"Болам туғилгунча ҳомиладор эканимни умуман билмаганман". Бу қандай ҳолат?

Сурат манбаси, Bryony Mills-Evans
- Author, Ниа Прайс
- Role, BBC News
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ҳомиладор эканлигини билмаган аёл ўзи ишлаган гўзаллик салонида ёлғиз туққанини, чақалоғи киндигини қош қайчиси билан кесганини тасвирлаб берди.
Браёни Миллс-Эванс айтишича, у фарзанд кўришни режаламаган, аммо ҳомиладорлик белгилари бўлмаса-да, 23 ёшида кутилмаганда она бўлиб қолган.
Акушерлик бўйича профессор криптик ҳомиладорлик, яъни аёл ўзининг ҳомиладорлигини жуда кеч бўлгунча ёки Браёнининг ҳолатидаги каби туғруқ пайтигача билмаслигини "кам учрайдиган, аммо жуда нодир бўлмаган ҳолат" деб таърифлайди.
Бундай ҳомиладорлик ҳақида маълумотлар камлигини билган Браёни бошқалар ҳам ўзларини ёлғиз ҳис қилмаслиги учун бу ҳақда хабардорликни оширишга қарор қилди.
Тадқиқот кўрсатишича, Буюк Британияда ҳар йили тахминан 325 та кутилмаган туғруқ ҳолати кузатилади.
Пардозчи аёл туққан куни Пауисдаги Нютаун шаҳрида ишда эди. Сўнгги мижози билан ишини тугатгач, у оғриқ ҳис қилди, аммо буни ҳайз оғриғи деб ўйлади.
"Мен тор колготкада эдим, шунинг учун орқа томондаги ётоққа бориб, уларни ечдим, оғриқни енгиллаштирар деб ўйладим," дейди у.
"У ерда ётганимдан сўнг 10 дақиқа ичида чақалоқнинг боши чиқди.
Мен ҳожатга киргандек бўлдим, эгилиб қараганимда унинг бошини кўрдим."
Браёни инстинктив равишда итаришни бошлади ва 3,1 кг оғирликдаги қизи Уиллоуни дунёга келтирди.
"Нима қилишни билмасдим. Телефоним ўчиб қолганди ва бошқа хонада эди, шунинг учун каравотда бироз ётдим," дейди у.
"Бироздан сўнг унинг киндиги оқара бошлаганини пайқадим. Ёнимда қош қайчиси бор эди. Чақалоқлар ҳақида ҳеч нарса билмасам-да, киндикни шу қайчи билан кесиб, чақалоқни сочиқларга ўраб қўйдим."

Сурат манбаси, Bryony Mills-Evans
Шундан сўнг Браёни ҳожатхонага боришдан олдин телефонини қувватлашга шошилди.
"Йўлдош ҳам чиқиши кераклигини билмаган эканман. Бу яна бир чақалоқ деб ўйлаб, баттар ваҳимага тушдим," деб эслайди у.
999 рақамига қўнғироқ қилгандан сўнг, Браёни касалхонага юборилди.
Йўлда тез ёрдам ходимлари саволлар берганда, у онасига "Ҳозиргина фарзандли бўлдим, хавотир олманг, иккимиз ҳам яхшимиз" деган мазмунда хабар ёзди.
"Чақалоқни эртаси куни эрталабгача қўлимга олмадим," дейди у.
"Мен чиндан қўрқиб кетгандим, чунки атиги 23 ёшда эдим ва ҳеч қачон фарзанд кўришни хоҳламаганман."

Сурат манбаси, Bryony Mills-Evans
Браёнининг айтишича, онаси янги чақалоғига исм қўйишни таклиф қилгандан кейингина у бироз тинчлана бошлаган.
"Бу шок эди. Ҳамма менга доим «жуда қўрққан бўлсанг керак» дейди.
Қўрққанимни унчалик эслай олмайман, бу шунчаки бошқа иложингиз йўқ бўлганда ҳаракат қилаверишга ўхшарди."
Браёнининг айтишича, унда ҳомиладорлик белгиларидан ҳеч бири йўқ эди, ҳатто қорни ҳам катталашмаган.
"Одамлар "қандай қилиб билмаслигинг мумкин?» деб сўрашади. Мен "агар ҳар ойда ҳайз кўриб турган бўлсангиз, ҳомиладорлигингизни текширасизми?" деб жавоб бераман," дейди у.
Ҳомиладор пайтида Браёни Alton Towers аттракционлар паркига борган, мусиқа фестивалларида қатнашган, Полшага саёҳат қилган.
Ажабланарлиси шундаки, унга қизи Уиллоу "ажин босган кексага ўхшаш" кўриниши туфайли тахминан икки ҳафта кечикиб туғилган бўлиши мумкинлигини айтишган.
"Белим оғрирди, лекин бу ҳар доим шундай эди, чунки бўйим 1.80 ва ҳар куни ишда эгилиб ўтираман, шунинг учун бу одатдагидан кучлироқ оғриқмасди," дейди у.

