"Марказий Осиёда рақамли қатағон кенгаймоқда"

Симтўрга боғланган мобил телефон

Сурат манбаси, YouTube/Dayanch

Сурат тагсўзи, Туркман инсон ҳақлари ташкилоти ўз видеосида симтўрга боғланган мобил телефонни намойиш этди.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қўшма баёнот тарқатдилар. Баёнотда айтилишича, минтақадаги беш мамлакат ҳукуматлари журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан рақамли репрессияларни кенгайтираётганлари кузатилаяпти.

Қўшма баёнот Вена шаҳридаги Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши муносабати билан эълон қилинди.

Баёнотни Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шериклик (IPHR), Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича халқаро бюроси (KIBHR), Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари бирлашмаси (AHRCA) ва Туркман Инсон ҳуқуқлари ташаббуси (TIHR) имзолаганлар.

Ушбу мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари ўз мамлакатларида эркин фаолият юритишлари имконсизлигини айтадилар, аксари хорижда сиёсий бошпана топганлар.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг рақамли замонга бағишланган йиғилиши муносабати билан эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, бутун минтақадаги ҳукуматлар "дезинформацияга қарши кураш чораларини мустақил овозларни бўғиш воситасига айлантираяптилар".

Минтақа инсон ҳақлари фаолларига кўра, ҳукуматлар веб-сайтларга тўсиқ қўйиш, кибер ҳужумлар ташкил қилиш ва жиноий таъқиблардан фойдаланмоқдалар.

Ҳатто Туркманистон озиқ-овқат нархларини танқид қилган блогерни қийнаб ўлдиргани даъвоси ҳам илгари сурилди.

Iqtibos

"Ижтимоий тармоқлардаги контент устидан шикоят механизмлари суиистеъмол қилинаётгани ортиб бораётгани ўта ташвишли ҳолатга айланмоқда, бунда мувофиқлаштирилган ва асоссиз қоидаларни бузиш ҳақидаги даъволар мустақил аккаунтларни тўхтатиш ёки ўчиришга олиб келаяпти. Ўзбекистонда Hook Report ва Sarpa Media каби бир нечта мустақил медиа-платформаларнинг, шунингдек айрим блогерларнинг аккаунтлари жорий йил бошида шундай шикоятлар ортидан блокланди. Шунга ўхшаш амалиётлар Ўзбекистон бўйича ишлайдиган хорижий ташкилотларга ҳам таъсир кўрсатди. Жумладан, Францияда жойлашган AHRCAнинг YouTube-канали муаллифлик ҳуқуқини бузгани ҳақидаги даъволар сабабли 2026 йил январ ойида ўчирилди, унинг Facebook'даги учта аккаунти эса кейинги икки ой ичида блокланди. Бундан ташқари, 2026 йил апрел ойида AHRCA президентининг Telegram-аккаунти бузиб кирилди, шундан сўнг унинг номидан сохта хабарлар тарқатилди. Қозоғистонда сўнгги ойларда тобора кўпроқ ОАВ, ташкилотлар, журналистлар ва блогерлар ўйлаб топилган ва кўринишидан, мувофиқлаштирилган шикоятлардан кейин аккаунтлар ёки контентнинг блокланиши ёки ўчирилиши ҳақида хабар бермоқдалар. Бундай ҳолатлар авжи 2026 йил март ойидаги конституциявий референдум олдидан кузатилди, бироқ улар ундан кейин ҳам давом этмоқда", дейилади баёнотда.

Қозоғистонда ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари 2025 йил ноябр ойида Respublika.kz сайтининг блокланишини, журналист Лукпан Ахмедияров ишини, «Озод Европа/Озодлик радиоси»нинг қозоқ хизматига солинган жаримани ҳамда Orda.kz ва KazTAG журналистларига босим ўтказилганини қайд этдилар.

Шунингдек, улар юзни аниқлаш технологиясидан ҳукумат қандай фойдаланаётгани юзасидан ҳам хавотир билдирмоқдалар.

Хусусан, 2025 йил июнида блогер Санжар Бокаев Алмати аэропортида тўхтатилгани, бунга юзни таниш тизими уни "фуқаролик фаоли" деб кўрсатгани сабаб бўлгани хабар қилинди.

Ulysmedia.kz нашрининг бош муҳаррири Самал Ибраева энг қўпол рақамли ҳужумлардан бирига дуч келган.

"Менинг суратим, исмим ва телефон рақамимни интим хизматлар сайтидаги сохта профилга жойлаштирдилар. Бир неча кун телефонимга уятсиз таклифлар билан "ҳужумлар бўлди. Танишларим қўнғироқ қилаяпти, сайт ўқувчилари эса бу ҳақда савол беряптилар... Бу жиноятни буюртма қилганлар эҳтимол қўлларини ишқалашаётгандир: рақамли ҳужум муваффақиятли бўлди, деб", деди Самал Ибраева Azattyqasia.org сайтига берган интервюсида.

"Қирғизистонда 2024 йили "хорижий агент" тўғрисидаги қонун қабул қилиниши фуқаролик фаоллари хорижий кучлар манфаатига ишлаяпти деган айбловлар илгари сурилган вақтга тўғри келди", дейилади баёнотда.

Azattyqasia.org нашрига кўра, бугун Тожикистон "панжара ортида рекорд даражада кўп журналист ва блогерларни сақлаб турипти.

Fergana news агентлиги ёзишича, Тожикистонда давлатга қарши айбловлар билан қамалганлар орасида Далер Бобиев ва Абдулло Ғурбати ҳам бор.

Улар ноқонуний бузилишлар, маҳаллий ҳокимият суиистеъмоллари ва давлат сиёсати танқид қилинган YouTube канали юритганларидан сўнг жавобгарликка тортилганлар.

Шоҳида Саломова иши Ўзбекистон учун энг оғир айблов

Shohida Salomova

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Fergana news агентлиги ёзишича, баёнотнинг Ўзбекистонга тааллуқли энг оғир айбловлари эълон қилинган қисми блогер Шоҳида Саломова иши билан боғлиқдир.

Fergana news ва Аsiaterra.info веб нашрларига кўра, Шоҳида Саломова Ўзбекистон президенти ва унинг қариндошлари ҳақидаги материаллар билан боғлиқ туҳмат иши доирасида уч йилдан ортиқ вақт давомида мажбурий тарзда руҳий шифохонада сақланаяпти.

Шоҳида Саломова Телеграмда "Патанатомия страны Уз" каналини, YouTube да 5660 дан ортиқ обуначиси бор канални юритган.

Бугун 64 ёшга тўлган Шоҳида Саломовани туҳмат ва ҳақоратда гумон этиб 2022 йил декабрида Тошкент шаҳрида қўлга олингани хабар қилинган.