Эрон учун Лего услубида сунъий интеллект видеоларни яратаётган шахс билан суҳбатлашдик. Мутахассисларга кўра, бу – кучли пропаганда

Сурат манбаси, Explosive Media
Бир қарашда улар Лего фильмидан олинган саҳналарга ўхшайди, фақат ундан анча жонлироқ ва жараён тезроқ кечади.
Аммо Лего эстетикасидан илҳомланган бу кенг тарқалаётган СИ видеоларда ўлаётган болалар, қирувчи учоқлар ва АҚШ президенти Доналд Трамп тасвирланган бўлиб, моҳиятан Эрон тарғиботидир.
Би-би-сининг "Top Comment" номли янги подкасти учун ушбу видеоларни яратаётган асосий аккаунтлардан бири – "Explosive Media" вакили билан суҳбатлашдик. У ўзини "жаноб Портловчи" (Мр Explosive) деб аташимизни истади.
Бу устомон ижтимоий тармоқ оператори дастлаб Эрон ҳукумати учун ишлашини рад этди. Аввалги интервьюларда ушбу медиа манба ўзининг "тўлиқ мустақил" эканлигини айтган эди. Аммо кейинги саволлардан сўнг, жаноб Портловчи режимдан буюртма олишини тан олди – буни у илгари ҳеч қачон очиқ тасдиқламаган эди.
Бу видеоларнинг бош ғояси шуки, Эрон ўзи қудратли глобал золим деб билган кучга – Қўшма Штатларга қарши турмоқда.
Видеолар бачкана, таг маънолар йўқ, аммо бу ҳолат одамларнинг уларни қизғин улашиши ва муҳокама қилишига заррача таъсир қилгани йўқ.
Видеолардан бирида Доналд Трамп "Эпштейн файллари" гирдобига тушиб қолади, рэп сўзлари эса "сирлар фош бўлмоқда, босим ортмоқда" дейди.
Бошқа бир видеода Жорж Флойднинг полициячи этиги остида ётганини кўриш мумкин. Унда Эрон "сизнинг тизимингиз зулм қилган ҳар бир инсон учун туради" деган сўзлар янграйди.
Тарғибот бўйича етакчи мутахассис, доктор Эмма Браянтнинг таъкидлашича, ўтган йили илмий мақолада "СИ ахлати"га (AI slop) қиёсан ўйлаб топилган "слопаганда" атамаси бу "ўта пухта" контент қудратини ифодалашга ожизлик қилади.
СИ ёрдамида яратилган тарғибот видеолари уруш давомида юз миллионлаб марта кўрилгани тахмин қилинмоқда.
Жаноб Портловчи билан видеомулоқотимизда у Эрон байроғи ранглари – қизил ва яшил нурлар фонида қорайиб кўринади. Унинг столида бир нечта видеоларда тасвирланган жангчи Ҳусайн бин Али билан боғлиқ яшил патли дубулға турибди.
Унинг айтишича, "Explosive Media"даги жамоаси Лего услубидаги графикадан фойдаланадиган ўнга яқин кишидан иборат, чунки "бу универсал тил". Х ижтимоий тармоғидаги Эрон ва Россия давлат ОАВлари бу видеоларни мунтазам равишда миллионлаб обуначиларига улашмоқда.
Биз жаноб Портловчидан нима учун Эпштейн файллари унинг видеоларида бунчалик кўп тилга олинганини сўраймиз.
Унинг айтишича, бу томошабинларга "ҳақиқат ва озодликка интилаётган" Эрон ва "ўзларини каннибаллар билан боғлайдиганлар" ўртасида "қандай қарама-қаршиликка гувоҳ бўлаётганларини" кўрсатиш учун керак.
Бу Эпштейн файллари Трамп маъмуриятини каннибализм билан боғлаши ҳақидаги назарияга ишорадир, бироқ бу даъво учун ишончли далиллар йўқ.
Видеолар фактларга оид ноаниқликлар билан тўла, шунинг учун биз жаноб Портловчидан улар ҳақида ҳам сўрадик.
Видеоларнинг бирида Эрон ҳарбийлари уриб туширилган АҚШ қирувчи учоғи учувчисини қўлга олгани кўрсатилган. АҚШ расмийлари эса учоғи уриб туширилгач, Эроннинг чекка, тоғли ҳудудида қолиб кетган учувчини 4 апрел куни АҚШ махсус кучлари қутқарганини тасдиқлаган.
Жаноб Портловчи буни тан олмайди: "Эҳтимол, йўқолган учувчининг ўзи бўлмаган, қутқарув операцияси ҳам бўлмаган. Уларнинг асосий мақсади Эрондан уран ўғирлаш эди".
Биз АҚШ расмийларига таяниб, учувчи ҳозир Қувайтда даволанаётганини айтиб, унинг фикрини рад этганимизда, у: "Трамп айтганларининг атиги 13 фоизи фактларга асосланган", деб даъво қилди.
