Марказий Осиё ҳукуматлари Украинадаги асирлар тақдирига қизиқмайдими? Видео
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ

Сурат манбаси, Taqdim
Қирғизистонлик фаол ва сиёсий таҳлилчи Адил Турдуқулов 2022 йилдан бери Украинага бир неча бор сафар қилиб, Россия армияси сафида жанг қилган ва кейин Украина томонига асирга тушган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари билан суҳбатлашиб келади.
Яқинда у асирлар билан ўтказилган суҳбатлар асосида тайёрланган видеоларнинг навбатдаги тўпламини эълон қилди. Бунисида ҳам қаҳрамонларнинг кўпи - ўзбекистонликлар.
Биз Адил Турдуқулов билан Марказий Осиёликларнинг нега урушга ёлланаётгани, асирлар нима ҳақида гапираётгани, уларнинг тақдири ва бу масалага давлатлар қандай ёндашаётгани ҳақида гаплашдик.
— Адил, сиз охирги йиллари Украинага бориб, у ердаги жараёнларни яқиндан кузатиб келасиз. Бу сафарларнинг мақсади нима ва улар қачондан бошланди?
— Биз 2022 йилда Россия тўлақонли бостириб кирганидан бери ҳар йили Украинага борамиз. Дастлаб Марказий Осиёдан бориб, у ерда муқим яшаб қолган диаспоралар уруш шароитида қандай кун кечираётгани ҳақида филм суратга олганмиз. Бу Украинадаги воқеалар бизга бегона эмаслиги, уларнинг Марказий Осиё билан ҳам боғлиқлиги борлигини кўрсатишга уриниш эди.

Сурат манбаси, Taqdim
— Украинадаги уруш майдонларини, у ердаги муҳит ва одамларнинг кайфиятини ўз кўзингиз билан кўрган инсон сифатида, бу жараёнлар Марказий Осиё минтақасига қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?
— Биз журналистикада ишлаганлар билан рақобатлаша олмаймиз. Дунё медиа воситалари у ерда уруш қандай кечаётганини етарлича ёритиб келмоқда. Биз бундай мақсадни олдимизга қўймаганмиз. Бизни Украинадаги кайфият, украиналикларнинг руҳи ва куч-қудрати ҳайратга солади. Чунки ҳеч ким уларнинг беш йилга яқин вақт давомида йирик давлатга қаршилик кўрсата олишига ишонмаган, буни тасаввур ҳам қилмаган эди.
Бу биз учун ҳам муҳим. Мен бу ҳақда доим айтаман, украиналик ҳарбийлар нафақат ўз давлатининг мустақиллиги, балки бутун собиқ совет давлатларининг мустақиллигини сақлаш учун ҳам курашмоқда, деб ҳисоблайман.
Украиналикларнинг кўпчилиги "Биз Европани ҳимоя қилувчи қалқонга айландик", дейди. Менимча, бу бироз нотўғри. Чунки улар, биринчи навбатда, собиқ совет мамлакатларини ҳимоя қилмоқда, деб ўйлайман.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
— Марказий Осиё давлатлари бу можарода расман бетарафлик мақомини сақлаб келмоқда. Аммо амалдаги сиёсат ва фуқароларнинг урушга жалб этилаётгани бу бетарафликка қанчалик мос келади?
— Марказий Осиёнинг барча давлатлари расман бетараф позицияда эканини билдирса-да, амалдаги сиёсатда улар Кремл сиёсатига мойил бўлиб, унга қарам эканини кўриб турибмиз. Шунинг учун, айниқса, минтақа давлатларининг фуқаролик жамияти ва медиа вакиллари сифатида у ердаги воқеаларни холис ёритишга ҳаракат қилишимиз керак.
Чунки Россия медиаси воқеаларни нотўғри нуқтаи назардан ёритаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шу сабабли бунга қарши маълумотларни ҳам етказиш ва бу ҳақда гапириш бизнинг фуқаролик бурчимиз, деб ҳисоблайман.
— Ҳар йили Украинага бориб-қайтишда логистик муаммоларга дуч келмайсизми? Ахир уруш бўляпти...
— 2022, 2023 ва 2024 йилларда Украинага Молдова орқали борардик. Уруш бошланганидан кейин Молдованинг ҳам сиёсати ўзгарди, у МДҲ келишувидан чиқиб, Европа томон йўналиш олди. Биз учун Молдовага визасиз бориб, у орқали Украинага кириш имконияти чекланди.
Шунинг учун Европага Шенген визасини олиб, Полша орқали боришга мажбурмиз. Бу анча узоқ йўлни босиб ўтишни талаб қилади. Вақтимизнинг икки-уч куни фақат йўлга кетади. Қайтишда ҳам худди шундай.
Таҳририятдан: Адил Турдуқулов эълон қилаётган видео суҳбатларда асирлар интервюни ўз хоҳиши билан бераётгани ва уни медиа воситаларида эълон қилишга розилигини тасдиқлашган.

Сурат манбаси, Taqdim
— Украинадаги, хусусан Киевдаги кундалик ҳаёт, урушнинг тинч аҳоли ва шаҳар инфратузилмасига таъсири қандай кўринмоқда?
— Россия медиа воситалари миллатчиликка қарши курашаётганини айтади. Аммо биз Украинада украиналиклар билан рус тилида мулоқот қиламиз. Улардан ҳеч қандай салбий муносабатни кўрмадим.
Масалан, урушнинг дастлабки даврини, 2022 йилни ҳозирги ҳолат билан таққосласак, ўша пайтда у ерда рус тилида гаплашадиганлар кўп эди. Ҳозир эса Киевда асосан украин тилида сўзлашишади. Украин тилида яхши гапира олмайдиганлар ҳам шу тилни танлаб, унда мулоқот қилишга ҳаракат қилаётганини кўрдик. Бу ҳам урушнинг оқибатларидан бири.
— Сиз август ойида Киевга борганингизда шаҳарга ҳаво ҳужумлари давом этаётган эди. Бундай шароитда сафарга чиқиш катта таваккал эмасмиди, хавфсизлик чораларига қанчалик амал қилдингиз?
— У ерга борган чет эллик журналистлар ёки бошқа мутаҳассисларни қўйинг, маҳаллий аҳоли ҳам қачон ва нима содир бўлишини билмайди. Ҳар ким кутилмаганда жароҳат олиши ёки ҳалок бўлиши ҳам мумкин. Чунки қаерга ва қачон ҳужум бўлишини олдиндан билмайсиз.
Мен август ойида борганимда Киевда турар жой биносига бомба тушиб, оддий одамлар ҳалок бўлганига гувоҳ бўлдик. У ерда ҳеч қандай ҳарбий объект йўқ эди.
Таҳририятдан: Украина ҳукуматига қарашли "Яшашни истайман" лойиҳаси суриштирувларига кўра, Россия армияси сафида Украинадаги урушга борган Марказий Осиёликлар сони 2026 йил октябр ҳолатига кўра 20 минг 437 кишини ташкил этди.
Уларнинг 8 минг 200 нафардан ортиғи ўзбекистонликлар. Яъни урушга боргани аниқланган Марказий Осиё фуқароларининг қарийб 40 фоизи Ўзбекистондан.
Бу рақамлар Украина ҳукуматига қарашли "Яшашни истайман" лойиҳаси баёнотида келтирилган. Минтақадаги ҳеч бир давлат, жумладан Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу борада расмий статистика эълон қилмаган.
— Расмий рақамлардан ташқари, урушда қатнашаётган марказий осиёликларнинг реал сони ҳақида нима дея оласиз ва бу одамларни урушга чорлаётган асосий сафсаталар ёки сабаблар нималардан иборат?
— Уларнинг расмий маълумотларига кўра, Россия томонида урушда қатнашган Марказий осиёликлар сони 13 мингга етган. Аммо менимча, уларнинг ҳақиқий сони расмий ҳисоботдагидан кўп.
Бунинг сабаблари тушунарли. Фуқароларимизга катта пул таклиф қилинмоқда. Ҳатто умри давомида кўрмаган миқдордаги маблағни ваъда қилишгани учун урушга кетаётганларни кўрдик.
Иккинчи сабаб - Россия фуқаролигини олиш истаги. Шунингдек, гиёҳванд моддалар билан қўлга тушган ёки турли сабабларга кўра қамоққа олинганлар ҳам бор. Улар ўн йил қамоқда ўтиргандан кўра, бир йил урушга бориб келишни маъқул кўриб, шартнома имзолашмоқда.
Бизнинг фуқароларимиз турли тузоқлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар сабабли ҳам қўлга олиниб, мажбуран урушга юборилаётганини кўряпмиз.
