Руминияга дрон ҳужуми "яна бир чизиқдан ўтиш", Швеция учоқлари Украина урушини ўзгартирадими?

Сурат манбаси, Ruminiya Favqulodda vaziyatlar vazirlig/Reuters
28 майдан 29 майга ўтар кечаси Россия жанговар дрони Руминия ҳаво чегарасини кесиб ўтиб, Руминия, Украина ва Молдова чегаралари яқинида жойлашган Галац шаҳридаги 10 қаватли уйга қулаб портлаган.
Оқибатда икки инсон жароҳатланган.
Руминия Мудофаа вазирлигига кўра, ушбу дрон Россия "Геран-2" деб номлаган, Эроннинг "Шаҳед" дрони бўлган.
Бу Украинага қараб учирган Россия дронининг НАТОга аъзо мамлакат ҳисобланган Руминия ҳудудига биринчи марта ўтиши эмас.
Пайшанба куни кечқурун Руминиянинг Бэсешти аҳоли масканида ҳам қанотлари уч метрча келадиган дрон қолдиғи топилган.
Маҳаллий расмийларга кўра, дронда портловчи модда бўлмаган.
Руминия Президенти Никушор Дан Галац шаҳрида дрон портлаши ҳодисаси муносабати билан Миллий хавфсизлик Олий кенгашининг мажлисини чақирган.
Президент Никушор ҳодисани Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан буёнги "Руминия ҳудудидаги энг жиддий ҳодиса" деб баҳолади.
Россиянинг элчиси Руминия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.
"Воқеаларнинг бунгача кузатилмаган характери миллий, иттифоқдош ва халқаро миқёсда қатъий, мувофиқлаштирилган ва мутаносиб жавобни талаб қилади", деди Руминия Президенти Никушор Дан.

Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйенга кўра, Россиянинг "тажовузкор уруши яна бир чегарадан ўтди" ва Европа Иттифоқи Руминия ҳамда унинг халқи билан "тўлиқ бирдамликда".
2Хавфсизлигимизни ва тийиб туриш имкониятларимизни, айниқса шарқий чегарамизда, мустаҳкамлашни давом эттирар эканмиз, биз Россияга босимни янада оширишда давом этамиз. Биз санкцияларнинг 21-пакетини тайёрламоқдамиз", деб ёзди Х тармоғида Урсула фон дер Ляйен.
"НАТО иттифоқдошлар ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёр. Биз ҳар қандай таҳдидга, жумладан дронлар томонидан келадиган хавфларга қарши тийиб туриш ва ҳимояга тайёргарлигимизни давом эттирамиз. Россиянинг беэътибор хатти-ҳаракатлари барчамиз учун хавф туғдирмоқда. Улар бутун Украина бўйлаб фуқаролар ва фуқаролик инфратузилмасига зарба беришда давом этмоқда. (Руминиядаги ҳодиса) уларнинг ноқонуний агрессив уруши оқибатлари чегара билан чекланмаслигини яна бир бор кўрсатди", деди НАТО Бош котиби Марк Рютте.
"Россия дронининг Галацдаги турар жой биноларига урилиши Руминия суверенитети ва Европа ҳаво маконининг очиқ ва жиддий бузилиши бўлди. Россия аллақачон чегараларни ҳурмат қилишдан тўxтаган. Москвага Европа ҳаво маконини жазосиз бузишига йўл қўймаслик керак", деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича вакили Кайя Каллас.
Зеленский Швеция самолёт ва ракеталари Россия авиа бомбали учоқларини сиқиб чиқаришига умид қилмоқда
28 май куни Украина Президенти Володимир Зеленский Швецияга ташрифи мобайнида SAAB ширкати заводида бўлди.
У ерда Президент Зеленский ва Швеция Бош вазири Улф Улф Кристерссон билан шартнома имзоладилар.
Шартномага кўра, Швеция эски Gripen қирувчи учоқлардан 16 тасини Украинага беради.
Яна 22 та Gripen самолётини Украина ҳақини тўлаб сотиб олади.
Дастлабки Gripenларни Украина шу йил охиригача олади деб хабар қилинмоқда.
Украина Meteor авиация ракеталарини ҳам олади, бироқ уларнинг сони ошкор қилинмаяпти.
Президент Володимир Зеленский Gripen қирувчи самолётлари ва Meteor авиация ракеталари Россиянинг ўз йўналишини ўзи тўғирлайдиган авиа бомбаларига қарши курашда Украина Қуролли кучларига ёрдам беришини маълум қилди.
Президент Зеленский Швецияда ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, Киевда "бундай бомбаларни уриб тушириш учун етарли ҳаво мудофаа воситалари ҳеч қачон бўлмаган".
Президент Зеленский айтишича, Россия авиа бомбалари 100 кмдан ортиқ масофадан — ҳам Россия ҳудудидан, ҳам Украинадаги босиб олинган ҳудудлардан учирилади.
«Бу бомбалар ёрдамида россияликлар Донецк ва Луҳанск вилоятларида, Харкив, Суми ва бошқа ҳудудларда чегараолди аҳоли пунктларимизни вайрон қилмоқда. Авиа бомбалар кўплаб шаҳарлар ва қишлоқларни ер билан яксон қилди", — деди Зеленский.
«Шунинг учун тегишли қуролланишга эга Gripen қирувчилари, хусусан 200 кмдан ортиқ масофадаги нишонларни йўқ қила оладиган Meteor ракеталари бизга Россия самолётларини ортга суришга ёрдам беради, шунда улар оммавий равишда ўзини тўғирлайдиган ракеталардан фойдалана олмайди", — деди Украина президенти.
Зеленский Meteor ракеталари 200 км масофадаги нишонларни уриши мумкинлигини айтди, аммо уларнинг ишлаб чиқарувчиларидан бири — шведлик Saab компанияси ўз сайтида «100 кмдан ортиқ» деган кўрсаткични келтиради.
Бундан ташқари, Британиядаги UK Defence Journal нашри MBDA компанияси маълумотларига таяниб хабар қилишича, бу ракеталар учун ишончли нишонни йўқ қилиш зонаси 60 кмни ташкил этади ва бу авиация ракеталари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Би-би-си ҳарбий мухбири Павел Аксёнов тушунтиришича, Meteor ракеталари учун эҳтимолий нишонлар Россиянинг Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолётлари бўлиши мумкин.
Улар ўз ҳаракатини режалайдиган бомбалар билан жиҳозланган, яъни бомбардимончи самолёт бомбасини ҳаво мудофаа зонасига кирмасдан туриб учира олади.
Би-би-си ҳарбий мухбирига кўра, Россия бундай бомбалардан Украинага нисбатан анча кўп фойдаланади ва Украина Қуролли кучлари учун планлаштирадиган бомбалар катта муаммога айланган, айниқса шаҳар жангларида.






























