ташқари катта эканлиги ва боланинг психо-эмоционал саломатлиги учун салбий оқибатлар даражаси баланд эканлигидан келиб чиқиб, болаларга интернет тармоғида қатъий чекловлар ўрнатиш йўлидан бормоқдалар, яъни, танлов боланинг саломатлиги, виртуал эмас, реал ва соғлом мулоқот муҳитида ўсиб-улғайиши томон қилинмоқда.
Эътиборлиси, нафақат Ўзбекистонда балки глобал миқёсда болаларнинг интернет орқали турли шаклдаги онлайн-зўравонликка дучор бўлиш хавф-хатарлари ҳам кун сайин ошиб бормоқда.
Жумладан, ҳозирда ижтимоий тармоқлар бола руҳиятига жиддий салбий таъсир кўрсатишини, интернет кўп жиҳатдан болаларнинг соғлиғига зарарли ахборотларни тарқатиш манбасига айланганлигини инобатга олиб, болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини муайян чегаралаш орқали тартибга солиш масаласи ўрганилмоқда.
Шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилишида болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш чораларини такомиллаштириш ҳамда боланинг тасвирга бўлган ҳуқуқини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, бу масалада позициямиз шундан иборатки, ижтимоий тармоқларга нафақат чеклов ва тақиқ қўйиш, балки болалар учун муқобил бўлган янги миллий ижтимоий платформалар яратиш, глобал макондан миллий рақамли майдонга болаларни қизиқтириб, уйғун олиб кириш, муҳими эса болаларда рақамли гигиена кўникмаларини шакллантириш зарур ҳисобланади.
Бундан ташқари, болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши бўйича муайян чекловларни белгилаш масаласида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ниҳоятда муҳим.
Бунинг учун эса нафақат ҳуқуқий чоралар, балки институционал ечимлар ҳамда фуқароларимизнинг ижтимоий онги билан фаол ишлаш талаб этилади", дейилади Ўзбекистон Болалар омбудсмани баёнотида.
Дунё нима қилаяпти?

Сурат манбаси, PA
Австралия
Австралия 2025 йил декабридан ёши 16 дан кичкина болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига тўлиқ тақиқ киритди.
Орадан бир ой ўтиб Facebook ва Instagram эгаси бўлган Мeta ширкати ярим миллион аккаунтни ўчирганини эълон қилди.
Бироқ Австралия сиёсатчилари тақиқ ижроси кўнгилдагидек бўлмаганини тан олдилар.
Малайзия
Малайзия ҳам тўлиқ тақиқ жорий қилган мамлакат бўлди.
2026 йил 1 июндан кучга кирган қоидаларга кўра, 16 ёшдан кичик болалар Facebook, Instagram, TikTok, YouTube каби асосий ижтимоий тармоқларда аккаунт оча олмайдилар ва мавжуд аккаунтларини ҳам сақлаб тура олмайдилар.
Платформалар ёшни текшириши ва 16 ёшгача бўлганларни блоклаши шарт.
Қонунни бузган компаниялар катта жарималарга тортилиши мумкин.
Бразилия
2026 йил мартдан кучга кирган қонунга кўра, 16 ёшгача бўлганлар ижтимоий тармоқда аккаунтдан фойдаланиши учун қонуний васий ёки ота-она билан боғланиши керак. Шунингдек, болалар учун айрим "қарамлик келтириб чиқарувчи" функциялар чекланади.
Германия
13–16 ёшлилар ижтимоий тармоқлардан фақат ота-онасининг розилиги билан фойдаланиши мумкин.
Хитой
Хитой тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқларни тақиқламади, аммо ёши кичикларга мўлжалланган тартиб орқали болаларнинг экран вақти, контент ва онлайн фаолликка қатъий чекловлар ўрнатди.
Дания
Дания ҳукумати 15 ёшгача бўлганларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режасини эълон қилган. Айрим платформаларга 13 ёшдан бошлаб ота-она рухсати билан кириш кўзда тутилган.
Австрия
Австрия ҳукумати 14 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш бўйича қонун тайёрлаётганини маълум қилган.
Буюк Британия
Британияда ҳозирча тақиқ жорий этилмади. Бироқ ҳукумат Австралия моделига ўхшаш 16 ёшгача бўлганлар учун чекловларни муҳокама қилмоқда. Британия ҳукумати Meta каби ижтимоий тармоқ платформаларидан болаларни чеклаш талаб қилаётган бир вақтда платформалар бу талабни мобил телефон ишлаб чиқарадиган Apple каби ширкатлар олдига қўйиш керак демоқда.