Сурат манбаси, Bryony Mills-Evans
Стирлинг университетининг она ва бола саломатлигини ўрганиш бўйича профессори Ҳелен Чейннинг айтишича, Браёнининг сирли ҳомиладорлиги қандай бўлгани "номаълум".
У шундай дейди: "Бу аслида яхши ўрганилмаган ҳодисалардан бири ва менимча, одамлар учун тушуниш жуда қийин – қандай қилиб аёл ҳомиладорлигини билмаслиги мумкин?
Бизда «аёл ҳомиладор бўлгани заҳоти буни билади» деган тушунча бор, аммо доим ҳам ундай эмас."
Профессор Чейннинг тушунтиришича, ҳомиладорликни текширишнинг замонавий усулларидан олдин аёллар ҳомиладорликни кўрсатадиган нозикроқ белгилар, масалан, чақалоқнинг ҳаракатини ҳис қилиб билган. Бу одатда биринчи марта она бўлган аёлларда тахминан 20 ҳафтагача сезилмайди.
Унинг айтишича, криптик ҳомиладорликнинг тиббий таърифи йўқ ва улар ҳақида тўпланган маълумотлар ҳам етарли эмас.
"Улар кам учрайди, лекин жуда нодир эмас," дейди у.
Менинг аксар акушер ҳамкасбларим ўз амалиётларида бундай ҳолатга дуч келишган ёки бу ҳақда камида эшитишган.
1980-йиллар бошида доя бўлиб ишлаётган пайтида, профессор Чейн 40 ёшлар ўрталаридаги бир аёл билан учрашган. Унинг бошқа фарзандлари ҳам бор экан. Аёл ўзида криптик ҳомиладорлик бўлганини айтган.
Аёлнинг айтишича, у менопаузага киряпман деб ўйлаган, шунинг учун вазни ошаётганини ва ҳайз кўриши тўхтаганини сезган.
Профессор Чейннинг таъкидлашича, криптик ҳомиладорлик камдан-кам учрагани сабабли, аёллар бундан хавотирланмаслиги керак.

Сурат манбаси, Wooden Door Photography
Браёни туғишидан олдин Уиллоунинг отаси Роберт Эванс билан ажрашганига бир неча ой бўлганди.
Роберт бу пайтда сафарда бўлгани учун, Браёни унга бу хабарни қизи туғилганидан бир неча кун ўтгач етказди.
"У қаттиқ ҳаяжонланди – дарҳол менга қўнғироқ қилди ва эртаси куни эрталаб қизини кўргани келди," дейди у.
"Биз кун бўйи уйда ўтириб, бўлиб ўтган воқеани англадик... бу ҳақиқий ҳаётга қайтишдан олдин керакли нарса эди".

Сурат манбаси, Bryony Mills-Evans
Ота-она бўлганларидан олти ой ўтгач, улар яна бир-бирларига меҳр қўйишди.
Уиллоу туғилганидан тўрт йил ўтиб, эр-хотин иккинчи фарзандлари Паркер Миллс-Эвансни дунёга келтирдилар.
Браёнининг айтишича, унинг иккинчи ҳомиладорлиги бутунлай бошқача кечган.
"Паркерда бўлган барча белгилар Уиллоуда умуман бўлмади."
Уиллоу ҳозир беш ёшда ва Браёни кутилмаганда туғилган қизисиз ҳаётини тасаввур қила олмаслигини айтади.
"Яқинда ўз ҳикоямни гапириб беришга қарор қилдим, чунки криптик ҳомиладорлик ҳақида маълумот ва ёрдам етарли эмас," дейди у.
"Бундай ҳолатни бошидан кечирган аёллар ёлғиз эмасликларини, улар каби бошқалар ҳам борлигини билишларини хоҳлайман."






























