Зеленский чигал вазиятдами? Ишдан олинган вазир ўз лавозимига қайтмоқчи - Украина энди Санк-Петербургдаги Wildberries омборларини нишонга олди

Санк-Петербургдаги Wildberries омборларига берилган зарбадан сўнгги манзара

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Санк-Петербургдаги Wildberries омборларига берилган зарбадан сўнгги манзара
    • Author, BBC O'zbek Янгиликлар бўлими
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Украина президенти Володимир Зеленский лавозимидан озод этган Мудофаа вазири Михайло Федоров ўзини ишга қайта тайинлашни талаб қилмоқда. Украина дронлари бу сафар Санк-Петербургдаги Wildberries логистика марказларига ҳужум қилди. Киев бу омборларни Россия армияси учун "қонуний ҳарбий нишон" деб ҳисоблашини айтмоқда.

Федоров бошқа лавозимдан бош тортди

Федоров ва Зеленский ўртасидаги тортишув ҳоўирча ечим топмаяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Федоров ва Зеленский ўртасидаги тортишув ҳоўирча ечим топмаяпти

Лавозимидан озод этилган Украина мудофаа вазири Михайло Федоров президент Володимир Зеленский таклиф қилган бошқа давлат лавозимларини қабул қилишдан бош тортди ва ўзини яна мудофаа вазири этиб тайинлашни талаб қилди.

Федоров президентга миннатдорлик билдирган, аммо уруш тақдирига фронтдаги ҳарбийлардан ташқари фақат учта лавозим — президент, мудофаа вазири ва Қуролли кучлар бош қўмондони таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Зеленский эса Федоровга бир нечта лавозим, жумладан ҳарбий инновациялар бўйича бош вазир ўринбосари вазифасини таклиф қилганини айтди.

35 ёшли Федоров Украина армиясида маълумотлар таҳлилидан фойдаланишни йўлга қўйгани, "Дронлар армияси" ташаббусини амалга оширгани ҳамда коррупцияга қарши курашдаги фаолияти билан танилган.

Унинг ўтган ҳафта лавозимидан олиниши оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Кейинчалик Зеленский Федоров билан келишмовчиликка эга бўлган бош қўмондон Александр Сирскийни ҳам лавозимидан озод қилди.

Бироқ намойишчиларнинг бир қисми буни етарли эмас деб ҳисоблаб, Федоров яна мудофаа вазири этиб тайинланмагунча норозилик акцияларини давом эттиришини билдирмоқда.

Федоров журналистларга юборган баёнотида у январ ойида вазир бўлганида жамоаси урушни тугатиш бўйича аниқ режага эга бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу режа ҳаво ҳимоясини кучайтириш, фронтни барқарорлаштириш ва Россия иқтисодиётига зарбалар беришни назарда тутган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

У олти ой давомида шу режа изчил амалга оширилганини ва Украина сўнгги йилларда биринчи марта жанг майдонида ташаббусни қўлга киритганини таъкидлади.

Федоровнинг ўрнига Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали амалдори Евгений Хмара тайинланган.

Зеленскийнинг маслаҳатчиси Дмитро Литвин эса Федоровнинг келажаги юзасидан музокаралар ҳали ҳам давом этаётганини айтди.

Украина дронлари Wildberries омборларига яна зарба берди

Ёнғин

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

24 июлга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг энг йирик онлайн-савдо платформаларидан бири ҳисобланган Wildberries компаниясининг бир нечта логистика марказларига ҳужум қилди.

Компания матбуот хизмати Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Россия аннексия қилган Қримнинг Симферопол шаҳридаги логистика марказлари нишонга олинганини тасдиқлади.

Шушари ва "Уткина Завод" саноат ҳудудидаги логистика комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов дронлар шаҳардаги фуқаровий инфратузилма объектларига зарба берганини тасдиқлади, аммо қайси объект нишонга олинганига аниқлик киритмади.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг айтишича, Новосаратовка қишлоғидаги Wildberries омборида ёнғин чиққан ва уч киши ўртача оғирликда жароҳат олган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Унинг маълум қилишича, Киров туманидаги "Северная" паррандачилик фабрикаси омборининг бир қисми ҳам дрон зарбасидан вайрон бўлган, аммо у ерда жабрланганлар йўқ.

Wildberries Симферополдаги саралаш маркази ҳам ҳужумга учраганини, аммо хавфсизлик талабларига мувофиқ барча ходимлар эвакуация қилинганини билдирди.

Украинага яқин Telegram каналлари Твер шаҳридаги Wildberries омбори ҳам нишонга олинганини ёзди. Бироқ бу маълумотни ҳозирча на компания, на маҳаллий ҳокимият тасдиқлаган.

Твер вилояти губернатори Виталий Королёв эса шаҳар чеккасидаги логистика марказининг маъмурий биносида ёнғин чиққанини, жабрланганлар йўқлигини билдирди.

Wildberries бош директори Татяна Ким ҳужумлар оқибатида омборлардаги товарларнинг бир қисмини сақлаб қолиш мумкин бўлганини айтди. У дастлабки маълумотларга кўра жабрланганлар йўқлигини билдирган бўлса-да, Ленинград вилояти ҳокимияти уч киши жароҳатланганини маълум қилди.

Бу Wildberries омборларига қилинган тўртинчи дрон ҳужуми ҳисобланади.

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Wildberries омборларини "қонуний ҳарбий нишон" деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу омборларда дронлар учун бутловчи қисмлар ва Россия армиясига тегишли жиҳозлар ҳам сақланади.