"Украина Қозоғистон нефт танкерига ҳужум қилди", Қозоғистон Россияга нефт экспорт қилди

Сурат манбаси, Reuters
19 июл куни Каспий Трубопровод консорциуми (КТК) хабар қилишича, Украина ҳарбийлари Қора денгиз соҳилида икки Қозоғистон нефт танкерига ҳужум қилган.
КТК Қозоғистон ўзининг нефтини жаҳон бозорига олиб чиқадиган асосий қувур йўли ҳисобланади: Қозоғистондан тортилган, Россия ҳудудидан ўтиб, Қора денгиз соҳилидаги Россиянинг Новороссийск бандаргоҳигача борган қувурдан Қозоғистон ўз нефтининг 80 фоизини экспорт қилади.
Экспорт ҳажми йилига 55-60 миллион тоннани ташкил этади.
КТК ўзининг денгиз терминалига Украина ҳужумлари уюштирилгани ҳақида бундан олдин ҳам хабар берган.
Сўнгги хабарда айтилишича, ҳужум ВПУ-1 ва ВПУ-3 ташқи юклаш қурилмаларида нефт ортиш вақти содир этилган.
Нефт Қозоғистондаги америкалик Chevron компанияси иштирокидаги қўшма корхона — «Тенгизшевройл» ва Қозоғистоннинг «ҚазМунайГаз» компаниясига тегишли.
Chevron КТК акциядорларидан бири бўлиб, компания улуши 15 фоизни ташкил этади.
Консорциумнинг бошқа акциядорлари Россия (31 фоиз), Қозоғистон (20,75 фоиз) ҳамда қатор хусусий компаниялардир.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
КТК хабарида айтилишича, Либерия ва Маршалл ороллари байроқлари остида сузиб юрадиган танкерларда халқаро экипажлар бўлган. Asia танкерида ёнғин чиққан, аммо у бартараф этилган.
Компания маълум қилишича, нефт юклаш ишлари тўхтатилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва қурбонлар йўқ, нефт тўкилишига йўл қўйилмаган, танкерлар сувда қолиш қобилиятини сақлаб қолган. Айни пайтда етказилган зарар баҳоланмоқда.
Матбуот баёнотида таъкидланишича, бу халқаро ҳуқуқ ҳимоясида бўлган фақат фуқаровий мақсадларда фойдаланиладиган КТК объектига қарши амалга оширилган бешинчи «тўғридан-тўғри тажовуз ҳаракати»дир. Компания ўзига қарши санкция жорий этилмаганини таъкидлади.
2025 йил 29 ноябрида дронлар ҳужуми оқибатида КТК Новороссийск яқинидаги денгиз терминали фаолиятини тўхтатган эди. Шу сабабли Қозоғистон ўз нефт экспортининг бир қисмини бошқа йўналишларга йўналтиришга мажбур бўлган.
Украинанинг Вашингтондаги элчиси Олга Стефанишинага кўра, феврал ойида КТК терминалига қилинган ҳужумлардан кейин АҚШ Давлат департаменти Киевни бундай нишонларга зарба беришдан тийилишга чақирган, чунки бу "Америка ва Қозоғистоннинг иқтисодий манфаатларига таъсир кўрсатган".

Украина Қуролли кучлари КТК баёнотига муносабат билдиргани йўқ.
Охирги ойларда Россиянинг нефт иншоотларига дрон ҳужумларини кучайтирган Украина ҳарбийлари диққатини Россиянинг нефт ташийдиган "соя флоти" кемаларига қаратди.
Украина ҳарбийлари 20 июл куни Қора ва Азов денгизларидаги Россияга тегишли етти кемага зарба берганини хабар қилдилар.
Украина Қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роман Бровди ("Мадяр" тахаллуси билан танилган) маълум қилишича, улар орасида учта танкер ва тўртта қуруқ юк ташувчи кема бор.
Бровди Телеграм каналида ёзишича, Украина Қуролли кучлари шу пайтгача «соя флоти»га тегишли жами 183 та кемага зарба берган.
Улардан 119 таси Азов денгизида, 64 таси эса Қора денгизда бўлган.
Яқинда Украина Россиядаги Amazon бозори муқобили ҳисобланадиган Wildberries ширкатининг Москва ва Тамбов вилоятларидаги омборларига дрон ҳужумлари уюштирди.
Украина Президенти Зеленскийга кўра, Wildberries Россия армияси эҳтиёжлари учун зарур буюмлар савдоси билан шуғуллангани учун омборлари нишонга олинган.
Омборларга ҳужумлар оқибатида саккиз инсон ҳалок бўлгани, ўнлаб кишилар яралангани хабар қилинди.
Сўнгги ҳужумларга жавобан Россия баллистик ракеталар билан Украинага зарбаларини кўпайтирган.
Бир кун олдин Украина расмийлари 41 ракета билан ҳужум қилингани, асосан, пойтахт Киев ва Одесса шаҳридаги порт нишонга олингани хабар қилинди.
Қозоғистон Россияга нефт экспорт қилди

