Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 21 Июл, 2005 - Published 13:12 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Россияда ватанпарварликка доир дастур

Кремл
Ватан қаердан бошланади?
Россия ҳукумати фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат дастурини тасдиқдан ўтказди.

Айни максад учун ажратиш кўзда тутилган 17 миллион доллар маблағ ёшларни рус қуролининг ўтмишдаги зафарларини нишонлашга рағбатлантириш ҳамда, собиқ Иттифоқ даврларида бўлгани каби, мактаб ўқувчилари орасида ҳарбий-спорт ўйинларини ташкил қилишга сарфланади.

Россияликлар орасида ватанпарварлик ҳисларини мустаҳкамлаш президент Владимир Путин учун хос йўналишлардан саналади, аммо қабул қилинган янги дастур бунга нақадар кўмак бера олиши масаласи очиқ қолмокда.

СССРда, эхтимол, эркинлик ва демократия танқис бўлгандир, бироқ керагидан зиёда ватанпарварлик ҳислари қайсидир маънода айни бўшлиқни тўлдирган ҳам эди.

News image
Шўролар армиясининг шон-шуҳрати бугун ҳам сўнмаган
Ўроқ ва болға хамда Ленин ҳайкаллари етмиш йилдан зиёд вақт мобайнида Ер юзининг олтидан бир қисмида истиқомат қилаётганларнинг тафаккурини эгаллаб бўлганди.

Москва Қизил майдонида ўтказилгучи ҳарбий парадлар собиқ Советлар юртининг ҳар бурчида, юракларда муттасил акс-садо берарди.

Тафаккур ва қалбларни забт килган бундай кўтаринкилик қаршисида колбаса учун навбатда туришлар-у алмисоқдан қолган «Жигули» таассуротлари сезилмас ҳамда одамлар ўзларини улуғ салтанатнинг узвий бўлаги дея ифтихорга ғарқ эдилар.

Аммо бундай кайфият СССР парчаланиши ортидан шўроларча ватанпарварлик ҳам дарз кетгунига қадар давом қилди, холос.

Энди эса, замон зайли шундайки, расмий Москва синовдан ўтган шўро усули-беш йиллик режа воситасида ўтмиш улуғворлигига яна қайта жон ато қилмоқчи бўляпти.

«Россия фуқароларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Давлат дастури» дея жарангдор номланган ҳужжат 2006-2010 йилларни ўз ичига олади ҳамда бу мақсадлар учун харажатлар тўрт баробар ошишини назарда тутади.

Дастурга кўра, энди давлат байроқлари ҳар жойда хилпирай бошлайди, давлат мадхияси ёзилган компакт-дисклар ва Россия харбий кудратини шарафлаган компьютер уйинлари хар бир хонадонга кириб боради.

«МАЪНАВИЙ ЖИЛДИРГИЧ»

Ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлар танлови хамда «Йилнинг энг яхши ватанпарвари» унвони учун мусобақалар уюштириш режаланмоқда.

Мактабларда ҳарбий тайёргарлик машғулотлари яна қайта жорий этилади.

 Ватанпарварлик тарбияси дастури оммавий ахборот воситалари, адабиёт ва санъат асарлари орқали ватанпарварлик туйғуларини қадрсизлантириш ҳаракатларини барбод қилишга даъват этилган.
Дастур амалдан

«Репродуктив ахлоқ меъёрлари» қабилидаги ўта нозик мавзуда ҳам машғулотларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Кремл шу тариқа жинсий тарбия жабҳасига ҳам бевосита бош қўшмоқчи.

Сўз бораётган давлат дастури ватанпарварлик ҳисларини Россия тараққиётини юргизувчи кучга айлантириш хамда «оммавий ахборот воситалари, адабиёт ва санъат асарлари орқали бу туйғуни қадрсизлантириш ҳаракатларини чиппакка чиқаришга даъват этилган».

Кремл эълон килинган тадбирларни миллий яхлитликни сақлаб қолиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ўта муҳим чоралар сифатида кўрмоқда.

Айни пайтда олдинга қўйилган максадларга янги давлат дастури кўмагида на қадар эришиш мумкинлиги қоронғу қолмоқда.

Ватанга муҳаббат ҳисларини аллақандай дастурлару пуллар ёрдамида уйғотиб бўлармикан…

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy