Ўзбекистон ва минтақада ғалла ҳамда ун арзонлайдими?

Сурат манбаси, Reuters
Янги бозор излаётган Россия буғдойи Марказий Осиё бозорида ун ва бошқа ун маҳсулотлари нархини янада арзонлаштириб юбориши мумкин. Аммо Қозоғистон ғаллакорлари хавотирда.
Россиянинг арзон буғдойи уларнинг минтақадаги, жумладан Ўзбекистондаги асосий бозорида рақобатни кучайтириши мумкин.
Чунки Қозоғистон экспорт қилаётган буғдойнинг катта қисми айнан Ўзбекистонга боради.
Мақола BBC Monitoring таҳлили асосида тайёрланди.
Қозоғистон 2025/26 маркетинг йилининг дастлабки 11 ойида 8,3 миллион тонна буғдой экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоиз кўп ва мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шу экспортнинг қарийб 78 фоизи Марказий Осиё давлатларига тўғри келган. Ўзбекистоннинг ўзи Қозоғистон буғдойи экспортининг 60 фоизини қабул қилган. Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми бир йилда 40 фоизга ошган.
Қозоғистоннинг Афғонистонга буғдой экспорти ҳам 2,6 баробар кўпайган.
Аммо айни пайтда Россиядан Қозоғистонга буғдой импорти кескин ошган.
2025 йил сентябридан 2026 йил июлигача Қозоғистон Россиядан 1,92 миллион тонна буғдой импорт қилган. Бу бир йил олдинги шу даврга нисбатан қарийб олти баробар кўп.
Қозоғистон Ғалла иттифоқи бу рақам йил охирига бориб 2,05 миллион тоннага етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Нега Россия буғдойи арзонлашмоқда?
Agar an’anaviy iste’molchilarimiz arzonroq Rossiya bug‘doyini tanlasa, bizning bug‘doyimizga talab qolmaydi.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Муаммонинг асосий сабаби — Россия ва Украина ғалласининг жаҳон бозорларига чиқиш йўлларидаги ўзгаришлар.
Қора денгиз ва Азов денгизи орқали экспорт қилиш жиддий қийинлашгани сабабли Россияда катта миқдорда буғдой тўпланиб қолмоқда. Бу эса ишлаб чиқарувчиларни янги бозорлар излашга мажбур қиляпти.
Қозоғистон Ғалла иттифоқи таҳлил қўмитаси раҳбари Евгений Карабановнинг айтишича, Россияда экспорт имкониятларининг қисқариши буғдой нархини жуда паст даражага туширган.
Масалан, Россиянинг Ростов вилоятида тўртинчи навли буғдой бир тоннаси тахминан 6 минг рубл — қарийб 31,5 минг тенгега таклиф қилинмоқда.
Қозоғистонда эса худди шундай буғдой 85–90 минг тенге атрофида туради.
Яъни икки мамлакатдаги нарх ўртасида деярли уч баробар фарқ бор.
Карабановнинг таъкидлашича, Россияда ғалла экспорти учун имкониятлар чеклангани сабабли нарх яна тушиши мумкин.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Қора денгиздаги логистика тикланмаса, Россияда тахминан 25 миллион тонна, Украинада эса яна 10 миллион тонна буғдой экспорт йўлини топа олмаслиги мумкин.
Бу жами 35 миллион тонна ғалла учун янги бозор керак бўлади дегани.
Уларга энг яқин бозорлардан бири эса Марказий Осиё.
Асосий хавф — Ўзбекистон каби бозорларни йўқотиш

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Муаммо фақат Россия буғдойининг Қозоғистонга кириб келиши билан чекланмайди.
Қозоғистонлик экспертларнинг хавотирига кўра, Россия энди Қозоғистоннинг анъанавий экспорт бозорларида ҳам унга рақобатчи бўлиши мумкин.
Бу бозорлар қаторида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон бор.
"Агар анъанавий истеъмолчиларимиз арзонроқ Россия буғдойини танласа, бизнинг буғдойимизга талаб қолмайди", — деган Карабанов.
Бу, айниқса, Ўзбекистон учун муҳим.
Чунки Ўзбекистон Қозоғистон буғдойининг энг йирик харидори ҳисобланади. Қозоғистоннинг 2025/26 маркетинг йилидаги буғдой экспортининг 60 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.
Шунинг учун Россиянинг арзон ғалласи Қозоғистон бозоридан кўра, унинг Ўзбекистондаги улушига кучлироқ таъсир қилиши ҳам мумкин.
