Украина: Ўзбек мигрантларга Россия учун жосуслик таклиф этиляптими?

Ҳужумлар акс этган видеолар учун пул таклиф қилиняпти.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳужумлар акс этган видеолар учун пул таклиф қилиняпти.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

"Биз сизни Украинага муаммосиз олиб кирамиз, кейин сиз видео ташлаб берасиз, 1 дақиқалик, 1,5 дақиқалик, Украинада қаерга бомба тушган, қаерга ракета тушган, қаерга Шаҳед тушган... Видеони гапириб олинг, билинсинки сиз олганингиз шу видеони, деб пул таклиф қилишяпти Россия тарафдаги ўзбеклар", - дейди кўп йиллардан бери Киевда яшаётган ўзбекистонлик ошпаз Убайдулло Турсунов.

Унинг айтишича, бу каби таклифларга баъзи ўзбек муҳожирлар рози бўлиб, Россиядан келгани ишонилган Телеграм рақамларга видеолар ташлаб беришган. Ҳар бир видео учун камида 100 доллар ваъда қилинган.

Телеграм орқали бу каби таклифлардан бири "Камилов" номи остидаги профилдан келган.

Ўтказиб юборинг TikTok пост
TikTok контентига рухсат бериш

Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас TikTok бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири TikTok пост

ВВС қўлига келиб тушган аудиода "Камилов" Украинадаги бир ўзбек мигрантга пул таклиф қилаётганини эшитиш мумкин. У аввал юборилган видеоларни мисол қилиб келтирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Мана, акажон, мана шунақа видео. Хоҳланг, гапириб ташланг видеони – овозингиз чиқсин, хоҳланг - овозингиз чиқмасин. Лекин, видео энг ками 1 минут ё 2 минут бўлиши керак-да. Тревога бўлиб қолаётган вақтларда, ёки осмонда дронлар учаётгани, дронларни отаётгани бўлади-ку – қизил ўқлар учиб юради-ку, ўшанақа пайтда олсангиз, мен ҳаракат қиламанки, сизга 100 доллар эмас, 150 доллардан пул олиб беришга, ака", - дейди "Камилов" аудио номасида.

"Камилов"дан келган таклиф.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, "Камилов"дан келган таклиф.

Турсуновнинг айтишича, бу таклифга осон пул ишлаб олиш илинжидаги муҳожирлар учяпти, чунки ойига 500-600 долларгача ишлаб топиш мумкин.

"Камилов" ўзи бу видеоларни "янгиликчи"ларга беришини айтади ва ўз суҳбатдошини қистайди.

"Ҳозир бир жойда бўлсангиз, мана бугун тинчлик, ҳеч нарса бўлмади деб [видео олиб юборинг], лекин ҳақиқат бўлиши керак. Улар "янгиликчи" бўлгани учун, мен видеони уларга ташлаганимдан кейин, улар текшириб кўришади – биронта бир сайтдан юклаб олмадингизми, биронта гуруҳдан олмадингизми, видео тоза видеоми, фотошоп эмасми – шуни текширишади ва дарров пулини тўлайди, ака. Алдаб кетадиган одаммас", - дейди у.

Украинада бўлиб ўтган қатор суд ишларига кўра, бу каби таклифлар ортида одатда Россия хавфсизлик кучлари туради. Турсунов ҳам шундай фикрда.

"Бу видеоларни душман тарафга сотади улар, ичкаридан маълумот олдик, деб. Уларга координаталар керак, масалан, қаерда база бор, қаерда омборхона бор, шуларни билиш учун сотиб олишади. Бу ердагиларга 100 доллар бериб, у тарафдан каттароқ пулга қайта сотади", - дейди Турсунов.

Tursunov
BBC
Bu videolarni dushman tarafga sotadi ular, ichkaridan ma’lumot oldik, deb. Ularga koordinatalar kerak, masalan, qaerda baza bor, qaerda omborxona bor.
Ubaydullo Tursunov
Ukrainadagi muhojir (bbc.com/uzbek)

Турсунов бу каби олди-бердилар ҳақида Украина расмийларига ва Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига хабар берганини айтади.

ВВС "Камилов" билан боғланишга уринди, аммо унинг Телеграмдаги профили яшириб қўйилган ва мулоқот қилишнинг имкони бўлмади.

Қонун нима дейди?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Украинада ҳарбий ҳужумларни, портлашларни ва уларнинг оқибатларини видеога олиш ҳамда интернетда тарқатиш қатъиян ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар учун Украина Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қуйидагиларни видеога олиш ва тарқатиш ман этилади:

  • Учиб келаётган ракеталар ва уларнинг тушиш жойлари
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ/ПВО) тизимларининг ишлаши
  • Украина Қуролли Кучларининг жойлашуви ва ҳаракатланиши
  • Ҳарбий объектлар ва техникалар
  • Зарбалар натижасида келиб чиққан вайронгарчиликлар, агар уларда аниқ манзил (кўча номи, бинонинг ўзига хос хусусиятлари) кўриниб турса

Ушбу қоидаларни бузиш Украина Жиноят кодексининг 114-2-моддаси (Ҳарбий ҳолат шароитида қурол-яроғ ва ҳарбий тузилмаларнинг ҳаракати ҳақидаги ахборотни рухсатсиз тарқатиш) бўйича баҳоланади. Айбдор деб топилган шахслар 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундай талаблар мамлакат хавфсизлиги ва ҳарбийларнинг позициясини сақлаб қолиш мақсадида жорий этилган.

Шунингдек, ҳарбий ҳужум ёки позицияларни видеога олиб, душман томонга (Россия вакилларига, ҳарбий телеграм-каналларига ёки ботларига) юбориш Украина Жиноят кодексининг 111-моддаси (Давлатга хиёнат) бўйича баҳоланиши ва жуда оғир жазога сабаб бўлиши мумкин.

Агар шахс видеони душман армиясига, Россия махсус хизматларига ёки улар бошқарадиган аноним чат-ботларга онгли равишда ва Украинага зарар етказиш мақсадида юборса, бу тўғридан-тўғри давлатга хиёнат ҳисобланади.

Бундай жиноятда айбдор топилган шахс ҳарбий ҳолат даврида 15 йилдан умрбод озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкни мусодара қилиш жазосига тортилиши мумкин.