Янги қуроллар урушни ўзгартирган Украина "ўлим ҳудуди" ичида - Видео

93-бригада аъзоси фронт ҳудудидаги Костянтинивка шаҳри осмонини дронлар учун кузатмоқда.

Сурат манбаси, 93rd brigade, UAF/AFP

Сурат тагсўзи, 93-бригада аъзоси фронт ҳудудидаги Костянтинивка шаҳри осмонини дронлар учун кузатмоқда.
    • Author, Абдужалил Абдурасулов
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

225 кун давомида фронтдаги хандақда қолиб кетган украиналик пиёда аскарнинг мушаклари шу қадар заифлашиб қолган эдики, у деярли юролмасди.

Қўмондонлари уни бошқа аскар билан алмаштиришга беш марта уриниб кўрди, бироқ унинг ёнига сира етиб бора олмади. Украинанинг шарқий қисмидаги фронт чизиғида дронларнинг доимий хавфи туфайли аскарларни алмаштириш (ротация қилиш) ўта мушкул.

Костянтинивка яқинидаги бу ҳудуд ҳозирда энг хавфли нуқталардан бири бўлиб, Украина ҳарбийлари Россия кучлари шаҳар чеккасига етиб келганини тан олмоқда.

"Кеня" лақабли пиёда аскар ўз бригадасига қайтиб бориш учун миналардан сақланиб, дронлардан яшириниб, 11 километр масофани икки кунда босиб ўтди.

Украинанинг 93-бригадасига Костянтинивка ва унинг атрофидаги шаҳар-қишлоқларни Россия ҳужумидан ҳимоя қилиш вазифаси юкланган.

Агар стратегик жиҳатдан ўта муҳим бу шаҳар бой берилса, Москва Донбассдаги Украина назоратида қолган сўнгги таянч нуқталари – Краматорск ва Словянск томон шимол, шарқ ва жанубдан юриш қилиш имкониятига эга бўлади.

Владимир Путин Донбассни эгаллашни Россиянинг "устувор мақсади" деб билади. Украина разведкаси маълум қилишича, у мазкур вазифа шу йилнинг ўзида бажарилишини истайди. Президент Володимир Зеленский эса Кремль ёзда яна бир йирик ҳужум режалаштираётганига ишонади.

Аммо сўнгги пайтларда Россиянинг бу йўналишдаги юриши сустлашиб қолди.

Украинанинг DeepState мониторинг сайти маълумотларига кўра, Москва апрель ойида Донбассда март ойидагига қараганда икки баравар камроқ, 2023 йил декабрида қўлга киритган ҳудудининг эса олтидан бир қисмини эгаллаган.

Кенянинг вазифаси ўз позициясини сақлаб қолиш ва ташқаридаги ҳар қандай ҳаракатни кузатиб, қулоқ солиб туриш эди. У ва сафдоши фақат Россия қўшинлари уларга қарши ҳаракатга ўтган тақдирдагина жангга киришар эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Жангларнинг аксарияти дронлар ёрдамида олиб борилди", дейди у. Бу қуроллар эса уруш олиб бориш усулларини бутунлай ўзгартириб юборди.

Кеня ва унинг бригадаси замонавий урушнинг ўзига хос парадоксини бошдан кечирмоқда: фронт чизиғида техника қанчалик кўп инсонлар ўрнини эгалласа, ҳудудни эгаллаш ёки уни ҳимоя қилишда аскарларнинг ўрни шунчалик ортиб бормоқда.

Душман позицияларига танклар колонналари ва аскарлар тўлқини билан ҳужум қилиш ўтмишда қолди.

Бунинг ўрнига, ҳужумлар кўпинча дала бўйлаб бораётган икки-уч аскар ёки мотоцикл, баъзан ҳатто от ёки велосипедда ҳаракатланаётган жангчилар орқали бўлмоқда.

Ҳаракатланаётган ҳар қандай нарсани овлайдиган дронлар ҳукмронлик қиладиган кенг ва ҳувиллаган "ўлим ҳудуди"да омон қолиш учун зирҳдан кўра тезлик муҳимроқ бўлиб қолди.

Бу – ҳар икки томондан масофадан бошқариладиган дронларнинг учиш масофаси доирасидаги фронт чизиғи бўйлаб жойлашган "кулранг ҳудуд"дир.

"Ҳар сафар позицияларимиздан чиқишга тўғри келганда, тирик қайтишни сўраб дуо қилардик, – дейди Кеня. – Кечалари термал камералардан ҳимояланиш учун дронга қарши махсус ёпинчиқларни кийишимиз керак эди, аммо улар кўпи билан 20 дақиқага етарди".

Дронлар позицияларни эгаллай олмайди; улар баландликлар ва кесишмаларни назорат қила олмайди.

Шундай экан, ҳатто роботлар ва масофадан бошқариладиган қуроллар даврида ҳам урушнинг қадимги қоидаси ўз кучида қолмоқда: армия ҳудудни пиёда аскарларсиз ушлаб туролмайди.

Шу сабабли Украина Кеня каби аскарларни "ўлим ҳудуди" ичидаги кичик хандақ ва ертўлаларда сақлайди. Улар бу ерда ҳудудни белгилаб туришдан бошқа деярли ҳеч нарса қила олмайди.

Уларнинг энг катта қўрқуви – руслар сезиб қолиши. Фронтда 122 кун бўлган Хани билан ҳам шундай бўлган эди. У 1990-йилларда фаластинлик талаба сифатида Украинага келиб, шу ерда қолиб кетган.

Ханининг позицияси икки қаватли уй ертўласида бўлиб, бу уй Россия дронлари ва артиллерияси зарбаларидан вайронага айлантирилган эди.

Руслар ертўлага киришга уринганида, у ва сафдошлари ўт очиб, ўз позицияларини фош қилиб қўйишди.

"Улар бизни сезиб қолишди, аввал дронлардан портловчи моддалар ташлашди, сўнг камикадзе-дронлар билан ҳужум қилишди", деб эслайди у.

Хани фронт чизиғини тарк этганидан кўп ўтмай.

Сурат манбаси, 93rd brigade, UAF

Сурат тагсўзи, Хани фронт чизиғини тарк этганидан кўп ўтмай.

Оптик толали кабелга уланган дрон ертўла ичига кирди, бироқ кираверишда ўз симларига ўралашиб, жойида айлана бошлади. Шунда Хани кабель ғалтагига ўқ узди ва дрон уни бошқараётган оператор билан алоқани йўқотди.

Шу пайт икки нафар рус аскари унинг позициясига бостириб кирди. "Улар ташқарида танкка қарши миналарни портлатиб, кириш йўлини вайрон қилишди ва бизни вайроналар остида қолдиришди. Улар бизни ўлган деб ўйлашганди".

Улар ҳар эҳтимолга қарши қазиб қўйилган яширин чиқиш йўли туфайли омон қолишди.

110 кундан сўнг яқинда фронтни тарк этган Гранатанинг айтишича, Россия кучлари уларни позицияни тарк этишга мажбурлаш учун таркибида газ бўлган портловчи модда ташлаганида, у билан бирга бўлган аскар оғир яраланган.

Иқтибос

Донбассдаги "ўлим ҳудуди"да барча таъминот йўллари узиб қўйилган, шу боис озиқ-овқат ва ўқ-дориларни олдинги постларга ҳаво дронлари орқали етказишга тўғри келмоқда. Аммо улар ҳам ишончсиз: дронлар тез-тез уриб туширилади ёки алоқаси тўсилиб қолади, шунинг учун таъминот узилишлар билан амалга ошмоқда.

Кенянинг айтишича, унинг озгина озиқ-овқат захираларини ҳам кўпинча сичқонлар еб кетар экан. "Улар металлдан бошқа ҳамма нарсани кемиради. Сичқонлар сабабли консервалардан ташқари барча озиқ-овқат маҳсулотларини тезда еб қўйишимизга тўғри келарди, акс ҳолда, уларнинг ҳаммасини сичқонлар йўқ қилиб юборарди".

Хандақларида энг кўп нима етишмаслиги ҳақида сўралганда, аскарларнинг барчаси сув деб жавоб берди.

"Мен учун энг ёдда қоларли лаҳза – ёмғир ёққан пайт бўлган, – дейди Кеня. – Ечиниб, ювиниш учун ташқарига чиққанман".

Қишда ҳаво ҳарорати -25 даражагача пасайиб кетарди, шунинг учун музлаган ерда ёки совуқ бетон полда ухлаганда эски, йиртилиб кетган ухлаш қопларидан деярли фойда йўқ эди.

Ханининг шериги бетоб бўлиб қолган ва "бир куни у шунчаки уйғонмади", дейди у. У гипотермиядан вафот этди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Украина ҳарбийларига кўра, Россия қўшинлари ёзги ҳужумга тайёргарлик кўриш мақсадида фронт чизиғи бўйлаб қайта гуруҳланмоқда.

Украиналикларнинг айтишича, бунга қарши туриш учун улар Россия ҳарбий логистикаси ва таъминот йўлларига ҳужумларни кучайтирган.

Бу ҳам россияликларнинг олдинга силжишини секинлаштирган бўлиши мумкин. АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институтига кўра, ўтган ой Москва Украинада эгаллаган ҳудудидан кўпроғини бой берган.

Бироқ Украина ҳудудини сақлаб қолишдек энг катта вазифа ҳамон "ўлим ҳудуди"нинг олдинги чизиғидаги пиёда аскарлар зиммасида турибди. Ханининг айтишича, уларсиз фронт чизиғи қулаган бўларди.