Меҳнат муҳожирлари урушга жалб этилаётган энг ҳимоясиз қатлам ҳисобланади. Бундан ташқари, Россия таркибидаги республикаларда яшовчи кичик миллат вакилларини ҳам урушга олиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз. Масалан, асирга тушганлар орасида бурятлар ҳам кўп.
Таҳририятдан: Россия томони Украинада жанг қилган ёки асирга тушган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари сони ҳамда уларнинг тақдири ҳақида одатта изоҳ бермайди.
"Яшашни истайман" лойиҳаси асирлар ўртасида сўров ҳам ўтказган. Унда шартнома имзолаш сабаблари ҳақидаги жавобларнинг 32 фоизи Россия фуқаролигини олиш истаги, 20 фоизи қамоқдан чиқиш ёки жиноий таъқибдан қочиш, 10 фоизи эса пул ишлаш билан боғлиқ бўлган.
Asirlar bilan suhbatlar yozdirilgan önlab videolarni e’lon qilganimiz bilan mintaqadagi birorta davlat organi yoki rasmiylari biz bilan uçrashib, gaplaşgani yöq.
— Фронтга борган мигрантлар уларга ваъда қилинган шароитлар ёки вазият бўйича нима дейишади?
— Урушга борганидан кейин ваъдалар бажарилмаганини асирлар бизга айтиб беришди. Ҳатто кийим-кечак ва айрим техник воситаларни ҳам ўз ҳисобидан сотиб олишларини айтишди.
Уларнинг таъкидлашича, "гўштли ҳужум" деб аталадиган биринчи ҳужумга бизнинг юртдошларимизни юборишар экан. Бунинг сабаби шундаки, Россия ҳукумати бизникилар учун жавобгарликни ҳис қилмайди. Чунки улар Россия фуқаролари эмас.
Бизга кўплаб мурожаатлар бўлади. "Қариндошим ёки турмуш ўртоғим урушга кетган эди, ундан дарак йўқ", деб айтишади. Биз уларнинг исмларини асирлар сақланаётган лагерлардаги рўйхатлар билан солиштириб кўрамиз, аммо уларни у ердан топа олмаймиз. Демак, улар ҳалок бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қилишимиз мумкин. Чунки улар асирликда эмас.
Таҳрирятдан: BBC ва "Медиазона"нинг Росстат базасидан олинган маълумотларни ўрганиши натижасида аниқландики, Украинадаги уруш бошланганидан бери камида 490 334 нафар россиялик аскар ва Россия тарафида жанг қилган 7421 нафар чет эллик ҳалок бўлган. Бу маълумотлар "Киберпартизаны BY" ва Silent Crow хакерлари (Россияда тақиқланган гуруҳлар) Росстат тизимига ҳужум қилганидан сўнг тарқалиб кетган. Росстат ҳужум бўлганини тан олган, лекин маълумотлар ўғирланганини инкор этмоқда. Ҳалок бўлган чет элликлар орасида энг кўпи Ўзбекистон (1031 киши) ва Тожикистон (720 киши) фуқаролари экани айтилади.
— Сиз суҳбатлашган асирлар урушга борганига пушаймонлик ҳис қилишадими?
— Уларда пушаймонлик ҳисси бор. Мен суҳбатлашганлар: "Бизни ҳеч қандай тайёргарликсиз тўғридан-тўғри олдинги сафга, жангга ташлашди. Бу ерда киноларда кўрсатилганидек уруш эмас экан. Душманни ҳам кўрмайсиз. Дронлар орқали қаерда эканингизни аниқлашади ва ёки ўлдириб йўқ қилишади, ёки асирга олишади", дейишади.
— Яна бошидаги саволни бераман. Улар билан учрашиш, суҳбат қуриш ва бу суҳбатларнинг видеосини эълон қилиш орқали қандай мақсадни кўзлаяпсиз?
— Биз бу ишни нима учун қиляпмиз? Ҳукуматларни "уйғотишни" истаймиз. Ушбу уруш орқали миллий ва минтақавий хавфсизлигимизга таҳдид солаётган ҳолатларга қарши чора кўришга ундамоқчимиз. Аммо афсуски, асирлар билан суҳбатлар ёздирилган ўнлаб видеоларни эълон қилганимиз билан минтақадаги бирорта давлат органи ёки расмийлари биз билан учрашиб, гаплашгани йўқ. Ҳукуматлар ўз фуқароларининг тақдирига қизиқар, биз орқали балки маълумот олишар деб ўйлагандик...