Озарбайжон
2026 йил июн ойи охирида Озарбайжон парламенти қонунга ўзгартиришлар киритди. Уларга кўра:
- 16 ёшдан кичикларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очиш тақиқланади;
- 16–18 ёшдагилар фақат ота-она ёки қонуний васий розилиги билан аккаунт очиши мумкин;
- платформалар ёшни текшириши шарт;
- қонун расман эълон қилинганидан кейин 12 ойдан сўнг кучга киради.
Қозоғистон
Қозоғистонда 16 ёшдан кичикларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди, аммо қонун ҳали қабул қилингани йўқ. Лойиҳага кўра:
- 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларда аккаунт очиш тақиқланиши мумкин;
- WhatsApp ва Telegram каби мессенжерлар истисно қилиниши мумкин;
- ёшни текшириш механизмлари жорий этилиши режалаштирилган;
- платформаларнинг қонуний вакили Қозоғистонда бўлиши талаб қилиниши мумкин.
Франция

Сурат манбаси, Reuters
21 июл куни Франция парламентининг икки палатаси - Сенат ва Миллий Ассамблея ёши 15 дан кичикларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлайдиган қонунни қабул қилди.
Болаларнинг мобил телефонларини ўчириш чақириғи билан чиққан Президент Эммануэл Макрон ушбу қадамни олқишлади, у янги тартибнинг янги ўқув йили бошланишидан олдин кучга киритилишни истайди.
Франция Австралия ва Малайзиядан кейин болаларнинг Facebook, Snapchat, TikTok ва YouTube каби платформалардан фойдаланишини тўлиқ тақиқлаган навбатдаги мамлакат бўлди.
Франция янги қонунчилигига биноан, ёши 15 дан кичикларнинг 1 сентябрдан бошлаб ижтимоий тармоқ аккаунтларини очишларига изн берилмайди.
Социал медиа платформаларига аллақачон очилган аккаунтларни ўчиришларига яна тўрт ой муҳлат берилади.
Платформаларнинг Франциянинг шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш регулятори маъқулловидан ўтган ёш тасдиқлашига таяниши талаб этилади.
Ижтимоий тармоқлар платформалари тўлиқ тақиқлашга қарши бўлиб келадилар, "биз аллақачон ёши кичкиналарни муҳофаза қилиш чораларини кўраяпмиз", дейдилар.
Лекин улар ҳар қайси мамлакат қонунчилигига бўйсунишларини айтадилар.
Европа Иттифоқи
2026 йил 13 июл куни Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш бўйича ЕИ миқёсида янги ёндашув тайёрланаётганини маълум қилди.
Бу баёнот болаларнинг онлайн хавфсизлиги бўйича махсус экспертлар гуруҳи ҳисоботи тақдим этилган куни янгради.
"Масала болалар ижтимоий тармоқларга кира оладими-йўқми дегани эмас. Масала — ижтимоий тармоқлар қачон ва қандай қилиб бизнинг болаларимизга ета олишидадир", деди Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен.
Ёндашув мазмуни шундан иборатки, Европа Иттифоқи Австралия услубидаги тақиқдан кўра, "босқичма-босқич ва ёшга мос кириш" моделини кўриб чиқмоқда.
Европа Иттифоқининг болаларнинг онлайн хавфсизлиги бўйича махсус экспертлар гуруҳи шундай модел тавсия қилди:
- 0–3 ёш: экранлардан умуман фойдаланмаслик;
- 3–12 ёш: ижтимоий тармоқлар ва рақамли хизматлардан фақат ота-она ёки ўқитувчи назорати остида фойдаланиш;
- 13 ёшдан кейин: фақат хавфсизлиги исботланган платформаларга босқичма-босқич мустақил кириш ҳуқуқи бериш;
- 13–18 ёш: ёш катталашгани сари ҳуқуқларни аста-секин кенгайтириш.
Экспертлар, айниқса, 13 ёшгача бўлган болалар учун «Social Media plus» деб аталган тоифани чеклашни таклиф қилдилар. Бу фақат Instagram ёки TikTok эмас, балки алгоритмлар асосида ишлайдиган айрим видео платформалар, AI чатботлар ва болани экранда узоқ ушлаб турадиган бошқа рақамли хизматларни ҳам қамраб олиши мумкин.
Европа Комиссияси платформалар зиммасига кўпроқ масъулият юклашни таклиф қилмоқда. Фон дер Ляйенга кўра, платформалар ўз хизматлари болалар учун хавфсиз эканини исботлашлари керак.
Ҳозирча Европа Иттифоқида ягона ёш чегараси расман белгиланган эмас. Аммо Комиссия 2026 йил кузида қонун лойиҳасини тақдим этишни режалаштирган. Сентябр ойида қонун лойиҳасининг асосий параметрлари эълон қилинади.




























