Қуръонни ёққан эркак 'Швецияда отиб ўлдирилди'

Салван Момика

Сурат манбаси, Reuters

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

38 ёшли Салван Момиканинг Қуръонни ёққанлик билан алоқадорликда бугун, пайшанба куни ҳукм қилиниши кутилаётганди.

Унинг ким томонидан отиб ўлдирилгани ва нега экани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Алоқадор мавзулар:

Тафсилотлар

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳодиса Стокгольмда юз берган.

Салван Момика Сёдертельедаги хонадонида кеча, чоршанба куни кечқурун отиб ўлдирилган.

У 2023 йилда Швеция пойтахтидаги Жомеъ масжиди қаршисида Ислом динининг муқаддас китобига ўт қўйган.

Салваннинг бу иши мусулмон оламида ғазабнок намойишларга ҳам сабаб бўлган.

Салван ва унинг йўлдошига Қуръонни ёққанлик билан боғлиқ айбловлар қўйилган.

Маълум бўлишича, икковлоннинг бугун, пайшанба куни ҳукм қилинишлари кутилган.

"Айбланувчилардан бирининг ўлганига оид хабар тасдиқланганидан сўнг бу жараён қолдирилди", - дея маълум қилган Стокгольм округ суди.

Стокгольм полицияси SVT News давлат телевизион каналига 40 ёшлардаги эркак хонадонлардан бирида отилган ҳолда топилгани ва кейинчалик унинг ҳаётдан кўз юмганлигини маълум қилган.

Бағдоддаги элчилик

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Стокгольмда Қуръони Карим таҳқирланишидан кун ўтиб, Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўнлаб одам бостириб кирганди.

Тарихча ўрнида

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Стокгольмда Қуръони Карим таҳқирланишидан кун ўтиб, Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўнлаб одам бостириб кирган.

Асли ироқлик Салван Момика Швеция пойтахтидаги Жомеъ масжиди ташқарисида Қуръон нусхасига ўт қўйган.

Швед полициясининг розилиги билан амалга оширилган навбатдаги акция кўплаб мусулмон давлатларининг кескин танқидларига сабаб бўлган.

Украина уруши фонида НАТОга кириш қарорида бўлган яна бир Европа давлатидаги бу иш Россия президентининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Оломон қудратли уламонинг даъвати билан Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси ташқарисида тўпланган.

Уламо ироқликларни "ғазаб"ларини намойиш этишга чақирган.

Ўнлаб одам элчихона ҳовлисига бостириб киришган, у ерда 15 дақиқача бўлишган.

Сатҳга маҳаллий хавфсизлик кучлари сафарбар этилгач, улар элчихона ҳудудини тарк этишганди.

Қуръони Карим

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Қуръони Карим Ислом динининг муқаддас китоби саналади ва унинг бирор бир шаклда қасддан таҳқирланишига тоқат қилинмайди.

Қуръони Карим

Қуръони Карим Ислом динининг муқаддас китоби саналади ва унинг бирор бир шаклда қасддан таҳқирланишига тоқат қилинмайди.

Мусулмонлар бу ишни ўзлари учун ўта ҳақорат сифатида қабул қилишади.

Қуръони Каримни таҳқирлашни ўз ичига олган Швеция пойтахтидаги мазкур норозилик акцияси ўшанда Қурбон Ҳайитининг илк кунига тўғри келган.

Қурбон Ҳайити Исломда иккита энг муқаддас маросим ва байрамдан бири сифатида эътироф этилади.

Швеция полицияси эса, сўз эркинлиги тўғрисидаги қонун доирасида ўз норозилик акциясини ўтказиши учун Салван Момикага рухсат берган.

Аммо кейин полиция воқеа нафрат қўзғаш асосида текширилаётганини ҳам маълум қилган.

Президент Режеп Таййип Эрдоған "алал-оқибат такаббур ғарбликларга мусулмонларни ҳақорат қилиш фикр эркинлиги эмаслигини ўргатиб қўйишлари"ни айтган.

Қатор Яқин Шарқ давлатлари, жумладан, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони ва Миср ҳам кескин танқидлар билан чиқишган.

Иордания ва Марокаш эса, норозиликларининг расмий ифодаси сифатида Швециядаги элчиларини чақириб олишган.

Марокаш ҳукумати эса, бунга қўшимча, Швециянинг Работдаги муваққат дипломатик вакилини ҳам ўз ҳузурларига чорлаган.

Turkiya prezidenti
reuters
Alal-oqibat takabbur g‘arbliklarga musulmonlarni haqorat qilish fikr erkinligi emasligini o‘rgatib qo‘yamiz.
Rejep Tayyip Erdog‘an
Turkiya prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Қурбон Ҳайити ва Стокгольмда Қуръони Карим ёқилган куни Россия президенти Дербентдаги қадимий Жума масжидига ҳам ташриф буюрган.

Путин худди шу ерда ўзига ҳадя қилинган Қуръони Карим нусхасини кўксига босганча, бу муқаддас китобга кўрсатилган ҳурматсизлик ўз мамлакатида қонунан жиноят саналашини таъкидлаган.

"Бу мусулмонлар учун муқаддас ва бошқалар учун ҳам худди шундай. Аммо бошқа давлатларда ўзгача иш тутилиши - одамларнинг диний ҳис-туйғулари ҳурмат қилинмаслиги бизга маълум. Улар яна бунинг жиноят эмаслигини айтишади", - дея баён қилган Россия президенти.

Шундай деркан, Путин яна ўзларининг ҳар доим ушбу қонунчилик тартиб-қоидаларига риоя этажакларига ҳам ишонтирган.

Қуръони Каримнинг ошкора таҳқирланиши билан боғлиқ Стокгольмдаги сўнгги воқеълик Ўзбекистон нашрларида ҳам кенг ёритилган.

Аксарият аҳолиси мусулмон минтақа давлатлари диний идораларининг бу хусусда бирор бир баёнот билан чиқишгани ўшанда кўзга ташланмаганди.

Швеция Бош вазири ўшанда Қуръоннинг ёқилиши "қонуний, аммо мақбул иш эмас"лигини айтган.

Сўнгги йилларда Қуръон нусхасига ўт қўйиш режалари Швецияда тартибсизларга ҳам сабаб бўлган.

Полиция орада худди шундай норозилик акцияларини ўтказиш учун берилган қатор аризаларни қайтарган.

Аммо судлар сўз эркинлиги заминида уларга рухсат берилиши лозим, деган тўхтамга келган.