Сурат манбаси, Taqdim
Таҳририятдан: BBC масала юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборган, ҳозирча жавоб келмаган. 2025 йил апрел ойида Украина Россия армияси сафида жанг қилган ёки жанг қилаётгани айтилган мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотлар ваколатли органлар томонидан текширилаётганини, улар тасдиқланса, тегишли чоралар кўрилишини билдирган.
— Бир неча бор Украинага бордингиз ва асирлар билан гаплашдингиз. Уларнинг кайфиятида йиллар оралиғида ўзгариш сезиладими?
— Асирлар билан учрашишга уч марта бордим. Охирги марта шу йили августда борганимда бир нарсани пайқадим, уларда чарчоқ ва бефарқлик пайдо бўлгандек. Чунки ўз давлатлари улар билан қизиқмаяпти, улар билан мулоқот қилишга ҳам ҳаракат қилмаяпти.
Шунинг учун улар орасида умидини узиб, энди Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, "Бизни қутқаринглар", деб сўраётганлар бор. Аммо бу ҳеч қандай натижа бермаяпти. Чунки Россия ҳукумати асирлар алмашинувидан манфаатдор бўлса ҳам, биринчи навбатда ўз фуқароларини қайтариб олиш ҳаракатида.
Яна бир ачинарли ҳолат бор, Марказий Осиё давлатларининг расмий вакиллари асирларни мувофиқлаштириш штабига бориб, ўз фуқароларини ватанга қайтариш учун етарлича ҳаракат қилаётганини кўрмаяпмиз.
"Яшашни истайман" лойиҳасининг тадқиқотига кўра, Африка давлатлари, Куба ва Ҳиндистоннинг дипломатлари асирлар лагерига бориб, ўз фуқароларини қайтариш учун ҳаракат қилаётган экан. Аммо бизнинг давлатларимиз бу масалага бефарқ муносабатда бўлмоқда.
Ҳолбуки, Украинада Марказий Осиёнинг барча давлатлари элчихоналари мавжуд. Нима учун улар ҳеч қандай ҳаракат қилмаётгани мен учун жумбоқ. Менимча, юқори ҳокимиятдан "Фуқароларимизни қутқаринглар", деган топшириқ йўқ. Бу борада сиёсий ирода етишмаётгандек.
End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг
— Сизга асирлар билан қирғиз, ўзбек, рус тилларида, яъни уларга қайси тил қулай бўлса, ўша тилда мулоқот қиласиз. Украина томони бунга қандай қарайди?
— Мен уруш бошланганидан бери Россиянинг тажовузкорлигини очиқ танқид қилиб келяпман. Буни украиналиклар билишади. Шунинг учун ҳам менинг у ерга бориб, асирлар билан суҳбатлашишим учун шароит яратиб беришяпти. Асосан Украинанинг Қирғизистондаги элчихонаси билан ҳамкорлик қиламиз.
Асирлар билан ўз тилимизда гаплашамиз. Бизни кузатиб турган украиналик ҳарбийлар ўзбек тилини ҳам, қирғиз тилини ҳам билишмайди. Улар бизга ишонгани учун шундай имконият яратиб беришди. Аммо албатта, суҳбат давомида лагер назоратчилари ёнимизда бўлишади.
— Лагерлар қаерларда жойлашган?
— Бу хақда маълумот бера олмайман. Лекин улар Украинанинг бир неча жойида бор.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳририятдан: 2026 йилнинг бошида BBC мухбири суҳбатлашган, исми-шарифини ошкор қилишни истамаган қашқадарёлик она ўғли Россиядан Украинага алдов йўли билан юборилганини айтган. Ҳукуматга йўлланган мурожаатлардан сўнг унинг ўғли Ўзбекистонга қайтарилган. Аммо у асирлар лагеридан эмас, уруш майдонидан олиб келинган.
Қирғизистон ҳукумати ҳам камида икки нафар фуқаросини уруш ҳудудидан олиб чиққанини маълум қилган.
Россия армияси сафида Украинадаги урушда қатнашгани учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда айрим фуқаролар судланган.
