"Explosive Media"нинг учувчи ҳақидаги видеоси инглиз тилида сўзлашувчи аудитория орасида ушбу муқобил фаразни муваффақиятли кучайтирди.
АҚШдаги партиявий TikTok инфлуэнсерлардан бири – @newswithsteph ўз кузатувчиларига Лего видеолари "шу пайтгача ҳайратланарли даражада тўғри бўлгани"ни айтган; "улар яқинда қутқарув миссияси эмас, балки уран учун махсус операция бўлган АҚШ учувчиси миссияси ҳақидаги воқеани фош қилди".
Браянтнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект Эрон ва бошқаларга Ғарб аудиторияси билан ҳар қачонгидан ҳам самаралироқ тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини берди. Улар асосан Ғарб маълумотлари асосида ўргатилган воситалардан фойдаланмоқда, бу эса уларни "маданий жиҳатдан мос" контент яратиш учун роса боп воситага айлантиради.
"Бу ўтмишда Ғарбни нишонга олмоқчи бўлган авторитар мамлакатларга етишмаган нарса эди".
Ноттингем Трент университетининг киберуруш бўйича мутахассиси, доктор Тайн Мунк Эроннинг тактикасини АҚШ риторикасига қарши кураш учун зарур "мудофаавий меметик уруш" деб таърифлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Explosive Media" видеолари илк бор 2025 йил бошида пайдо бўлган, бироқ уларнинг машҳурлиги АҚШ-Эрон урушидан сўнг кескин ошиб кетди.
Лего услубидаги лавҳалар ҳам тобора батафсиллашиб, Эрон ракеталари Форс кўрфазидаги электр станциялари, аэропортлар ва саноат объектлари каби аниқ жойларни бутунлай вайрон қилганини кўрсатмоқда.
Аслида эса, уларнинг аксарияти чекланган даражада зарар кўрган, холос.
Видеолар кўпинча "реал вақт" режимида тайёрланиб, урушдаги йирик воқеалардан сўнг тезда пайдо бўлмоқда. Сулҳ битими ҳақидаги видео ҳатто расмий эълонлар берилишидан олдин эълон қилинган.
Ушбу давлатлар расмийларига кўра, Эрон, Ливан ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларида минглаб одамлар ҳалок бўлган. Ҳозирги можаро феврал ойида АҚШ ва Исроил Эронга зарба берганидан кейин бошланган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Суҳбатимиздаги бироз тортишувлардан сўнг, жаноб Портловчи Эрон ҳукумати ҳақиқатан ҳам унинг компаниясининг "мижози" эканини тан олди. Аввалроқ Instagram'даги ёзишмаларимизда у ўз фаолияти учун бир нечта лойиҳаларга бевосита Эрон расмийларидан буюртма олганини айтган эди.
Бу йил уруш бошланишидан аввал режимнинг шафқатсиз тазйиқлари оқибатида минглаб намойишчилар ўлдирилган. АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (Hrana) камида 7000 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Бироқ жаноб Портловчи ўз жамоасининг ҳукумат билан алоқасини ҳимоя қилиб, "ватан учун ишлаш шараф" эканини айтади. У сўнгги оммавий норозиликларни Президент Трамп томонидан молиялаштирилган "давлат тўнтаришига уриниш" дея рад этади.
Шунингдек, жаноб Портловчи унинг видеоларида антисемитик иборалар қўллангани ҳақидаги айбловларимизни ҳам инкор қилади. "Бизнинг видеоларимиз антисемитик эмас, аксинча, антисионистик", дейди у. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг қон ичаётгани тасвирини оқлаб, бундай саҳналар "у содир этган ваҳшийликларни" кўрсатиб беришини таъкидлади.
Мамлакат миқёсидаги чекловлар туфайли эронликларнинг аксарияти интернетдан фойдалана олмайди. Жаноб Портловчининг даъво қилишича, у Би-би-си билан Эрон ҳукумати тақдим этган "журналистлар учун интернет" орқали боғланган. Эрон матбуот эркинлиги бўйича дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бири сифатида доимий қайд этилади.

Сурат манбаси, Explosive Media
Ижтимоий медиа платформалари Лего услубидаги видеолари бор аккаунтларни ёпаётган бўлса-да, янгилари худди шундай тезликда пайдо бўлаётган кўринади.
Мункнинг айтишича, бу доимий бўладиган, чаққон ва тажовузкор интернет дипломатиясининг бир шакли.
"Энг муҳими, – дея қўшимча қилади у, – бу жараён "воситачиларни, матбуотни, оммавий ахборот воситаларини четлаб ўтиб, мемларни доимий равишда тарқатишга" хизмат қилмоқда.
"Бу ерда анъанавий дипломатия мавжуд эмас. Бу эса нима содир бўлаётганини тушунишни хиралаштиради. Бироқ шу билан бирга нотўғри талқин қилиш ва можарони кучайтириш хавфини оширади."
"Шу сабабли биз маълум маънода ноаниқлик ҳолатида турибмиз".

























