|
Россия президентлик сайловлари: саволлар ва жавоблар | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Жорий Президент Владимир Путин Конституцияда назарда тутилганидек, икки тўрт йиллик муддат ниҳоясида президентликдан кетмоқда. У Дмитрий Медведев номзодини қўллаб-қувватлаган ва жаноб Медведевнинг сайловларда ғалаба қилиши деярли аниқ. Президент қанчалик қудратли? Россия Конституциясига қарасангиз, президентлик мамлакатдаги энг қудратли лавозим эканини кўрасиз. Давлат раҳбари бўлишдан ташқари, президент ҳукуматнинг сиёсатини ҳам белгилаб беради. У парламент қабул қилган қонунларга вето қўйиш ҳуқуқига эга. Бош вазирни ҳам президент тавсия қилади, парламент уни рад этиши мумкин, аммо ўз номзодини илгари суролмайди. Президент, шунингдек, Россиянинг минтақавий раҳбарларини ҳам тайинлайди. Сайлов қоидалари қандай? Сайловларда ғалаба қилиш учун номзод умумий овозларнинг 50 фоиздан кўпини олиши керак. Агар биронта ҳам номзод 50 фоиздан ортиқ овоз ололмаса, энг кўп овозларни олган икки номзод сайловларнинг иккинчи даврасида беллашади. Иккинчи босқич 21 кундан кейин бўлиб ўтади. Сайловларда қатнашиш учун номзодлар ё парламент томонидан илгари сурилиши ёки икки миллион сайловчиларнинг имзоларини йиғишлари керак. Россия 11 та вақт ҳудудларига бўлинган. Илк сайлов ҳудудлари 1 март куни Москва вақти билан соат 23 да Узоқ Шарқда очилади, энг охирги овоз бериш шаҳобчалари эса 2 март куни соат 21 да ёпилади. Россия ва унинг ташқарисида жаъми 109 миллион одам овоз бериш ҳуқуқига эга. Номзодлар кимлар? Дмитрий Медведев
Жаноб Медведев кремлпараст "Ягона Россия" партиясининг номзоди. Ушбу партия парламентнинг қуйи палатаси-Думадаги ўринларнинг учдан икки қисмини эгаллаган. Омма сўровларига кўра, жаноб Медведев 60-80 фоиз орасида овоз олиши мумкин. Жаноб Путиннинг ўзи ва атрофидаги кўпгина одамлари сингари жаноб Медведев ҳам санкт-петербурглик. Аммо у Путиндан фарқли ўлароқ, хавфсизлик хизматларида ишламаган ва либерал сиёсатчи сифатида кўрилади. Жаноб Путиннинг сиёсатини давом эттиришини айтиши билан бир қаторда, у иқтисодга давлатнинг камроқ аралашуви ҳамда ижтимоий ва таълим соҳаларига кўпроқ эътибор қаратиш ҳақида гапирган. Иқтисодий соҳада катта тажрибага эга бўлган жаноб Медведев "узоқ йиллар давом этадиган барқарор ривожланиш", шунингдек, қонун устивор бўлган жамият барпо этиш ва коррупцияга қарши курашишни ваъда берган. Геннадий Зюганов
У 1996 йилдаги сайловларда Борис Елцинни енгишига бир баҳя қолган ва 2000 йилдаги сайловларда жаноб Путинга рақиб бўлган. Бироқ омма сўровлари ҳозирда унинг 6-15 фоиз овоз олиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Жаноб Зюганов Россияда СССРнинг парчаланишидан сўнг ўтказилган иқтисодий ислоҳотларни қаттиқ танқид қилиб келади ва мамлакатдаги капитализмни "ёввойи капитализм" деб таърифлайди. Сайловолди тарғиботлари чоғида у иш ҳақи ва нафақаларни ошириш ҳамда Россиянинг табиий бойликларини миллийлаштиришга чақирган. Владимир Жириновский
У 1990 йилдан буён Либерал демократик партияга раҳбарлик қилиб келади. Аммо партиянинг номига қарамай, жаноб Жириновский ашаддий миллатчи, ғарбга қарши ва яккаҳокимлик қарашлари билан танилган. Омма сўровларига кўра, сайловчиларнинг 10 фоизга яқини унга овоз бериши мумкин. Ўзининг муросасиз услубига қарамай, жаноб Жириновский Кремлни тўғридан-тўғри танқид қилишдан ўзини тийиб келади. Андрей Богданов Жаноб Богданов 38 ёшда ва Россияда унчалик танилган шахс эмас. У сирли бир номзод сифатида кўрилади. Жаноб Богдановнинг Россия демократик партияси 2007 йилдаги парламент сайловларида 1 фоиздан кўпроқ овоз олган. Аммо шунга қарамай, жаноб Богданов икки миллиондан кўпроқ имзо тўплаб, рўйхатга олинган ягона номзоддир. Баъзи кузатувчилар унинг Кремл томонидан мухолифатни бўлиш мақсадида қўллаб-қувватланаётганига ишонадилар. Жаноб Богданов ўзининг партиясини "либерал анъанадор" дея таърифлайди. У Россиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиши тарафдори. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||