Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 18 Ноябр, 2005 - Published 14:25 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Исломий бизнес ва Россия
Исломий либослар дўконида тўй либоси танланмоқда....

Россия аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи мусулмонлардир, яъни улар шариат конунларига кўра яшашга ҳаракат қиладилар. Шу ўринда савол туғилади—бу қонунларга қатъий амал қилиш тирикчилик учун пул топишларига халақит бермайдими? Умуман, Россияда исломий тадбиркорликнинг ўзига ҳос хусусиятлари нималарда кўринади?

Исломий банклар шариат меъёрларига мувофиқ фаолият юритувчи муассасаларнинг энг ёрқин намуналаридан биридир. Бундай банклар араб дунёси мамлакатларида кенг тарқалган, эндиликда Оврупа ва АҚШда ҳам тараққий этиб бормоқда.

Исломий банклар фаолиятининг асосий тамойили—тақдим қилинаётган қарзлар учун фоизлардан воз кечилганлигидир.

Бунинг ўрнига қарз олган тадбиркорлар кўрган фойдаларини банк билан баҳам кўришади, ўз навбатида банк эса айни фойда улушини маблағ ётиримчилари билан ўртоқлашади. Фақат бир нозик томоники, бу каби баҳамчилик фойда бўлган тақдирдагина мумкин бўлади.

Айни пайтда таъкидлаш лозимки, банкнинг «исломий» деб номланиши унинг хизматидан фойдаланишни истаган бошқа дин вакиллари учун ёхуд бу ерга ишга кирмоқчи бўлганлар учун асло тўсиқ яратмайди.

 Биз шариат қонунларига мувофиқ, лекин Марказий банк қонунларига зид бўлмаган равишда иш юритамиз
"Бадр-Форте-Банк"

Мутахассислар Россиядаги фақат бир банкни «исломий» деб аташган. Россия банклари рейтингида маблағ миқдори жиҳатидан олти юзинчи ўринни забт қилган «Бадр-Форте Банк» туғрисида сўз бормокда.

Мазкур банк матбуот хизматининг билдиришича, банк кўп сонли мижозлар ҳисобига яшайди ва чиндан ҳам даромадга шерикчилик тамойилига кўра фаолият юритади.

"Биз шариатга мослаштирилган ва шу билан бирга Россия Марказий банки қонунларига зид бўлмаган йуриқлар бўйича ишлаймиз",-деб айтишган матбуот хизматидан.

"Бадр-Форте Банк" вакилининг айтишича, ушбу молиявий муассаса "алкоголли ичимликлар, тамаки, ўйин ва қимор бизнеси билан шуғулланувчи" ширкатларга хизмат кўрсатмайди.

Исломий банклар нима учун кам?

Миллионлаб мусулмонлар яшайдиган мамлакатда нега фақат биргина исломий банк иш юритмоқда?

"Бизда исломий банклар Россиянинг банкларга доир қонунчилигига зид бўлгани боис ўз вазифасини бажара олмайди. Бундай шароитда улар аллақандай учинчи тизимларни ўзларига чорлаши керак бўлади, аммо бу ҳолатда банклар мунтазам даромад олишлари шубҳа остида қолади",-деб ҳисоблайди Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг директор ўринбосари Владимир Исаев.

Россия банклар уюшмаси раҳбари Гарегин Тосунян Россия қонунчилиги кўпроқ Оврўпо-насроний йўналишига эгадир, деб билади.

“Бизнинг қонунчилигимиз банк фаолияти биринчи навбатда берилаётган қарзлардан фойда олишни назарда тутади,-дейди Тосунян. У Россияда исломий банкларнинг ривожлана олмаётганидан ҳайрон эмас.-Нима бўлганда ҳам ҳозир бизда биринчи галда маблағ ётқизиш эмас, балки қарз ҳавола қилишга эҳтиёж мавжуд».

Ғоялар воқеликка тадбиқ бўладими?

Мутахассислар Россияда воқелик касб этган исломий бизнеснинг уч асосий йўналишига эътибор қаратишади.

Исломий банкдан ташқари, ҳалол гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи савдо ташкилотлари ҳамда асосан аёлларга мўлжалланган исломий либослар дўконлари.

“Бу фикрлар ғоя шаклидан чинакам бизнес воқелигига қай даражада ўсиб ўтганини айтиш қийин,-дейди сиёсий ислом бўйича мутухассис Георгий Энгелгардт.-Шариатга амал қилишга интилувчилар амалда судхўрликка таъқиқ билан дуч келишади, бу эса фоиз олиш амалиёти кенг тарқалган бугунги иқтисод шароитида ҳаётни мураккаблаштиради”.

Сўз бораётган озиқ-овқат дўконлари Доғистон, Татаристон, Бошқирдистон билан бир қаторда Москвада ҳам ишлаб турибди. Владимир Исаевнинг айтишича, бу дўконлар соҳиблари спиртли ичимликлар билан савдо қилмасликлари ҳақида расмий тарзда сўз юритишмайди.

“Спиртли ичимлик ёки чўчқа гўшти билан савдо қилиш-қилмаслик бу ҳар кимнинг шахсий иши. Масалан, Москвада исталган бозорда чўчқа гўшти ҳам, спиртли ичимлик ҳам сотиб олишингиз мумкин. Масала бошқа томонда—“кофирлар” бундай маҳсулотларни сотиб олаётганда мусулмонларнинг кўнглидан қандай кечинмалар ўтиши қизиқарли”,-дейди Исаев.

Россияда исломий тадбиркорлик кўлами рус жамиятининг исломлашуви суръати билан ҳамоҳанг эмаслигига эътибор қаратади мутахассислар.

Бу ўринда давлат шариат қонунларига мувофиқ бизнес қилмокчи бўлаётганларга қандайдир тўсиқлар қўяётгани борасида сўзлаш ноўрин.

“Мамлакатда исломий бизнеснинг кенг тарқалмагани мавжуд тизим миллати ва динидан қатъий назар барча ишбилармонларни қониқтираётганини англатади”,-деб хисоблайди Энгелгардт.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy