"Бирорта жаҳон кубогида бунақаси бўлмаган": ишқибозлар виза ололмаяптилар

Футбол стадионида Ироқ байроғини қўлида ушлаб турган футбол ишқибози Абдулла Аднан

Сурат манбаси, Abdulla Adnan

Сурат тагсўзи, Ироқлик футбол ишқибози Абдулла Аднан ўз мамлакати жамоаси ўйинларини томоша қилиш учун АҚШ визасини ололмади
    • Author, Nadiнa Huraimiy
    • Role, BBC Arab xizmati
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ироқ футбол жамоаси март ойи охирида Жаҳон чемпионатига йўлланма олгач, Абдулла Аднан шу ой Бостон ва Филаделфияда ўтказиладиган Норвегия ва Францияга қарши учрашувлар учун чипталар харид қилди.

"Ўйинга бориш, стадион, мухлислар, қўллаб-қувватлаш ва ўз жамоамни кўриш — бу мен учун бутун дунёга тенг", дейди у.

"Бу шундай ҳис-туйғуки, уни бошқа ҳеч қандай ҳис билан солиштириб бўлмайди."

Бу Ироқнинг Жаҳон чемпионатига иккинчи марта чиқиши бўлиб, биринчи марта 1986 йили иштирок этган эди.

Бироқ виза олиш қийин кечмоқда.

Аднан ёлғиз эмас. BBC Жаҳон Хизмати таҳлил қилиб чиққан саёҳат маълумотларига кўра, Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган мамлакатларнинг тўртдан биридан кўпроғининг мухлислари сафар тақиқлари ёки виза олишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқдалар.

Бироқ Ироқ Трампнинг саёҳат тақиқлари рўйхатига киритилмаган, шунинг учун Аднан ҳолатидаги тўсиқ кутилмаган бўлди.

АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан сўнг, АҚШ минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабаб Ироқда одатий консуллик хизматларини тўхтатди. Бу эса Аднан ва бошқа ироқлик мухлислар учун мамлакат ичида виза олиш имкони мавжуд эмаслигини англатади, чунки улар шахсан суҳбатдан ўтишлари керак.

Шунинг учун Аднан қўшни Иорданияга бориб, у ердаги АҚШ элчихонаси орқали виза олишга уриниб кўрди. Аммо учрашувга келгач, ходимлар унга Иордания фуқароси эмаслиги сабабли бу элчихона унга виза бера олмаслигини айтишди.

Ўйин учун чипталар ва Иорданияга сафар унга тахминан 1800 долларга тушди.

У Туркиядаги АҚШ элчихонаси орқали уриниб кўришни ўйлаб кўрди, аммо кафолат йўқлиги ва жараён икки ҳафтагача чўзилиши мумкинлиги сабаб, "шунча вақт у ерда туролмайман" деб бу фикридан воз кечди.

Кот-д'Ивуар мухлислар уюшмаси аъзолари билан тасвирга тушган Жюен Куадио Адонис саёҳат чекловларини "сегрегациянинг бир шакли" деб атади.

Сурат манбаси, Julien Kouadio Adonis

Сурат тагсўзи, Кот-д'Ивуар футбол ишқибозлари уюшмаси аъзолари билан тасвирга тушган Жюлиен Куадио Адонис саёҳат чекловларини "сегрегациянинг бир шакли" деб атади.

Бошқа мамлакатлардан бўлган мухлислар BBC Жаҳон Хизматига айтишларича, бошқа тўсиқлар ҳам норозилик ва хафагарачиликларга сабаб бўлмоқда.

Шундай тўсиқлардан бири — Президент Трамп жорий этган айрим мамлакатлар учун тақиқлар ва виза бўйича қаттиқроқ чекловлар рўйхати бўлиб, унга жаҳон чемпионатида иштирок этаётган тўрт давлат — Гаити, Эрон, Сенегал ва Кот-д'Ивуар ҳам киритилган. Бу эса ушбу мамлакатлар фуқаролари АҚШ ишқибозларга тавсия этадиган ташриф визасини олиш имкониятидан маҳрум эканини англатади.

Кот-д'Ивуар мухлислар уюшмаси вакили Жюлен Куадио Адонис шундай деди: "Бу номи айтилмайдиган сегрегация шакли, аммо далиллар шундан далолат беради. Бирорта Европа мамлакати бундай чекловга дуч келмаган. Нега айнан Африка?"

Унинг айтишича, уларнинг уюшмаси одатда жаҳон чемпионатига мухлислар гуруҳини юборади, аммо бу сафар қоидалар сабаб АҚШга боришга ҳатто уринишдан ҳам воз кечганлар.

У 300 доллардан 5000 долларгача етаётган "ҳаддан ташқари юқори" чипта нархларидан қутулишларидан хурсанд бўлса-да, Адонис фикрича, саралаб олинган жамоалар мухлисларини қабул қилишни истамайдиган мамлакат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмаслиги керак.

"Футбол — бу томоша, томоша эса томошабинларни талаб қилади", дейди у ва АҚШ "мақсаддан четга чиққанини" қўшимча қилади.

Сенегаллик мухлис Алиу Нгом ўз жамоасининг АҚШдаги ўйинини кўриш учун виза олишга ҳаракат қилишнинг ўзини ҳам маъносиз ҳисоблади.

Сурат манбаси, Aliou Ngom

Сурат тагсўзи, Сенегаллик мухлис Алиу Нгом ўз жамоасининг АҚШдаги ўйинини кўриш учун виза олишга ҳаракат қилишнинг ўзини ҳам маъносиз ҳисоблади.

Қирқ икки бойроқ мамлакат виза талабини бекор қилиш дастуридан фойда кўради, унда аризалар АҚШнинг Саёҳатга рухсат бериш электрон тизими (Esta) орқали онлайн топширилади. Бу тахминан 40 доллар туради. Бу рўйхатда бирорта ҳам Африка мамлакати йўқ. Визага муҳтож бўлганлар эса 185 доллар тўлаши, шахсан суҳбатда иштирок этиши ва саёҳатдан кейин АҚШни тарк этиш ниятини, ташриф харажатларини тўлаш имкониятига эга эканини исботлашлари керак.

Бироқ май ойида АҚШ жаҳон чемпионатига йўлланма олган Жазоир, Кабо-Верде, Кот-д'Ивуар, Сенегал ва Тунис фуқаролари учун, агар уларда амал қилаётган ўйин чипталари бўлса, 15 минг долларгача бўлган гаров талабини бекор қилишини маълум қилди. Сенегал ва Кот-д'Ивуар мухлислари эса декабрга қадар виза олишга улгуриши керак эди.

Сенегаллик футбол ишқибози Алиу Нгом сўнгги икки жаҳон чемпионати — Қатар ва Россияда бўлган. У учун мусобақанинг энг ёрқин жиҳатларидан бири — "турли маданиятларнинг бутун дунёдан бир жойда жам бўлиши".

Ўтган йили Сенегал аёллар баскетбол жамоасининг бир неча ўйинчисига АҚШ визаси рад этилди ва Адонис каби Нгом ҳам футбол ишқибози сифатида визага мурожаат қилишдан фойда йўқ деб ҳисоблади.

BBC таҳлилига кўра, АҚШ Давлат департаменти маълумотлари асосида, футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олган 48 мамлакатдан 11 таси фуқаролари учун виза рад этиш даражаси 40 фоиздан юқори бўлган. Бу барча турдаги аризачиларни қамраб олади, фақат жаҳон чемпионати мухлисларини эмас.

Бу кўрсаткич B1 бизнес ва B2 туристик визалари (турнирга бориш тавсия этиладиган турдаги визалар) бўйича барча мамлакатлар учун ўртача 34 фоизлик рад этиш даражаси билан солиштирганда юқори кўрсаткичдир.

Iqtibos

Маълумотлар 2024 йил октябридан 2025 йил сентябри охиригача бўлган даврни қамраб олади, шунинг учун сўнгги саккиз ой ичида визага мурожаат қилган футбол мухлислари бу ҳисобга киритилмаган. Бу 11 мамлакат: Эквадор, Миср, Гаити, Жазоир, Ўзбекистон, Кабо-Верде, Иордания, Эрон, Конго Демократик Республикаси, Гана ва Сенегал.

Рад этиш кўрсаткичи юқори бўлгани учун, бу мамлакатлар мухлислари виза олишдан олдин ўйин чипталари учун катта маблағ сарфлаш-қилмаслик масаласида иккиланиб қоладилар, чунки виза бериш-бермаслиги аниқ эмас.

Агар улар чипталарни бевосита FIFA орқали сотиб олсалар, зарур ҳолда уларни FIFA сайти орқали маълум тўлов эвазига қайта сотишлари мумкин, шунингдек FIFA Pass тизимидан фойдаланиб, виза жараёнини тезлаштиришлари мумкин.

"FIFA Pass — бу ижобий қадам, чунки у чипта эгаларини виза бўйича суҳбатларга устувор тарзда чақиришга ҳаракат қилади", — дейди Массачусетс штатидаги Бостон яқинида жойлашган иммиграция ҳуқуқи фирмаси раҳбари Селин Атала.

Бироқ унинг қўшимча қилишича, бу нарса жараённи тезлаштирса-да, визанинг маъқулланиш эҳтимолини оширмайди.

"Виза тизими — Жаҳон чемпионатининг кўринмас дарвозабони", — дейди Атала. "FIFA чипта сотиши мумкин, аммо кимга виза беришни АҚШ ҳукумати ҳал қилади, ва CBP (Божхона ва чегара ҳимояси хизмати) эса кимни мамлакатга киритишни белгилайди."

Ҳатто виза олинган тақдирда ҳам, АҚШга сафар қилувчиларнинг кириши кафолатланмайди, чунки чегарадаги расмийлар айрим шахсларни киритмаслик ҳуқуқига эга.

Абу Касс — Иордания футбол мухлислари уюшмаси раҳбари. 2025 йил сентябри охиригача бўлган бир йил ичида бу мамлакатда АҚШ визаси учун аризаларнинг 57 фоизи рад этилган.

"Сўнгги уч-тўрт ой давомида одамларга рад жавоби беришаяпти", — дейди у. Абу Касс виза олган бирорта ҳам футбол ишқибозини билмаслигини айтади. АҚШдаги Иордания ишқибозлар уюшмаси ҳам BBC га фақат битта иорданиялик мухлис визани қўлга киритганини маълум қилди.

Касс сўзларига кўра, у Иордания пойтахти Аммон шаҳридаги виза суҳбатига 42 тадан ортиқ ҳужжат тақдим этган, аммо барибир аризаси рад этилган. АҚШ виза рад этилганда сабабини тушунтирмайди.

"Бу жаҳон чемпионати биз учун эмас", — дейди Касс. "Бу чемпионат Араблар учун эмас, улар учун. Агар мухлислар уюшмаси раҳбарига ҳам рад жавоби берилса, унда кимга рухсат беришади?"

АҚШ расмийлари эса мамлакат чегараларини кесиб ўтаётган одамлар оқимини бошқаришда юзага келаётган муаммолар туфайли иммиграция тизими қатъий ва жиддий бўлиши керак дейдилар.

Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил октябридан 2024 йил сентябригача бўлган даврда вақтинча визалар билан келган шахслар томонидан 538 мингдан зиёд "муддатдан ортиқ қолиш ҳолатлари" қайд этилган. Pew Research Center ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда, ҳали Президент Трамп ноқонуний мигрантларга қарши чораларни кучайтиришидан олдин, АҚШда 14 миллионга яқин ноқонуний муҳожир яшаган.

Давлат департаменти вакили BBC га айтишича, маъмурият "тарихдаги энг катта ва энг нуфузли FIFA Жаҳон чемпионати учун дунё бўйлаб меҳмонларни кутиб олишга тайёр" ва "хорижлик мухлисларнинг аксариятига FIFA Pass керак эмас, чунки улар Канада ёки визасиз кириш имконига эга бўлган 42 мамлакат фуқаролари ёки аллақачон визаси бор шахслар" ҳисобланади.

Шунингдек, улар ҳар бир ҳолатда "аризачи АҚШ хавфсизлигига таҳдид солмаслигини таъминлаш учун зарур вақт ажратилишини" таъкидлаб, "ҳар бир виза аризаси қатъий текширув ва пухта ўрганиш асосида алоҳида-алоҳида кўриб чиқилишини, аризачи АҚШ қонунларига мувофиқлигини аниқлаш учун баҳоланишини" билдирдилар.

2022 йили Доҳадаги Ҳаййя хизмати

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2022 йили Доҳадаги Ҳаййя хизмати - Қатар расмийларига кўра, 1,5 миллион одам Hayya pass орқали виза қўлга киритганлар

Сўнгги тўрт жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган мамлакатлар мухлислар учун махсус виза тизимларини жорий этган, аммо барибир саёҳат ҳужжатларини олиш кафолатланмаган.

2022 йилда Қатар ҳукумати Hayya картасини жорий қилди — у мусобақа даврида мажбурий мухлис идентификация ҳужжати ва кириш визаси вазифасини бажарди. Барча аризалар онлайн тарзда топширилди.

Кўплаб мухлислар бу тизимни қулай деб ҳисоблаган бўлса-да, айримлар техник носозликларга дуч келганини айтдилар, шунингдек Middle East Eye маълумотига кўра, баъзи яманлик мухлисларнинг карталари огоҳлантиришсиз бекор қилинган.

2018 йил Россияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам шунга ўхшаш тизим амал қилган. Чиптаси бор ва Fan ID дастурига рўйхатдан ўтган мухлисларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат почта орқали юборилган ва у визасиз мамлакатга кириш имконини берган. Бу жараёнда шахсан ариза топшириш талаб этилмаган.

2014 йил Бразилия ва 2010 йил Жанубий Африкада ўтган мусобақаларда эса мухлислар учун жараённи енгиллаштириш мақсадида махсус виза турлари жорий этилган.

Канада ва Мексика турнирни биргаликда қабул қилаётган бўлса-да, 104 та ўйиннинг 78 таси, жумладан финал беллашуви ҳам АҚШ шаҳарларида ўтказилади.

Канада ва Мексиканинг иммиграция ва виза тизимлари АҚШдан фарқ қилади. Ҳеч бири муайян мамлакатларга қарши саёҳат тақиқларини жорий этмаган, аммо Канада АҚШ каби Африкадаги сўнгги Эбола эпидемиясига алоқадор айрим мамлакатлар учун кириш чекловларини жорий этди. Уларнинг орасида жаҳон чемпионатига чиққан Конго Демократик Республикаси ҳам бор.

Канада виза аризалари учун биометрик маълумотларни топширишни талаб қилади. Бироқ жаҳон чемпионатига чиққан икки давлат — Эрон ва Кабо-Вердеда — Канада бундай маълумотларни қабул қиладиган инфратузилмага эга эмас.

Канада виза рад этиш кўрсаткичларини тури ёки мамлакатлар бўйича очиқламайди, аммо 2025 йил учун умумий рад этиш даражаси 54 фоизни ташкил этган.

Мексика эса виза рад этиш бўйича маълумотларни эълон қилмайди.

У аризачилардан элчихона ёки консулликка шахсан мурожаат этишни талаб қилади.

Жаҳон чемпионатига чиққан мамлакатлардан саккизтасида — Кабо-Верде, Конго Демократик Республикаси, Кот-д'Ивуар, Сенегал, Ўзбекистон, Босния ва Герцеговина, Тунис ва Ироқда — Мексиканинг дипломатик ваколатхонаси мавжуд эмас.

Мақолани тайёрлашда BBC Африка хизмати кўмагидан фойдаланилган