Бошқача айтганда, Қозоғистон фермерлари нафақат ўз мамлакатидаги арзон Россия буғдойи билан, балки Ўзбекистон бозорида ҳам Россия маҳсулоти билан рақобатлашишига тўғри келиши мумкин.
Қозоғистон фермерлари учун нима хавф бор?
Қозоғистон буғдойи Россияникидан анча қиммат.
Экспертлар бу фарқни фермерлар учун жиддий муаммо деб ҳисобламоқда. Чунки Қозоғистонда буғдой етиштириш харажатлари юқори бўлган бир пайтда, Россияда экспорт йўллари муаммоси туфайли жуда арзон ғалла пайдо бўлмоқда.
Карабанов бу масалани фермерларнинг "супер фойдаси" ҳақида эмас, балки кўплаб хўжаликларнинг кейинги мавсумгача етиб олиш-олмаслиги ҳақидаги масала деб атаган.
Агар фермер ўз ҳосилини муносиб нархда сота олмаса, у кейинги экиш мавсуми учун уруғ, ёқилғи, ўғит ва бошқа харажатларни қоплашда қийналиши мумкин.
Қозоғистон Ғалла иттифоқи эса вазиятни ҳатто «энг ёмон сценарий» деб баҳолаган.
Қозоғистон ҳимоя чораларини кучайтирди
Қозоғистон ҳукумати Россия ғалласи оқимига қарши чораларни аллақачон кучайтирган.
27 июлдан мамлакат буғдой импортига олти ойлик чеклов жорий қилди. Автомобиль, сув ва темир йўл орқали буғдой олиб кириш тақиқланган.
Айрим истиснолар бор: масалан, темир йўл орқали буғдойни паррандачилик корхоналари, донни қайта ишлаш заводлари, лицензияланган элеваторлар ва давлатнинг Озиқ-овқат шартнома корпорацияси манзилига олиб киришга рухсат берилган. Аммо қайта ишлаш ва паррандачилик корхоналари учун киритилган буғдойни ички ёки ташқи бозорда қайта сотиш мумкин эмас.
Транзит юкларига эса тақиқ татбиқ этилмайди.
Қозоғистон Ғалла иттифоқи янада қаттиқроқ назорат чораларини, Россия ғалласининг Қозоғистон орқали Марказий Осиёга транзитини чеклашни ва ички бозорда нархларни қўллаб-қувватлаш учун давлат харидларини таклиф қилмоқда.
Аммо Қозоғистоннинг экспорти ҳамон баланд
Шунга қарамай, ҳозирча Қозоғистоннинг ғалла экспортида кескин пасайиш кузатилмаяпти.
2025/26 маркетинг йилининг дастлабки 11 ойида мамлакат 8,297 миллион тонна буғдой экспорт қилди. Бу йиллик режалаштирилган 8,8 миллион тоннани ташкил этувчи экспорт ҳажмининг 94,3 фоизига тенг.
Демак, бир томондан Қозоғистон рекорд миқдорда буғдой экспорт қиляпти.
Иккинчи томондан эса унинг энг муҳим бозорларига арзон Россия ғалласи кириб келмоқда.
Бу қарама-қаршилик Қозоғистон ғалла сектори олдидаги асосий муаммони кўрсатади: гап фақат қанча буғдой етиштиришда эмас, балки уни қайси бозорга ва қандай нархда сотиш мумкинлигида.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Қозоғистон учун энг муҳим масала эса Ўзбекистон каби анъанавий бозорларини сақлаб қолиш бўлиши мумкин.
Айни пайтда Россиянинг ўз ғалласи учун янги бозорлар излаётгани, Қора денгиздаги логистика билан боғлиқ муаммолар давом этаётгани ва Россиянинг янги ҳосили бозорга чиқиши билан арзон таклиф яна кўпайиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор.
Жаҳон бозорида ҳам босим кучаймоқда. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2026 йил август ойида жаҳон озиқ-овқат нархлари 2022 йил охиридан бери энг юқори даражага чиққан. Қора денгиз минтақасидаги уруш ва савдо-логистикадаги узилишлар ғалла бозоридаги хавфларни кучайтирган.
Шундай қилиб, Қозоғистон ҳозир ғалла экспортида тарихий натижа қайд этаётган бўлса-да, унинг энг катта бозорларидан бири — Ўзбекистон учун Россия билан рақобат янги босқичга чиқиши мумкин.
Бу эса Марказий Осиёда нафақат буғдой нархи, балки фермерларнинг даромади, ун бозори ва минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таъсир қилиши мумкин.






























