Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Октябр, 2009 - Published 10:44 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Қирғизистон: Ўшда автоулов 'қассоб'ларининг бозори чаққон

Автоҳалокат
Ўшда автомобил эҳтиёт қисмларига талаб давомли ортиб бормоқда
Расмий хабарларга кўра, Жанубий Қирғизистоннинг энг йирик шаҳри Ўшда жорий йил давомида 25 енгил автоулов олиб қочилган.

Аксар ўғирланган машиналар қўшни Ўзбекистонда пулланган.

"Йигирма уч ҳолатда ўғриларни топишга муваффақ бўлдик, уларнинг жазо олиши муқаррар", - деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг йўл хавфсизлиги бўлими бошлиғи ўринбосари Насипбек Халмурзаев.

Ўғирликда шубҳа остига олинган уч нафар йигитни қирғиз изқуварлари Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан тутишган.

Дастлабки текширувга биноан, улар анчадан буён машина ўғирлашда "ихтисослашган".

"Улар асосан очиш осон булган "Тико", "Жигули" русумидаги енгил уловлар пайидан бўлганлар", - дейди Уш шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Жумабой Турғунбоев.

Ўғирланган автоуловлар айланма йўллар билан қўшни Ўзбекистонга олиб ўтилган ва парчаланиб, эҳтиёт қисмлар сифатида ёда рақамли белгилари ўчирилиб, "тоза мол" ҳолида пулланган.

"Кўли қинғир ёшлар учун бу "бизнес" бўлиб қолган, ўғирланган машиналарни арзон-гаровга, масалан, эскироқ "Жигулилар"ни 200-300 Америка долларига бериб кетишар экан," - ҳикоя қилади тергов бўлими бошлиғи.

Маҳаллий кузатувчилар эҳтиёт қисмларга бўлиб ташланган автоуловлар Ўш шаҳар бозорларида ҳам сотилишини айтадилар.

"Ҳозирда янги машиналарнинг харидори кам, автомобил бозори касод бўлган, аммо эҳтиёт қисмларга эҳтиёж катта, ахир шаҳарда ҳар кун ёки кунора уловлар бир-бирини "сузиб" туради," - дейди ўшлик таҳлилчи Одилжон Обидов.

Махаллий ахборот воситалари хабарича, йил бошидан буён шаҳарда 280 йўл-транспорт ҳодисаси хатланган.

Ўшда бир неча автоулов эҳтиёт қисмлари бозори бор. Кўчалардаги машина эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи кичик дўкончалар эса беҳисоб.

"Улов олиб қочиш ўтган йилга солиштирганда бироз озайди, аммо хотиржамликка ўрин йўқ," - дейишади маҳаллий милиция ходимлари.

Йўл хавфсизлиги бўлими ахборотича, Ўшда 30 мингдан зиёд автоулов қайдга олинган бўлиб, сўнгги 3-4 йил ичида уларнинг сони икки баробар ошган.

Кўчаларда улов қўйгани жой топиш амри-маҳол бўлиб қолган. Кўпинча ҳайдовчилар "от"ларини назоратсиз, тўғри келган жойга ташлаб кетишади.

Ва бу ўғрилар ишини осонлаштиради.

Улов ўғирлаш ҳоллари Жанубий Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам қайд қилинган.

Қирғизистон қонунлари автоулов олиб қочиш учун 8 йил ва унданда кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy