Москвага "мисли кўрилмаган" дрон ҳужуми: қурбонлар бор
Россия расмийларига кўра, Москва вилоятига Украина томонидан тун давомида амалга оширилган кенг кўламли дрон ҳужуми оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган.
Вилоят губернатори Андрей Воробьёв шу ҳақда маълум қилди.
Москва мэри Сергей Собянин пойтахт томон учиб келаётган 450 та дрон уриб туширилганини айтди ва бу ҳужумни "мисли кўрилмаган" деб атади.
Ҳужум оқибатида нефтни қайта ишлаш заводи шикастланган, бир нечта уйда ёнғин чиққан.
Украина президенти Вoлoдимир Зеленский Киев Россиянинг "муҳим" нефт объекти ҳамда Москва вилоятидаги логистика объектига зарба берганини тасдиқлади. Унинг айтишича, гап "уруш машинасини таъминлаб турган миллиардлаб долларлар" ҳақида кетмоқда.
Айни пайтда, Украина расмийлари шанба куни Россиянинг Киев ва Суми вилоятларига ҳужумлари оқибатида саккиз киши, жумладан уч бола ҳалок бўлганини маълум қилди.
Сўнгги пайтларда Россия ва Украина ўзаро зарбаларни кучайтириб, электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари, транспорт инфратузилмаси ва йирик логистика марказларини нишонга олмоқда.
Вилоят раҳбари Андрей Воробьёвнинг айтишича, якшанба куни Софино қишлоғида дрон уч қаватли турар жой биносига келиб урилган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Оқибатда 44 ёшли аёл ҳалок бўлган. Яна беш киши, жумладан икки бола жароҳатланган.
Воробёвнинг қўшимча қилишича, Орехово-Зуево туманида хусусий уйга зарба берилиши оқибатида кекса эркак ҳам ҳалок бўлган.
Нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилган Капотня яқинидаги Котельникида баланд қаватли бино ҳам дрон зарбасидан шикастланган.
Ижтимоий тармоқларда Москва осмонида тунги портлашлар ва ёнаётган омбор акс этгани айтилган видеолар тарқалди. BBC бу тасвирларнинг ҳаққонийлигини мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, дронлардан бири пойтахтдаги хиёбонлардан бири яқинидаги бинога келиб урилган. Нефтни қайта ишлаш заводидаги объектлардан бири ҳам шикастланган.
У буни Россиядаги парламент сайловини "издан чиқаришга уриниш" деб атади.
Мазкур завод йилига 12 миллион тоннадан зиёд нефтни қайта ишлаб, бензин, дизел ва авиация ёқилғиси ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотларнинг бир қисми Россия армиясига етказиб берилади.
Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, завод Москва ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун зарур ёқилғининг учдан бир қисмидан кўпроғини ҳам таъминлайди.
Украина мудофаа вазири Евгений Хмаранинг айтишича, бундай объектларга ҳужум қилиш "душманнинг босқинчилик урушини давом эттириш ва ҳарбий бўлинмаларини таъминлаш имкониятини бевосита заифлаштиради".
"Узоқ ва ўрта масофага бераётган барча зарбаларимиз урушни Россия ҳудудига олиб киришни англатади", деди у.
Якшанба Россияда овоз беришнинг учинчи куни.
Сайлов Кремл томонидан қаттиқ назорат қилиниши айтилмоқда. Танқидчилар уни эркин, адолатли ёки шаффоф деб бўлмаслигини таъкидламоқда.
Россия давлат матбуоти мамлакат Марказий сайлов комиссияси раҳбарига таяниб хабар беришича, якшанба куни Украинанинг Россия назоратидаги Херсон вилояти қисмида автобусга дрон ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Улардан бири сайлов комиссияси ходими бўлгани айтилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Шу билан бирга, Москванинг энг йирик аэропорти Шереметево тунда йўловчиларни "вақтинчалик чекловлар" жорий этилганидан огоҳлантирди.
Пойтахтнинг Внуково аэропортида эса барча учиш ва қўнишлар вақтинча тўхтатилди.
Якшанба тонгига келиб ҳар икки аэропортда чекловлар бекор қилинди, бироқ айрим рейслар кечикиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Украина расмийларига кўра, шанба куни Киев вилоятининг Фастов шаҳрига Россия ҳужуми оқибатида бир аёл ва унинг икки нафар кичик ёшли фарзанди, ўғил ва қиз бола ҳалок бўлган.
Киев вилояти расмийси Тимур Ткаченко кейинроқ Киев шимолидаги Вишгородда бошқа бир ҳужумда жароҳатланган бола ҳам шифохонада вафот этганини айтди.
Украинанинг шимоли-шарқидаги Суми вилоятида эса Россия дрони автомобилга келиб урилиши оқибатида унда кетаётган тўрт киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий расмий Олег Григоров маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, Россия шанба куни Херсон вилоятидаги монастирга ҳам дрон билан зарба берган. Ҳужум оқибатида бир руҳоний ҳалок бўлиб, яна тўрт киши жароҳатланган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Россия ва Украина ўтган ҳафта давомида энергетика инфратузилмасига зарбаларни давом эттирди.
Бу АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқда икки томон бундай объектларга зарба бермасликка келишиб олганини айтганига қарамай юз бермоқда.
Трамп жума куни Россия иқтисодиётига қарши қаратилган санкциялар ҳақидаги қонунни имзолади. У Россия нефти ва газининг энг йирик харидорлари, жумладан Хитой ва Ҳиндистонга нисбатан божлар жорий қилишни назарда тутади.
АҚШ қонунчилиги президентга Россия энергия ресурсларининг йирик харидорларига 100 фоизлик бож жорий этиш ваколатини беради.






