Сурат манбаси, Reuters
Қозоғистондаги нефтни қайта ишлаш заводларидан бири Россияга бензиннинг илк партиясини экспорт қилди, дея хабар берди 17 июл куни Қозоғистондаги хусусий Ulysmedia.kz веб нашри.
Ulysmediaга кўра, Москва Украина дронларининг ҳужумлари оқибатида қатор нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти издан чиққани ва Россия ички бозорида ёқилғи таъминоти қисқарганидан кейин қўшимча ёқилғи манбаларини изламоқда.
"Дронлар ҳужуми оқибатида Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларининг тўхтаб қолиши бензин ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирди. Шу боис Москва Қозоғистон ва Беларусдан ёрдам сўради ҳамда Ҳиндистондан ёқилғи импорт қилишга киришди", деб ёзади Ulysmedia.kz.
Ulysmedia.kz ёзишича, июл ўрталарида Ғарбий Қозоғистон вилоятида жойлашган «Конденсат» нефтни қайта ишлаш заводи қўшни мамлакатга қарийб минг тонна бензин экспорт қилган.
Хабарда айтилишича, «Конденсат» июл ойида экспорт қилиш режалаштирилган барча ҳажмларни Россияга йўналтирмоқчи.
Шунингдек, Павлодар нефтни қайта ишлаш заводи ҳам шу ойда Россияга бензин жўнатишни бошлашни режалаштирган.
Ulysmedia.kz маълумотига кўра, Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари ишидаги узилишлар ва ёқилғи танқислиги Қозоғистонда арзонроқ бўлган бензиннинг Россияга ноқонуний олиб чиқиб кетилиши хавфини ҳам оширган.
Нашр ёзишича, чегара ҳудудларида контрабанданинг кўплаб ҳолатлари аниқланган. Улар орасида махсус ўзгартирилган автомобилларда ёки канистрларда ташилган минглаб литр бензин ва дизел ёқилғиси ҳам бўлган.
Бундан олдин Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов Россия фуқаролари Қозоғистондаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида автомобилларини тўлдириши мумкинлигини, аммо фақат машинага заводда ўрнатилган стандарт баклардан фойдаланишга рухсат берилишини, қўшимча бакларга ёқилғи қуйиш мумкин эмаслигини айтган эди.
Унинг бу изоҳлари Қозоғистоннинг чегара ҳудудларидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида Россия автомобиллари сони кўпайгани ҳақидаги хабарлар ортидан янграган.
Қозоғистон ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари айрим ҳайдовчилар қўшимча ёқилғи бакларини ҳам тўлдираётганидан хавотир билдирган эдилар.
Қозоғистонда Россиядаги ёқилғи инқирози мамлакатнинг ўзида ҳам бензин танқислигига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайиб бормоқда.
Маҳаллий нашрлар ғарбий вилоятларда ёқилғи етишмовчилиги ҳақида хабар бериб, ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги узун навбатлар акс этган видеоларни тарқатдилар.
29 июн куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакатда бензин захиралари етарли экани ва ёқилғи танқислиги хавфи йўқлигини маълум қилди.
Вазирлик вакили Асел Серикпаеванинг сўзларига кўра, «таъминот барқарор бўлиб, амалдаги нефтни қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқариши ҳисобидан мунтазам тўлдириб борилмоқда».
1 июль куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россиядан расмий мурожаат келиб тушган тақдирда ёқилғи етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Бироқ вазирлик бу фақат тижорат шартлари асосида ва ички бозор таъминотига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилишини таъкидлаган.
Худди шундай вазият Беларусда ҳам кузатилаяпти.
Россияликлар Беларус ҳудудига ўтиб автомобилларига бензин қуйиб қайтишлари кўпайди.
Беларус аҳолиси орасида ҳам ёқилғи тақчиллиги келиб чиқиши, нарх кўтарилиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ҳам юзага чиқди.
Беларус расмийлари эса хавотирга ўрин йўқлигини, мамлакатда ёқилғи савдоси ҳар йили ёзги дам олиш мавсумлари пайти кузатиладиган ҳажмдан ошмаётганини айтдилар.





























