Россия: Путин МДҲ чегаралари хавфсизлигидан хавотирда – нима гап?

Путин ва Марказий Осиё давлатлари лидерлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Путиннинг бу гаплари Россия томонининг Марказий Осиё минтақасига ҳам Яқин Шарқ ва Афғонистон таҳдиди билан боғлиқ огоҳлантиришлари яна кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Путин айтишича, МДҲ чегаралари яқинида беқарорликнинг янги ўчоқлари пайдо бўлган. Шойгу ҳам ўзининг хавотирлари билан ўртоқлашган. Толибон Мудофаа вазири эса Москвада. Янги тафсилотлар.

Энди Путин огоҳлантирдими?

Россия президентининг баён қилишича, бугунги кунда дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазият ўта мураккаблашган.

Путинга кўра, МДҲ чегаралари яқинида ҳам беқарорликнинг янги ўчоқлари бўй кўрсатган.

"Яқин Шарқни жиддий инқироз қамради. Беқарорликнинг янги ўчоқлари, жумладан, чегараларимиз яқинида ҳам пайдо бўлди", - дея баён қилган Россия президенти.

Хабарларга кўра, Россия президенти шундай сўзлар билан МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 58-йиғилиши иштирокчиларига табрик йўллаган.

Айтилишича, Путиннинг бу табригини йиғилиш иштирокчиларига унинг Сибир федерал округидаги ваколатли вакили ўқиб эшиттирган.

Баёноти мазмунидан англашилишича, шундай деркан, Путин бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган, айнан нималардан хавотирда эканини очиқламаган.

Унинг баёнотига Марказий Осиё давлатлари вакиллари ва минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабати эса ҳалича кўзга ташланмайди.

Аммо унинг бу гаплари Россия томонининг Марказий Осиё минтақасига ҳам Яқин Шарқ ва Афғонистон таҳдиди билан боғлиқ огоҳлантиришлари яна кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Россия ҳозир ҳам ўзининг таъсир доираси остида, деб билувчи минтақа эса Афғонистон баробарида Эронга ҳам чегарадош.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга очган уруши манзарасида Россиянинг Яқин Шарқда қолаётган энг яқин сўнгги иттифоқчисини ҳам йўқотиш хавфи юзага келган.

Путиннинг Яқин Шарқ масаласида ёрдамчи бўлиш таклифи ҳозирча Трамп томонидан қабул қилинмаган.

Узоқ йиллик Асад тузуми 2024 йилда "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" бошчилигидаги исёнчилар томонидан ағдариларкан, Россия бундан аввал Сурия мисолида ҳам Яқин Шарқда худди шундай йўқотишга учраганди.

Россия томони ўтган ой ҳам Афғонистон, Сурия ва Ливандаги вазиятдан жиддий хавотир билдирган.

Жангариларнинг инқироз ичида қолаётган ҳудудлардан қўшни давлатларга ўтиши хавфи борлиги билан огоҳлантирган.

Аммо ташқи кучларнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигига тоқат қилмаслигини айтган.

Уларнинг бу йўлдаги уринишларини қоралашларини баён қилган.

Россия томонининг айни мазмундаги баёноти ўшанда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Мудофаа вазирларининг Бишкекдаги сўнгги саммити чоғида янграган.

Аммо Қирғизистон пойтахтида янграган бу огоҳлантиришларига минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати ноаён қолганди.

Айнан Яқин Шарқ ва Афғонистон Ўзбек ва сафларида Марказий осиёликлар ҳам жанг қилган турли жангари гуруҳлар бошпана топган минтақа ва давлат экани ҳам бор гап.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу нима дегани ёки қисқача таҳлил ўрнида...

Alisher Ilhomovdan iqtibos

Лондондаги "Марказий Осиё Due Deligence" таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов фикрича, Кремлнинг охирги вақтлардаги баёнотларини Евроосиё ҳудудида ўз таъсирини йўқотаётганига муносабат, деб қараш лозим.

"(Россиянинг) кучсизланаётгани ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда яққол сезилаяпти. Геосиёсий маънода Украинага қарши урушда дуч келаётган қатор талофатларида - мағлубиятга учраётганида кўринади. Бу нарса эса Россия Федерациясининг таъсир доирасида деб кўриб келинган мамлакатларга жасорат бераяпти. Бунинг биринчи аломатларидан бири Еревандаги саммит бўлди. Россия билан Украина ўртасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятда юз берган ўзгариш Ереван саммитига замин яратди. Бошқа мамлакатлар ҳам Марказий Осиё, Евроосиё минтақасидаги ташқи ўйинчилар билан мулоқотни йўлга қўйишда кўпроқ жасурлик намойиш эта бошладилар. Бу нарса, албатта, Москвани қаттиқ хавотирлантиради. Чунки у нафақат халқаро саҳнада, глобал миқёсда, балки шу яқин вақтгача ҳам ўз гапини ўтказиб келган Евроосиё минтақасида ҳам мавқеъсини йўқотиб бораяпти", деб айтганди у Россия Мудофаа вазирининг минтақа билан боғлиқ Бишкекдаги баёнотини BBC билан суҳбатида шарҳларкан.

Шойгу ҳам хавотирда

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Сергей Шойгу Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг ғарбий чегараларида кескинлик кучаяётганлигини айтган.

Путиннинг сўнгги баёноти манзарасида Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби ҳам огоҳлантириб чиққан.

Сергей Шойгу Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг ғарбий чегараларида кескинлик кучаяётганлигини айтган.

Унга кўра, ташкилот масъулияти остидаги ҳудудларда мавжудларидан ташқари янги муаммо ва таҳдидлар ҳам пайдо бўлмоқда.

"Асосий таҳдид эса НАТО блоки ва унга аъзо цивилизациялашган Европа, деб аталувчи давлатлардан келади".

Сергей Шойгу бу ҳақда КХШТ Хавфсизлик Кенгашлари котиблари қўмитасининг йиғилиши чоғида маълум қилган.

Яқин Шарқдаги вазиятдан ташқари, сўнгги пайтларда Украинанинг Россия ичкарисига қаратилган ҳужумлари ҳам кучайган, яқинда Москва ҳудуди ҳам Украинанинг йирик зарбалари нишонига айланган.

Россия эса айнан Европани Украинага узоқ масофага мўлжалланган дронларни ишлаб чиқаришда кўмак бераётганликда ҳам айблайди.

Россияда бугун яна уч кунлик Халқаро хавфсизлик анжумани ҳам иш бошлайди.

Мазкур анжуманга ҳам айнан Сергей Шойгунинг раислик қилиши, унда 100 дан ортиқ давлатдан 100 дан ошиқ ҳайъатнинг иштирок этиши айтилмоқда.

Россия томони хабарларига кўра, Шойгу ушбу анжуман теграсида Афғонистон ва Эрон томони вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боради.

Шу соатларда Толибон Мудофаа вазири, ҳаракат ҳамасосчиларидан бири ва ҳозирда марҳум илк етакчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли – Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳиднинг Москвага етиб борганига оид хабарлар олинган.

Айтилишича, бу унинг Россияга илк сафари бўлади.

Россия ҳозирча Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган ягона давлат бўлиб турибди.

Толибон эса ўзи 2020 йилда Вашингтон билан эришган Доҳа битимига содиқ қолиши, ҳеч бир жангари гуруҳга афғон тупроғидан фойдаланишига изн бермаслигини таъкидлайди.

Лекин, Россия томонига кўра, "Афғонистон террорчилик таҳдидларининг асосий манбасилигича қолмоқда".

Афғонистон нашрларининг хабар беришича, худди шундай мазмундаги баёнот Путиннинг ўтган ҳафта Хитойга қилган давлат ташрифи чоғида ҳам янграган.

Агар, ушбу хабарларга таянилса, Россия ва Хитой терроризм Афғонистон, минтақа ва глобал хавфсизлик учун жиддий таҳдид бўлиб қолаётганини таъкидлашган.

Афғонистоннинг ўзи иштирокида халқаро террорчиликка қарши ҳамкорликни кучайтиришга ҳам чақиришган.

Россия босими янада кучайдими?

Россия давлат байроғи

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Аксарият минтақавий таҳлилчилар эса, айнан Марказий Осиё давлатларига ўзининг турли босимларини ўтказишида Афғонистон таҳдидини Кремл қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўриб келишади.

Путин шу кунларда хориж судлари қарорлари асосида ҳибсга олинган ёки жиноий жавобгарликка тортилган Россия фуқароларини ҳимоя қилиш учун Қуролли Кучлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонунни ҳам имзолаган.

Бу қонунга оид хабарларнинг ўзиёқ постсовет маконида ҳам эътибордан четда қолмаган, жиддий хавотирлар билан қабул қилинган, бунинг оқибатлари таҳлил қилинаркан, Украина мисолининг ҳам тилга олингани кўрилган.

Янгилик Украина уруши фонида Россиянинг империалстик амбициялари билан боғлиқ хавотирлар ҳануз аримаган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Постсовет маконидаги этник русларнинг аҳволи ва рус тилининг мавқеи шу кунларда ҳам расмий Москва диққат-эътиборидаги энг асос ва ҳассос масалалардан бири экани кўрилади.

Ўзаро музокаралар чоғида кун тартибидаги асосий масалалардан бири экани ҳатто Россия томонининг расмий хабарларидан алоҳида жой олувчи мавзулардан бири.

Россия шу кунларда ядровий қудратини ҳам намойиш этиб, яна дунёнинг эътиборини ўзига қаратган.

Украинага бир эмас, бир нечта ядровий каллак ташишга қодир баллистик ракетаси - "Орешник" билан зарба берган.

Ҳалича унинг каллакларини ишга солмаган эса-да, мазкур воқеълик таҳлилчилар эътиборини ўзига тортган.

Россия яқинда ракеталарини учириб, Беларус билан бирга йирик қўшма ядровий машқлар ҳам ўтказган.

Машқлар олдидан ўзининг янги қитъалараро баллистик ракетасини ҳам синаган.

Путин "Сармат"нинг шу йил охирига қадар жанговар шай ҳолатга келтирилишини ҳам эълон қилган.

Россия давлатчилигига хавф туғилган тақдирда, ўзининг ядровий қуролини қўллашга ҳақли эканини айтиб келади.

Аксарият таҳлилчиларга кўра, дунёдаги воқеаларнинг Москванинг хавотирларига ҳам молик сўнгги ривожи манзарасида Россия ўзининг бу қадамлари билан яна бир бор мушакларини кўрсатиб қўйган.

Минтақа ва хавфсизлик

Ўзбекистон ва Россия президентлари Марказий Осиё харитаси фонида акс этган.

Сурат манбаси, GETTYIMAGES/RASMIY/BBC

Сурат тагсўзи, Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳам ташқи таҳдидларга бефарқ эмас, ўтган йили хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келдилар.

Ўзбекистон ҳозирги кунда Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига кирмайди.

Аммо НАТОнинг муқобили сифатида ҳам кўрилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг тўлақонли аъзоси.

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳам ташқи таҳдидларга бефарқ эмас, ўтган йили хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келдилар.

Пойтахт Тошкентда минтақавий хавфсизлик концепциясини имзоланди.

Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам ўзларининг ҳарбий салоҳиятини кучайтириш, ҳарбий ҳамкорларини турфалаштириш ҳаракатидалар.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Чори Кўчаров фикрича, бугунги АҚШ ва Эрон ўртасидаги, Россия ва Украина ўртасидаги урушлар манзарасида исломий жангарилар қайсидир мамлакатга таҳдид солишга жазм қилмайдилар.

"Ҳар қандай исломий ҳаракатнинг жонланиши уларнинг ўзларининг зарарига бўлади", дейди сиёсий шарҳловчи.

Минтақа яна Украина масаласида нейтрал. Яқин Шарқда ҳам тинчликка чақириб келади.

Расмий Тошкент яқинда ҳатто, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлик ниятидан ҳам сўз очган.

Минтақа Толибон билан савдо-иқтисодий алоқаларини ҳам ҳар қачонгидан кўра кучайтирган.